Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ибодат ҳақида

06:30 / 29.07.2016 | Abbos | 2527

Ассалому алайкум! Хуфтон намозидан сўнг ўқиладиган витр намози ихтиёрийми ёки ўқилиши шартми? Жавоб учун раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Витр тўртала мазҳабда ҳам фарз эмас. Ҳанафийлар наздида фарз билан суннатнинг ўртасида вожиб даражаси бўлгани учун витр намозини вожиб дейишади. Бошқа уч мазҳабда фарз билан суннатнинг ўртасида даража йўқ. Шунинг учун суннат муаккада – дейишади. Аслини олиб қаралганда тўрталасиининг гапи ҳам бир хилдир. Витр бир салом билан вожиб бўлган уч ракъатдир. Учинчи рукуъдан олдин икки қўлини кўтариб, такбир айтади, сўнг доимо шу ўриндагина «Қунут» дуосини ўқийди, бошқасида эмас. Унинг ҳар бир ракъатида Фотиҳани ва бирор сурани қироат қилади. Ва (иқтидо қилувчи) витрнинг рукуъсидан кейин «Қунут» ўқувчи(имом)га эргашади, бомдодда «Қунут» ўқувчига эргашмайди, балки сукут сақлайди. Ушбу қисқа ибораларда жуда ҳам кўп ҳукмлар жамлангандир. Фиқҳ уламоларининг, жумладан, «Мухтасари Виқоя» соҳибининг маҳорати батафсил гапирилса, кўпгина саҳифаларга жой бўладиган маълумотларнинг оддий киши учун осонгина тушуниладиган тарзда бир неча сатрдан иборат бўлиб қолишига сабаб бўлган. Бу фикримиз мазкур қисқа матнни шарҳ қилганимизда яна ҳам яққолроқ намоён бўлса, ажаб эмас. Витр бир салом билан вожиб бўлган уч ракъатдир. «Витр» сўзи бизнинг тилимизда «тоқ» маъносини билдиради. Ўрганаётган жумламизда «бир салом билан» деган иборанинг келишига шофеъий мазҳабидаги «Уч ракъатли витр икки салом билан ўқилади», деган гап сабаб бўлган. Уларда олдин икки ракъат ўқиб, салом берилади. Кейин алоҳида бир ракъат ва унда «Қунут» дуоси ўқилиб, яна салом берилади. Бизнинг мазҳабимизда уч ракъатда бир салом бериш қабул қилинган. Шунингдек, бизда витр намози вожибдир. Ҳанафий уламолар витр намозини «вожиб» деганларида ўз хаёлларидан чиқариб айтмаганлар. Улар бу гапни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига суяниб айтганлар. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй аҳли Қуръон, витр намози ўқинг. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур», дедилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган. Хорижа ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар ва: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла сизларга бир намозни зиёда қилди. У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир. У ҳам бўлса, витрдир. У Зот сизларга уни хуфтондан то тонг отгунча қилди», дедилар». Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ деган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тундаги охирги намозингизни витр қилинг», дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган. Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бир намозни зиёда қилди. У витрдир. Бас, уни хуфтондан то тонг отгунча ўқийверинглар», дедилар». Дора Қутний ва Табароний ривоят қилишган. Ушбу ривоят яна бошқа еттита саҳобийдан ҳам келтирилган. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Витр ҳар бир мусулмонга ҳаққу-вожибдир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Кўриниб турибдики, витр намозининг савияси суннат намози савиясидан юқоридир. Агар шундай бўлмаса, ушбу ҳадислар айтилмас эди. Шу билан бирга, бу ҳадисларнинг далиллик кучи фарз намозларига далил бўлган оят ва ҳадисларнинг далиллик кучи даражасида эмас. Шунинг учун ҳанафий уламолар витр намозини вожиб деб, фарз намозидан кейинги, суннат намозидан олдинги ўринга қўйганлар. Энг кучли далиллардан бири – бу намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон тарк қилмаганларидир. Бу эса витр намози оддий суннат намози эмаслигини яққол кўрсатади. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat