Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Фарзандларнинг амаллари

12:19 / 01.10.2016 | Bahrom | 1775

Ассалому алайкум! Отаси ёки онаси бу фоний дунёдан ўтган бўлса, унинг фарзандлари бенамоз бўлса, уларга фарзандларнинг бенамозлигидан бирор ёмонлик бориб турадими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Агар фарзандининг ота-она зиммасидаги ҳаққларини адо этишмаган бўлса, гуноҳ бориб туради. Бу хусусда Устозимиз раҳимаҳуллоҳнинг "Бахтиёр оила" номли китобларини ўқишни тавсия қиламиз. Унда бу каби масалалар жуда ҳам тўлиқ ва батафсил берилган. Қуйида ушбу китобдан иқтибос келтирамиз. Тарбия ҳам ота‑оналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир. «Тарбия» сўзи арабча «робба» феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига олди, раҳбарлик қилди ва ислоҳ қилди маъноларини билдиради. Мусулмон уламолар «тарбия»ни бир неча хил таъриф қилганлар. Жумладан, имом Байзовий қуйидагича таърифлайди: «Тарбия бир нарсани аста-секин камолига етказишдир». Роғиб Асфиҳоний тарбияни қуйидагича таъриф қилади: «Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб, батамомлик нуқтасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири, инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир». Исломда болалар тарбияси ота‑онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота‑онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота‑онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَا مِنْ مَوْلُودٍ إِلَّا يُولَدُ عَلَى الْفِطْرَةِ فَأَبَوَاهُ يُهَوِّدَانِهِ أَوْ يُنَصِّرَانِهِ أَوْ يُمَجِّسَانِهِ كَمَا تُنْتَجُ الْبَهِيمَةُ بَهِيمَةً جَمْعَاءَ هَلْ تُحِسُّونَ فِيهَا مِنْ جَدْعَاءَ. ثُمَّ يَقُولُ أَبُو هُرَيْرَةَ: رَضِي اللهُ عَنْهُ وَاقْرَءُوا إِنْ شِئْتُمْ  ﴿ فِطْرَةَ اللَّهِ الَّتِي فَطَرَ النَّاسَ عَلَيْهَا لَا تَبْدِيلَ لِخَلْقِ اللَّهِ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ﴾ رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота‑онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар. Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз: «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди». Тўртовлари ривоят қилишган. Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота‑она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар. Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор: «Бас, ота‑онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади». Яъни, ота‑оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар. Шу жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар. «Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо, эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда уларнинг қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота‑онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади. Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота‑она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия бўлмаса, инсон тарбия кўрган бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Бола тарбияси бўйича мутахассисларимиз: «Боланинг тарбиясини туғилиши билан бошлаш керак», дейишади. 1. Тарбиянинг бир қисми болага одоб ўргатишдир. Бизнинг тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи, аслида, «маъдаба» ўзагидан олинган. «Маъдаба» сўзи одамлар даъват қилинган зиёфатни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба» – зиёфат бўлганлиги учун шу номни олган. Абу Муҳаммад «Китобул Воҳий» номли асарларида: «Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун «одоб» деб номланган», – дейдилар. Абу Зайд роҳматуллоҳи алайҳи: «Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган исмдир», – деганлар. Одобнинг таърифида қуйидагига ўхшаш гаплар ҳам келган: «Мақтовга сазовор сўз ва амални қилиш одобдир». «Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир». «Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир». Бу ва шунга ўхшаш таърифлар тўпланганда Исломда кўзланган «одоб» таърифи юзага келади. Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида «одоб»ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» дейилади. Одоб масаласини инсоният тарихида тўлақонли равишда Ислом бошлаган, десак муболаға қилмаган бўламиз. Исломда кишининг ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Дунёдаги одобга бағишланган асарларнинг асосини ва кўпчилигини Ислом халқлари вакиллари томонидан ёзилган асарлар ташкил қилади, деган гапда заррача муболаға йўқ. Аввало тарбия ва одоб масаласида ота‑онанинг ўзи болаларга яхши намуна бўлиши керак. عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَامِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَعَتْنِي أُمِّي يَوْمًا وَرَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَاعِدٌ فِي بَيْتِنَا فَقَالَتْ: هَا تَعَالَ أُعْطِيكَ، فَقَالَ لَهَا رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: مَا أَرَدْتِ أَنْ تُعْطِيهِ؟ قَالَتْ: أَرَدْتُ أَنْ أُعْطِيَهُ تَمْرًا، فَقَالَ لَهَا رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: أَمَا إِنَّكِ لَوْ لَمْ تُعْطِيهِ شَيْئًا كُتِبَتْ عَلَيْكِ كِذْبَةٌ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيُّ Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб: «Бери кел, бир нарса бераман», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Нима бермоқчисан?», – дедилар. «Мен унга хурмо бермоқчи эдим», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Аммо, агар унга ҳеч нарса бермаганингда, сенга ёлғон ёзилар эди», – дедилар». Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилганлар. Ушбу ҳадиси шарифда онанинг бир оғиз гапида ҳам бола тарбиясига катта таъсир қиладиган омил борлиги уқтирилмоқда. Одатда оналар болаларини гапларига киргиза олмаслар, алдашга ўтадилар. Бирор нарса бериш ваъдаси ила алдаб, ушлаб олиб, калтаклашга тушадилар. Аслида эса, шу ишлари билан болаларининг тарбиясига зарар етказаётган, уларга ёмон намуна кўрсатаётган бўладилар. Ҳар бир бола учун унинг ота‑онаси дунёдаги энг улуғ кишилар бўлади. Бола ота‑онасига тақлид қилади ва улардан ўрнак олади. Ана ўша боланинг назаридаги энг улуғ ва ўрнак олишга сазовор инсон уни алдагандан кейин, болада, мен ҳам шундай қилсам бўлар экан, деган тушунча пайдо бўлиши табиий. Шунинг учун ҳам ота‑она болаларига доимо яхши ва гўзал ўрнак бўлишлари лозим. Барча яхши сифатларни намойиш қилиб, барча ёмон сифатлардан узоқда бўлишлари керак. Ота‑она болаларига шахсий намуна кўрсатишлари билан бирга, уларга одобларни қунт билан, зерикмасдан ўргатиб боришлари зарур. Чунки ота‑онанинг болаларга берадиган нарсалари ичида энг қимматлиси ва зарурийси одобдир. عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْعَاصِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди», – дедилар. Термизий ривоят қилган. عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَأَنْ يُؤَدِّبَ الرَّجُلُ وَلَدَهُ أَوْ أَحَدُكُمْ وَلَدَهُ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَتَصَدَّقَ كُلَّ يَوْمٍ بِنِصْفِ صَاعٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши фарзандини одобли этиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни ярим соъ садақа қилишидан яхшироқдир», – дедилар». Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар. عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: أَكْرِمُوا أَوْلَادَكُمْ وَأَحْسِنُوا أَدَبَهُمْ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг», – дедилар». Ибн Можа ривоят қилган. Бола ота‑онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига ота‑онаси ва мураббийси шерик бўлади. Агар ёмонликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг гуноҳига ота‑онаси ва мураббийси шерик бўлади. Валий уни сақлаши, таълим-тарбия бермоғи лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатсин, уни ёмон болалардан сақласин, ўткинчи лаззатларга қизиқишга одатлантирмасин, уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтирмасин. Токи катта бўлганда зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин. Ота‑она болани кичиклигидан, умрининг аввалги кунларидан эҳтиёткорлик билан кузатиб бориши керак. Уни фақатгина диндор ва ҳалол ейдиган аёлга эмиздирсин. Ҳаромдан ҳосил бўлган сутда барака бўлмайди. Болада пайдо бўладиган сифатларнинг аввалгиси таомга ўчлик бўлади. Шунинг учун ота‑она унга овқатланиш одобларидан таълим берсин. Баъзи вақтларда фақат нон ейишга одатлантирсин. Токи, нонга бошқа нарсани қўшиб ейиш лозим, деган хаёлга бормасин. Ота‑она боласига кўп овқат ейишнинг ёмонлигини сингдиради. Кўп таом емоқ ҳайвонлар иши эканини тушунтиради. Ўғил болаларга оқ рангли кийимлар кийиш яхши экани, рангдор ва ипак кийимларнинг аёлларга хос экани тушунтирилади. Болани сернеъмат ҳаёт кечиришга одатланган болаларга қўшмаслик керак бўлади. Вақти келганда мактабга бериб, барча керакли илмларни ўргатиш, жумладан, Қуръон, ҳадис ва яхшиларнинг қиссаларидан таълим бериш бошланади. Шу тариқа унинг қалбига аҳли солиҳларнинг муҳаббати солинади. Беҳуда, енгил-елпи куй-қўшиқларни тинглашига йўл қўйилмайди. Боладан яхши хулқ ва мақтовга сазовор иш содир бўлса, уни тақдирлаш ва хурсанд бўладиган нарса ила мукофотлаш ҳамда одамлар ҳузурида мақташ лозим. Баъзи ҳолатларда мазкур ишларга хилоф нарсани содир қилса, ўзини билмаганга солиб, унинг айбини ошкор қилмаслик керак. Агар ўша номаъқул нарсани яна қайтадан қилса, ҳеч кимга билдирмай, жазолаш ва одамлар билиб қолса, уят қилишларини уқтириш лозим. Аммо, жазо кўпайтириб юборилмасин. Чунки бу нарса боланинг бетини қотириб қўяди. Кейин уялмай, ҳар нарсани қилишга одатланиб қолади. Ота боласининг ҳузурида ўз ҳайбатини сақлаб туриши керак. Она боласини отаси ила огоҳлантириб турсин. Кундузи ва бевақт ухлашга болани одатлантирмаслик керак. Бунда у дангасаликка ўрганиб қолади. Кечаси ухлаш ман қилинмайди. Ётар жойи юмшоқ бўлмагани яхши. Бола ётоқ, кийим ва таомда дағалликка одатлансин. Бола дангаса бўлиб қолмаслиги учун пиёда юришга, кўп ҳаракат қилишга ва бадантарбияга одатлансин. Бола ота‑онасининг бойлиги, таоми ва кийими ила тенгдошлари олдида фахрланишга одатланмасин. Бола ўзи билан бирга яшайдиганларга нисбатан тавозуъли бўлишга ва уларни ҳурматлашга одатланиши лозим. Боланинг ўзига ўхшаган болаларнинг нарсасини тортиб олишига йўл қўйилмайди. Унга бировнинг нарсасини олиш пасткашлик экани уқтирилади. Болага тилла ва кумушга муҳаббат қўйиш ёмонлигини тушунтириш лозим. Болага ўтирган жойида туфламаслик, бурнини тозаламаслик, бировнинг олдида эснамаслик, бир оёғининг устига иккинчисини қўймаслик ва кўп гапирмаслик каби одоблар ўргатилиш керак. Болага камгап бўлиш, бошқаларнинг гапини диққат билан тинглаш, ўзидан катталарни ҳурмат қилиш, улар келганда ўрнидан туриб кутиб олиш ва одоб билан ўтириш каби нарсалар ўргатилади. Бола уят сўзларни гапиришдан ва уят сўзларни гапирадиганларга қўшилишдан ман қилинади. Зотан, болани муҳофаза қилиш уни ёмон улфатлардан сақлашдан иборатдир. Мактабдан қайтиб келганидан кейин болага чиройли ўйинлар ўйнашга шароит яратиб бериш керак. Бу билан у ўқишдаги чарчоғини ёзади. Боланинг ота‑онасига ва устозига итоат қилишга одатланиши жуда ҳам зарурдир. Бола балоғатга етганида намоз ўқишга буюрилади. Ўрганиши учун тоҳаратсиз юрмасликка одатлантирилади. Уни ёлғон ва хиёнатга яқин келмасликка чақирилади. Ўсмирлик чоғи яқинлашганида ундан ўша пайтда керакли бўладиган нарсалар талаб қилинади. Ҳар бир мураббий билиб олиши лозим бўлган нарсалардан бири, боланинг ёшлигидан солиҳ бўлиб ўсишига аҳамият бериш кераклигидир. Агар бу иш амалга ошса, яхшилик боланинг қалбида собит бўлиб қолади. Бунда ўтган салафи солиҳларимиздан ўрнак бўладиган тажрибалар кўп қолган. Саҳл ибн Абдуллоҳ қуйидагиларни айтади: «Чамаси уч ёшли бола эдим. Кечаси уйғониб, тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намоз ўқишига назар солиб турар эдим. Бир куни тоғам менга: «Сени яратган Аллоҳни зикр қиласанми?» – деди. «Уни қандай зикр қиламан?» – дедим. «Тилингни қимирлатмасдан, қалбингда уч марта: «Аллоҳ мен билан, Аллоҳ менга назар солиб турибди, Аллоҳ менинг гувоҳим», дейсан», – деди. Мен у сўзларни бир неча кеча айтдим ва тоғамга хабарини бердим. У менга: «Энди уларни ҳар кеча ўн бир мартадан айт», – деди. Мен уни ҳам қилдим. Бир муддатдан сўнг қалбимда унинг ҳаловатини сездим. Бир муддат ўтгандан кейин тоғам менга: «Мен сенга ўргатган нарсани ёдлаб олгин-да, то қабрга киргунингча уни давом қил», – деди. Мен у ишни йиллар давомида узлуксиз қилиб юрдим. Уларнинг ҳаловатини ичимда топдим. Сўнгра тоғам менга: «Эй Саҳл! Аллоҳ у билан бирга бўлган, унга назар солиб турган ва унинг устидан гувоҳ бўлган одам У Зотга осий бўладими? Маъсиятдан эҳтиёт бўл!» – деди. Кейин мактабга бориб, олти-етти ёшимда Қуръонни ёд олдим. Сўнг нафл рўзани кўп тутадиган бўлдим. Ейдиган таомим арпа нони бўлди. Ундан кейин кечаларни бедор бўлиб, ибодат-ла ўтказадиган бўлдим». Саҳл ибн Абдуллоҳдан келтирилган бу қисса боланинг тарбиясига, хусусан, руҳий тарбиясига кичиклигидан аҳамият бериш унинг яхши одам бўлиб етишишида қанчалар муҳим эканини яққол кўрсатиб турибди. 2. Тарбиянинг иккинчи қисми болага таълим беришдир. «Таълим» арабча «аллама» феълидан олинган масдар бўлиб, бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. Илм эса бир нарсани воқеъликда қандай бўлса, ишонч ила ўшандай идрок қилишдир. Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир. عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир», – дедилар». Имом Аҳмад ва ибн Можалар ривоят қилганлар. Демак, ҳар бир мусулмон илм талаб қилишни ўзи учун фарз, деб билиши керак. Исломда илм талаб қилиш бешикдан то қабргача фарз қилинган. Келинг, ушбу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик. Фарз Аллоҳ таолонинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда иқобга учрайди. Фарз икки қисмга бўлинади: фарзи айн ва фарзи кифоя. «Фарзи айн» ҳар бир мусулмон шахсан бажариши лозим бўлган ишдир. Уни биров учун бошқа одам адо этгани билан, фарз бажарилган бўлмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон беш вақт намозни ўқиши фарзи айн. Ўқимаган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади. «Фарзи кифоя» эса баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун кифоя қиладиган ишдир. Бунга жаноза намозини мисол қилиш мумкин. Бир мусулмон вафот этса, уни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб, кўмиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо, фарзи кифоя бўлганлиги учун, бир инсоннинг жанозасини баъзи мусулмонларнинг ўқигани кифоя қилади. Бошқалардан фарз соқит бўлади. Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккала қисми ҳам иштирок этади. Ҳар бир мусулмон учун ўзига керак нарсани, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олишда зарур бўлган ҳар бир нарсани ўрганиш фарзи айндир. Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шарт. Қилмаган одам гуноҳкор бўлади. Мусулмонлар жамоаси учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса, фарзи кифоядир. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида етарли мутахассисларни тайёрлаб чиқариш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарзи кифоя бўлади. Эҳтиёжни қондирадиган даражада ва ададда мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади. Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади. Шунинг учун ҳам ота‑онага фарзандларига таълим бериш вазифа этиб юкланган. Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида шундай деб марҳамат қилади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ۝ «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлу аёлингизни ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қиладилар» (6‑оят). Фарзандларига таълим бериш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй» деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота‑она болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради. Юқорида зикр қилинган ояти кариманинг маъноси ҳақида сўралганларида ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Уларга таълим беринглар ва уларга одоб беринглар», дегани», – деб айтганлар. Фақиҳлар: «Ота‑оналар ва уларнинг ўрнини босувчи валийлар кичкина болаларга балоғатга етганларида керак бўладиган илмларни ўргатишлари лозимдир», дейишган. (“Бахтиёр оила” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat