Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ота-онага оқ бўлиш

14:10 / 09.10.2016 | Дилноза | 3001

Ассалому алайкум! У пайтлар ҳали ёш эдим. Ҳозир оилали, икки фарзанднинг онасиман. Бир воқеа содир бўлгандан буён оғир савол дилимни қийнайди! Хуллас болалик чоғларимда  акам билан дадам қаттиқ кўчада жанжаллашиб қолдилар. Ўзи дадам ва акам ўрталарида неча йиллик келишмовчиликлар ва адоват бор. Дадам акамдан, акам дадамдан норози. Акамнинг хулқи ёмон, ёмонларга қўшилиб тарбияси бузилган. Бир неча бор қамалиб чиққан… Хуллас ўша куни келишмовчилик бўлди ва акам дадамни узуркуя онасидан келиб сўкинди. Шунда дадам кўчада ҳамманинг олдида шарманда бўлганлари учун йиғилари бўғизларига тиқилиб акамга «Сени оқ қилдим. Рози эмасман» дедилар ва уйга кириб ўксиб-ўксиб йиғладилар. Авваллари ҳам бунақанги вазиятлар бўлган, дадам кўп бора маст ҳолда йиғлаб онамга, яқинларга «ўғлимдан норозиман, фарзандларидан қайтсин» деганлар. Лекин оқ қилмаганлар. Бу сафар эса оқ қилдилар ва маст эмасдилар! Ана шу воқеа ҳеч ҳам ёдимдан кетмайди. Ҳозир икковлари ҳам бир-бирлари билан гаплашмайдилар, гаплашсалар ҳам мажбурият юзасидан бир-икки оғиз сўз айтидилар. Акам ота-онамнинг ҳолидан умуман хабар олмайди, лекин ота-онам акам битта ўғил бўлгани учун қаттиқ гапиришса ҳам орқа-варотдан акамнинг оиласига ул-бул жўнатиб турадилар. Билмоқчи бўлган нарсам, оқ бўлишни гуноҳи оғирми? Бунинг гуноҳини қайтаришнинг иложи борми? Бўлса агар акам ёки дадам нимадир қилишлари керакми? Дадамнинг ёшлари бир жойга бориб қолган, омонатларини топширмасдан олдин бу ишни тўғрилашнинг йўллари борми? Илтимос, шу йўлларни тушунтирсангизлар. Токи акам ва дадам ғафлатда қолмасинлар. Жавобингизни интизорлик билан кутувчи – бир муштипар отанинг қизи ва ўз оиласига меҳрсиз аканинг синглиси…


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Бу ҳолатда нима қилиш кераклиги ҳақида қуйидаги ҳадисда келган :

ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» ثَلَاثًا، قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ! قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ - وَجَلَسَ وَكَانَ مُتَّكِئًا - أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ» مَا زَالَ يُكَرِّرُهَا حَتَّى قُلْتُ: لَيْتَهُ سَكَتَ

Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Сизларга кабираларнинг энг улкани хабарини берайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш. Ота-онага оқ бўлиш», дедилар ва ёнбошлаб ётган эдилар, қадларини ростлаб ўтириб: «Ҳой! ёлғон сўздан огоҳ бўлинг!» дедилар. Ана шу гапни қайта-қайта такрорладилар, (қўрқиб кетганимдан) «сукут сақласайдилар», дедим». Шарҳ: Мана бу ҳадисда Аллоҳ таолонинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ширк келтиришдек буюк, дунёдаги энг катта гуноҳдан кейинги иккинчи ўринда ота-онага оқ бўлишни айтяптилар. Шу ўринда ота-онага яхшилик қилиш нимаю, оқ бўлиш нима экани ҳақида «Яхшилик ва силаи раҳм» китобимизда келган айрим маълумотларни эсга олиб қўйсак, фойдадан холи бўлмасди. Аввал «Биррул волидайни» – «Ота-онага яхшилик қилиш» бирикмасининг тўлиқ маъносини тушуниб олайлик. «Бирр» сўзи бизнинг тилимизга «яхшилик» дея таржима қилиниб, «фазилат», «содиқлик», «тоат» ва «солиҳлик» деган маъноларни ифода қилади. Уламолар истилоҳида «бирр» юмшоқ ва латофатли сўз билан яхшилик қилиш ва нафратга сабаб бўлувчи қўпол сўздан четда бўлишдир. Айни пайтда «бирр» ўзаро шафқат, меҳр-муҳаббат асосида моддий жиҳатдан яхшилик қилишдир. «Волидайн» – ота-она. Бу сўз бобо ва момоларни ҳам ўз ичига олади. Арабча «оқ» сўзи луғатда «ёриш» ва «кесиш» деган маъноларни билдиради ҳамда «озор бериш», «осий бўлиш» ва «қарши чиқиш»ни ифода этади. Бир сўз билан айтганда, «оқ» сўзи «бирр»нинг тескарисидир. Келгуси ривоятларни ўрганиш орқали бу икки маънонинг тафсирини англаб етишга ҳаракат қиламиз.

عَنْ هِشَامٍ، عَنِ الْحَسَنِ؛ أَنَّهُ سُئِلَ عَنِ الْبِرِّ وَالْعُقُوقِ، فَقَالَ: الْبِرُّ أَنْ تَبْذُلَ لَهُمَا مَا مَلَكْتَ، وَأَنْ تُطِيعَهُمَا فِيمَا أَمَرَكَ بِهِ مَا لَمْ يَأْمُرَاكَ بِمَعْصِيَةِ اللهِ، وَالْعُقُوقُ أَنْ تَهْجُرَهُمَا وَتَحْرِمَهُمَا

Ҳишомдан, у Ҳасандан ривоят қилинади: «Ундан яхшилик ва оқ бўлиш ҳақида сўрашди. Шунда у: «Яхшилик – ўзинг эга бўлган нарсани икковига сарфлашинг, модомики маъсиятга амр қилмасалар иккови сенга нима амр қилса, итоат қилишингдир. Оқ бўлиш – икковини ташлаб қўйишинг ва маҳрум қилишингдир», деди». Шарҳ: Юқоридаги ривоятларнинг ҳаммасида ота-онага яхшилик ва итоат қилиш энг афзал амаллар экани, онанинг ҳаққи отаникидан кўп экани турли услублар билан такрорланиб, тушунтирилгандан кейин «Ота-онага яхшилик қилиш ўзи нима?» деган саволга жавоб келяпти. Имом Ҳасан Басрийдан одамлар «Ота-онага яхшилик қилган фарзанд қандай бўлади-ю, оқ бўлган фарзанд қандай бўлади?» деб сўрашибди. Имом Ҳасан Басрий айтган эканларки: «Ота-онанинг розилиги учун ўзингнинг мулкингда бўлган ҳар бир нарсани, қўлингдаги молу мулкинг нима бўлса, барчасини икковларига аямасдан сарфлайсан. Шу билан бирга, иккови сенга нима амр қилса, шунга итоат қиласан. Илло, Аллоҳга маъсият бўладиган амрлари бундан мустасно». Ота-онанинг ҳаққи улуғ, ота-она нима амр қилса, фарзанд бажариши вожиб, лекин ота-онанинг амри Аллоҳ таолога маъсият бўладиган нарсада бўлмаслиги керак. Чунки ҳадиси шарифда келган қоида бўйича «Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат йўқ». Тўғри, ота-онанинг ҳаққи кўп, ҳаққи улуғ, нима деса, гапи ўтади. Лекин шу гапи, амри ва боласининг олдига қўяётган талаби Аллоҳ таолога гуноҳ бўладиган иш бўлмаслиги керак. Бугунги кунда бунга мисол кўп. Ёшлар «Отам «Ароқ олиб келиб бер», дейди, нима қилай?» ёки «Чўчқа гўштидан тайёрланган махсулотларни олиб келиб, болаларимга едириб қўйяпти, нима қилай?» деб сўрашади. Шундай пайтларда бола итоат қилиши лозим эмас. Балки инкор қилиши, бунинг тўғри эмаслигини одоб билан тушунтириши лозим бўлади. Аммо ота-онага қарамасдан ташлаб қўйиш, уларни муҳтож бўлган нарсаларидан маҳрум қилиб, қаровсиз, боқувсиз ҳолда ташлаб қўйиш уларга оқ бўлишдир. Бу маънолар қуйидаги ҳадиси шарифда яна ҳам аниқроқ ифода этилган.

عَنْ عَمَّارَةَ الْمَعْوَلِيِّ، قَالَ: سَأَلْتُ الْحَسَنَ: مَا الْبِرُّ؟ قَالَ: الْحُبُّ وَالْبَذْلُ. فَقُلْتُ: مَا الْعُقُوقُ؟ قَالَ: أَنْ تَحْرِمَهُمَا وَتَهْجُرَهُمَا. ثُمَّ قَالَ: وَيْحَكَ، مَا شَعَرْتَ أَنَّ نَظَرَكَ فِي وَجْهِ وَالِدَيْكَ عِبَادَةٌ؟ فَكَيْفَ بِالْبِرِّ بِهِمَا؟

Аммора Маъвалийдан ривоят қилинади: «Ҳасандан: «Бирр нима?» деб сўрадим. «Муҳаббат ва борини сарфлаш», деди. «Оқ бўлиш нима?» дедим. «Икковларини маҳрум ва ҳижрон қилишинг», деди. Сўнгра: «Шўринг қургур, ҳатто ота-онангнинг юзига боқишинг ҳам ибодатлигини билмайсанми? Икковига яхшилик қилиш қандай бўлишини ўзинг билиб олавер», деди». Шарҳ: Ушбу ривоятдан ота-онага яхшилик қилиш ва уларга оқ бўлиш маънавий ҳамда моддий кўринишларга эга эканини билиб оламиз, чунки «Бирр нима?» деган саволга «Муҳаббат ва борини сарфлаш», деб жавоб берилди. Ота-онага муҳаббат қилиш маънавий амал. Уларга бор молини сарфлаш эса моддий-молиявий амалдир. Шунингдек, «Оқ бўлиш нима?» деган саволга «Икковларини маҳрум ва ҳижрон қилишинг», деб жавоб берилди. Ота-онани иқтисодий ёрдамдан маҳрум қилиш моддий-молиявий амал бўлса, уларни ҳижронга қўйиш маънавий фаолиятдир. Имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳининг «Шўринг қургур, ҳатто ота-онангнинг юзига боқишинг ҳам ибодатлигини билмайсанми? Икковига яхшилик қилиш қандай бўлишини ўзинг билиб олавер» деган гапларидан ҳам чуқур маънолар келиб чиқади. Демак, ота-онанинг юзига назар солишнинг ўзи ибодат экан. Фарзанд учун ота-онага яхшилик қилиб, уларнинг розилигини топиб, дуосини олиш ибодатларнинг афзали, яхши, хайрли ва баракали амал бўлар экан. Шунинг учун ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хурсандчилиги, розилиги учун ҳаракатда бўлиш ҳар бир фарзанднинг бурчи ҳисобланиб келган, бу маъно доимо қайта-қайта такрорланади. Юқорида айтилганларни умумлаштириб хулоса қиладиган бўлсак, «бирр»нинг маъноси шуки, ота-онангни яхши кўрасан ва муҳаббат қўясан, керак бўлганда, уларнинг розилиги ва хурсандчилиги учун ўзингдаги бор нарсани сарфлайсан. Шунда уларга яхшилик қилган бўласан. Ота-онага оқ бўлиш қандай бўлади? Оқ бўлиш ота-онангдан хабар олмай қўйишинг ва уларни маҳрум қилиб, ўзингдаги нарсани бермай қўйишингдир. Демак, бола ота-онасидан хабар олмай қўйса, уларга етарли меҳр кўрсатмаса ва улар муҳтож бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа нарсаларни бермай қўйса, оқ бўлар экан. Бунинг учун унинг отаси одамларнинг олдида: «Гувоҳ бўлинглар, ўғлимни оқ қилдим, қизимни оқ қилдим» дейиши шарт эмас экан. Боланинг ўзи ота-онасига қарамасдан ташлаб қўйса, хабар олмай, уларнинг аҳволидан умуман бехабар бўлиб юрса, улар муҳтож бўлган нарсани бермаса, мана шунинг ўзи фарзанднинг оқ бўлишига етарли нарса экан. Имом Ҳасан Басрий шу гапларни айта туриб, деди: «Онанинг юзига боқиш ҳам ибодатдир. Унга яхшилик қилиш нималигини билиб олаверинглар». Ҳеч нарса қилмасдан, онанинг юзига қарашнинг ўзи ҳам ибодат. Энди хурсанд қилиш, унга бирор нарсани совға қилиш, хизматларини адо этиш, яна истакларини бажо келтириш ва бу ишларни Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилиш олий даражадаги ибодат бўлади. Ота-онага яхшилик қилиш борасидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб, таҳлил қилган уламоларимиз бу амал, жумладан, қуйидагилар билан юзага келишини айтганлар: 1. Уларга барча яхшиликни қилиш. 2. Юмшоқ сўз айтиш. 3. Меҳр кўрсатиш. 4. Муҳаббатли бўлиш. 5. Қўпол сўздан четланиш. 6. Уларни энг ёқимли лафзлар билан чақириш. 7. Динлари ва дунёларида манфаат берадиган гапларни айтиш. 8. Динда билмайдиган нарсаларини ўргатиш. 9. Шариат жоиз деган нарсаларга амал қилиб яшаш. 10. Уларнинг барча вожиб ва мандуб амрларига итоат қилиш. 11. Улар тарк қилишга амр этган нарсалардан ўзига зарар келтирмайдиганларини тарк қилиш. 12. Юрганда улардан олдинга ўтиб кетмаслик ёки баробар бўлиб юрмаслик. Фақат зарурат юзасидан, қоронғида йўл кўрсатиш каби ҳолатлардагина олдинга ўтиш жоиз. 13. Ота-онанинг олдига кирганда фақат уларнинг изни билангина ўтириш. 14. Ота-она билан ўтирганда уларнинг рухсатисиз чиқиб кетмаслик. 15. Ота-онадан содир бўлган нарсани, агар беморлик ёки қарилик туфайли бавл қилиб қўйишга ўхшаш ишлар бўлса ҳам қабиҳ санамаслик. 16. Ота-онанинг муҳаббатини қозонган кишиларнинг ҳурматини қилиш. Аслини олганда, мана шу ишларнинг зиддини қилган ва шунинг натижасида ота-онасининг ранжишларига сабаб бўлган, уларнинг кўнглига озор берган фарзанд оқ бўлган ҳисобланади. Аммо ота-онага оқ бўлиш борасидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб, таҳлил қилган уламоларимиз бу амал жумладан, қуйидагилар билан юзага келишини айтганлар: 1. Ота-она учун қилиш лозим бўлган яхшиликни қилмаслик салбий оқ бўлиш деб аталади. Улардан бирортасини қилмаган одам ота-онасига ана шу соҳада оқ бўлаверади. 2. Ота-она фарзанди ҳақида қасам ичса, бола унга амал қилмаслиги. 3. Ота-она фарзандидан бирор нарсани сўраса, бола имкони бўлиб туриб бермаслиги. 4. Ота-онанинг омонатига хиёнат қилиш. 5. Боланинг ота-онаси унинг ҳақида Аллоҳ таолога шикоят қиладиган иш қилиши. 6. Ота-онага оқ бўлиш амалий ва каломий қисмларга бўлинади. Ота-онага гап-сўз билан озор етказганлар уларга каломий оқ бўладилар. Ота-онага бир қилмиши билан озор берганлар амалий оқ бўлади. Буларга ота-онани малол олиш, уларга дўқ қилиш, ғазаб кўрсатиш, тик қараш каби нарсалар киради. 7. Ота-онага оқ бўлишнинг умумий ўлчови шуки, агар бегонага нисбатан қилинса, кичик гуноҳ бўладиган нарсани ота-онага қилса, катта гуноҳга айланади. Демак, одам Аллоҳга ширк келтиришдан қанчалик қўрқса, ота-онага оқ бўлишдан ҳам шунчалик қўрқиши керак экан ва ёлғон гап, тўқима бўҳтонлардан ҳам шунчалик даражада эҳтиёт бўлиши лозим экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда энг катта гуноҳлар ҳақида хабар бермоқдалар. Ана шу учта катта гуноҳнинг бири ота-онага оқ бўлиш экан. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Олим киши одамлар сўрамаса ҳам, керакли нарсалардан ўзи гап очиб, одамларга тушунтириб туриши лозимлиги. 2. Аллоҳ таолога ширк келтириш энг катта гуноҳ экани. 3. Ота-онага оқ бўлиш энг катта гуноҳлардан экани. 4. Ёлғон тўқиш энг катта гуноҳлардан экани. 5. Олим киши керакли гапни қайта-қайта айтиб, уларга сингдиришга ҳаракат қилиши дурустлиги. (“Ал-Адаб ал-Муфрад” китобидан). Аллоҳ таоло банданинг жони бўғзига келиб, ғар-ғара ҳолатига тушгунича бандаларнинг гуноҳларини кечиради. Бу ҳақида

قَالَ اللهُ تَعَالَى: وَلَيْسَتِ التَّوْبَةُ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السَّيِّئَاتِ حَتَّى إِذَا حَضَرَ أَحَدَهُمُ الْمَوْتُ قَالَ إِنِّي تُبْتُ الآنَ وَلاَ الَّذِينَ يَمُوتُونَ وَهُمْ كُفَّارٌ أُوْلَئِكَ أَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا۝

Аллоҳ таоло: «Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ‎ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз‎», деган («Нисо» сураси, 18-оят). Демак, ўлим келмасдан туриб, ўз вақтида тавба қилиб қолиш керак. Ўлим келганда қилинган тавбадан фойда бўлмайди.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ اللهَ يَقْبَلُ تَوْبَةَ الْعَبْدِ مَا لَمْ يُغَرْغِرْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики банда ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса, албатта, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар». Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар. Шарҳ: Жон ҳалқумга келмасдан аввал тавба қилиб қолмоқ лозим. Ундан кейин кеч бўлади.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ اللهَ يَبْسُطُ يَدَهُ بِاللَّيْلِ لِيَتُوبَ مُسِيءُ النَّهَارِ، وَيَبْسُطُ يَدَهُ بِالنَّهَارِ لِيَتُوبَ مُسِيءُ اللَّيْلِ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», дедилар». Шарҳ: Демак, қиёмат қоим бўлгунча кечасию кундузи Аллоҳ таоло бандаларнинг тавбасини қабул қилади. Банда ўзидан камчилик ўтганини сезиши билан вақтини суриштирмай, тавбага шошилмоғи даркор.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ تَابَ قَبْلَ أَنْ تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا تَابَ اللهُ عَلَيْهِ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қуёш мағрибдан чиқмасдан туриб тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар». Иккисини Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Ҳеч ҳам тавба қилишдан қолмаслик, тавбам қабул бўлармикан, деб иккиланмаслик керак.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا تَقُومُ السَّاعَةُ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا فَإِذَا طَلَعَتْ آمَنَ النَّاسُ كُلُّهُمْ أَجْمَعُونَ، فَيَوْمَئِذٍ لَا يَنْفَعُ نَفْسًا إِيمَانُهَا لَمْ تَكُنْ آمَنَتْ مِنْ قَبْلُ أَوْ كَسَبَتْ فِي إِيمَانِهَا خَيْرًا. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш мағрибдан чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. У (ўша ёқдан) чиққанида одамларнинг ҳаммаси иймон келтиради. Ўша кунда бирор жонга, агар у бундан олдин иймон келтирмаган бўлса ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, унинг иймони наф бермас», дедилар». Учовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Шунинг учун барча нарсани, жумладан, тавбани ҳам ўз вақтида қилиб қолиш лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).

ОТА-ОНАГА ЮМШОҚ ГАПИРИШ

عَنْ طَيْسَلَةَ بْنِ مَيَّاسٍ قَالَ: كُنْتُ مَعَ النَّجْدَاتِ، فَأَصَبْتُ ذُنُوبًا لَا أَرَاهَا إِلَّا مِنَ الْكَبَائِرِ، فَذَكَرْتُ ذَلِكَ لِابْنِ عُمَرَ، قَالَ: مَا هِيَ؟ قُلْتُ: كَذَا وَكَذَا. قَالَ: لَيْسَتْ هَذِهِ مِنَ الْكَبَائِرِ، هُنَّ تِسْعٌ: الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَقَتْلُ نَسَمَةٍ، وَالْفِرَارُ مِنَ الزَّحْفِ، وَقَذْفُ الْمُحْصَنَةِ، وَأَكْلُ الرِّبَا، وَأَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ، وَإِلْحَادٌ فِي الْمَسْجِدِ، وَالَّذِي يَسْتَسْخِرُ، وَبُكَاءُ الْوَالِدَيْنِ مِنَ الْعُقُوقِ. قَالَ لِي ابْنُ عُمَرَ: أَتَفْرُقُ مِنَ النَّارِ وَتُحِبُّ أَنْ تَدْخُلَ الْجَنَّةَ؟ قُلْتُ: إِيْ وَاللهِ. قَالَ: أَحَيٌّ وَالِدُكَ؟ قُلْتُ: عِنْدِي أُمِّي. قَالَ: فَوَاللهِ لَوْ أَلَنْتَ لَهَا الْكَلَامَ، وَأَطَعَمْتَهَا الطَّعَامَ، لَتَدْخُلَنَّ الْجَنَّةَ مَا اجْتَنَبْتَ الْكَبَائِرَ

Тойсала Ибн Майёсдан ривоят қилинади: «Нажданинг одамлари билан бирга эдим. Ўшанда бир қанча гуноҳлар қилдим. Ўзимча мазкур гуноҳларни гуноҳи кабиралардан деб билардим. Шуни Ибн Умарга айтдим. «Улар нималар?» деди у. «Бундай, бундай», дедим. «Бу нарсалар гуноҳи кабира эмас. Улар (кабиралар) тўққизта: Аллоҳга ширк келтириш, одам ўлдириш, жанг пайтида душмандан қочиш, покиза аёлни зинода айблаш, рибохўрлик қилиш, етимнинг молини ейиш, масжидда диндан чиқиш, одамларни масхара қилиш, боласи оқ бўлган ота-онанинг бундан йиғлаши, – деб туриб, Ибн Умар менга: – Сен дўзахдан қўрқасанми, жаннатга киришни хоҳлайсанми?» деди. «Аллоҳга қасамки, шундай», дедим. «Ота-онанг тирикми?» деди. «Онам бор», дедим. «Аллоҳга қасамки, агар онангга юмшоқсўз бўлсанг ва унга таом берсанг ҳамда гуноҳи кабираларни қилмаган бўлсанг, албатта жаннатга кирасан», деди». Шарҳ: Демак, Аллоҳга ширк келтиришдек, бировни ўлдиришдек улкан  гуноҳларнинг қаторига ота-онага оқ бўлиш ҳам қўшилган экан. Ота-онага оқ бўлиш жуда катта гуноҳ ҳисобланади. Бу ривоятда ота-онага оқ бўлиш, уларнинг назаридан қолиш қанчалик улуғ гуноҳ эканини таъкидлаш билан бирга, ота-онага юмшоқсўз бўлиш, уларга таом тутиш, уларнинг хизматида бўлиш бандани дўзахга киришдан сақлаб, унинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан экани таъкидланмоқда. (“Ал-Адаб ал-Муфрад” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat