Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Яҳудийлар сўйган ҳайвони

22:54 / 18.10.2016 | Рахмонкул | 1322

Ассалому алайкум! Азиз устозлар, Алихон тўра Соғунийни “Тарихи Муҳаммадий” номли китобларини ўқидим. Яҳудийларни ҳозирги кунда миллатлари ким? Ҳозирда Россиядамиз, бу ерда мусулмон қассобни топиб бўлмаяпти. Шунга “яҳудийлар ҳам Аллоҳни каломини айтиб сўяди” деган жойни ўқидим.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Агар сизлар шаръий бир сўйиш имкониятини қилсангиз, сиздан кейингиларга ҳам осонлик, ҳамда сизлар учун садақаи жория бўлиб қолади. عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ كُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا يَنْقُصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ. وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَيِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ كُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا يَنْقُصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар». Муслим ва Термизийлар ривоят ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳазрати Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. «Суннат» сўзи йўл, тариқат, одат каби маъноларни ифода этишини «Муқаддима»да кўриб ўтган эдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларидан Исломда суннат пайдо қилиш мумкинлигини, ўша пайдо бўладиган суннат яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлигини билиб олмоқдамиз. Бу нарсага бир оз эҳтиёт бўлиб ёндошмоқ лозим. Кўпгина кишилар ушбу нозик масалада нотўғри тушунчаларга бориб қолишлари ҳам мумкин. Доимо Ислом дийни мукаммал дийн, унда ҳаётдаги ҳар бир масаланинг ечимини топишимиз турган гап, деймиз. Энди эса Исломда яхши ёки ёмон янгилик пайдо қилиш мумкин, деяпмиз. Ёмон янгилик тушунарли, дийнга хилоф иш ёмон янгилик бўлади. Буни ҳамма қоралайди. Аммо яхши янгиликни қандай тушунишимиз мумкин? Агар у мумкин бўлса, демак, Исломда камчилик борми? Ёки ёмон ҳам, яхши ҳам янгиликни пайдо қилиш мумкин эмасми? Баъзи бир кишилар охирги «Ёмон ҳам, яхши ҳам янгиликни пайдо қилиш мумкин эмасми?» деган саволга «Мумкин эмас», деб жавоб берадилар. Улар ўзларининг бу фикрларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир бидъат залолатдир, ҳар бир залолат дўзахдадир», деган ҳадисларини далил қилиб келтирадилар. «Бидъат» сўзи «янги пайдо бўлган нарса» маъносини англатади. Мазкур кишилар «Ҳамма нарса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қандай бўлса, шундай бўлиши керак», дейдилар. Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг уламолари эса ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шариф «Ҳар бир бидъат залолатдир» деган бошқа бир ҳадисни тафсир қилиб келаётганини айтадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир бидъат залолатдир» деган ҳадисларида ёмон бидъатни кўзда тутганлар. Уни ушбу ҳадисдан тушуниб оламиз. Дастлаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир бидъат залолатдир, ҳар бир залолат дўзахдадир», деб, умумий равишда айтдилар. Кейин эса янги пайдо бўладиган нарсалар яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлигини ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифда баён қилдилар. Демак, «Ҳар бир бидъат залолатдир» ҳадисида ёмон бидъат кўзда тутилган. Энди Исломда яхши суннат пайдо қилиш мумкин бўлса, бу нарса «Ислом мукаммал дин», деган гапимизга қандай тўғри келади, деган саволга ўтайлик. Ислом руҳини тушунмайдиган баъзи кишилар учун бу камчилик, нуқсон бўлиб туюлиши мумкин. Лекин, аслида бу Исломнинг баркамоллигидандир. Қуръон ва суннатда шариатнинг руҳи, асосий қоидалари тўла-тўкис баён этилган. Инсонга дахли йўқ нарсаларнинг ҳукми батафсил келган. Шу билан бирга, инсон ҳаётида макон ва замон ўзгариши билан ўзгариб турадиган майда масалалар мусулмонлар ижтиҳод қилишлари учун очиқ қолдирилган. Бу масалаларни унинг пайдо бўлган макони ва замонидаги мужтаҳид уламолар Қуръон ва суннат қоидалари асосида ҳал қиладилар. Албатта, Қуръон ва суннатда қиёматгача бўладиган ишларнинг рўйхатини ва уларнинг ҳукмини келтириш кўзда тутилмаган. Балки асосий ўзгармас, инсон ижтиҳодининг дахли йўқ нарсалар баён қилиниб, асл қоидалар, умумий руҳ тушунтирилган. Маълумки, инсон ҳаёти бир хил давом этмайди, замон ўтиши билан ўзгариб туради. Аллоҳ таоло Ислом дийни ва шариатини қиёматгача бардавом қилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Исломни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларигагина мослаб қўймаган. Балки қиёматгача барча маконлар ва замонлар учун салоҳиятли қилиб қўйган. Ислом умматига келажакда пайдо бўладиган ҳар бир янги масалани ечишнинг Қуръон ва суннат қоидалари асосида бўлишини ўргатган. Шунинг учун ҳам «Ижмоъ» ва «Қиёс» Ислом шариатида Қуръон ва суннатдан кейинги учинчи ва тўртинчи масдарлар қилинган. «Ижмоъ» луғатда «жам бўлиш» маъносини англатади. Шариатда эса янги пайдо бўлган масалани ўша масала пайдо бўлган даврда яшаб турган мужтаҳидлар томонидан жам бўлиб бир овоздан ечилишига айтилади. «Қиёс» эса луғатда «таққослаш», «қиёслаб кўриш» маъноларини анлатиб, шариатда янги пайдо бўлган масалани Қуръон ва суннатда бор ҳукмларга таққослаб ечишга айтилади. Демак, янги пайдо бўладиган масалаларни ечишнинг бу услубини Қуръон ва суннатнинг ўзи баён қилиб, қонун-қоидаларини кўрсатиб қўйган. Мана шунинг ўзи ҳам Ислом шариатининг баркамоллигидандир. Агар Қуръон ва суннатда бор ҳукмлар билангина ҳаёт кечирасизлар, янги пайдо бўладиган масалалар билан ишингиз бўлмайди, дейилганда, дийнимизда нуқсон бўлар эди. Агар янги пайдо бўладиган масалаларни Қуръон ва суннат руҳида ҳал қилиш қонун-қоидалари баён қилинмаганида, камчилик бўлар эди. Иншааллоҳ, бу масалани ўз ўрнида батафсил ўрганамиз. Аммо бу ерда Исломда янги суннат пайдо бўлиши мумкинлигини тушуниш мақсадида бир оз сўз юритдик, холос. Исломда яхши суннат пайдо бўлишига мисол қилиб, Таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқиш йўлга қўйилганини айтишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ёлғиз Таровеҳ ўқиганлар. Кейин баъзи саҳобалар иқтидо қилганлар. Бир оз муддатдан сўнг ҳамма Таровеҳ ўқиш учун тўпланган. Одамлар кутиб турсалар ҳам, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқмаганлар. Одамлар йўталишни бошлаганлар. Охири бир вакил юбориб, одамлар Таровеҳ намозини жамоат билан ўқиш учун у зотни кутиб туришганини етказишган. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар Таровеҳ намозини жамоат билан ўқишни давом эттираверсак, вожиб ёки фарз бўлиб қолишидан қўрқаман», деб, чиқмаганлар. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз халифаликлари даврида кишиларнинг Таровеҳга бефарқ қараётганларини кўриб, уни жамоат бўлиб ўқишни ташкил қилганлар. Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик вақтларида Қуръони Карим бир бутун китоб шаклида жамланмаган эди. Ридда урушларида Қуръонни тўла ёд биладиган қориларнинг кўплаб шаҳид бўлганликларини мулоҳаза қилиб, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Қуръон жамланди. Бунга ўхшаш ишлар кўп, замон ўзгарган сари улар чиқиб тураверади. Шундай пайтда Ислом қоидаларини ишга солган ҳолда ҳаракат қилиш зарур. Ҳар ким ўзича ҳаракат қилиб, ёмон суннат яратиб қўйиш керак эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадислари айни шу маънони таъкидлаш, яхшиликка тарғиб қилиш, ёмонликдан қайтариш учун келмоқда. Ўшандай ишларни қилиш фақат илмга боғлиқ бўлганлиги учун ва бу масалаларни Қуръон ва суннат руҳида, уларнинг умумий қоидалари асосида илмсиз ечиш мумкин бўлмаганлиги учун муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳадисни илмнинг асари давомли қолиши ҳақидаги бобда келтирмоқдалар. «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса». Яъни, қайси бир мўмин киши Исломда янги бир яхши амал пайдо қилса, «ундан кейин ўша суннатга амал қилинса», яъни, ўша янги суннат пайдо қилган одам вафот этганидан кейин унинг пайдо қилган суннатига мусулмонлар томонидан амал қилинса, «унга ўша амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради». Яъни, мазкур гўзал суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи инсонга ўзи вафот этиб кетса ҳам, у пайдо қилган яхши суннатга амал қилганларга берилган ажр миқдорича ажр ёзилиб туради. Шу билан бирга, амал қилганларнинг ажри камайиб қолмайди. Улар ҳам қилган амалларига яраша тўлиқ савобни олаверадилар. Ушбу қоида ёмон суннат пайдо қилган ва унга амал қилганларга нисбатан ҳам ишлатилади. «Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса», яъни Қуръон ва суннатга, Ислом шариатига хилоф бўлган ёмон иш пайдо қилса, «ундан кейин ўша суннатга амал қилинса», яъни, ўша Қуръон ва суннат руҳига, Ислом шариатига хилоф ёмон ишни пайдо қилган кимса вафот этганидан кейин одамлар томонидан мазкур ёмон суннатга амал қилиш давом этаверса, «унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради». Яъни, мазкур ёмон суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи инсонга ўзи вафот этиб кетса ҳам, у пайдо қилган ёмон суннатга амал қилганларга ёзиладиган гуноҳ миқдорича гуноҳ ёзилиб туради. Шу билан бирга, амал қилганларнинг гуноҳлари камайиб қолмайди. Уларга ҳам қилган амалларига яраша тўлиқ гуноҳ ёзилаверади. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Исломда янги, яхши суннат пайдо қилиш мумкинлиги. 2. Ўша янги пайдо қилинган суннатга амал қилганлар ажр олишлари. 3. Инсонга вафотидан кейин ҳам ўзи пайдо қилган яхши суннат туфайли савоб етиб туриши. 4. Янги, яхши суннатга қилинган амалларга берилган миқдорича ажр ўша суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи кишига ёзилиб туриши. 5. Бировнинг қилган амали туфайли бошқа кишига савоб етса, амал қилганнинг ажри камайиб қолмаслиги. 6. Исломда янги, ёмон суннат пайдо қилиш эҳтимоли борлиги. 7. Ўша янги пайдо қилинган ёмон суннатга амал қилганларга гуноҳ ёзилиши. 8. Инсонга вафотидан кейин ҳам ўзи пайдо қилган ёмон суннат туфайли гуноҳ ёзилиб туриши. 9. Янги, ёмон суннатга қилинган амалларга ёзилган гуноҳлар миқдорича гуноҳ ўша ёмон суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи кишига ёзилиб туриши. 10. Бировнинг қилган амали туфайли ўша амални пайдо қилган кишига гуноҳ ёзилса, амал қилганнинг гуноҳи камайиб қолмаслиги. Энди ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикмати ҳаётий воқелигимизда қандай эканлигини мулоҳаза қилайлик. Ҳозирги кунда бизда пайдо бўлаётган, аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган масалаларни ўтган салафи солиҳларимиз Қуръон ва суннат руҳида ечиб келганларини тўғри тушунмоғимиз лозим. Ислом фиқҳининг асосий вазифаларидан бири ҳам шу! Аммо бу масалани бошқача тушуниб, фиқҳни ва фақиҳларни қарғаб юрганлар ҳам йўқ эмас. Бу масала ҳақида ҳам Аллоҳ хоҳласа, кези келганда батафсил тўхталамиз. Ҳозир эса Исломда ушбу ҳадисда айтилганидек, яхши суннат пайдо қилиш мумкинлигини, бу иш бўлиб келганини, келажакда ҳам бўлиши мумкинлигини билиб олайлик. Бу савобли иш бўлиб, унинг учун илм кераклигини унутмайлик. Шунингдек, Исломда ёмон суннат пайдо қилиш ҳам мумкинлигини, бу иш бўлиб келганини, келажакда ҳам бўлиши мумкинлигини билиб олайлик. Янги пайдо бўлган ишлардан қайсиниси яхши, қайсиниси ёмонлигини фарқлаб олиш учун ҳам илм кераклигини билиб қўяйлик. Қўлимиздан келса, яхши суннат пайдо қилайлиг-у, зинҳор ёмон суннат пайдо бўлишига сабабчи бўлиб қолмайлик. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat