Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ароқ ҳақида

18:13 / 11.11.2016 | abdulla | 2014

Ассалому алайкум! Атрофимиздаги инсонлар билан суҳбатлашганда ҳалол ҳаром ҳақида сўз очилса, ароқ борасида муросага кeлолмаймиз. Улар ароқнинг кайфи ҳаром ўзи ҳалол дeганларича ўзларининг ароқ ичишларини оқлашади. Яна улар “ахир сизлар ҳам спиртдан фойдаланасизларку” дeб далил кeлтириб, бизни eнгиб қўйишавeришади. Шу масала тўғрисида маълумот бeрсангизлар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ۝ У Олий Зот: «Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар шайтон амалидан бўлмиш ифлосликдир. Бас, ундан четланинг. Шоядки, зафар топсангиз», деган («Моида» сураси, 90-оят). Шарҳ: Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» деган маъноларни англатади. Тановул қилган кишининг ақлига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсага хамр дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида: «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир», дейилган. Бундан англашиладики, «Ароқдан бошқа нарсаларни ичса бўлаверадими? Ичмаса, лекин чекса бўладими?» каби саволлар, шунингдек, «Ароқнинг ўзи ҳаром эмас экан-у, маст қилиши ҳаром экан», деганга ўхшаш «шарҳ»ларнинг ҳаммаси ўринсиз ва мантиқсиз гаплардир. Муовия розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман:“Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳар бир мўмин (эркак ва аёл)га ҳаромдир”. Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Мазкур ҳадисда хамр мўмин киши учун ҳаром экани таъкидланмоқда. Чунки фақат мўмин кишигина бунга ишонади ва иймон келтиради. Хамрнинг ҳаром эканини билиш учун кишидан иймон ва ислом талаб этилади. Кофир, мушрик ёки мунофиқлар эса, хамрнинг ҳаромлигига иймон келтирмайдилар ва бу ишдан қайтмайдилар. Ҳар биримиз яхшилаб билиб олмоғимиз лозимки, хамр ва уни истеъмол қилиш, шак-шубҳасиз, ҳаромдир. Мўмин одам хамрнинг ҳаромлигига иймон келтириши ва уни истеъмол қилишдан узоқ юриши лозим. Агар кимки хамр (масалан, ароқ)ни ҳаром эмас ёки унинг ўзи ҳаром эмас, фақат кайфи ҳаром деса, иймондан чиқиб, кофир бўлади. Ким ўзини бу ҳаром ичимликлардан сақлаб юрса, маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилмаса, улуғ ажр-савобга эга бўлади. Биз мўминлар хамр ва шу каби ҳаром нарсалардан нафсимиз хоҳламагани ёки соғлиғимиз учун зарарли бўлгани туфайли эмас, балки айнан Аллоҳ таоло ҳаром қилгани учун тийилсак, иншааллоҳ, улуғ савобларга дохил бўламиз. Агар бирон мўмин киши хамрнинг ҳаромлигига иймон келтириб, аммо ўзини тия билмаса, ожизлик қилса, у катта гуноҳ содир этган бўлади ва Охират куни қаттиқ азоб-уқубатга дучор бўлади. Шуни билиб олишимиз лозимки, агар ўзини мусулмон санаб юрган киши хамрни “бисмиллоҳ” деб ичса, иймонидан айрилади. Чунки “бисмиллоҳ” калимаси фақат ҳалол таом ва ичимликлар истеъмол қилишдан олдин айтилади. Хамрни “бисмиллоҳ” билан ичган кимса ҳаром нарсани ҳалол санаган бўлади. Ақоид уламолари ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол деган кимсанинг иймондан чиқишини таъкидлаб ўтганлар. Модомики, Аллоҳ таоло хамрни ҳаром қилдими, бас, ўзини мўмин санаган одам ҳеч бир ихтиёрсиз бунга итоат этиши керак бўлади. “Хамр нега ҳаром қилинди?”, “Ҳаром қилинмаса нима бўларди?”, “Хамрдан қанча миқдорда ичса бўлади?” каби ўринсиз саволлар энди унга ётдир. Чунки мўмин ўз номи билан мўмин. Агар унинг Аллоҳга иймони бўлмаса, У Зотга итоат этмаса, буюрган амалларни қилмай, қайтарганларидан қайтмаса, унинг мўминлик сифати қолмайди. Хамр Аллоҳ таоло тарафидан ҳаром қилинди. Бунга ҳар биримиз шубҳа қилмаслигимиз, унга аниқ ишониб, бу разил иллатдан узоқ юришимиз даркор. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани ҳалол дейишга ёки ҳалол қилиб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Гарчи бутун дунёдаги одамлар бирлашиб, ичкиликка тарғиб қилсалар ҳам, табиблар ичкилик соғлиққа фойдали деб маслаҳат берсалар ҳам ва ароқхўрлар ўзларининг “ичкилик эмас, унинг кайфи ҳаром” каби бузуқ фалсафаларини илгари сурсалар ҳам хамр ҳалол ёки фойдали бўлиб қолмайди. Мўмин одам Робби белгилаб берган ҳадда (шаръий чегарада) мустаҳкам туриши, инсонлар орасидаги Тўғри йўлдан урувчи кимсаларга қулоқ солмаслиги керак. Ана шундагина Робби ундан рози бўлади. Қайс ибн Саъд ибн Убода айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман:“Кимки хамр ичса, Қиёмат кунида жуда чанқаган ҳолида келади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир. Сизлар “ғубайро”дан сақланинглар!” Имом Аҳмад ривояти. Бу ерда хамр ичувчиларга Қиёмат кунида ўзига хос жазо тури берилиши айтилмоқда. Бу дунёда Аллоҳ таоло ҳаром қилган ичимликдан сақланмаганлар Охиратда оғизлари қақраган аянчли бир ҳолатда бўладилар. Бу улар тортадиган азоб ва қийноқларнинг биринчи босиқчидир. Улар бир томчи сувга зор бўлиб турганларида жаҳаннам аҳлининг йирингидан иборат суюқлик уларга берилади. Қиёмат кунида шу куйга тушишни хоҳламаганлар ўзларини ҳаром ичимликлардан тийсинлар ва Аллоҳга ибодат қилсинлар! Спирт турли нарсалардан олинади. 1-Узум, ҳурмо, буғдой ва асал. Улардан тайёрланган маст қилувчи ичимликлар билиттифоқ ҳаром бўлиб, уларни бирор нарсага дори воситасида фойдаланиш ҳам ҳаром. 2-узум ва ҳурмодан тайёрланган. Бу билиттифоқ нопок. У аралашган даво ҳам нопок бўлади. Уни ичиш ҳам ҳаром. Жуда ҳам мажбур ҳолатда моҳир табиб бирор беморга “Бундан бошқа шифо бўладиган даво йўқ” деса, зарурат миқдорича ушбу спиртдан аралаш дорини истеъмоли жоиз. “Ниҳоя” китобида “Заҳира”дан нақл қилиниб : “Ҳаром нарса билан даволаниш, унда шифо борлиги аниқ ва бундан бошқа даво йўқ бўлган суратда жоиздир” дейилган. (Баҳрур роиқ). 3-юқоридаги узум ва ҳурмодан бошқа нарсалардан олинган спирт масалан буғдой, асал. Унинг пок ва нопоклиги ҳақида уламолар ихтилоф қилганлар. Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф роҳимаҳумаллоҳлар наздларида бундай спирт покдир. Маст бўлиш мақсадида ичилса жоиз эмас, лекин даво сифатида истеъмоли жоиздир. Имом Муҳаммад наздларида бундай спирт нажосати ҳафифадир. Фатво имом Муҳаммаднинг қавлига кўра берилган бўлсада, умумий балво қоидасига кўра, спирт аралаштирилган дориларни маст бўлиш мақсадидан ташқари даволаниш ўринларида фойдаланиш жоиздир. Гарчи тақво ва эҳтиёткорлик имом Муҳаммаднинг қовлида бўлсада. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat