Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мўъжизага ишонишнинг иймонга зарари йўқми?

00:00 / 18.09.2009 | eski savollar | 3313

Мўъжизага ишонишнинг иймонга зарари йўқми? Инсон мўъжизага (Ой мўъжизаси, Қуръон мўъжизаси ва ҳоказоларга) ишониб, кейин иймон келтирса бўладими?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

«Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади, чунки мўъжиза берилганлардан бошқалар уни қилишдан ожиз бўлади.

Истилоҳда мўъжиза деб Аллоҳнинг изни ила набийларга Яратувчининг элчилари эканликларини тасдиқлаш учун берилган, одатдан ташқари, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган ишга айтилади.

Кофирлар одатда расулларни инкор қилиш билан бирга, доимо ўз номаъқулчиликларини хаспўшлаш мақсадида турли баҳона, таклифлар қилиб, мўъжиза кўрсатишни талаб этиб туришади. Аввалги ўтган барча набийларга худди шундай таклифлар қилганлар. Аллоҳ Ўз набийларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонини мустаҳкамлаш учун набийларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизаларни берган.

Мисол учун, сеҳргарлик авж олган бир замонда пайғамбар этиб юборилган Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло уларнинг сеҳридан бир неча марта устун турувчи мўъжизаларни берган.

Моддапарастлик авж олиб, «Ҳар бир нарса моддий асосга эга» деган эътиқодда бўлган қавмга юборилган Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло турли тузалмайдиган беморликларни тузатиш, ўликни тирилтириш каби мўъжизаларни берган.

Ўтган набийлар ўзларига берилган мазкур моддий мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалари ҳам амалдан қолган. Чунки уларнинг элчиликлари маълум бир қавмга, маълум бир маконга ва маълум бир замонга боғлиқ бўлган.

Муҳаммад алайҳиссаломга эса абадий ва улкан мўъжиза қилиб Қуръони Карим берилган. Чунки у зотнинг набийликлари қиёмат қоим бўлгунча барча халқлар, маконлар ва замонлар учун бардавомдир. Шунинг учун у зотга моддий эмас, маънавий ва боқий мўъжиза – Қуръони Карим асосий мўъжиза қилиб берилгандир.

У зоти бобаракот ўтганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёмат тургунча барҳаётдир. Шунинг учун ҳам қачон мушрик ва кофирлар у зотдан набийликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишса, Қуръони Каримни рўкач қилганлар.

Бошқа набийларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган нарсалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма набийларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин бу нарсалар такрорланавериб, оддий бир ҳолатга айланиб қолганидан катта шов-шув қилинмаган.

Мўъжизанинг иймонга зарари йўқ. Инсон мўъжизага ишониб, иймон келтирса бўлади.

Аммо атрофга чуқурроқ назар ташласангиз, мўъжиза бўлмаган нарсанинг ўзи йўқлигига шоҳид бўласиз. Оддий бир уруғдан гиёҳнинг униб чиқиши, ўсиб, дарахтга айланиши ва ранго-ранг мевалар беришининг ўзи инсон ақли лол қоладиган буюк мўъжиза эмасми? Пилладан капалакнинг учиб чиқиши, унинг қуртга айланиши, шу қуртнинг ипак ишлаб чиқариши, сўнг ўзи чиқарган ипакларга ўралиб, пиллага айланиши, ундан яна капалак чиқиши ва бу ҳолнинг тинимсиз давом этишини «мўъжиза»дан бошқа сўз билан таърифлаш мумкинми? Инсоннинг кўзи, қулоғи, умуман, барча аъзолари, уларнинг жойлашган ўрнию қиладиган вазифалари ва уларни бошқариб турадиган ақлнинг ҳам биз моҳиятини англаб етолмаган руҳга тобелиги, руҳсиз тананинг бир қоп гўштдан фарқи йўқлиги, аксинча, руҳ билан бирлашган ўша «бир қоп гўшт»нинг азизу мукаррам, кўп ишларга қодир инсонга айланиши ҳам мўъжизадан бошқа нарса эмас.

Атрофимизни ўраб турган барча-барча нарсалардаги сон-саноқсиз мўъжизаларни кўра олиш учун инсон ўзидаги яна бир мўъжизани – ақлини бироз ишлатиб, тафаккур қилса, борлиққа ҳам, ўзига ҳам теранроқ назар солса бас. Шунда у бутун борлиқ каби ўзининг ҳам улуғ бир мўъжиза эканини англаб етади ва Яратувчи Зотнинг борлигини мулоҳаза этади.

Ҳа, биз оддий деб билган нарсаларимизнинг ҳаммаси аслида ғайритабиийдир, мўъжизадир.

Биз ғайритабиий деб билган нарсалар эса аслида табиийдир. Чунончи, ўлимдан кейин ҳаётнинг давом этиши, инсон ўзи қилган ҳар бир яхши-ёмон амали учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жавобгарлиги, яхшига мукофот, ёмонга жазо муҳаққақ экани ва ниҳоят, қайта тирилиш ҳамда ўлимсиз ҳаёт ҳам Аллоҳ таоло жорий қилган табиий нарсалардир. Буларни ғайритабиий деб, яъни бўлиши мумкин эмас деб билсак, ҳаётнинг ҳеч қандай мазмуни, моҳияти қолмайди. Аксинча, мана шу ғайритабиий туюлган нарсаларни Аллоҳ таоло яратган табиий қонуниятлар деб билсак, ҳаётимиз бир маъно, мазмун, моҳият касб этади.

Энг муҳими, абадий барҳаёт, ҳар нарсага қодир, ўлимдан ҳам устун, «вақт», «макон» ва «замон» тушунчаларидан ҳам юқори тура олувчи беқиёс қудратли Зот, яъни Аллоҳ таолосиз бу дунё ҳаётини тасаввур қилиш мутлақо мумкин эмас. 
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat