Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Гувоҳлик бeриш ҳақида

07:42 / 14.12.2016 | Shuhrat | 1567

Ассалому алайкум! Муҳтарам устозлар, олийгоҳда бир дўстим бор, уйланмоқчи эди. Куни кeча уни суриштириб қизнинг оила аъзолари институтга кeлишди. Мeни бир чeтга чақириб у боланинг хулқ-атвори, ибодати ҳақида сўрашди. Мeн унинг намоз ўқимаслигини ва ҳатто зино қилганини ҳам биламан. У ибодатли, яхши хулқ эгаси дeсам ёлғон гувоҳлик бeрган бўламан. Шунинг учун уларга бор гапни айтдим. Бу гапдан кeйин улар ҳам йигитга яъни дўстимга рад жавобини бeришибди. Муҳтарам устозлар мeн бу вазиятда нотўғри иш қилмадимми? Бундай вазиятларда у дўстим бўлган тақдирда ҳам гувоҳликда доимо ҳақиқатни айтиш кeракми?


"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Ёлғон гувоҳлик бериш, гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади : يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُونُواْ قَوَّامِينَ بِالْقِسْطِ شُهَدَاء لِلّهِ وَلَوْ عَلَى أَنفُسِكُمْ أَوِ الْوَالِدَيْنِ وَالأَقْرَبِينَ إِن يَكُنْ غَنِيًّا أَوْ فَقَيرًا فَاللّهُ أَوْلَى بِهِمَا فَلاَ تَتَّبِعُواْ الْهَوَى أَن تَعْدِلُواْ وَإِن تَلْوُواْ أَوْ تُعْرِضُواْ فَإِنَّ اللّهَ كَانَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرًا۝ 135. Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-она ва қариндошлар зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан ўта хабардордир. Ушбу оятдаги амрлар ғоятда муҳим бўлиб, мусулмонлар бу масалаларга жиддий қарашлари лозим. Шу боисдан Аллоҳ таоло мусулмон бандаларига: «Эй иймон келтирганлар!» – деб мурожаат қилмоқда. Бу билан диққатни жалб этмоқда. Ушбу нидонинг ҳикматларини аввал бир неча бор айтиб ўтдик. Хуллас, бу нидодан кейин келаётган амрлардан бири адолат ила туришдир. Яъни ҳамма ишда, ҳамма жойда, ҳамма масалада адолат ила туришдир. Адолат ила туришни тақозо этадиган ишлардан бири гувоҳлик беришдир. Гувоҳлик жуда ҳам нозик ва масъулиятли ишдир. Чунки гувоҳлик бериш йўли билан далил-ҳужжат етишмай турган ишлар ҳал бўлади. Бир оғиз гувоҳлик сўзи билан бировга нисбатан ўлим ҳукми чиқиши ёки бекор қилиниши мумкин. Биров қамалиб кетиши ёки қутулиб қолиши мумкин. Шунингдек, биров катта мол-мулкка эга бўлиши ёки ўзининг мол-мулкидан ажраб қолиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, гувоҳлик кўпгина ҳассос масалаларга даҳлдордир. Шунинг учун ҳам Исломда гувоҳлик адолат ила бўлишига катта эътибор берилади. Биз ўрганаётган ушбу ояти каримада ҳам худди шу масала муолажа қилинмоқда: «Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-она ва қариндошлар зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун гувоҳлик берувчи бўлинг». Демак, гувоҳлик Аллоҳ учун бўлиши керак. Бошқа нарса учун эмас. Бирор шахс учун эмас, қабила учун эмас, ҳизб ёки халқ учун эмас. Фақат Аллоҳ учун бўлиши керак. Ана шундагина адолатли гувоҳлик бўлади. Албатта, инсоннинг ўзига қарши гувоҳлик бериши, ота-онаси ёки қариндош уруғига қарши гувоҳлик бериши осон эмас. Бу иш гапиришга осон, холос. Лекин илоҳий таълимот шуни ирода қилади. Ана шундагина ҳақиқий адолат юзага чиқиши мумкин. Гувоҳлик беришда насаб омилини ҳисобга олиш мумкин бўлмаганидек, гувоҳлик берилаётган шахснинг, яъни айбланувчининг ижтимоий ҳолати ҳам эътиборга олинмайди: «Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир». Яъни «Унга сиздан кўра Аллоҳ яқинроқдир. У нима қилишни ўзи яхши билади. Сиз унинг бойлиги ёки камбағаллигига қараб гувоҳлик бериб, исломий таълимотларни бузманг. Бу бечора камбағал экан, деб раҳм қилиб, унинг фойдасига гувоҳлик берманг. Ёки ялангоёқ, камбағалнинг қўлидан нима келар эди, деб, гувоҳликни унинг зарарига ҳам бурманг. Гувоҳлик беришингиз Аллоҳ учун тўғри бўлсин. Шунингдек, бу бой экан, кейин менга нисбатан ҳар нарса қилиш унинг қўлидан келади, деб қўрқиб, ёки бой экан, бунга бало ҳам урмайди, деб нотўғри гувоҳлик берманг. Тўғри гувоҳлик беринг». Гувоҳлик беришда: «Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг». Ҳавойи нафс ўзини севишга, ота-она ва қариндошларга ён босишга ундаши мумкин. Нафс бойга хушомад қилишга ёки камбағалга меҳр кўрсатишга ва шунга ўхшаш нотўғри ишларга бошлаши мумкин. Ҳавойи нафсга берилиб: «Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан ўта хабардордир». У Зот Ўзи билиб, адолат-ла жазоингизни беради. Тилингизни буриб, нотўғри гувоҳлик беришингиз мумкин эмас. Шунингдек, масъулиятдан қочиб, гувоҳлик беришдан юз ўгиришингиз ҳам мумкин эмас. Исломда гувоҳликни беркитиш ёки уни адо этишдан қочиш ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда гувоҳликни беркитган одам қалби гуноҳкор одам эканини таъкидлаган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: «Гувоҳларнинг энг яхшиси сўралмасдан туриб гувоҳлик берадиганларидир», – деганлар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat