Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ичувчи дўстлар

08:51 / 25.12.2016 | bobojon | 3069

Ассалому алайкум! 1). Ҳурматли  устозлар,  ўртоғларим билан чойхонада ош қилиб ўтирамиз. Мен ичмайман, лекин дўстларим ичади. Агар улар билан ўтирсам менга ҳам гуноҳ ёзиладими?
2). Одам ўлгандан кейин руҳи олдин яшаб ўтган уйга келиб кузатиб турадими?
3). Мен мобил компаниядан қарз олгандим билсам рибо экан. Мен қарзни берсам бўладими? Гуноҳкор бўлиб қолдимми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! 1). Инсон гуноҳ қилинаётган жойдан қочиши керак. Агар у ерга Аллоҳнинг балоси ёғилса, ўшалар қаторида кетади. Шунингдек улар билан бирга ўтиришда инсонни улар ва гуноҳга бўладиган нафрати аста секин йўқолиб боради. Бу эса гуноҳга рози бўлиш ҳисобланади. Гуноҳга рози бўлишнинг ўзи ҳам гуноҳдир. 2). Бундай эътиқодда бўлиш Исломдан эмас. “Ким машойихлар арвоҳи ҳозирдирлар, билиб турадилар”, деса кофир бўлади”, дейилган. (Фатавои Баззозия). 3). Рибога қарз олиш қаттиқ ҳаром қилинган иш ҳисобланади. Унинг оз ёки кўплигининг ҳеч қандай фарқи йўқ. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади :

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَذَرُواْ مَا بَقِيَ مِنَ الرِّبَا إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ۝

278. Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг. Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло рибодек нохуш, ҳаром нарсани йўқ қилишда, бошқа ҳолатларга ўхшаб, аввало, мусулмонларнинг руҳий-маънавий тарбиясига алоҳида эътибор берган. Яна мусулмонлар учун маҳбуб бўлган «Эй иймон келтирганлар!» деган хитоб ишлатилмоқда. Кетидан: «Агар мўмин бўлсангиз», – деб яна иймонни орага солмоқда ва ниҳоят «Аллоҳга тақво қилинг», – деб тақводор бўлишга чақирмоқда. Охири келиб, рибонинг сарқитини ҳам тарк қилишга амр этмоқда. Исломда ҳукм юритишнинг энг таъсирчан йўли ташқи кучларни ишга солиш эмас, балки ҳар бир одамнинг қалбини ўзига кузатувчи қилиб қўйишдир. Худосиз тузумлар миршаб, жосус ва аскарларни кўпайтириш билан ҳукм юритишга уринсалар, Исломда кишиларнинг қалбларидаги тақводорлик ҳис-туйғусини кучайтиришга ҳаракат қилинади. Ҳар бир кишининг виждони ўзига қоровул бўлади. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни рибонинг ўзи у ёқда турсин, сарқитидан, қолдиғидан ҳам қайтармоқда. Бу маънони алоҳида таъкидлаш учун кейинги оятда гапнинг пўсткалласини очиқ-ойдин айтиб қўймоқда.

فَإِن لَّمْ تَفْعَلُواْ فَأْذَنُواْ بِحَرْبٍ مِّنَ اللّهِ وَرَسُولِهِ وَإِن تُبْتُمْ فَلَكُمْ رُؤُوسُ أَمْوَالِكُمْ لاَ تَظْلِمُونَ وَلاَ تُظْلَمُونَ۝

279. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас. Яъни «Агар иқтисодий муомалаларингизда ўртадан рибони кўтариб, унинг сарқитларини тарк этмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сизга қарши қаттиқ уруш очади. Агар тавба қилиб, рибохўрликдан қайтсангиз, сармоянгизни оласиз. Шунда сиз судхўрлик билан бировга зулм қилмаган бўласиз ва сизга ҳам зулм қилинмаган бўлади. Ибн Ҳиббон ва бошқа ҳадис олимлари Зайд ибн Асламдан ривоят қилишларича, жоҳилият даврида Бану Сақиф ва Бану Муғийра қабилалари ўртасида рибо асосида муомала бўлган экан. Исломга кирганларидан сўнг Бану Сақиф қабиласи Бану Муғийрадан рибо олмасликларини илтимос қилибди. Бану Муғийра ўзаро маслаҳатлашиб, «Исломда бўлганимиздаги муомалалардан рибо олмаймиз, ундан аввалгисидан оламиз», – дейишибди. Ўша пайтда Маккаи Мукаррамада бошлиқ бўлиб турган Итбон ибн Усайд розияллоҳу анҳу бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломга хат ёзганларида: «Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг...» оятлари нозил бўлди. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бу ҳақида Итоб ибн Усайд розияллоҳу анҳуга хабар бердилар ва у кишини агар Бану Муғийра рибохўрликни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилишга буюрдилар. Хабар етганда, Бану Муғийра: «Тавба қиламиз, рибонинг сарқитини тарк этамиз», – дедилар. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунларидаги хутбаларида жоҳилиятдаги барча риболарни бекор қилганликларини, биринчи бўлиб амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг риболарини қарздорлар бўйнидан туширганликларини эълон қилдилар. Демак, Исломда рибо асосида молиявий алоқа олиб бориш мутлақо ҳаром қилинган. Ночор ҳолга тушиб, турмуш ўтказиш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган шахс билан хайри-эҳсон ёки яхши қарз бериш ила молиявий алоқа олиб бориш лозим. Кейинги оятда ана ўша алоқалардан бири – қарзга оид ҳукмларнинг баёни келади. (“Тафсири Ҳилол” китобидан).

عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه قَالَ : لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ آكِلَ الرِّبَا ، وَمُؤْكِلَهُ ، وَكَاتِبَهُ ، وَشَاهِدَيْهِ ، وَقَالَ هُمْ سَوَاءٌ. رواه مسلم. (1598)

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибо егувчини ҳам, едирувчини ҳам, котибларини ҳам, гувоҳларини ҳам лаънатладилар ва : “Барчаси баробар” дедилар". (Муслим ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатларига сазовор бўлиш қанчалик бахтсизлик бўлади? Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat