Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Анфол сурасининг 2,3,4 оятлари тўғрисида

00:00 / 06.10.2009 | eski savollar | 3301

Ассалому алайкум. Мен «Тафсири Ҳилол» китобингизда Анфол сурасининг 2, 3, 4-оятларидаги мўминларнинг сифатлари тафсирларини ўқидим. Ва менда шундай савол туғилди: мўмин билан мусулмон киши ўртасида қандай фарқ бор? Ёки бу иккала сўз бир-бирига синоним сўзларми? Менга ўxшаган баъзи бир билимсиз кишилар бу оятлар тафсирини ўқиб, «Намозларини тўкис адо этмаган ёки Аллоҳнинг оятлари тиловат этилганда иймонлари зиёда бўлмаган кишилар мусулмон эмас экан», дейишмоқда. Шу масалага аниқлик киритиб беришингизни илтимос қиламан. Жавоб учун олдиндан раҳмат.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Мазкур оятларда ҳақиқий мўминларнинг сифати келган. Яъни «фалончи дунёда битта» қабилидаги гап бўлган. Одатда, ҳамма тилларда ҳам бирор нарсани тарғиб қилишда шунга ўхшаш муболағалар бўлади.

Аммо бундан ушбу оятлар билан мўминлар ҳақидаги оятлар ёки маълумотлар тамом бўлди, деган маъно келиб чиқмайди. Бу масалада келган оят ва ҳадислар, уларнинг тафсири, шарҳи ва таҳлиллари жуда ҳам кўп.

Мисол учун, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «...وَالْمُؤْمِنُ مَنْ أَمِنَهُ النَّاسُ عَلَى دِمَائِهِمْ وَأَمْوَالِهِمْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ. 

«Мўмин – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» (Термизий ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган) деган ҳадисларини ўқиб, мен одамларнинг қонига ва молига тажовуз қилмаяпман, шу билан мўмин бўлдим, мўминликка оид бошқа гаплар менга тегишли эмас, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Сизнинг ёзган саволингиз ҳам шунга ўхшаб кетмоқда. Бир оят ёки ҳадиснинг таржимаси ёки тафсири ва шарҳи билан «мўмин» каби улуғ тушунча ҳақида хулоса чиқиб қолмайди.

Мўминлик ёки мусулмонлик шартлари ва бунга тегишли бошқа ҳукмларни англаб етиш, орасини фарқлаш учун алоҳида «Ақоид» деган илм бор. Унда бу борадаги барча оят ва ҳадисларни ҳамда бошқа маълумотларни таҳлил қилган уламоларнинг хулосалари келади.

Сизга ўхшаш кишилар ўйлашлари керак бўлган нарсалардан бири шуки, бирор хулоса чиқаришга шошилмасдан, имкони борича кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилиш лозим. Ҳеч бўлмаганда, баъзи китоблардаги ёки islom.uz сайтидаги маълумотларни ўрганиш керак. Агар сиз мазкур саволни ёзишдан олдин жавобини ушбу сайтдан излаб кўрганингизда, кўплаб маълумотлар топишингиз мумкин эди.

Амалиётда, ҳозирги кундаги истилоҳда «мўмин» ва «мусулмон» сўзларининг бир-биридан фарқи йўқ, иккови бир хил нарса. Лекин назарий жиҳатдан қараладиган бўлса, «мўмин» дегани луғавий маънода «иймон келтирган инсон» дегани, «мусулмон» дегани «Аллоҳга таслим бўлиб, Роббул оламиннинг буйруқларини бажараётган инсон» дегани бўлади. Бу масала, агар чуқур кетиладиган бўлса, катта масала. Иймон ва Ислом орасидаги, мўмин ва мусулмон орасидаги фарқ луғавий жиҳатдан қандай тушунилади, урф жиҳатидан қандай тушунилади, шариат жиҳатидан қандай тушунилади булар узун-узун баҳсларга сабаб бўлган, алоҳида китоблар ёзилган масалалардан ҳисобланади. Лекин қисқача жавоб шуки, ҳозирги кунда бу икки сўзни бир-бирига қўшиб ишлатиш урф бўлган, икковидан ҳам бир маъно тушунилади. Бир одам ҳақида «у – мўмин» деганда, унинг мусулмонлиги ҳам тушунилади ёки «у – мусулмон» деганда, унинг мўминлиги ҳам англанади. Кўпинча бу маъноларни янада аниқ ифодалаш учун «мўмин-мусулмон» (жуфт сўз) ёки «мўмин мусулмон» (аниқловчи+аниқланмиш) шаклида ҳам қўлланади.

Сиз мисол келтирган оятлар тафсиридан тушуниш лозим бўлган нарса шуки, аслида мўминлик мусулмонликсиз, мусулмонлик эса мўминликсиз бўлмайди. Яъни иймони қатъий бўлган мўмин ибодатларда ҳам илғор бўлади, асло сусткашлик қилмайди. Хусусан, «Иймон бўлгач, амалнинг аҳамияти йўқ» деган гапни айтмайди. Аллоҳга тўлиғича таслим бўлмаган, Унинг буйруқларига сўзсиз итоат қилмаган, қайтариқларидан қайтмаган кимсанинг иймони тўлиқ эмасдир, ҳаттоки шубҳалидир.

Аслида иймон яхлит бир нарсадир. Иймон келтириш лозим бўлган нарсаларнинг баъзисидан шубҳаланиш ёки уларга ишонмаслик қалб ҳали иймонга келмаганини билдиради.

«Аллоҳга ишонаман, фаришталарга ишонаман, китобларига ишонаман, расулларига ҳам ишонаман, аммо ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмайроқ турибман. Охиратдаги ҳаётга ҳам унча ишонмайман», деган кимса ҳали иймон лаззатини татиб кўрмагани аниқ. Айнан мана шундай кимсалар мусулмончиликда, яъни амаллар борасида ҳам сусткашлик қиладилар ёки ибодатларга бутунлай бепарво бўладилар.

Аксинча, иймон келтириш вожиб бўлган нарсаларнинг борини тасдиқлаган ва тилида иқрор қилган одам ҳақиқий мўмин ҳисобланади ва у ўз иймонини мусулмонлиги билан, яъни амаллари билан тасдиқлайди. Ҳақиқий иймонли киши Аллоҳ таолонинг барча буйруқларини севиб қабул қилади. Мана шундай кишиларга нисбатан «мўмин» ва «мусулмон» сўзлари яхлит бир тушунчани ифодалайди. Сиз айтгандай, «намозларини тўкис адо этмаган ёки Аллоҳнинг оятлари тиловат этилганда иймонлари зиёда бўлмаган» кимсаларни, агар улар шаҳодат калимасини айтган бўлсалар, «мусулмон эмас» дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Гарчи уларнинг иймони шубҳали бўлса ҳам. Зеро, банданинг кофир ёки мусулмон экани ҳақида ҳукм чиқариш фақат Яратганнинг Ўзига хосдир. Аммо тўғриси шуки, бундай кимсалар кўп-кўп истиғфор айтишлари, иймонларига қувват беришини сўраб Аллоҳ таолога ёлворишлари лозим.

Аллоҳим, барчаларимизни тўғри йўлга бошлагин.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat