Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳазрати Али

19:12 / 11.01.2017 | Shaxboz | 1908

Ассалому алайкум! Шиялар эътиқодига кўра ҳазрати пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алини ўзларига давомчи қилиб тайинлаган эканлар. Шундан сўнг “Моида” сурасидаги Исломни мукаммал дин бўлгани ҳақидаги оят нозил бўлган эмиш. Лeкин мeн бу интeрнeтдан ўқиганларимга эмас балки сиз азиз устозлардан олган маълумотларимга ишонаман. Аслида бу оят нозил бўлишидан аввал қандай воқeа содир бўлган? Ҳазрати Алининг халифа бўлишлари сабаблари қандай? Саволим ноўрин бўласа узр!


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! «Бугунги кунда куфр келтирганлар динингизга зарар етказишдан умид уздилар». Ушбу оят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажлари пайтида тушган. Бу вақтга келиб, Ислом атрофга ёйилган, мусулмонларнинг шавкати ошган, ҳамма уларга ҳавас ва ҳурмат билан қарайдиган бўлган эди. Пайғамбаримизнинг умрлари охирлашиб, видолашув ҳажини адо этар эдилар. Бу ҳаж Ислом ғалабасининг тантанасига айланиб кетди. Энди кофир-мушрикларнинг, Муҳаммад ва унга эргашган ялангоёқларни ер юзидан йўқотиб юборамиз, дейишга тиллари бормас эди. Аксинча, уларнинг кўплари мусулмонликни қабул қилган ёки қабул қилиш арафасида турар эдилар. Қолганлари эса янги дин равнақига ҳасад билан қараб туришса ҳам, Исломга зарар етказишдан батамом умидлари узилган эди. Ушбу жумлада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мана шу ҳолатнинг хабарини бермоқда ва: «Улардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар», – деб амр қилмоқда. Яъни, «Кофирлар биздан устун келиб қолармикинлар, динимизга зарар етказармикинлар, деб улардан хавфсираб юрманглар. Балки менинг амримга зид ишлар қилишдан қўрқинглар. Сизларга зарар шу туфайли келиши мумкин». «Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим». Бу оят Қуръони Каримнинг охирги нозил бўлган оятларидан бири ҳисобланади. Аввал айтилганидек, ояти карима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажларида нозил бўлган. Ушбу ояти карима нозил бўлганда ҳамма саҳобалар, динимиз мукаммал бўлди, Аллоҳ бизга неъматини батамом қилиб берди, Исломни дин деб, рози бўлди, деб чексиз қувондилар. Аммо ҳассос қалбли инсон, буюк идрок ва ақл соҳиби Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу йиғлар эдилар. Бу ҳолни кўрган саҳобалар ташвишга тушдилар ва: – Сенга нима бўлди, эй Умар, нечун йиғламоқдасан? – деб сўрадилар. Шунда Ҳазрати Умар: – Ҳар бир нарса мукаммал бўлганидан сўнг унга нуқсон етиш бошланади. Мен бу оятни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларининг яқинлашганига белги деб билмоқдаман, – дедилар. Бу андиша ҳақиқат бўлиб чиқди: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу оят нозил бўлганидан саксон бир кун ўтганидан сўнг бу дунёни тарк этдилар. Диннинг мукаммал қилингани, неъматнинг батамом этиб берилгани ва Исломни дин деб рози бўлингани тўғрисидаги хабар фақат ўша замон мусулмонлари ёки умуман, мусулмонлар учунгина эмас, балки бутун инсоният учун катта хурсандчилик ва башорат эди. Бу улкан шодлик хабари инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида саодат излаб қилган ҳаракат ва уринишларига тож кийдириб, гўзал натижа берган эди. Инсониятнинг яратган холиқи Аллоҳ таоло уни аста-секин тарбия қилиб келди. Ҳамма авлодларга Исломни дин қилиб берган бўлса ҳам, ҳар замон ва маконга ўзига хос шариат берди. Биринчи пайғамбар Одам Атога берилган шариат ўша даврдаги содда ҳаётга мос ва ўша вақт воқеълигини ҳисобга олган содда шариат эди. Кейинги даврларда ҳам Аллоҳ таоло худди шу қоида асосида ҳар замоннинг, маконнинг ва жамиятнинг ўзига хос ҳолатларини эътиборга олиб, шариатлар юбориб турди. Табиийки, кейин келган шариат ўзидан аввалгисидан кўра мукаммалроқ бўлар эди. Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Уларнинг пайғамбарликлари, шариатлари маълум муддатга, маълум маконга ва маълум жамият ёки қавмга хос эди. Шу тариқа кўплаб пайғамбарлар, шариатлар юборилди. Ниҳоят, инсоният ўз камолига етган пайтда Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга самовий китобларининг сўнггиси Қуръони Каримни нозил қилди ва у орқали жами инсоният учун, ҳар замон ва ҳар маконга салоҳияти бор Ислом шариатини жорий этди. Бу эса инсониятга улуғ шараф эди. Ана шу охирги шариатнинг мукаммал таълими ва татбиқи йигирма уч йил давом этди. Бошланиши Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бўлган бўлса, давоми Мадинаи Мунаввара ва унинг атрофларида, мукаммал бўлиши видолашув ҳажида – ушбу биз ўрганаётган оятнинг нозил қилиниши биландир. Ва, ниҳоят, Оламларнинг Робби Ўзининг мўмин-мусулмон бандаларига: «Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим», – деб хитоб қилди. Ушбу хитоб ҳалол-ҳаром, баъзи ҳайвонларни шаръий йўл билан сўйиш, ҳалол гўштлар қай ҳолатда ҳаромга айланиши масалаларига оид ояти карима ичида келишининг ўзи эътиборга сазовордир. Бу ҳол дин деган тушунча кенг тушунча эканини, ҳозирги баъзи бир гумроҳларнинг фикрича, ҳар бир одамнинг қалбида сақлаши лозим бўлган ўйи, хаёли ва фикри эмас, балки инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи шомил тузум-низом эканини кўрсатади. Дин ўзида эътиқод масалаларини ҳам, шу билан бирга, одоб-ахлоқ, муомала, маънавиятлар, таълим-тарбия, иқтисод, сиёсат, ижтимоий масалалар, ибодатлар, ҳалол-ҳаром ва бошқа муаммоларни ҳам ўз ичига олади. Мазкур барча ишларда шариат ҳукмига амал қилганлар Аллоҳнинг амрига итоат этган бўладилар. Амал қилмаганлар эса Аллоҳнинг амрига исён қилган бўладилар. Чунки мукаммаллиги Аллоҳ таоло томонидан эълон этилган шариатдан бошқа томонга оғиш уни эътироф этмаслик бўлади. Бу эса ўз навбатида куфрга элтади. Кимки Ислом шариатини ҳаётига дастур қилиб олса, илоҳий дастурни, баркамол дастурни олган бўлади. Унинг ақийдаси баркамол бўлади. Маънавий ҳаёти баркамол бўлади. Таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, иқтисоди, ижтимоий ҳаёти, сиёсати, турли алоқалари, тузумлари баркамол бўлади. Икки дунёдаги бахт-саодати баркамол бўлади. Борлиқни яратган қодир Аллоҳ инсонни ҳам шу борлиқ халифаси этиб Ўзи яратган. Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган одам қандай дастурга амал қилиб яшаса, икки дунё саодатига эришишини ҳам Ўзи яхши билади. Буюк яратувчи Аллоҳ мукаммал қилиб қўйган ушбу динга юрмай, бошқа динларни ахтарганлар эса мен Худодан ҳам яхши йўл топувчиман, деб даъво қилган бўлади. «Сизга неъматимни батамом қилдим». Демак, динни мукаммал қилиб беришнинг ўзи улкан ва батамом неъматдир. Исломнинг улуғ неъмат эканини мусулмон бўлганлар билади. Айниқса, аввал турли жоҳилиятлар ва уларнинг тузумларини синаб кўриб, кейин мусулмонликка ўтганлар жуда яхши биладилар. Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мукаммал дин қилиб берган Исломнинг батамом неъмат эканини яратган Холиқни инкор этиб юрган худосизларнинг фожиали оқибатларини кўрганда янада ёрқинроқ тушуниб етилади. Бу ҳақиқатни худосизлар дунё халқлари бошига олиб келган битмас-туганмас мусибатларни идрок этганлар яхши биладилар. Аллоҳ таоло бандаларига мукаммал дин қилиб берган Исломнинг улуғ неъмат экани молга, дарахтга, инсоннинг жинсий аъзосига сиғиниб, залолатда юрганларни кўрганда билинади. Бу неъматнинг қадри инсон ақлига ор ҳисобланган турли бузуқ ақийдаларнинг ҳолини кўрганда тушунилади. Мукаммал дин Исломнинг бандаларга улуғ илоҳий неъмат экани ахлоқ-одобдан бехабар, отасини ҳам танимайдиган, дунёдаги ҳеч бир разолатдан қайтмайдиган, безори ва жинояткор авлодлар етишиб чиққанда билинади. Мукаммал дин Исломнинг қадри оилалар бузилиб, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар ўртасидан, жамиятдаги кишилар орасидан меҳру оқибат кўтарилиб, одамлар бир-бирларига душманлик руҳида, беҳурматлик руҳида, меҳр-шафқатсизлик руҳида шаклланиб, ижтимоий алоқалари бузилиб бўлган жамиятларнинг ҳолини кўрганда билинади. Мукаммал дин Исломнинг бандаларга улуғ илоҳий неъмат эканини иқтисодий ҳолатлар оғирлашиб, кишилар ўз меҳнати самарасини кўра олмай, давлат ёки мулкдорлардан зулм чекиб, бўла-чақасини боқиш у ёқда турсин, ҳатто қорнини ҳам тўйдира олмай юрганида тушуниб етилади. Шу билан бирга, бир гуруҳ нобакорлар оддий инсонларнинг пешона тери билан топган маблағларини хоҳ давлат номи билан, хоҳ иш одами номи билан турли услублар ила тортиб олиб, айшу ишрат қилиб юрганларини англаб етганлар мукаммал дин – Исломнинг, айнан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларининг илоҳий неъмат эканини тушунадилар. Мукаммал дин – Исломнинг ҳақиқий илоҳий неъмат эканини кучли кучсизни еб, ҳамма ёқда зулм урчиб, инсон ўз жонини, бўлаларини, молу мулкини ва обрў-номусини ҳимоя қила олмай қолган жамиятларни кўрганда тушуниб етилади. Мукаммал дин бўлмиш Исломнинг Аллоҳ таоло томонидан бандаларга улуғ неъмат қилиб берилганини ҳавойи нафсига берилган сиёсатчилар халқларни бир-бирига уруштириб, қонини тўкканлари етмай, бутун дунёни вайрон қилиш хавфи остига олиб келиб қўйганларини ҳақиқий тушуниб етганлар англайдилар. Агар инсоният бу неъматнинг қадрига етганида эди, уни қабул қилиб, ўрганган ва ҳаётига татбиқ этганида эди, дунёда ҳеч қандай муаммо қолмаган бўлар эди. «Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим». Аллоҳ таоло инсониятга амал қилиш учун фақат битта динни – Исломни юборган. Бундан бошқа ҳеч бир динга рози эмас. Шу боисдан ҳам бошқа динлар Унинг даргоҳида қабул эмас. Аллоҳ таолонинг бу хитоби мусулмон бандалари учун улкан шарафдир. Аллоҳ таолонинг катта иноятидир. Шу билан бирга, бу иноят мусулмонлар зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Аввало, мусулмонлар Исломга тўлиқ амал қилишларини, қолаверса, ўзларига насиб этган улуғ неъматни бутун дунё халқларига ҳам тарқатишларини вазифа этиб юклайди. Мукаммал дин – Ислом бандаларга Аллоҳнинг улкан неъмати эканини инсофли ғайримусулмон шахслар ҳам ҳар доим англаб келганлар. Уламоларимиз ўз китобларида ишончли манбалардан ривоят қилишларича, яҳудийлар ҳазрати Умари Одил розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб: – Сизларнинг китобингизда бир оят бор, агар шу оят биз яҳудийларга нозил бўлганида эди, ўша оят нозил бўлган кунни ўзимизга байрам қилиб олар эдик, – деган эканлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: – Қайси оятни айтмоқчисизлар? – деб сўрабдилар. Яҳудийлар: – «Бугунги кунда Мен сизга динингизни мукаммал қилиб бердим» оятини, – дейишибди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: – Биз у кунни бир эмас, икки байрам қилганмиз: ҳам жума – ҳафталик байрам, ҳам қурбон ийди – йиллик байрам, – деган эканлар. Мазкур улкан ҳақиқат баён қилингач, оятда яна аввалги мавзуга қайтилади: «Кимки гуноҳга мойил бўлмаган ҳолида қаттиқ очликда мажбур бўлиб қолса, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир». Бу услуб ҳам Қуръони Каримнинг ўзига хос илоҳий услубидир. Қаранг, ҳалол-ҳаром масаласини баён қилиш жараёнида, орада қисқа иборалар орқали бир олам маънони ўзида мужассам этувчи ҳақиқатлар ифодаланмоқда. Юқоридаги ҳукмларда айрим ҳолатлардаги гўштларнинг ҳаром экани таъкидланган эди. Охирги жумлада эса истисно тариқасида музтарлик (заруратлик) ҳолатида ҳукм нима бўлиши ўргатилмоқда. Яъни, дейлик, инсон очликдан музтар бўлди – қийин ҳолга тушиб қолди, егани овқати йўқ, фақат ҳаром қилинган гўштлар бор, холос. Булар ҳаром, деб улардан истеъмол қилмаса, ҳалок бўлади. Нима қилиш керак? Мана шундай ҳолда, гуноҳга мойил бўлмаган ҳолда, яъни ўзини ҳалокатдан сақлаб қоладиган миқдорда ўша ҳаром нарсадан истеъмол қилса бўлади. Ночорликдан қилинган бу иш учун Аллоҳ уни иқоб қилмайди. Зотан, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир. (“Моида” сураси 3-оят “Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat