Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қарғиш

21:45 / 15.04.2017 | Shukurjon | 11222

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, ноҳақ қарғиш, умуман киммидур қарғаш нима оқибатларга олиб кeлади? Ҳeч кимни қарғама, ноҳақ қарғиш ўз яқининга уради дeб айтишади котталар. Қарғиш ёки қарғаш тўғрисида муқаддас китобларимизда нималар дeйилган. Жавобингиз учун олдиндан ташаккур!


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللَّعَّانِينَ لَا يَكُونُونَ شُهَدَاءَ وَلَا شُفَعَاءَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаънатловчилар қиёмат куни гувоҳ ҳам, шафоатчи ҳам бўлмайдилар», дедилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу дунёда одамларни лаънатлаб юрадиган одамлар у дунёда юқори мартабаларга эриша олмас эканлар. Ким у дунёда гувоҳлик ёки шафоатчилик каби олий мақомларга эришиш ниятида бўлса, зинҳор бировни лаънатламасин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَنْبَغِي لِصِدِّيقٍ أَنْ يَكُونَ لَعَّانًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиддиқ учун лаънатловчи бўлиш ярашмайди», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Сиддиқлик ўзини билган ҳар бир банда учун улуғ бир мақомдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Аллоҳга ва Унинг Расулларига иймон келтирган кишилар – ана ўшалар сиддиқлардир ‎‎ва Роббилари ҳузуридаги шоҳидлардир. Уларнинг ажрлари ва нурлари бордир», деган («Ҳадид» сураси, 19-оят). Бас, ана шундай мақом эгаларига ҳеч қачон лаънатловчи бўлиш ярашмайди. Мўмин кишининг мўминлигига лаънатловчи бўлиш тўғри келмайди.

وَنَازَعَتِ الرِّيحُ رَجُلًا رِدَاءَهُ عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَعَنَهَا، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا تَلْعَنْهَا فَإِنَّهَا مَأْمُورَةٌ، وَإِنَّهُ مَنْ لَعَنَ شَيْئًا لَيْسَ لَهُ بِأَهْلٍ رَجَعَتِ اللَّعْنَةُ عَلَيْهِ. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайтларида бир кишининг ридосини шамол тортиб кетди. Бас, у уни лаънатлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни лаънатлама! Унга амр қилингандир. Ким лаънатга сазовор бўлмаган нарсани лаънатласа, унинг ўзига қайтади», дедилар». Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Бундан шамол ва шунга ўхшаш нарсаларни лаънатлаб бўлмаслиги келиб чиқади. Ким бундай нарсаларни лаънатласа, унинг лаънати ўзига уради.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الْعَبْدَ إِذَا لَعَنَ شَيْئًا صَعِدَتِ اللَّعْنَةُ إِلَى السَّمَاءِ فَتُغْلَقُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ دُونَهَا، ثُمَّ تَهْبِطُ إِلَى الْأَرْضِ فَتُغْلَقُ أَبْوَابُهَا دُونَهَا، ثُمَّ تَأْخُذُ يَمِينًا وَشِمَالًا فَإِذَا لَمْ تَجِدْ مَسَاغًا رَجَعَتْ إِلَى الَّذِي لُعِنَ فَإِنْ كَانَ لِذَلِكَ أَهْلًا وَإِلَّا رَجَعَتْ إِلَى قَائِلِهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон банда бир нарсани лаънатласа, лаънат осмонга кўтарилади. Шунда унинг ортидан осмоннинг эшиклари ёпилади. Кейин у ерга тушади. Унинг (осмоннинг) эшиклари ҳам унинг ортидан ёпилади. Кейин у ўнгга, сўлга бориб-келади. Агар борадиган жой топмаса, лаънатланганнинг олдига келади. Аммо у бунга лойиқ бўлмаса, албатта айтувчисига қайтади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан лаънат кўпроқ ҳолатларда ўз айтгувчисига уриши кўриниб турибди. Бас, шундай экан, лаънатни зинҳор тилга олмаслик керак.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَيْسَ الْمُؤْمِنُ بِالطَّعَّانِ وَلَا اللَّعَّانِ وَلَا الْفَاحِشِ وَلَا الْبَذِيءِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин кўп таъна қилувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўз айтувчи ҳам ва тили бемаза ҳам эмасдир», дедилар». Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин киши йироқда бўлиши лозим бўлган тўрт хил ёмон ахлоқ ҳақида сўз юритмоқдалар: 1. Кўп таъна қилувчи. Кишиларга турли нарсалардан таъна қилавериш мўмин бандага лозим эмас. Бу одат кишилар учун озор бўлади. Мўмин киши ҳеч кимга озор бермаслиги лозим. 2. Кўп лаънатловчи. Аввал ҳам ўрганиб ўтганимиздек, бировларни ва ҳатто нарсаларни ҳам лаънатлаш дуруст эмас. Кўпчилик ҳолатларда лаънат лаънатловчининг ўзига қайтиб келиши турган гап. 3. Фаҳш сўз айтувчи. Баъзи бир одамларнинг оғзидан сал нарсага уятсиз сўзлар чиқаверади. Бундай одамлар бўлган-бўлмаган нарсага шармсиз, ҳаёсиз гапларни айтаверадилар. Мўмин банда бундай нарсадан мутлақо узоқда бўлиши лозим. 4. Тили бемаза. Тили бемаза одамни баъзилар сассиқ сўзли одам ҳам деб атайдилар. Мўмин киши ширин каломли инсон бўлиши керак. Бемаза гапларни айтиш унга муносиб эмас. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat