Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Закот ҳақида

11:06 / 02.06.2017 | Bobur | 2150

Ассалому алайкум! Саволим қуйидагича: Ҳар бир мусулмон бандага фарзларни гўзал ҳолатда бажаришга Аллоҳ ўзи мададкор булсин. Мeн аёллар ва эркаклар кийим савдоси билан шуғулланиб кeламан. Муаммо шундаки, савдо растамда савдо оқими яхши эмаслиги ҳамда мавжуд қарзларимга нақд пулни улгутиб бeра олмаётганлигим сабабли закот пулини ажратишда (нақд пул шаклида) озгина қийинчиликка дуч кeлинмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда закот пулини муҳтож оилаларга (кам таминланган кeлинчакларга ёки куёвларга) кийим шаклида бeрсам бўладими? Агар мумкин бўлса, янги кийимлардан ўзим ажратиб бeришга ҳақлиманми? Ёки закот олувчи танлаб олиши дурустми? Эътибор учун раҳмат.


"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Яхшиси танлаб олгани. Закот бериш фарз ва улкан ибодат бўлгани учун уни ҳолис ниятда ва аъло даражада бажаришга ҳаракат қилиш керак. Ўтмай қолган нарсаларингизни бериш ярамайди Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади :

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَنفِقُواْ مِن طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُم مِّنَ الأَرْضِ وَلاَ تَيَمَّمُواْ الْخَبِيثَ مِنْهُ تُنفِقُونَ وَلَسْتُم بِآخِذِيهِ إِلاَّ أَن تُغْمِضُواْ فِيهِ وَاعْلَمُواْ أَنَّ اللّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ۝

267. Эй иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар. Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир. Маълумки, ўзи топган мол-мулкни садақа қилиб юбориш осон эмас. Ҳар бир одам кўпроқ мол-дунёга эга бўлишни хоҳлайди. Садақа қилиш учун маълум даражада фидокорлик, ўзидан, нафсу ҳавосидан кечиш талаб этилади. «Садақа» сўзи «тасдиқлаш» маъносини англатади, яъни молидан садақа қилувчи киши қалбидаги иймонини амалий жиҳатдан тасдиқлаган бўлади. Шунинг учун ҳам мол-мулкдан садақа қилишга тарғиб қилувчи оятни Аллоҳ таоло мўминларга маҳбуб сифат билан бошламоқда: «Эй иймон келтирганлар!» демоқда. Бу сифат билан нидо қилинганда, мўмин киши ҳар қандай оғирликни ҳам писанд қилмай адо этишга киришади. Сўнгра нималардан садақа қилиш кераклиги баён қилинмоқда: «Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар». Бу таъриф мўминларнинг қўлига тушадиган барча турдаги молу мулкни – аввало, ўзлари касб қилиб топган ҳалол, пок ризқларини, сўнгра Аллоҳ ердан чиқариб берган зироатлар, конлар ва бошқаларни ўз ичига олади. Пок нарсадан садақа қилишга амр қилинди, лекин масала ниҳоятда аҳамиятли бўлганидан яна таъкидланмоқдаки: «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг». «Нопок» дейилганда фақат «ҳаром»ни тушунмаслик керак, балки паст, арзимаган, киши назарига илмайдиган нарсаларни ҳам тушуниш лозим. Қисқа қилиб айтганда, «пичоқни ўзингга ур, оғримаса, бировга» қабилида иш қилиш керак. Садақа бераётган киши ўзини садақани олаётган кишининг ўрнига қўйиб кўрсин. Берилса, ўзи олмайдиган нарсани бировга ҳам садақа қилиб бермасин. Шунга ишора қилиб: «Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз», – дейилган. Яъни «Биров паст нарса берса, оласизми? Йўқ, олмайсиз. Олсангиз ҳам, кўзингизни юмиб, ижирғаниб, ноиложликдан оласиз. Шундай экан, бошқага ҳам яхшисидан раво кўринг». «Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир». Аллоҳ бой бўлганидан кейин Унинг йўлида қиладиган садақангиз ўшанга ярашгудек бўлсин. Аллоҳ мақталган Зотдир, Ўзининг йўлида садақа қилганларни У ҳам мақтайди. Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши ҳақида ҳадис илми имомларидан Ибн Аби Ҳотим раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши: «Бу оят биз ҳақимизда нозил бўлган, – деганлар. – Хурмоларимиз бор эди. Ҳар бир киши хурмосининг оз-кўплигига қараб, олиб келиб, шингили билан масжидга осиб қўяр эди. Супа аҳлининг таоми йўқ эди. Улардан бирорталари оч қолса, ҳассаси билан қоқиб, ранг тортган ва пишиб етилган хурмоларни олиб, ер эди. Яхшиликка рағбати йўқ баъзи кишилар бўлмағур, ёмон шингилларни ҳам осиб қўйишар эди. Шунда Аллоҳ таоло «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам олувчи эмассиз, магар ундан кўз юмсангизгина…» оятини нозил қилди. Шундан сўнг биздан ҳар биримиз ўзида бор хурмонинг энг яхшисини келтирадиган бўлди». Садақа қилмаслик ёки нопок – паст нарсалардан садақа қилиш ушбу садақа эгасининг қалбида иймон сустлигининг ва бирор шубҳа ёки касаллик борлигининг далолатидир. Бу ҳақиқатни келаси оят баён қилади:

الشَّيْطَانُ يَعِدُكُمُ الْفَقْرَ وَيَأْمُرُكُم بِالْفَحْشَاء وَاللّهُ يَعِدُكُم مَّغْفِرَةً مِّنْهُ وَفَضْلاً وَاللّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ۝

268. Шайтон сизга фақирликни ваъда қиладир ва фаҳш ишларга буюрадир. Аллоҳ сизга Ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қиладир. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир. Шайтон бандаларни «Молингдан садақа қилсанг, фақир-камбағал бўлиб қоласан», – деб қўрқитади. Ҳамда у кишиларни фаҳшга – ёмон, гуноҳ ишларга, қизғанчиқликка, бахиллик ва молу дунёга ўч бўлишга буюради. Шайтоннинг гапига кирганлар фақирликдан қўрқиб, бахил бўлиб, Аллоҳнинг йўлида садақа қилмай юраверадилар. «Аллоҳ сизга Ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қиладир». Ким Аллоҳнинг йўлида садақа қилса, У Зот унинг гуноҳларини мағфират қилади ва бунинг устига, Ўзидан фазл ҳам беради. «Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир». Яъни Аллоҳ кенг қамровли, билувчи Зотдир. Кенг қамровлилиги туфайли бандаларига ҳам кенг ризқлар беради. Ўзининг йўлида садақа қилганларнинг ризқини яна ҳам кенг қилиб қўяди. Билувчилик сифати билан, ким садақа қиляпти ва ким қилмаяпти – ҳаммасини билади. Ҳамда:

يُؤتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاء وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلاَّ أُوْلُواْ الأَلْبَابِ۝

269. Ўзи хоҳлаган кишисига ҳикматни берар. Кимга ҳикмат берилса, дарҳақиқат, унга кўп яхшилик берилибдир. Фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар. Ҳикмат билан тасарруф қилган инсон ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб, қойиллатиб қилади. Садақада ҳам ҳаддидан ошмай, адолат билан иш юритади. Умуман, ҳикматли бўлиш унга жуда кўп яхшилик келтиради. Бу ҳақиқатни ақл эгаларигина эслайдилар, тушуниб етадилар.

وَمَا أَنفَقْتُم مِّن نَّفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُم مِّن نَّذْرٍ فَإِنَّ اللّهَ يَعْلَمُهُ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنصَارٍ۝

270. Нимаики нафақа қилсангиз ёки назр этсангиз, Аллоҳ албатта уни биладир. Золимларга ҳеч қандай ёрдамчилар йўқ. Мўмин киши Аллоҳ таоло унинг ҳар бир ҳаракати ва саканотини кўриб туришига албатта иймони комил. Нафақа ёки назрини Аллоҳ билишини таъкидлагани эса ушбу савобли ишга мўмин кишини қизиқтириш учундир. Нафақа умумий мол сарфлашни англатиб, закот, садақаи фитр ёки ўз ихтиёри билан қилинган хайру эҳсонларни ҳам ўз ичига олади. Назр эса бир муносабат билан банда ўзига вожиб қилиб олган молиявий мажбурият бўлиб, унинг миқдорини назр қилувчининг ўзи тайинлайди. Назр фақат Аллоҳ учун аталади. Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга аташ мумкин эмас. Демак, қилинган нафақа ва назрларни Аллоҳ таоло Ўзи билиб туради ва уларни қилувчиларга Ўзи билиб, мукофотлар беради. Бундай яхшилик ишларни қилмайдиганлар эса золимлар ҳисобланадилар. «Золимларга ҳеч қандай ёрдамчилар йўқ». ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat