Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Кредитсиз яшаш мумкинку?!

15:58 / 06.07.2017 | Zinnura | 7020

Ассалому алайкум! Хўжайиним менга банкдан кредит карта очибтилар ва менга керак бўлганда ишлатасн деб бердилар. Мен хоҳламадим чунки кредит ҳаром нарсалигини биламан. Уларга гуноҳга қоламиз деб айтсам ҳам тушунишни хоҳламаяптилар. Ўзлари эса ишлатиб юрибдилар, ой охиридан ўтса 25$ устама қўшиб тўланаркан. Шу карта мени номимдалиги учун ва уни бизга ишлатаётганлари учун мен нима қилишимни билмаяпман. Ўзлари диндан хабарлари бор, ҳаром-ҳалолни яхши ажратадилару, лекин пулга келганда эса “бу ерда ҳамма шунақа қилади” дейверадилар. Менга маслаҳат беринглар, илтимос. Олдиндан раҳмат деб қоламан.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! У кишига Устозимиз раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги оятга қилган тафсирларини ўқиб беринг.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ ادْخُلُواْ فِي السِّلْمِ كَآفَّةً وَلاَ تَتَّبِعُواْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ۝

208. Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир. Маълумки, «Ислом» сўзи «Аллоҳга бўйсуниш» маъносини билдиради. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси «Аллоҳга бутун борлиғингиз ила бўйсунинг», дегани бўлади. Яъни Аллоҳга бўйсуниш тўлалигича бўлсин. Тили билан бўйсуниб, дили билан бўйсунмасдан ёки бадани билан бўйсунмасдан қолиш керак эмас. Хулласи калом, бўйсуниш тўлалигича, ҳамма томондан бўлиши керак. «Ислом» сўзининг маъноларидан яна бири – «тинчлик»дир. У ҳолда оятнинг умумий маъноси «Тинчликка тўлиғича киринг», дегани бўлади. Тинчликка тўлиғича кириш эса Исломни татбиқ қилиш билан амалга ошади. Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Фақат банда ва Парвардигор, борлиқ ва охират ҳақидаги Ислом ақийдаларигина ҳар бир инсон қалбига тинчликни солиши мумкин. Сўнгра қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оилалардаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Исломда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар билан тинч яшашнинг йўл-йўриқлари батафсил кўрсатиб қўйилган. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Исломда ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам белгилаб қўйилган. Давлат миқёсида тинч яшашга эса қалб тинч, оила тинч, қўни-қўшни, қариндош-уруғ тинч, жамият тинч бўлганда эришилади. Исломда давлат билан фуқаролар орасидаги тинч-тотувлик асослари ҳам, давлатлараро тинч-тотувлик йўл-йўриқлари ҳам мукаммал йўлга қўйилган. Охири келиб, Ислом кўзлаган тинчликда бутун дунё тинчлигига эришилади. Унда барча қалблар тинч, оилалар тинч, қўни-қўшнилар тинч, қариндош-уруғлар тинч, жамиятлар тинч, давлатлар тинч, ҳайвонот, наботот ва бутун борлиқ тинч бўлади, иншааллоҳ. «Ислом»нинг машҳур маъноларидан бири Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган диндир. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси – «Ислом динига тўлиғича киринг» бўлади. Ислом инсоннинг ҳаётини тўлиғича қамраб олган диндир. Инсоннинг онадан туғилиб, қабрга киргунгача бўлган даврдаги ҳар бир нафаси ва ҳаракати Исломнинг ихотаси доирасидадир. Исломга тўлиғича кириш оралиқ даврда, яъни бутун ҳаёт давомида бутунлигича мусулмонча яшаш, демакдир. Инсоннинг туғилишидан тортиб, то озуқаланиши, тарбияланиши, вояга етиши мусулмонча бўлиши керак. Балоғат ёшига етганда, дин таклиф қилган барча нарсаларга тўлиқ амал қилиши лозим. Инсон ўзининг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, сиёсий ва яна ҳаётининг бошқа соҳаларида Исломга амал қилгандагина, Ислом буюрган ҳамма нарсага юриб, у қайтарган ҳамма нарсадан қайтгандагина унга тўлиқ кирган бўлади. Шундагина бахт-саодатга эришади. Бугун халқимиз орасида кўпларимиз нима қиляпмиз? Номларимизга, насл-насабимизга қаралса, ҳамма мусулмон. Кимлиги суриштирилса, «Мен мусулмонман», дейди-ю, аммо ўзи ғайри муслимларнинг ишини қилиб юради. Яна: «Нимага мусулмон бўлсак ҳам, ишимиз юришмаяпти?» – дея нолийди. Динга, Аллоҳга туҳмат қилади. Кўраётган кўргиликлари ўзи мусулмон бўла туриб, Исломда яшамаётганининг оқибати эканини хаёлига ҳам келтирмайди. Ҳолбуки, айб ўзида. Бошига тушган омадсизликларни Исломдан кўришга ҳеч бир мусулмоннинг ҳаққи йўқ. Ислом бир-бирини тўлдириб келувчи турли таълимотлар ва амалларнинг мажмуасидир. Намоз ўқиб туриб, закотни инкор қилса бўлмайди. Ақийдани мусулмонча қилиб туриб, оилада христианча яшаса бўлмайди. Ҳамма-ҳаммаси мусулмонча бўлиши керак. Оятнинг охири Исломдан бошқа йўлга юриш шайтоннинг изидан эргашишдан бошқа нарса эмаслигини ва у очиқ душман эканини таъкидлаяпти: «…ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир». Демак, Исломга тўлалигича кирилмаганда, шайтоннинг изидан эргашилган бўлар экан. Кейинги оятда ушбу баёнотдан сўнг ҳам бошқа йўлга мойил бўлишнинг оқибати тушунтирилади:

 فَإِن زَلَلْتُمْ مِّن بَعْدِ مَا جَاءتْكُمُ الْبَيِّنَاتُ فَاعْلَمُواْ أَنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ۝

209. Агар очиқ-ойдин ҳужжатлар келганидан кейин ҳам тойилсангиз, билингки, албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир. Шунчалик тушунтиришлар, ҳужжат, далиллар келганидан кейин ҳам Исломга тўлиғича кирмасдан, йўлдан тойиб, бошқа ёққа кириб кетсангиз, билиб қўйингки, Аллоҳ Ўзининг азиз (яъни қувватли, қудратли ва ғолиб) сифати ила сизни азобига олса, ҳолингиз чатоқ бўлади. Аллоҳ ҳикматлидир. Борлиқни ҳикмат билан яратган. Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсон бахтли яшаши учун йўл кўрсатувчи таълимотларни ҳам ҳикмат билан Ўзи нозил қилган. Бандаларини Исломга тўлиғича киришга амр қилиши ҳам айни ҳикмат.

الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لاَ يَقُومُونَ إِلاَّ كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُواْ إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا وَأَحَلَّ اللّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا فَمَن جَاءهُ مَوْعِظَةٌ مِّن رَّبِّهِ فَانتَهَىَ فَلَهُ مَا سَلَفَ وَأَمْرُهُ إِلَى اللّهِ وَمَنْ عَادَ فَأُوْلَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ۝

275. Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар. Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», – деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган. Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар. Бизнинг тилимизда «рибо» сўзи судхўрлик деб таржима қилиб келинган. Яхшироқ тушуниш, маънонинг Қуръони Каримдагига янада яқинроқ бўлиши учун айтиш керакки, араб тилида «рибо» сўзи «зиёда бўлди», «кўпайди» деган маъноларни англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган зиёда рибодир. Рибонинг нақадар ёмон нарса эканини кишилар онгига аввал бошдан яхшилаб ўрнатиш мақсадида ояти карима судхўрнинг қиёматдаги ҳолини баён қилиш билан бошланмоқда. Қиёматдаги ҳар бир одамнинг сиртки ҳолидан иши қандай экани билиб олинади. Худди ўша куни одамлар қабрларидан тураётганларида, судхўрлар албатта ўзларига хос бир ҳолатда турар эканлар. Уларнинг қабрдан туришларини кўрганлар ҳеч ким танитмаса ҳам, «Анавилар судхўрлар», – дер экан. Уларнинг бу ҳолини ояти карима қуйидагича васф қилади: «Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар». Яъни уларнинг ўзларини тутишлари соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди. Одатда жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Судхўрларда ҳам ана ўша ҳолат бўлар экан. Баъзи тафсирчиларимиз «Судхўрларнинг бу ҳолатлари фақат қиёмат кунига боғлиқ эмас, балки бу дунёда ҳам шундай бўлади», – деганлар. Уларнинг бундай аянчли ҳолатга тушишларининг сабаби келгуси жумлада баён қилинади: «Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», – деганлари учундир». Судхўрлар «Рибо ҳалол», деб эътиқод қиладилар ва уни тижоратга ўхшатадилар. Тижоратда молиявий муомала ортидан фойда келганидек, судхўрликда ҳам фойда келади, деб ўйлайдилар. Боз устига, уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», – дейишларидан «Рибо аслида ҳалол қилинган нарса, тижорат ҳам унга ўхшаб, ҳалол қилинган» деган маъно келиб чиқмоқда. Ваҳоланки: «…Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган». Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда кўриш ёки зарар тортишга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилиш билан бир вақтда куйиб қолишни ҳам бўйнига олган ҳолда иш бошлайди. Меҳнат қилиб, одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади. Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай, жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ. Мазкур сабабларга ва яна зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, тижорат инсон ҳаётида қўлланишга ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган. Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган пайтда кўп молиявий муомалалар рибо асосида юритилар эди. Шунинг учун ушбу ояти каримадан келиб чиққан ҳукмдан аввалги ишлар ўз ҳолича қолдирилди. Акс ҳолда аввалги иқтисодий алоқаларнинг ҳаммасини қайта кўриб чиқишга тўғри келарди. «Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир». Яъни Аллоҳ рибонинг ҳукмини баён қилгандан кейин рибовий муомалалардан тўхтаса, эски ишлари ўзига, у муомалаларни қайта кўришга ҳожат йўқ. Ўтган даврдаги муомалалари Аллоҳга ҳавола: хоҳласа кечиб юборади, хоҳласа иқобига олади. «Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар». Аллоҳ таоло томонидан рибонинг ҳаромлиги ҳақида оят келганига ҳам қарамай, кимки яна рибога қайтса, ундай одам албатта дўзахий бўлади, дўзахий бўлганда ҳам, ундан ҳеч қачон қайтиб чиқа олмайдиган, абадий қоладиган дўзахий бўлади. Келаси оятда судхўрликнинг касофати фақат охиратдагина эмас, балки бу дунёда ҳам уриши эслатилади:

يَمْحَقُ اللّهُ الْرِّبَا وَيُرْبِي الصَّدَقَاتِ وَاللّهُ لاَ يُحِبُّ كُلَّ كَفَّارٍ أَثِيمٍ۝

276. Аллоҳ рибони нобуд қилур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни суймас. Бандалар пул-моллари зиёда бўлиши учун рибохўрлик қиладилар ва ўзларига келган фойдани санаб юрадилар. Аслини олганда, иши бунинг тескариси бўлади.Чунки: «Аллоҳ рибони нобуд қилур». Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам, Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади. Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моллари камайганга ўхшайди. Аслида эса иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ «…садақаларни ўстирур». Агар ҳисобда садақа қилувчининг молининг ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Набий алайҳиссалом: «Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати, албатта озайишга қайтади», – деганлар. Имом Муслим ва имом Термизийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким ҳалол касбидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса, зотан, Аллоҳ ҳалолдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Аллоҳ уни ўнг қўли билан қабул қилади ва сизлар тойчоқни ўстирганингиздек, ўстириб, Уҳуд тоғича қилади», – деганлар. «Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни суймас». Шундан кўриниб турибдики, рибохўрлар кофир ва гуноҳкор ҳисобланар эканлар. ("Тафсири ҳилол" китобидан “Бақара” сураси). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat