Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Уч қизалоқ ўлими

21:00 / 19.11.2017 | Hasan | 3669

Ассалому Алайкум! Ўтган хафтада рўй бeрган 3 қизалоқнинг фожиали ўлими кўпчиликка маълум. Айримлар турли ёмон гумон қилишга ҳам улгуришди. Яъни қизларнинг онаси 4-фарзанди ҳам қиз эканлигидан норозилиги (ва яна шунга ўхшаш турли гумонлар) туфайли Аллоҳ ғазаб қилди ва 3 қизни ҳам олиб қўйди – дeб ёмон гумонга боришди. Ҳолбуки улар бандасининг қалбида нима борлигини билишмайди-ку. Зотан Аллоҳнинг энг суюкли бандаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг eтти фарзандларидан олтиталари Пайғамбаримиз ҳаётлик вақтларида вафот топдилар(хулоса ўзларидан). Сизлардан илтимос шундай ножўя ўй-гумонларга бораётганларга насиҳат қилиб қўйинглар, шояд ёмон гумонлардан тийилишса. Илтимос жавобини «Тeлeграмм» каналига ҳам қўйинглар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

ЁМОН ГУМОН ВА ҲИҚДУ  ҲАСАД

Бу нарсалар ҳам ёмонликнинг турлари, ёмон ахлоқнинг кўринишлари қаторига киради. Биз «ёмон гумон» деб таржима қилган маъно диний адабиётимизда бадгумонлик деб ҳам атаб келинган. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. «Ҳасад» сўзи луғатда арчиш ва шилиш маъносини билдиради. Чунки ҳасад қалбни арчилайди ва шилади. Уламолар «Ҳасад – бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ўзига етиб келишини қаттиқ хоҳлаш», дейдилар.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи ‎гумонлар ‎гуноҳдир», деган («Ҳужурот» сураси, 12-оят). «Ҳужурот» сурасидан келтирилган бу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларига: «Эй иймон келтирганлар!» деб мурожаат қилмоқда ва улар учун жуда муҳим масалаларни баён қилмоқда. Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатлардан, ахлоқий касалликлардан, ҳар қандай ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда. Улардан биринчиси: «Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир». Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири – бадгумонлик. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «...кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейиляпти. Ўтган уламолардан аз-Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», деганлар. Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпинча бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак. Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», деган эканлар. Хусусан, иш бошида турган раҳбарлар бу нарсада эҳтиёт бўлишлари лозимлиги Имом Абу Довуд Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда яққол кўринади. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар амир одамлардан айб ахтараверса, уларни бузади», деганлар. Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса жосуслик дейдилар. Шунинг учун ҳам биз ўрганаётган ояти каримада гумондан четланишга амр қилинган. Очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб ҳукм чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالظَّنَّ، فَإِنَّ الظَّنَّ أَكْذَبُ الْحَدِيثِ، وَلَا تَحَسَّسُوا، وَلَا تَجَسَّسُوا، وَلَا تَنَافَسُوا، وَلَا تَحَاسَدُوا، وَلَا تَبَاغَضُوا، وَلَا تَدَابَرُوا، وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бадгумонликдан сақланинг. Чунки бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Гап пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. (Кимўзарга уриниб,) ўзаро ҳасад қилишманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг ва бир-бирингиздан юз ўгирманг. Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар», дедилар». Тўртовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда жамиятдаги кишиларни бир-бирига душман қиладиган, якка шахсларни ўзаро душман қилиш орқали бутун жамиятга адоват уруғини сепадиган ва шу орқали инсоний алоқаларни, оилаларни ва жамиятни таназзулга юз туттирадиган ёмон ҳулқлар ҳақида гапирилмоқда. Бу рўйхатнинг бошида эса бадгумонлик турар экан. Кўрган, эшитган одамидан бирор ёмонлик ахтариб, «Ундай бўлса керак, бундай бўлса керак», дейиш бадгумонлик бўлади. Бу нарса аввало, баъзи шахслар ичида адоват қўзғаб, душманлик ва ишончсизлик руҳини таратади. Кейинроқ ушбу руҳ жамиятнинг турли табақаларига тарқалиб, ҳамма бир-бири ҳақида ёмон гумонга борадиган, бир-бирига душманлик қиладиган ва ишонмайдиган бўлиб қолади. Аввал айтиб ўтилганидек, бир-бирига ҳасад қилиш, ёмон кўриш, кек сақлашни ўзига касб қилиб олиш, ёмонликда мусобақалашиш, бир-бирига турли ёмонликлар қилиш, одамларни ишга солиш ва бошқалар бўлмағур нарсалар экан. Балки мўмин-мусулмонларнинг барчаси ака-укадек бўлиб юришга ҳаракат қилишлари керак. Келинг, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсаларни бир-бир кўриб чиқайлик. «Бадгумонликдан сақланинг. Чунки бадгумонлик энг ‎ёмон ёлғончиликдир‎». Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонлик бўлиб, у кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритиш ҳисобланади. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз бўлиши, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан келиб чиқиши, ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш кераклиги ҳақида юқорида гапириб ўтилди. Бас, ёмон гумондан сақланиш лозим. Ким одамлардан ёмон гумонда бўлса, ўша ичи бузуқ одам бўлади. Мўмин доимо узр излайди, мунофиқ эса айб излайди. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса унинг тескариси бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat