Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бидъат эмасми?

17:37 / 21.02.2018 | dilnoza madrahimova | 3516

Ассалому алайкум! Бизга кўрсатаётган ёрдамларингиз учун Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. Бир танишим момоларга чучвара пишириб бериб туриш керак, улар дуо қилса йўлларни очади дейди. Мен бу нарсаларга ишонмайман: момоларга чучвара пишириш, кинна силаш каби. Мен тўғри йўлдаманми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Уларни бундай ишлари нотўғридир. Ҳадисларда Аллоҳ таолонинг 99та сифатлари зикр қилинган. Аслида Аллоҳ таолонинг бунданда сифатлари кўп. Банда қайси ҳолатга тушмасин унинг дардининг шифоси, кўмакчиси, ҳалоскори ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи эканлигини билдириш учун бандаларига ўша сифатларини зикр қилиб ўтган. Бир ўринда “Агар бандам сен гуноҳкор бўлсанг, Мен Ғофир(кечирувчи)ман, агар кўп-кўп гуноҳ қилсанг Мен Ғофуур(қайта-қайта кечиручи)ман ва агар сен гуноҳ ботқоғига ботган бўлсанг(соч толангдан оёқ тирноғингача гуноҳкор бўлсанг) Мен Ғаффоор(сенинг ҳолатингдагидан баттарларини ҳам кечирувчи)ман” деган. Банданинг иши битта, шундай Парвардигори бор эканлигини таниб, тавба қилиш холос. Тавбасини Аллоҳ таоло қабул қилганлар асло азоб чекмайдилар. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида «Албатта, Аллоҳ кўп тавба қилувчиларни севадир ва покланувчиларни севадир» деб марҳамат қилган. Фарзанд кўрмаётганлар ҳақида Аллоҳ таоло Қуръон каримда уни ҳам берувчи Ўзи эканлигини баён қилиб “Шууро” сурасида марҳамат қилади:

لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاء يَهَبُ لِمَنْ يَشَاء إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَن يَشَاء الذُّكُورَ۝ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَن يَشَاء عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ۝

49. Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У Зот хоҳлаган нарсасини яратур. У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. 50. Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У ўта билувчидир, ўта қудратлидир. Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло “Ҳамма нарсанинг ҳазинаси мени қўлимда, сизни қўлингизда эса ҳеч нарса йўқлигини айтинг” деб турган бўлса, чучвара нима ҳам қилиб бера оларди? Балки тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг Ўзига юзланиш ва ҳожатларини Ундангина сўраш керак.

قُل لاَّ أَقُولُ لَكُمْ عِندِي خَزَآئِنُ اللّهِ وَلا أَعْلَمُ الْغَيْبَ وَلا أَقُولُ لَكُمْ إِنِّي مَلَكٌ إِنْ أَتَّبِعُ إِلاَّ مَا يُوحَى إِلَيَّ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الأَعْمَى وَالْبَصِيرُ أَفَلاَ تَتَفَكَّرُونَ۝

50. Сен: «Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демасман, ғайбни ҳам билмасман. Ва яна сизларга: «Мен фариштаман», деб ҳам айтмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», – деб айт. «Кўр билан кўзи очиқ тенг бўлурми? Тафаккур қилмайсизларми?» – деб айт. Бу ояти каримада пайғамбарлик ва Пайғамбар шахси ҳақидаги ҳақиқий тасаввур баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло мушриклар томонидан турли саволларга тутилаётган, ҳар хил талабларни эшитаётган Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларининг ким эканликларини баён қилиб беришни амр қилмоқда: «Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демасман». Яъни «Мендан молу дунё, нозу неъмат кутманг. Аллоҳнинг Пайғамбари бўлганим учун, У Зот менга хазинасини очиб бермаган. Ким менга эргашса, уни мол-дунё ва ноз-неъматга кўмиб ташлай олмайман. Ким менга шу умидда эргашмоқчи бўлса, ушбу ҳақиқатни ҳам билиб қўйсин, мен: «…ғайбни ҳам билмасман». Бу менинг пайғамбарлик масъулиятимга кирмайди. Ғайбни фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Ким менга ғайбни билишимни шарт қилиб эргашмоқчи бўлса, билиб қўйсинки, мен ўзимга эргашганларга ғайбнинг хабарини бера олмайман. Ва яна: «Мен фариштаман», деб ҳам айтмасман». Пайғамбар фаришта бўлиши керак, деган фикрларингиз бўлса, бу беҳудадир. Мен одамман. Шунинг учун мендан одамга хос тасарруфлар чиқади, фариштага хос тасарруфлар чиқмайди, бу ҳақиқатни ҳам билиб қўйинглар. «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос». Менинг бошқа одамлардан фарқим – менга Аллоҳ ҳузуридан ваҳий келади. Мен ўша ваҳийга эргашаман, холос. Аллоҳ таоло бандасига берган сон-саноқсиз неъматлар ичида энг улуғларидан бири ақл неъмати ҳисобланади. Аммо ақлни ишлатиб, тўғри йўлга солиб турадиган нарса ваҳийдир. Чунки ақлнинг ўзи инсонга икки дунё саодатини топишига ёрдам бера олмайди. Бутун инон-ихтиёр ақлнинг ўзига ташлаб қўйилса, турли хатолар, бурилишлар, бузғунчиликлар, ҳатто ҳалокатлар келиб чиқади. Бунга ўзимиз яшаб турган бугунги воқеълик гувоҳ. Ҳозирда инсон ақли жуда ҳам ривожланган деб даъво қилинмоқда. Аммо ўша ривожланган ақл инсониятнинг ўзини кундан-кунга ҳалокат жари томон тортиб кетмоқда. Ақлнинг энг муҳим вазифаларидан бири – Аллоҳдан келган ваҳийни идрок этиш ва унга амал қилиш йўққа чиққанда шундай бўлади. «Кўр билан кўзи очиқ тенг бўлурми? Тафаккур қилмайсизларми?» – деб айт». Ваҳийсиз инсон, пайғамбарга эргашмаган инсон кўрдир. Кўзи кўрмайдиган одам қоқилиб, суқилиб, ўзини ҳар томонга уриб, ҳеч нарсани аниқлай олмай, баъзан ҳалокатга ҳам юз тутгани каби, ваҳийсиз одам – динга амал қилмаган, Аллоҳдан Пайғамбарга келган ваҳийни ўзига қабул қилмаган одам кўнгли тусаган ишни қилади, ўзини ҳар томонга уради ва оқибатда ҳалокатга учрайди. Ваҳийга эргашиш эса кўзи очиқликдир. Бу дунёда кўзи очиқ одам ҳар бир нарсани яхши кўриб, фойдасига юриб, зараридан четланади. Ваҳий ақл кўра олмаган нарсаларни ҳам кўради. Кишини тўғри, ҳақ ва саодат йўлига бошлайди. Икки кишини чорлаб, кўзланган бир жойга боришни буюрсак, йўл узоқ, хатарли ва нотаниш бўлса, боз устига, уларнинг бири кўр, иккинчиси кўзи очиқ бўлса, икковлари манзилга бир хилда етиб боради, дея оламизми? Йўқ, албатта! Кўзи очиқ кўзланган манзилни қийналмасдан, бирпасда топади. Кўр эса топа олмайди. Балки ўзини турли жойларга уради, эҳтимол, ҳалокатга учрайди. Ваҳийга эргашган – кўзи очиқ, эргашмаган – кўр. Энди айтинг-чи, икковлари тенг бўла оладиларми? Ўйлаб кўринг, ахир! Ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳақиқатни бугунги кунда ҳам чуқур англашга эҳтиёж сезилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари бўлмиш уламоларга – Ислом даъватига хизмат қилувчи кишиларга одамларнинг турли талаблари кўп. Жумладан, уларни динга даъват қилсалар, даъватга қўшиб, молу дунё беришларини ҳам сўрайдилар. Акс ҳолда бошқа дин ёки тоифалар молу дунё ваъда қилаётгани, ана ўшаларга қўшилиб кетишлари мумкинлигини айтиб, «қўрқитадилар». Шунингдек, ғайб хабарларидан «фол очиш»ини, бошқалар айни шундай қилишаётганини айтишади. Ёки даъватчи шахсида фариштанинг худди ўзини кўришни хоҳлайдилар. Улардаги инсонлик сифатини камчилик деб гумон қиладилар. Бу ҳам одам-ку, деб ўйлаб кўрмайдилар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан “Анъом” сураси). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat