Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Идда ўтирган аёлнинг қандай ҳақ-ҳуқуқлари бор?

00:00 / 12.07.2010 | eski savollar | 6967

1. Идда ўтирган аёлнинг қандай ҳақ-ҳуқуқлари бор, нималар жоиз ва нималар жоиз эмас?

2. Идда ўтирган аёлнинг келажакда турмушга чиқадиган эр билан бевосита ёки восита орқали (хат, фарзандлар...) хабарлашиши жоизми?

3. Идда ўтирган аёл жоиз бўлмаган бирор-бир амални қилган тақдирда нима қилади? Иддани бошқатдан тутадими ёки тавба қилиб, давом эттирадими ёки иддасига зарар етмайдими?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

«Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» деган маъноларини билдиради. Шариатда эса аёл киши эрининг вафотидан сўнг ёки эри билан ажрашгандан сўнг сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.

Бу ҳукмнинг шариатга киритилиши бир неча ҳикматларга эгадир:

Биринчиси, эридан ажрашган аёл ҳомиладорми, йўқми эканлиги аниқланади. Бу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.

Иккинчиси, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.

Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмасдан, идда ўтирилади. Яна булардан бошқа ҳикматлари ҳам бор.

Иддадаги аёлга совчи қўйилмайди. Фақат ишора йўли билан бўлса, майли.

Чунки Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

وَلَا تَعْزِمُوا عُقْدَةَ النِّكَاحِ حَتَّى يَبْلُغَ الْكِتَابُ أَجَلَهُ 

«Фарз қилинган (идда) ўз муддатига етмагунча, никоҳ боғлашга қасд қилманг»,  деган (235-оят).

Жумладаги «қасд» сўзига алоҳида урғу бериляпти. Бу дегани, идда ичида никоҳ қилиш у ёқда турсин, уни қасд қилишга ҳам рухсат йўқ, деганидир. Ким идда вақтида никоҳ қилса, унинг никоҳи бузилади. Оралари ажратиб юборилади.

Эрининг вафотидан кейин идда ўтирган аёлларга ишора йўли билан совчи қўйса бўлади.

Боин ва ражъий талоқнинг иддасида ўтирган аёл уйидан асло чиқмайди.

Бу ҳукм Талоқ сурасидан олинган:

لَا تُخْرِجُوهُنَّ مِن بُيُوتِهِنَّ وَلَا يَخْرُجْنَ إِلَّا أَن يَأْتِينَ بِفَاحِشَةٍ مُّبَيِّنَةٍ وَتِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ وَمَن يَتَعَدَّ حُدُودَ اللَّهِ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ

«Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, аммо очиқ фаҳш иш қилган бўлсалар, мустасно. Ана шулар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегараларидан чиқса, ҳақиқатан, ўзига ўзи зулм қилибди» (1-оят).

Одатда эр киши аёли билан келишмай қолса, уни уйдан чиқариб юборишга шошилади. Аслида унинг бунга ҳаққи йўқ, ҳатто талоқ қилгандан сўнг ҳам, иддаси чиқмагунча, аёлни уйдан чиқариб бўлмайди.

Худди шу маънони таъкидлаш учун Аллоҳ таоло «Уларни уйларидан чиқарманглар» демоқда, «уйларингиздан» эмас.

Аёл киши ўзи чиқиб кетса бўладими? Ҳозир бизда шундай: салгина гап-сўз ўтиши билан аёл тугунини кўтариб, ота-онасиникига жўнайди. Бу ҳам нотўғри. Қуръони Карим «…ва ўзлари ҳам чиқмасинлар», деяпти.

Қайси аёл талоқдан сўнг иддаси чиқмай туриб, эрининг уйидан чиқиб кетса, гуноҳкор бўлади. Шариатнинг бу ҳукми ҳам ўзга ҳукмлари каби ҳикматлидир.

Иддада ўтирган аёл эрининг кўзига чиройли бўлиб кўриниб турса, эр аччиғидан тушиб, кўнгли эриб, қайта ярашишга мойил бўлиб қолади. Уйдан чиқиб кетганда эса бунинг акси бўлади. Яъни келин бориб, эридан шикоят қилади, оқибатда унинг қариндошларининг жаҳли чиқади. Келиб, куёв ва унинг яқинлари билан уришадилар, шундай қилиб, юзкўрмас бўлиб кетишлари мумкин. Бундай ҳолда аёлнинг уйдан чиқишига бирдан-бир сабаб бор, у ҳам бўлса – «…аммо очиқ фаҳш иш қилган бўлсалар, мутасно».

Уламоларимиз бу нарсани «зино» деб айтадилар, баъзилари зинодан ташқари, қаттиқ озор бериш, хафа қилишни ҳам айтадилар.

Вафотнинг иддасида ўтирган аёл кеча-кундуз чиқиши мумкин. Аммо манзилида ётади.

Чунки эри ўлган аёл талоқ қилинган аёлдан фарқли ўлароқ, ўзини ўзи нафақа билан таъминлашга муҳтож. Шунинг учун уйидан чиқишга мажбур бўлади. Талоқ қилинган аёлнинг нафақаси эса уни талоқ қилган эрига вожиб бўлади.

Аёл ажрашгандан кейин ҳам, вафотдан кейин ҳам ўз манзилида идда ўтиради. Аммо у бошқалар томонидан чиқарилса ёки молининг талафотга учрашидан ва уйнинг йиқилишидан қўрқса, ёхуд уйнинг ижара пулини топа олмаса, чиқади.

Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ҳадисдир.

عَنِ الْفُرَيْعَةِ بِنْتِ مَالِكٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا: أَنَّهَا جَاءَتْ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَسْأَلُ أَنْ تَرْجِعَ إِلَى أَهْلِهَا فِي بَنِي خُدْرَةَ، فَإِنَّ زَوْجَهَا خَرَجَ فِي طَلَبِ أَعْبُدٍ لَهُ أَبَقُوا حَتَّى إِذَا كَانُوا بِطَرَفِ الْقَدُومِ لَحِقَهُمْ فَقَتَلُوهُ، فَسَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ أَرْجِعَ إِلَى أَهْلِي، فَإِنَّهُ لَمْ يَتْرُكْنِي فِي مَسْكَنٍ يَمْلِكُهُ وَلَا نَفَقَةٍ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَعَمْ». فَخَرَجْتُ حَتَّى إِذَا كُنْتُ فِي الْحُجْرَةِ أَوْ فِي الْمَسْجِدِ دَعَانِي أَوْ أَمَرَ بِي فَدُوعِيْتُ لَهُ، فَقَالَ: «كَيْفَ قُلْتِ؟» فَرَدَدْتُ عَلَيْهِ الْقِصَّةَ الَّتِي ذَكَرْتُ مِنْ شَأْنِ زَوْجِي، فَقَالَ: «امْكُثِي فِي بَيْتِكِ حَتَّى يَبْلُغَ الْكِتَابُ أَجَلَهُ». قَالَتْ: فَاعْتَدَدْتُ فِيهِ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا، وَأَخْبَرْتُ عُثْمَانَ بِهَذَا فَاتَّبَعَهُ وَقَضَى بِهِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Фурайъа бинт Молик Худрий розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Худрадаги ўз аҳлига қайтишни сўраб келди. Чунки эри қочиб кетган қулларини қувлаб бориб, Қадум томонда уларга етиб олганда улар томонидан қатл этилган эди. «Шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз аҳлимга қайтишимни сўрадим. Чунки у менга ўзи молик бўлган маскан ҳам, нафақа ҳам қолдирмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳа», дедилар. Мен чиқиб, ҳужрага ёки масжидга етганимда у зот мени чақирдилар ёки (чақириб келишга) амр қилдилар. Мен у зотнинг ҳузурларига чақирилдим. У зот менга: «Нима дединг?» дедилар. Мен эрим ҳақидаги қиссани у зотга такрорладим. Шунда у зот: «Токи Китобда ёзилган нарса – белгиланган муддат етгунча уйингда тур», дедилар. Мен у ерда тўрт ою ўн кун идда ўтирдим. Бу ҳақда Усмонга хабар бердим. У ҳам шунга эргашди ва шунга биноан ҳукм чиқарди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Боин талоқда икковлари ўртасида парда бўлиши лозим.

Агар уч талоқ ва хулуъдан кейинги иддада ўтирган аёл ундан ажраган эр билан бир хонада турадиган бўлса, номаҳрамга ўхшаб, ораларига парда тутишлари лозим. Эрнинг кўзи унга тушмаслиги керак.

Манзил иккиси учун торлик қилса, эрнинг чиққани яхшироқ. Эрнинг фосиқлиги учун ҳам шундай қилинади.

Чунки идда ўтирган аёлнинг уйдан чиқмаслиги – Қуръонда келган амр. Эрнинг чиқмаслиги ҳақида амр йўқ.

Ораларини тўсишга қодир бир аёлнинг қўйилиши яхшидир.

Шунда икки номаҳрамнинг холи қолмаслиги каби, буларнинг ҳам холи қолмасликлари таъминланган бўлади.

Агар эр уни сафарда боин талоқ қилса ёки ўлиб қолса ва аёл билан шаҳарининг ораси бир кунликдан оз йўл бўлса, ўз шаҳрига қайтади. Агар ўша масофа ҳар томонга баробар бўлса ва аёл очиқлик жойда бўлса, ихтиёр ўзида. Қайтиш афзал. Агар ўша пайтда аёл шаҳарда бўлса, ўша ерда идда ўтиради. Сўнгра маҳрами билан чиқади.

Маҳрами билан қароргоҳига етиб олиб, иддаси тугаган бўлса, давом эттиради.

Иддадаги аёл мазкур қоидаларни бузса, тавба қилади, аммо қайтадан идда ўтирмайди.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077 

Топ рейтинг www.uz Openstat