Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намозда қалб ҳозир бўлишининг омиллари

00:00 / 03.10.2010 | eski savollar | 2781

Ассалому алайкум, Шайх жаноблари! Авваламбор жавобингиз учун миннатдорчилик билдираман. Мен ҳозирда Жанубий Корея республикасида ишлайман, Аллоҳим ризқимни шу ерларга сочиб юборган экан, шу ерларда насибам бор экан, териб юрибман. Шайх жаноблари, сизга берадиган саволим шу эдики, намоз ўқиётганимда фарз намозида хаёлим бузилиб, бошқа томонларга кетиб қоляпти. Асосан фарз намозида. Шунга нима қилсам бўлади? Намоздан олдин ёки кейин қайси дуони ўқисам, мақбулроқ бўлади?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

- Ва алайкум ассалом! Намозда қироат, зикр, муножот ва бир неча амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам «Қалб ҳозирлиги намознинг ҳаёти ва ички одобларидан биридир», дейилган.

«Қалб ҳозирлиги», деганда қалбнинг машғул бўлиб турган нарсасидан фориғ бўлиши англанади. Намоз ўқиб турган кишининг қалбида намоздан бошқа нарса бўлмаса, мана шу қалб ҳозирлиги бўлади.

Қалбнинг ҳозир бўлиши ҳимматга боғлиқдир. Киши бирор ишни муҳим деб билса ва унга керакли аҳамият берса, қалби ўша иш учун ҳозир бўлади.

Намозда қалб ҳозир бўлиши учун барча аҳамият ва ҳимматни намозга қаратиш лозим бўлади.

Охиратга иймоннинг кучли ёки кучсизлигига қараб, ҳиммат ҳам кучли ёки кучсиз бўлади. Намозда қалби ҳозир бўлмаган одам иймони кучсизлигини билсин ва уни кучли қилиш ҳаракатида бўлсин.

НАМОЗДА ҚАЛБ ҲОЗИР
БЎЛИШИНИНГ ОМИЛЛАРИ

1. Талаффуз қилинаётган каломни фаҳмлаш қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардан биридир.

Араб тилини билмайдиганлар маъноларини ўзлаштириб олишлари лозим. Унга ҳам қодир бўлмаганлари, энг оз деганда, умумий маънони англаб, талаффуз қилинаётган нарсанинг нима эканлигини имкони борича билиб турсалар, яхши бўлади.

Бунинг учун зеҳнни жамлаб, хаёлни олиб қочадиган нарсалардан узилиш керак бўлади. Хаёлни олиб қочадиган нарсалар эса ташқи ва ичкига бўлинади.

Ташқиси қулоқ ва кўзни машғул қиладиган нарсалардир. Бу нарсалардан узилиш қиблага яқинроқ туриш, яъни қибла томондаги деворга яқинроқ туриш, сажда қиладиган жойга назар солиб туриш, нақшинкор жойлардан четланиш ва хаёлини олиб қочадиган нарсаларни йўқотиш билан бўлади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى فِي خَمِيصَةٍ لَهَا أَعْلَامٌ فَقَالَ: «شَغَلَتْنِي أَعْلَامُ هَذِهِ، اذْهَبُوا بِهَا إِلَى أَبِي جَهْمٍ، وَأْتُونِي بِأَنْبِجَانِيَّتِهِ». رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аломатлари бор хомийсада намоз ўқидилар ва: «Бунинг белгилари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижониятини (Анбижон деган жойдан келтирилган содда кийим) олиб келинглар», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Хаёлни олиб қочадиган ички нарсалар ташқиларидан кўра кучли бўлади. Бу нарса кўпинча дунёнинг ғамига ботган одамларда бўлади. Бундай одамнинг фикри, агар кўзини юмиб олса ҳам, бир жойда турмайди.

Бу ҳолатни муолажа қилиш учун қаттиқ уриниш керак бўлади. Намозга яхшилаб тайёргарлик кўради. Барча машғул қиладиган ишларини битиради, қалбининг ҳоли бўлиши учун ҳаракат қилади. Ўзига ўзи охиратни эслатади. Аллоҳ таолонинг кўриб турганини эсга олади. Намозда дунё ташвишларидан бирортасини хаёлига келтирмасликка ҳаракат қилади.

Омир ибн Абду Қайс раҳматуллоҳи алайҳидан: «Намоз пайтида нафсинг сенга бу дунё ишларидан бирортасини айтадими?» деб сўралганда, «Бундан кўра баданимнинг турли тарафидан найза кириб, ичимда тўқнашгани яхшироқ», деб жавоб берган.

Албатта, дунё муҳаббатини қалбдан узиб қўйиш қийин иш. Уни бутунлай йўқотиш ундан ҳам қийин. Аммо имкони борича намозда дунё муҳаббатидан четланишга ҳаракат қилиш лозим.

2. Аллоҳнинг таъзими ва ҳайбати ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир.

Аллоҳнинг таъзими У Зотни улуғлашни ва азаматини ҳис қилишни ўрганиш билан, шу билан бирга, нафснинг ҳеч нарсага арзимаслигини таниш билан бўлади. Ҳайбат эса улуғлашдан келиб чиққан хавфдир. Намозида доимий равишда Аллоҳнинг азаматини ҳис этиб, У Зотнинг ҳайбатини сезиб турган одамнинг қалби ҳозир бўлади.

3. Умидворлик ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир. Одатда умидворлик қўрқувдан устун турадиган ҳолат бўлади. Намозхон одам ўқиган намозининг савобидан умидвор бўлиши лозим.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ أُمَّتِي يُدْعَونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ غُرًّا مُحَجَّلِينَ مِنْ آثَارِ الْوُضُوءِ، فَمَنِ اسْتطَاعَ مِنْكمْ أَنْ يُطِيلَ غُرَّتَهُ فَلْيَفْعَلْ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Сиздан ким ўз пешонасидаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا تَوَضَّأَ الْعَبْدُ الْمُسْلِمُ أَوِ الْمُؤْمِنُ فَغَسَلَ وَجْهَهُ خَرَجَ مِنْ وَجْهِهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ نَظَرَ إِلَيْهَا بِعَيْنَيْهِ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ، فَإِذَا غَسَلَ يَدَيْهِ خَرَجَ مِنْ يَدَيْهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ كَانَ بَطَشَتْهَا يَدَاهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ، فَإِذَا غَسَلَ رِجْلَيْهِ خَرَجَتْ كُلُّ خَطِيئَةٍ مَشَتْهَا رِجْلَاهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ حَتَّى يَخْرُجَ نَقِيًّا مِنَ الذُّنُوبِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилар экан, у юзини ювганида ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси билан унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Икки қўлини ювганида, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси билан унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Икки оёғини ювганида, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси билан икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундай қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Таҳорат Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига кўрсатган улкан марҳаматидир. Мусулмон банда таҳорат қилаётганда яхши ният билан, Аллоҳ таолодан астойдил тилаб, ушбу ҳадиси шарифни эслаган ҳолда ҳар аъзосини ювганда: «Илоҳо, ушбу аъзолардан содир бўлган гуноҳларим тўкилган бўлсин», деб сўраса, иншааллоҳ, мақсади ҳосил бўлади. Чунки таҳорат қилиш ҳам аввал айтиб ўтилганидек, катта ибодатдир.

Шунинг учун ҳам таҳорат қилаётганда бошқалар билан гаплашиш, шоша-пиша, чала-чулпа таҳорат қилиш каби ҳолатларга йўл қўймаслик керак. Таҳорат банда учун Аллоҳ томонидан кичик гуноҳларини ювиб олиш учун берилган қулай фурсатдир.

Азонни эшитган одам қиёмат чақириғини хаёлига келтирсин. Ўшанда нима деб жавоб беришини ўйласин. Маҳшарда қай ҳолатда ҳозир бўлишини кўз олдига келтирсин.

Намоз учун авратини тўсганда бу билан халқдан баданининг уят жойларини тўсаётганини билсин ва Ҳақ таолодан ички шармандаликларини ва нуқсонларини қандай тўсишини ўйласин. Уларни фақат тавба-надомат, ҳаё ва уят ҳамда хавфу умидворлик тўсиши мумкинлигини унутмасин.

Қиблага юзланганида турли тарафларни қўйиб, юзини фақат Байтуллоҳга ўгирганини билсин ва қалбини ҳам барча нарсаларни қўйиб, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига бурсин.

Намозхон «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтганида тилини дили тасдиқласин. Ўша сўзни айтганда дилида Аллоҳдан кўра катта нарса қолмасин. Агар ундай бўлмаса, дили тилини тасдиқламаган бўлади.

Шунингдек, тили билан «Аъуузу биллааҳи»ни айтиб, Аллоҳдан паноҳ тилаганида дили билан ҳам Аллоҳдан паноҳ сўрамаса, гапи ёлғон бўлади.

Намозхон қироатининг маъносини тушуниб бориши жуда ҳам фойдалидир. Айниқса Фотиҳани ўқиганида.

Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар машҳур саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадиси қудсийни доимо эсида тутсин:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «قَالَ اللهُ تَعَالَى: قَسَمْتُ الصَّلَاةَ بَيْنِي وَبَيْنَ عَبْدِي نِصْفَيْنِ وَلِعَبْدِي مَا سَأَلَ، فَإِذَا قَالَ الْعَبْدُ: «الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ»، قَالَ اللهُ تَعَالَى: حَمِدَنِي عَبْدِي، وَإِذَا قَالَ: «الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ»، قَالَ اللهُ تَعَالَى: أَثْنَى عَلَيَّ عَبْدِي، وَإِذَا قَالَ: «مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ»، قَالَ: مَجَّدَنِي عَبْدِي، فَإِذَا قَالَ: «إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ»، قَالَ: هَذَا بَيْنِي وَبَيْنَ عَبْدِي وَلِعَبْدِي مَا سَأَلَ، فَإِذَا قَالَ: «اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ» «صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ»، قَالَ: هَذَا لِعَبْدِي وَلِعَبْدِي مَا سَأَلَ». رَواهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса, бераман». Агар банда: «Алҳамду лиллааҳи Роббил аъламин», деса, Аллоҳ: «Бандам Менга ҳамд – шукр айтди», дейди. Банда: «Ар-Роҳмаанир Роҳийм», деса, Аллоҳ: «Бандам Менга сано – мақтов айтди», дейди. Банда: «Малики явмиддийн», деса, Аллоҳ: «Бандам Мени улуғлади», дейди. Банда: «Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн», деса, Аллоҳ: «Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман», дейди. Агар банда: «Иҳдинас сиротал мустақийм, сиротоллазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззооллийн», деса, Аллоҳ: «Бу бандамга хос, сўраганини бердим», дейди».

Салафи солиҳлардан намозда қироат маъносини ҳис этиб, ҳушидан кетганлар ёки ҳаётни тарк этиб йиқилганлар бор.

Намозхон рукуъда тавозеъни, саждада хору зорликни ҳис этиб туриши зарур. Шунингдек, намоздаги тасбеҳ, такбир ва барча дуоларни ҳам чин қалбдан, бутун вужуд билан ҳис этиб ўқишга, уқиш ва яшашга ҳаракат қилиш лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳларимиз намозда қалбнинг ҳозир бўлмаслигини оғир олганлар.

عَنْ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ الرَّجُلَ لَيَنْصَرِفُ - أَيْ مِنْ صَلَاتِهِ - وَمَا كُتِبَ لَهُ إِلَّا عُشْرُهَا، تُسْعُهَا، ثُمْنُهَا، سُبْعُهَا، سُدْسُهَا، خُمْسُهَا، رُبْعُهَا، ثُلُثُهَا، نِصْفُهَا». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам (намозидан) турганда унга унинг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярмигина ёзилган бўлади», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан намоз билан намознинг фарқи борлиги, ҳатто қабул бўлган намозлар орасида ҳам фарқ бўлиши кўриниб турибди. Ҳамма ҳам намоз ўқийверади, аммо ўша намозга Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажр намозхоннинг ихлоси ва хушуъ-хузуъсига қараб берилар экан. Хушуъ-хузуъни, ихлосни жойига қўйган одам намоз учун белгиланган савобнинг ҳаммасини олар экан. Хушуъ-хузуъ ва ихлос камайган сари бериладиган савоб ҳам ярим, учдан бир, тўртдан бир, ўндан бир бўлиб, камайиб кетаверар экан.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Ким намозда туриб, қасд билан ўнгида ва чапида ким турганини билса, намози намоз эмас», деганлар.

Абдулвоҳид ибн Зайд раҳматуллоҳи алайҳи: «Уламолар банда намозидан қанчасини эсида сақласа, шунчаси уники бўлишига ижмоъ қилишган», деган.

Баъзи мухлис кишилардан қуйидагилар ривоят қилинади: «Бир киши ўғлига: «Масжиддан Шом намозини ўқиган намозхонларни бошлаб келгин, уларга эҳсонимиз бор», дебди. Ўғил намоздан кейин масжид дарвозасида чиқаётганлардан имом Фотиҳадан кейин қайси сурани ўқиганини сўраб, тўғри айтганларни бошлаб келибди. Отаси: «Меҳмонлар бунча оз?» деган экан, «Ўзингиз «Шом намозини ўқиганларни бошлаб кел», деган эдингиз, менимча фақат шулар ўқишди», дебди».

Албатта, бу ўлчовлар тақво юзасидан бўлган ўлчовлардир. Аммо фатво юзасидан бошлаш такбирини айтганда қалби ҳозир бўлиб намоз ўқиган кишининг фарзи адо бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қалб ҳозирлиги намознинг руҳидир. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077 

Топ рейтинг www.uz Openstat