Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Хуфтон номози

00:00 / 08.11.2010 | eski savollar | 35190
Ассалому алайкум шайх жаноблари.Мен бомдонди ўқиганимдан сўнги қолган номозларимни пешин, аср, шом айрим пайтда хуфтонни иш хонамда ўқийман саволим шуки ишим купайиб кетган вактдан шом номозини ўқиб бўлганимдан сўнг хуфтонни вақти ўтиб кетса уйга бориб уқийман деб ахд қиламан. Кўпинча иш хонага хуфтонни ўқигим келмай уйга бориб ўқишни яхши кўраман. Мисол учун хуфтон 18:50да ўқилаётган бўлса уйга 22:00да ёки ундан хам эртароқ вақтга бориб ўқийман. Шу намозлар қазо бўлмайдими Саволлар билан бошингизни оғритганим учун узр сўрайман.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Бизда кишилар тартибли равишда таҳлим олмаганлари учун сиз берган саволга ўхшаш саволни кўп беришади. Кўпчиликнинг онгида тақвимда кўрсатилган вақтнинг айни ўзида намоз ўқиш керак. Ундан ўтиб кетса бўлмайди, деган фикр ўрнашиб қолган. Аслида тақвимда масжидда намоз ўқиш учун белгиланган вақт кўрсатилган бўлади. Яҳни, масжид жамоасига тавсия қилинган вақтда. Аслида ўша тақвимда кўрсатилган вақтда олдин намоз ўқиса бўладигани ҳам бор, кейин ўқиса бўладигани хам бор. Ҳар бир намозни кириш ва чиқиш вақти бор. Ўшани билиб олиб иккисини орасида ўқиса бўлаверади. НАМОЗНИНГ ВАҚТЛАРИБунда қайси намозни қай вақтда ўқилади. Беш вақт фарз намозларнинг ҳар бирининг аввалги ва охирги вақтлари. Қай вақтда намоз ўқимоқ жоиз эмас, қай вақтда макруҳ бўлади каби масалалар муолажа қилинади.Бомдоднинг вақти уфқда кўндаланг бўлган фажрдан бошлаб то қуёш чиққунчадир. Пешиннинг вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча. Завол пайтидаги соядан бошқа. Бир ривоятда бир баробар дейилган. Асрнинг вақти ўшандан қуёш ботгунча. Шомники ундан то шафақ ғойиб бўлгунча. У қизғишликдир ва бунга фатво берилгандир. Хуфтон ва ундан кейин Витр мазкур вақтдан то фажргачадир. Иккисига бир хил. Фажрни оқарганда бошлаш мустаҳабдир. Токи қирқ оятни тартил қилишга ва таҳорати йўқлиги зоҳир бўлиб қолса яна қайтаришга имкон бўлсин.Ёзда Пешинни кечга суриш мустаҳабдир. Асрни ҳам модомики, қуёш ўзгармаса. Шунингдек, Хуфтонни кечанинг учдан биригача ва уйғонишга ишончлилар учун Витрни охиригача.Қишда Пешин ва Шомни эрта ўқилади. Булутли кунда Аср ва Хуфтонни эрта ўқилади. Иккисидан бошқани кеч ўқилади.Қуёш чиқаётганда, қиёмда турганда ва ботаётганда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш ва жаноза намози ўқиш жоиз эмас. Илло ўша куннинг Асри бундан мустасно. Мазкурлар имом хутбага чиққанда макруҳдир.Субҳдан кейин унинг суннатидан бошқа нафл макруҳдир. Шунингдек, Асрни адо қилинганидан кейин то қуёш ботгунча.Ким намознинг охирги вақтида аҳли фарз бўлиб қолса, фақат ўша намозни қазо қилади. Охирги вақтда ҳайз кўрган қазо қилмайди. Мухтасарда келган матннинг таржимаси билан танишиб олганимиздан кейин унинг шарҳини ва ҳар бир ҳукм қайси шаръий далилдан олинганини ўрганиб чиқайлик.1. Бомдоднинг вақти уфқда кўндаланг бўлган фажрдан бошлаб то қуёш чиққунчадир.Тонг отиб янги кун бошланиши билан биринчи фарз бўладиган намоз Бомдод бўлгани учун айни шу намознинг вақтини баён қилишдан бошланди. Бу жумладаги «уфқда кўндаланг бўлган фажр»дан мурод субҳи содиқдир. Бундан олдин узунасига, бўрининг думига ўхшаб отадиган субҳи козиб эмаслиги шундан билиб оламиз. Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарликларингиздан Билолнинг азони ҳам, уфқда бундоқ бўлиб кўтарилган оқлик ҳам сизни алдаб қўймасин. Токи, мана бундоқ бўлиб ёйилгунча (бўлаверади)», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.Термизийнинг лафзида: «Саҳарликларингиздан сизни Билолнинг азони ҳам, баландга кўтарилган фажр ҳам манъ қилмасин. Лекин уфқга ёйилган фажр бўлса (бўлади)», дейилган.Тонг отиш пайти икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда ёруғлик пастдан юқорига кўтарилади, буни субҳи козиб ёки фажри козиб дейилади. Яъни, ёлғончи тонг дегани. Ушбу ҳадиси шариф ҳукмига кўра ўша субҳи козиб вақтида саҳарлик вақти тугамаган бўлади. Иккинчи босқич эса, ёруғликнинг уфқ бўйлаб кўндаланига тарқалиши билан бўлади. Буни субҳи содиқ ёки фажри содиқ, яъни, рост тонг, дейилади. Ана шунда оғизни беркитиш вақти кирган бўлади. Ундан кейин саҳарлик қилиш мумкин эмас. балки Бомдод намозининг вақти кирган бўлади.Бомдод намозининг охирги вақти қочонлигига далил.Аллоҳ таоло «Тоҳо» сурасида:«Роббингга қуёш чиқишидан олдин тасбиҳ ва ҳамд айт», деган (130-оят).Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас у зот: «Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча…», дедилар.Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.2. Пешиннинг вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча. Завол пайтидаги соядан бошқа. Бир ривоятда бир баробар дейилган.Пешиннинг аввалги вақтини белгилашда уламолар ушбу оятдан далил олганлар:«Қуёш оғишидан то кун қоронғусигача намозни тўкис адо қил» (Исро, 78-оят). Кўпчилик тафсирчи уламоларимиз, ушбу ояти каримадаги «Қуёш оғиши» - заволга кетишини билдиради ва бу билан пешин намози вақти киради, деганлар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас у зот: «Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча, Пешин намозининг вақти қуёш осмон қорнидан заволга кетгандан …», дедилар.Заволни билиш учун текис жойдаги бирор нарсанинг соясига назар солиш керак. Агар соя қисқариб борса заволдан олдинги вақт бўлади. Агар соя тўхтаб турса қиём вақти бўлади. Агар соя узая бошласа завол вақти бўлади.Пешиннинг охирги вақтини белгилашда уламоларимиз икки хил ижтиҳод қилганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи «Завол пайтидаги сояни ҳисобга олмай ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча», деганлар. Имом Абу Юсуф, Муҳаммад ва Зуфар раҳматуллоҳи алайҳимлар «Завол пайтидаги сояни ҳисобга олмай ҳар бир нарсанинг сояси ўзига бир баробар бўлгунча», деганлар.Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг далили имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. қуйидаги ҳадисдир:Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совутиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.Жумҳурнинг далили қуйидаги ҳадис. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жиброил алайҳиссалом менга байтнинг (Байтуллоҳнинг) олдида икки марта имомлик қилди. Бас, улардан биринчисида Пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганда ўқиди. Сўнгра Асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда ўқиди. Сўнгра Шомни қуёш ботиб, рўзадор ифтор қиладиган пайтда ўқиди. Сўнгра Хуфтонни шафақ ғойиб бўлганда ўқиди. Сўнгра Бомдодни фажр ярақлаб рўзадорга таом ҳаром бўладиган вақтда ўқиди. Иккинчи мартада Пешинни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда, кечаги Аср вақтида ўқиди. Сўнгра Асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлганда ўқиди. Сўнгра Шомни биринчи ўқиган вақтида ўқиди. Сўнгра Хуфтонни кечанинг учдан бири кетганда ўқиди. Сўнгра Бомдодни ер ёришиб кўринганда ўқиди. Сўнгра Жиброил менга ўгрилиб қаради-да: «Эй Муҳаммад, манашу, сендан олдинги анбиёларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг ўртасидир», деди», дедилар». Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилишган.3. Асрнинг вақти ўшандан қуёш ботгунча. Аср намози вақтининг кириши ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгандан то қуёш ботгунча.Бу ҳукмнинг далили ҳам Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга намоз ўқиб ўргатканликлари ҳақидаги ҳадис.4. Шомники ундан то шафақ ғойиб бўлгунча. У қизғишликдир ва бунга фатво берилгандир. Имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:«Модомики шафақ ғойиб бўлмаса, Шомнинг вақти бор», деганлар.Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга намознинг вақтларини кўрсатганлиги ҳақидаги ҳадисда «Сўнгра Шомни қуёш ботиб, рўзадор ифтор қиладиган пайтда ўқиди. Сўнгра Хуфтонни шафақ ғойиб бўлганда ўқиди», дейилган. Демак, Шом намозининг вақти ушбу икки вақт орасида бўлади.Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам «Шом намозининг вақти қуёш ғойиб бўлгандан шафақ тушгунча», деганлар. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.5. Хуфтон ва ундан кейин Витр мазкур вақтдан то фажргачадир. Иккисига бир хил.Мазкур вақтдан Шом намозининг вақти тугагандан кейиндан бошлаб деганидир.Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга намознинг вақтларини кўрсатганлиги ҳақидаги ҳадисда «Сўнгра Хуфтонни шафақ ғойиб бўлганда ўқиди», дейилган. Бунда Хуфтоннинг аввалги вақтида ўқилгани ҳақида сўз бормоқда. Охирги вақти эса Бомдоднинг вақти киргунча давом этаверади. Бунда Хуфтон билан бирга Витр намозининг вақти бир хил.Фажрни оқарганда бошлаш мустаҳабдир. Токи қирқ оятни тартил қилишга ва таҳорати йўқлиги зоҳир бўлиб қолса, яна қайтаришга имкон бўлсин.Яъни, Бомдод намозини ўқишни тонг оқариб қолганда бошлаш мустаҳабдир. Бу вақтни шундай тартибга солиш керакки, намозни ният қилиб зам сурага қирқ оятни шошилмай тартил билан ўқиб бўлгандан кейин ҳам таҳоратсиз одам таҳорат қилиб келиб намозни янгитдан бошлаб яна қирқ оятни тартил қилиб намозини тугатгунча қуёш чиқмайдиган бўлиши лозим.Имом Насаий Рофеъ ибн Хадийж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:«Бомдодни тонг оқарганда ўқинглар», деганлар.Маҳмуд ибн Лубайд ўзининг қавмидан бўлган ансорийлардан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:«Модомики, Бомдодни тонг оқарганда ўқисангиз, унинг ажри улуғдир», деганлар. Ёзда Пешинни кечга суриш мустаҳабдир. Асрни ҳам модомики, қуёш ўзгармаса. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совутиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир. Дўзах ўз Роббисига шикоят қилиб: «Эй Роббим, менинг баъзим баъзимни еб юборди», деди. Бас унга икки нафасга изн берди. Қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга. Сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана ўшандандир», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.Шунингдек, Хуфтонни кечанинг учдан биригача ва уйғонишга ишончи борлар учун Витрни охиригача.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтон намозини кечанинг яримигача суриб туриб ўқидилар. Сўнгра: «Батаҳқиқ, одамлар намозни ўқиб ухладилар. Аммо, сизлар, модомики намозга интизор бўлиб турдингизми, намоздадирсизлар», дедилар».Бошқа ривоятда: «Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, шундоқ қилиб ўқишларига амр қилган бўлар эдим», дедилар». Учовлари ривоят қилишган.Термизий ривоятида: «Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларга Хуфтонни кечанинг учдан биригача ёки яримигача орқага суришни амр қилган бўлар эдим», деганлар».Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, унинг аввалида Витр ўқисин. Ким унинг охирида туришдан умидвор бўлса, Витрни кечанинг охирида ўқисин. Албатта, тунги намоз шоҳид бўлингандир. Ўша афзалдир», дедилар».Муслим ва Термизий ривоят қилган.Қишда Пешин ва Шомни эрта ўқиш мустаҳабдир. Имом Насаий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам иссиқда намозни совутиб ўқир ва совуқда тезлатиб ўқир эдилар», дейилган.Шом намозини вақти кириши билан тезда ўқиш суннатдир. Имом Абу Довуд ва ал-Ҳокимлар Марсад ибн Абдуллоҳдан ривоят қиладилар:«Абу Айюб ҳузуримизга ғозий бўлган ҳолда келди. Ўша кунларда Уқба ибн Омир Мисрга бошлиқ эди. У Шомни кеч ўқиди. Абу Айюб унинг олдига бориб:«Бу қандоқ намоз, эй Уқба?!» деди.«Машғул бўлиб қолдик», деди у.«Аммо мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг, модомики менинг умматим Шомни юлдузлар аралашадиган бўлгунча кечга сурмас экан яхшиликда бардавом бўлади» деганларини эшитганман», деди».Булутли кунда Аср ва Хуфтонни эрта ўқилади. Асрни кеч ўқилса булут сабабидан макруҳ вақтга кириб қолиш хавфи бор. Хуфтонни кечга сурилса, ҳаво ёғишидан хавфсираб жамоатга одам оз келади. Иккисидан бошқани кеч ўқилади.Булутли кунда Бомдод, Пешин ва Шомни кеч ўқилади. Бомдодни эрта ўқилса зулмат сабабидан жамоат алданиб кўпи келмай қолиши эҳтимол.Пешин ва Шомни булутли кунда эрта ўқиса, вақтидан олдин бўлиб қолиши хавфи бор.Қуёш чиқаётганда, қиёмда турганда ва ботаётганда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш ва жаноза намози ўқиш жоиз эмас. Бу ҳукмнинг далили қуйидагича.Имом Насаий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:«Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам бизларни уч соатда намоз ўқишдан ва ўлганларимизни қабрга қўйишдан наҳий қилар эдилар; Қуёш чиқаётганда ҳатто кўтарилиб бўлгунча. Қиёмдаги иссиқ вақтда ва қуёш ботишга йўлланиб то ботиб бўлгунча». Илло ўша куннинг Асри бундан мустасно.Уни қуёш ботаётганда ҳам ўқиса бўлади. Кечга қолдириши гуноҳ, аммо намози намоз бўлаверади.Аммо бир одам Бомдод намозига кеч қолса, қуёш чиқмай туриб бир ракъатини ўқиса, сўнгра қуёш чиқиб қолса, намози бузилади.Шунингдек, бир киши кеч қолиб Асрнинг бир ракъатини ўқигандан кейин қуёш ботиб қолса намози ботил бўлмайди. У ўз намозини давом этдириб ўқийверади. Намоз тугал бўлади. Мазкурлар имом хутбага чиққанда макруҳдир.Яъни, намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш ва жаноза ўқиш имом жума, ийд, ҳаж, кусуф ва хусуф намозлари хутбасига чиққанида макруҳ.Чунки, бу пайтларда мазкур нарсалар билан машғул бўлиш хутбани эшитишга халал беради. Ундан юз ўгиришга ўхшаб қолади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума куни имом хутба қилаётганида қачон ўз шеригингга, «жим тур!» десанг, батаҳқиқ, беҳуда иш қилган бўласан», дедилар».Бешовлари ривоят қилган.Мана шу ҳадис Ҳанафийларнинг имом хутба қилгани минбарга чиққандан кейин намоз ўқиш ҳаром деган қавлларига энг кучли далиллардан биридир. Бировга, жим тур, дейиш амри маъруф. Амри маъруф фарз. Фарз амални қилиб бўлмаганидан кейин суннат ўқиш жоиз бўлмаслиги турган гап.Баъзилар қуйидаги ривоятни далил қилиб имом хутба қилиб турган бўлса ҳам таҳийёти масжид намозини ўқиб олиш зарур деган тушунчага борадилар.Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сулайк ал-Ғатафоний Жума куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида келиб ўтирди. Бас, У зот: «Эй Сулайк, туриб икки ракъат намоз ўқиб ол. Уларни енгил қил», дедилар. Сўнгра эса: «Қачон бирортангиз Жума куни имом хутба қилиб турганда келса, икки ракъат намоз ўқиб олсин ва уларни енгил қилсин», дедилар».Бешовлари ривоят қилган.Бу ривоятни уламолар икки хил таъвил қилишган. Баъзилари, бу намоз Жуманинг фарзидан олдинги суннат, десалар, бошқалари бу намоз таҳийёти масжид намозидир, деганлар.Шу билан бирга, айтиб ўтиш лозим нарсалар ҳам бор. Ҳанафий мазҳабида имом минбарга чиққанидан кейин намоз ўқиш ҳаром. У хутбани бошлаганда эса, саломга алик олиш, акса урганга яхши тилак айтиш, Қуръон ўқиш ва шунга ўхшаган нарсалар ҳам мутлақо мумкин бўлмайди.Ҳанафийлар бу ҳадисни Пайғамбар алайҳиссалом ҳалиги одамни намоз ўқишга амр қилиб, ўзлари хутбадан тўхтаб турганлари билан изоҳлайдилар.Дора Қутний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида бир киши масжидга кириб келди. Бас, у зот:«Эй Фалончи, намоз ўқидингми?» дедилар.«Йўқ», деди.«Тур! Икки ракъат намоз ўқиб ол!» дедилар ва у намоз ўқиб бўлгунча интизор бўлиб турдилар».Бошқа бир ривоятда:«То у намозини ўқиб бўлгунча хутбани тўхтатиб турдилар», дейилган.Субҳдан кейин унинг суннатидан бошқа нафл макруҳдир. Шунингдек, Асрни адо қилинганидан кейин то қуёш ботгунча.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши: «Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир. «Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва Асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар». Бешовлари ривоят қилишган.Бу икки вақтда нафл намоз ўқиш макруҳдир. Тиловат саждаси, жаноза намози ва қазо намоз ўқиса жоиз.Уламоларимиз мазкур далиллар ва улардан бошқа ҳужжатлару қоидаларни ишга солиб намоз ўқиш ҳаром ёки макруҳ бўлган вақтларни тартибли равишда баён қилиб берганлар.Ҳанафий мазҳаби бўйича қуйидаги вақтларда барча намозларни ўқиш ҳаромдир;1. Қуёш чиқаётган пайтда.2. Қуёш қиёмга келган вақтда. (Жума куни мустасно)3. Қуёш ботаётган пайтда. (Ўша куннинг Асри мутасно).Қуйидаги вақтларда нафл ўқиш ҳаром;4. Бомдод намози фарзини ўқигандан то қуёш найза бўйи кўтарилгунча.5. Аср намози фарзини ўқигандан то қуёш ботгунча.Ҳанафий мазҳаби бўйича қуйидаги вақтларда ҳам нафл намозлари ўқиш макруҳдир;6. Тонг отгандан сўнг Бомдоднинг суннатидан бошқа намозларни ўқиш. Бунинг далили «Фажрдан кейин Бомдоднинг икки ракъат суннатидан бошқа намоз йўқ» деган ҳадис. Табароний Ибн Умардан ривоят қилган.7. Шом намозидан олдин нафл ўқиш. Чунки Шом намозини тез ўқишга амрлар бор. Ундан олдин нафл ўқиш Шомни кечиктириш бўлади.8. Жума, ийд, ҳаж, никоҳ, кусуф ва истисқо хутбалари бўлиб турган вақтда. Бу вақт имом минбарга чиққандан то намозни ўқиб бўлгунча давом этади.9. Ийд намозидан олдин ва кейин.10. Фарз намозга иқома айтилганда. Фақат Бомдоднинг суннатини тезда, фарзга улгуриш шарти билан ўқиб олса рухсат. Ким намознинг охирги вақтида аҳли фарз бўлиб қолса, фақат ўша намозни қазо қилади. Бирорта шахс намоз вақтидан таҳримани айтгунчалик вақт қолганда балоғатга етди ёки мусулмон бўлди. Оз вақт бўлса ҳам унга намоз фарз бўлди. Бас, у ўша намозни қазосини ўқийди.Чунки олдинги вақтда адо қилинмаган нарса учун охирги вақт мўътабар бўлади. Ким охирги вақтда фарзни адо қилишга аҳл бўлса, унга ўша вақтнинг фарзини адо этиш вожиб бўлади. Мазкур охирги вақтда фарзни адо этишга аҳл бўлмаса, ундан мазкур фарз соқит бўлади.- Демак, сиз Бомдод вақти киргунча Хуфтонни ўқисангиз бўалверади.

Топ рейтинг www.uz Openstat