Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ғайридинларни байрами билан табриклаш жоизми?

00:00 / 13.01.2007 | eski savollar | 1491

Бисмиллаҳ! Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ Шайх ҳазратлари! Саволга берган жавобингизни ўқиб ҳайрон бўлдим. Чунки мен қуйидаги фикрни ўқиб, шундай эътиқод қилар эдим: Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ «Зиммийларнинг ҳукмлари» номли китобида шундай деган: «... Аммо кофирларни байрамлари билан табриклаш ва: «Байрамингиз муборак бÿлсин!» ёки «Байрамингизни яхши ÿтказинг!» ва шу каби тилаклар билдириш ҳаромдир. Буни айтган (мусулмон) куфрдан қутулса-да, ҳаромдан қутула олмайди. Ҳолбуки, бу – кофирнинг хоч (крест) га сиғинишини табриклаш, демакдир. Балки, бунинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги қабоҳати ароқ ичиш, одамни ноҳақ ÿлдириш ва зино каби гуноҳлардан кÿра ёмонроқдир. Бу ишларни динининг моҳиятини тушунмаган мусулмонлар қилмоқдалар ва бир бандани гуноҳ, бидъат ёки куфр билан табриклашнинг нақадар вакоҳат экинини билмаяптилар ва Аллоҳ таолонинг ғазаби ва интиқомига дуч келмоқдалар» (1/ 205, 206). Ибни Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг ушбу гапларини қандай тушунмоқ? Вассаламу алайкум!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Афсуски, кимлигингизни билмайман. Бу мен учун кўп нарсани қийинлаштиради. Агар ушбу ёзганларингизни билиб туриб яна ўткан саволни берган бўлсангиз фитна қилган бўласиз. Сизга ўхшаганларнинг фитнасидан паноҳ сўраш бизга лозим бўлади. Сизнинг ажабланишингиздан мен ажабланмадим. Чунки ўрта асрда юрган одамдан ажабланган одамдан ажабланиш керак бўлади. Сиз келтирган иқтибос ўз вақти учун тўғри бўлган. Ўша вақтда зиммийлар бўлган ва вазият шуни талаб қилган. У вақтларда сиз айтган одамдан бошқалар ҳам унинг гапларига ўхшаш гапни айтган. Айтмасалар ҳам бўлмас эди. Ҳозир зиммий бир дона ҳам қолмади, десак муболаға қилмаган бўламиз. Бошқа диндагилар кўп. Уларнинг ҳоли ўзгарди. Умуман, бошқа диндагиларга бизнинг муносабатимиз уларнинг бизга бўлган ҳолатига қараб бўлади. Агар улар бизга нисбатан уруш ҳолатида бўлиши ёки тинчлик ҳолатида бўлишига қараб бўлади. Аллоҳ таоло буни «Мумтаҳана сурасида Ўзи белгилаб берган: «Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир. Албатта Аллоҳ сизларни диний уруш қилганлар, диёрингиздан чиқарганлар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарур. Уларни дўст тутганлар, ана ўшалар, золимлардир». Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда. Аммо кимки мусулмонларга диний адоват туфайли уруш очса, уларни диёрларидан чиқарса ёки душманларига уларни диёрларидан чиқаришда ёрдам берса, албатта, ундай кишиларни дўст тутиб бўлмайди. Бу ҳам айни адолатдир. Бугунги кунда бошқа диндагилар билан тинч яшаш босқичидан ҳам ўтиб мулоқот ва ҳамкорлик қилишга ҳам ўтилди. Сиз «Зиммийларнинг ҳукмлари» номли китобидан иқтибос келтирган одамнинг издошлари эканини таъкидлашдан тинмайдиганларнинг вакиллари «Ватикан»га бориб мулоқот ўтказишганига анча бўлди. Бошқа диндагилар билан мулоқотда бўлиш маъносида сон-саноқсиз анжуманлар бўлиб ўтди ва ўтмоқда. Мусулмон давлатларнинг раҳбарлари ва кўзга кўринган арбоблари бошқа диндагиларни байрамлари билан табриклашлари одат тусига кириб қолди. Буларнинг ҳаммаси уламоларнинг фатволари ва қарорлари асосида бўлмоқда гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол ҳам келтирайлик. Қувайт давлатида «Шаръий фатволари ҳайъати» томонидан чоп этилган «Муғтариб ва мусофирларга фатволар» номли китобнинг 17–18 бетларида «Насороларни янги йил билан табриклаш» сарлавҳаси остида берилган саволга жавобда диний маъноларни ишга солмай уларни табриклаш мумкинлиги айтилган. Замонамизнинг кўзга кўринган олими, Дунё мусулмон уламолари бирлигининг раиси Шайх Юсуф Қаразовий ўзининг «Замонавий фатволар» номли китобининг учунчи жузъи 668–673 бетларида «Аҳли китобни байрамлари билан табриклаш» сарлавҳаси остида бу масалани батафсил баён қилган ва уларни байрамлари билан табриклаш мумкинлигини айтган. Шу билан бирга у киши ўтган олимларнинг сиз айтганга ўхшаган фатволари ўша вақт учун эканини таъкидлаган ва агар улар ҳозир тирик бўлганларида фатволарини ўзгартирган бўлар эдилар, деган. Албатта, бу табриклар улар билан мулоқот асосида бўлади. У уларнинг динига эътиқод қилиш ёки ибодатларини адо этиш маъносида эмас. Инсоний алоқа юзасидан ва улар ҳам бизни диний байрамларимиз ила табриклашаётгани учун бўлади. Сизни ажаблантирган жавоб ана шу асосда ва ўн бешинчи ҳижрий асрда яшаб турганлар учун берилган эди. Ўрта асрларда яшаганлар учун эмас.

Топ рейтинг www.uz Openstat