Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жумага чиқмайдиганлар ҳақида

22:03 / 02.08.2018 | Shahboz | 2225
Ассалому алайкум! Жума намози Барча мўмин мусулмон эркакларга фарз қилинганини биламиз. Лекин хозирги кунда жума намозига ва жума кунига бепарволик билан қараётган эркакларни хам кўряпмиз. Жума намозига бепарволик билан қараб ва жума намози вақтида телевизор кўриш ёки шунга ўхшаш ишлар билан мақбул бўлса ўша кишига зиёнлари хақида батафсил айтиб ўтсангиз. Жавоб учун олдиндан катта раҳмат!

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعَتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ عَلَى أَعْوَادِ مِنْبَرِهِ: لَيَنْتَهِيَنَّ أَقْوَامٌ عَنْ وَدْعِهِمُ الْجُمُعَاتِ، أَوْ لَيَخْتِمَنَّ اللهُ عَلَى قُلُوبِهِمْ، ثُمَّ لَيَكُونُنَّ مِنَ الْغَافِلِينَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари устида туриб:
«Ёки қавмлар Жумъаларни тарк қилишдан тўхтарлар ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босур ва сўнгра ғофиллардан бўлурлар», дедилар».
Муслим, Насаий ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида Жумъа намози ўқимаганларнинг қалбларига муҳр босилиб, ғофиллардан бўлиб қолишларини таъкидламоқдалар.
Демак, барчамиз Жумъа намозини вақтида адо этишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. 

عَنْ أَبِي الْجَعْدِ الضَّمْرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَرَكَ ثَلَاثَ جُمَعٍ تَهَاوُنًا بِهَا طَبَعَ اللهُ عَلَى قَلْبِهِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالْحاَكِمُ  

Абу Жаъд аз-Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким писанд қилмай, уч Жумъани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босгай», дедилар».
«Сунан» эгалари ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиснинг ровийси билан танишиб олайлик.
Бу саҳоба Абу Жаъд аз-Зомрий куняси билан машҳур бўлганлар. У кишининг асл исмлари Амр ибн Бакр эди. Бу зот Маккани фатҳ этиш ва Табук ғазотларида иштирок этдилар.
Жамал воқеасида эса Оиша розияллоҳу анҳо онамиз билан қатнашиб, мана шу урушда вафот этдилар.
Ҳадисларни Салмон Форсийдан ривоят қилдилар. Бу кишидан Убайда ибн Суфён ал-Ҳазрамий ва бошқалар ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда Жумъа намозига эътиборсизлик билан қараб бўлмаслиги ҳақида сўз бормоқда.
Эътиборсизлик ила уч Жумъа намозини узрсиз тарк қилган одамнинг қалбига Аллоҳ муҳр босиб, яхшилик кирмайдиган қилиб қўйиши ўша одамнинг ўзи учун, оиласи учун, жамияти учун катта бахтсизликдир. Чунки Аллоҳ муҳрлаб қўйган қалбдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Бундан ортиқ бахтсизлик бўлиши мумкин эмас.
Демак, Жумъа намози ўқийдиган намозхонлари кўп бўлган жамиятда яхшилик ҳам кўп бўлади. Аксинча, жамиятнинг бу намозни ўқимайдиганлари қанча кўпайса, ўша жамиятнинг ёмонлари ҳам, мусибатлари ва мушкулотлари ҳам шунчалик кўпайиб бораверади. Ичимизда Жумъага чиқмайдиганларимиз бор бўлганидан кейин жамиятимизнинг яхшиликка эриша олмаётганидан ажабланмасак ҳам бўлаверади. 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَرَكَ الْجُمُعَةَ مِنْ غَيْرِ ضَرُورَةٍ كُتُبَ مُنَافِقًا فِي كِتَابٍ لَا يُمْحَى وَلَا يُبَدَّلُ. رَوَاهُ الشَّافِعِيُّ. وَلِأَبِي دَاوُدَ وَالنَّسَائِيِّ: مَنْ تَرَكَ الْجُمُعَةَ بِغَيْرِ عُذْرٍ فَلْيَتَصَدَّقْ بِدِينَارٍ، فَإِنْ لَمْ يَجِدْ فَبِنِصْفِ دِينَارٍ 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир Жумъани заруратсиз тарк этса, ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган Китобга мунофиқ деб ёзилур», дедилар».
Шофеъий ривоят қилган.
Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятларида: 

«Ким бир Жумъани узрсиз тарк қилса, бир динор садақа қилсин. Агар топмаса, ярим динор», дедилар».
Шарҳ: 
Ҳар иккала ривоятда узрсиз бир Жумъа намозини тарк қилиш қанчалар катта гуноҳ эканлиги алоҳида таъкидланмоқда.
Бир одамнинг номи ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган Китобга мунофиқ деб ёзиб қўйилиши унинг абадий мунофиқ бўлиб қолиши ҳақидаги хабардир. Жумъа намозини узрсиз тарк қилган одам бу гуноҳни ювиш учун топса, бир, топмаса, ярим динор садақа қилиши ҳам бу қанчалар оғир гуноҳ эканлигини кўрсатиб турибди. Зеро, оғир гуноҳларгагина садақа ила каффорот берилади. Қолаверса, динор тилло пул бўлиб, ўша вақтда катта маблағ ҳисобланган. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat