Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мўмин билан мусулмоннинг фарқи

14:37 / 11.11.2018 | Boburxo'ja | 8380
Ассалому алайкум! Мўмин билан мусулмон одамнинг фарқи бўлар экан. Фарқи нимада? Аллоҳ рози бўлсин?

"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Мўмин деб, ҳақиқий иймон келтирган кишига айтилади. Ундай инсонни мусулмонлиги мукаммал бўлиши ҳам мумкин. Баъзилар эса зоҳирий томондан ҳамма ибодатларини мукаммал қилади-ю, иймони саҳиҳ бўлмаслиги мумкин. Худди шулар ҳақида “Ҳужурот” сурасида қуйидаги келган: 

 قَالَتِ الْأَعْرَابُ آمَنَّا قُل لَّمْ تُؤْمِنُوا وَلَكِن قُولُوا أَسْلَمْنَا وَلَمَّا يَدْخُلِ الْإِيمَانُ فِي قُلُوبِكُمْ وَإِن تُطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ لَا يَلِتْكُم مِّنْ أَعْمَالِكُمْ شَيْئًا إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ۝ 

14. Аъробийлар: «Иймон келтирдик», – дейишди. Сен: «Иймон келтирганингиз йўқ, лекин «Бўйсундик», – денглар, ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ. Агар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилсангиз, У Зот амалларингиздан ҳеч нарса камайтирмас. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», – деб айт.
Ушбу оятда Ислом жамоаси ҳаётида бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида сўз кетмоқда. Бир куни аъробийлар – саҳро араблари Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, «Иймон келтирдик», – деб миннат қилишган.
«Аъробийлар: «Иймон келтирдик», – дейишди».
Аслида эса улар янги мусулмонлар бўлиб, ҳали ҳақиқий иймон қалбларидан жой олмаган эди. Аллоҳ таоло уларга ҳақиқий иймон ҳақида таълим беришни ирода қилиб, ушбу оятни нозил қилди. Бу оятда Набий алайҳиссаломга хитоб қилиниб, у киши орқали аъробийларга таълим берилади:
«Сен: «Иймон келтирганингиз йўқ, лекин «Бўйсундик», – денг¬лар, ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ…»
Яъни «Эй Муҳаммад, сен «Иймон келтирдик», деб миннат қилаётган ўша аъробийларга: «Сизлар ҳали ҳақиқий иймонга эришганингиз йўқ, сизлар «Асламнаа» – «Бўйсундик», яъни «Исломга кирдик», денглар», – деб айт.
Ушбу оятнинг маъноси ҳақида, шу мазмундаги оят ва ҳадисларнинг маъноси ҳақида уламолар жуда кўп тортишганлар, турли фикрларни айтганлар.
Гапнинг хулосаси шуки, мукаммал Ислом билан мукаммал иймоннинг фарқи йўқ, иккиси бир нарса. Чунки комил иймон ўз ичига қалбнинг тасдиғини ҳам, аъзоларнинг амалини ҳам олади. Шунингдек, комил Исломда қалбни Аллоҳга таслим қилиш ҳамда бутун аъзоларни амал билан таслим қилиш бор.
Аммо иймондан фақат қалбга тааллуқли нарса, Исломдан фақат аъзолар амалига тегишли нарса кўзда тутилса, унда бу икки ибора икки хил маънони ифода қилади.
Жаброил алайҳиссалом келиб, Набий алайҳиссаломга саволлар берган ҳадисда худди шу ҳол очиқ-ойдин кўринган.
Ул зот Муҳаммад алайҳиссаломга:
– Менга Исломдан хабар бер, – дедилар. Набий алайҳиссалом:
– Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиришинг, намоз ўқишинг, закот беришинг, Рамазон рўзасини тутишинг ва қодир бўлсанг, ҳаж қилишинг, – дедилар. Жаброил алайҳиссалом:
– Менга иймондан хабар бер, – дедилар. Набий алайҳиссалом:
– Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, яхшию ёмон қадарга ишонишинг, – дедилар.
Аллоҳ таолонинг «…ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ», дейишидан маълум бўладики, инсон қалбига иймон кириши учун амал лозим экан. Яъни зикр, Қуръон қироати, намоз, рўза, ҳаж, закот ва бошқа амалларни адо этмоғи керак. Шунда қалбидаги иймони мустаҳкамланиб боради. Шунинг учун ҳам оятда уларнинг қалбига иймон киргани ҳақидаги хабардан кейин Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишга тарғиб қилинаётир. Шундай қилсаларгина, охиратда бериладиган ажрда ҳеч нуқсон бўлмаслиги таъкидланаётир:
«Агар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилсангиз, У Зот амалларингиздан ҳеч нарса камайтирмас».
Агар аввал қилган баъзи гуноҳларингиз бўлса, кечирилур. Зотан,
«Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир...»
Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли Зотдир.
Аллоҳ таоло бу оятда иймонни даъво қилаётган аъробийларни рад қилди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat