Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Марғилон ҳақида ҳадис борми?

17:25 / 10.02.2019 | Асадуллох | 2234
Ассалому алайкум! Устозлар, мен Марғилон шахрида яшайман. Мени ёшлигимдан шу гапни айтиб келишган, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни "Марғилон менинг бохчам" деган ҳадис бор деб айтишади ва менинг бир дўстим хам шу хадис бор ростан хам бор ман буни масжид домласидан эшитганман деди. Мени фикиримча бу нарса нотўғри, чунки Пайғамбаримиз даврларида Марғилон бўлмаганку? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Бу ёлғон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўқимадир. Буни асло айтмаслик керак. 

قَالَ أَنَسٌ رَضِي اللهُ عَنْهُ : إِنَّهُ لَيَمْنَعُنِي أَنْ أُحَدِّثَكُمْ حَدِيثًا كَثِيرًا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَعَمَّدَ عَلَيَّ كَذِبًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ
وَلِمُسْلِمٍ: إِنَّ كَذِبًا عَلَيَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ فَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ
 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деганларидир», деди».
Тўртовлари ривоят ривоят қилганлар.
Муслимнинг ривоятида:
«Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг илмий одобга қанчалар риоя қилишлари кўриниб турибди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ўн йил бардавом турган зот бўлиб, саҳобаи киромлар ичида энг кўп ҳадис билгувчилардан эдилар. Зеҳнлари ўткир, муҳофазалари кучли бўлганига қарамай, Пайғамбаримиз айтмаган бирор оғиз сўзни айтиб қўйиб, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деган ҳадисларида зикри келган тахтга дохил бўлиб қолишдан ҳайиқиб турганлар.
Ислом дини ёлғонни мутлақо ҳаром қилган. Ёлғончи Ислом назарида Аллоҳнинг душмани, иймонсиз ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Албатта, ёлғонни Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганлар тўқийдилар», деб марҳамат қилган. Шундай бўлганидан кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш мислсиз улкан гуноҳ саналади.
Шунинг учун ҳам уламолар жумҳури «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқишни ҳалол санаган одам кофир бўлади», деганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш Аллоҳ таолога ва Ислом динига нисбатан ёлғон тўқишдир.
Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бўйича аниқ билимга эга бўлгандан сўнггина гапириш лозим. Гумон ва тахмин билан гапириш мутлақо мумкин эмас. Мусулмон одам гумон ва ишончсиз нарсаларни гапирмагани маъқул. Ҳар бир нарсага тўла ишонч ҳосил қилгандан сўнггина гапирмоқ лозим. Айниқса, дину диёнатга, иймон-эътиқодга, ҳалол-ҳаромга, шариат аҳкомларига ва оят-ҳадисга тегишли мавзуда сўз юритганда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу барчамизга ўрнак бўлишлари лозим. Ҳар бир гапни гапиришдан олдин агар шу гапим ёлғон бўлса, дўзахдаги ўрнимни олишим керак бўлади-ку, деган тушунча фикримиздан ўтиб туриши керак. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat