Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

ИХЛОС

00:00 / 06.04.2011 | eski savollar | 2045
ҳазрат, саволим ихлос ҳақида. "Ихлоски - яҳши амал қилсанг одамлар бу амал билан сени улуг' тутишларини ҳоҳламасанг, ва Оллоҳ таолодан бу амалинг миқдорича савоб тиламасанг.""Ихлоски - ихлосни ко'ришдан жудо бо'лишдир, кимки ихлосида ихлосни ко'рса ихлоси ихлосга муҳтож бо'либдир."бу каби улуг'ларни гапларини аввалдан о'қиб амал қилишга ҳаракат қилардим,Чин ихлосли бо'лиш қийин экан..қандей қилсам ҳақиқий ихлосга эришаман...? олдиндан раҳмат, Оллоҳ рози бо'лсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

ИХЛОС«Ихлос» луғатда «тозалаш» ва «тўғрилаш» маъносини англатади. «Холис бўлди» дегани «мусаффо бўлди» маъносига тўғри келади. Бу икки маъно орасидаги фарқ шуки, олдин бирор нарса аралашган бўлиб кейин тозалангани «холис» дейилади, мусаффо нарса олдиндан тоза бўлиши ҳам мумкин. Уламолар ихлоснинг таърифида бир-бирини тўлдирувчи жумлаларни айтганлар.Кафавий: «Ихлос ибодатга сазовор Зотнинг ёлғиз ўзини ибодат ила қасд қилишдир. Дил, тил ва амалнинг мусаффо бўлиши, дейилгани ҳам бор», деган (Куллиёт, 64-бет).Муновий:«Ихлос қалбни унинг мусаффолигини кир қилувчи ҳар бир нарсадан халос қилишдир. Ҳар бир нарса ўзини кирлантирадиган нарсадан мусаффо ва халос бўлса, «холис» дейилади. Ихлос халос бўлишга ёрдам берадиган амалдир, деганлар ҳам бор», деган («Ат-Тавқийф алаа муҳиммотит-таъорийф», 42-бет).Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида:«Бас, сен Аллоҳга Унга дийнни холис қилган ҳолингда ибодат эт. Огоҳ бўлингким, холис дийн Аллоҳникидир!» деган (2-, 3-оятлар).Аллоҳнинг дийнига ихлос қилиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзини кўзлаб, розилигини ўйлаб иш қилишдан иборатдир. Ихлос ибодатнинг мағзидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳ таборака ва таоло айтади: Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Менга бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман», – дедилар».Муслим ривоят қилган.Демак, Исломда ихлосли бўлиш катта ўрин тутади. Аллоҳга ибодат қилган одам фақат ихлос билан ибодат қилиши керак. Аллоҳ таолони кўриб тургандек ҳис билан, сезги билан яшаб, ўша ҳолатда туриб, амалларни адо этиши керак. Яратган Зотнинг талаби–шу!Дунёда ихлос қилиш лозим бўлган дийн Аллоҳ таолонинг дийнидир. Дунёда ихлос қилиш лозим бўлган шариат Аллоҳ таолонинг шариатидир. Холис дийн тавҳид дийнидир. Аллоҳнинг дийни Исломдир.Аллоҳ таоло «Соффаат» сурасида:«Албатта, сиз аламли азобни тотгувчидирсиз.Қилиб ўтган нарсангиздан бошқа нарсанинг жазосини олмассиз.Магар Аллоҳнинг ихлосли бандаларига...Ана ўшаларга, ўзларига маълум ризқ бордир.Мева-чевалар бордир. Улар икром қилинган ҳолларида...Наъийм жаннатларида...» деган (38–43-оятлар).Кофирлар гуноҳлари учун жазо ўлароқ жаҳаннам азобига учрасалар, мўминлар тамоман бошқача ҳолатда бўлади. Ихлосли мўмин бандалар учун ўзларига хос маълум ризқ бор. Бу ризқ турли-туман мева-чевалардан иборат. У мева-чевалар уларга кўринган жойда берилмайди. Балки улар иззат-икром этилган ҳолда, наъийм (нозу неъмат) жаннатларида тақдим этилади. Мухлис–мўмин бандалар ўша нозу неъмат жаннатларида ясатилган, устига ва атрофига гўзал пардалар тутилган сўриларда, бир-бирларига қараб, ҳузурланган ҳолларида бўладилар.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадилар: «Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд этса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд этса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади», – дедилар».Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.Ушбу ҳадисда Ислом шариатининг гўзаллиги, қанчалик даражада яхшилик тарафдори эканию, ёмонликка қанчалик қарши экани баён қилинмоқда. Қилинган амалга бериладиган ажру савоб банданинг ихлосига қараб бўлиши айтилмоқда. Чунки, бир хил ният билан бир хил амални бажарган кишиларнинг бирига ўн ҳисса, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб берилиши, албатта, аввало ихлосга қараб бўлади.Ҳа, ихлос ана шундай нарса. Ихлос билан қилинган ибодатнинг савоби ана шундай кўп бўлади. Ихлос самараси ўлароқ, банда ўз Роббига қилган ибодатнинг лаззатини топади, ичи мусаффо бўлади, қалби нурга тўлади ва амалига қўшимча савоб олади. Ихлосли банда ваъз-насийҳат ва ибратлардан ўзига тезда фойда олади. Ихлос Аллоҳ таоло тамонидан бандага бериладиган улкан мукофот ва неъматдир. Ҳадиси қудсийда: «Ихлос Менинг сирларимдан бир сирдир. Уни бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, ўшанинг қалбига жойлаганман», дейилган.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўладиган ким?» – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингни билганимдан, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса, «Лаа илааҳа Иллаллоҳу»ни чин қалбдан (ёки нафсидан) ихлос билан айтган одамдир», – дедилар».Бухорий ривоят қилган.Бу ерда ҳам ихлосга алоҳида эътибор берилмоқда. «Ихлос»ни Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш, деб билган эдик. Демак, калимаи тавҳидни Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, чин қалбдан айтмоқ қиёмат куни Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан энг кўп баҳраманд бўлишга олиб келар экан.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон маййитга намоз ўқисангиз, унга дуони ихлос ила қилингиз», – дедилар». Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.Мусъаб ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят: «Отам ўзини ундан паст одамдан фазли бор деб билар эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Заифларингиз сабабидангина нусратланурсизлар ва ризқланурсизлар», – дедилар».Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.Насаийнинг лафзида: «Албатта, Аллоҳ ушбу умматга заифлари сабабидан нусрат берур. Уларнинг дуолари, намозлари ва ихлослари сабабидан», – дедилар», дейилган.Абдуллоҳ ибн Муовия ал-Ғозирий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, ким уларни қилса, иймон таъмини тотган бўлади: ким Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилса ва, албатта, «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», деса, молининг закотини ихлос ва чин қалбдан ҳар йили ёрдам ўлароқ берса. Қарисини, ифлосини, касалини, сутсизини бермаса. Лекин молингизнинг ўртачасидан бўлса. Албатта, Аллоҳ сиздан яхшисини сўрагани йўқ, ёмонига амр қилгани ҳам йўқ», – дедилар».Абу Довуд ва Тобароний ривоят қилишган.Макҳул раҳматуллоҳи алайҳи:«Банда қирқ кун ихлос қилса, албатта, унинг қалбидан ва тилидан ҳикмат булоқлари отилиб чиқади», деган.Абу Сулаймон Дороний:«Қачон банда ихлос қилса, ундан васвасанинг кўплиги ва риё кесилади», деган.Юсуф ибн Ҳусайн:«Дунёдаги энг азиз нарса ихлосдир. Қалбимдан риёни чиқариш учун қанчалар уринмайин, у яна янги ранг ила ўсиб чиқаверади», деган.Жунайд раҳматуллоҳи алайҳи:«Ихлос Аллоҳ таоло билан банда орасидаги сирдир. Уни ёзиб қўяй деса, фаришта ҳам, васваса қилай деса, шайтон ҳам ва мойил қилай деса, ҳаво ҳам билмайди», деган.Ибн Қайюм раҳматуллоҳи алайҳи:«Ихлос ва иқтидосиз амал худди қопини қумга тўлдириб олиб кетаётган ва фойда олмаётган мусофирга ўхшайди», деган.Сусий раҳматуллоҳи алайҳи айтади:«Ихлос ихлоснинг кўринишини йўқотишдир. Ким ўз ихлосида ихлосни кўрса, ихлоси ихлосга муҳтож бўлади».Яъни, банда ўз ихлоси ила ажабланмаслиги керак. Чунки, «холис» дегани барча офатлардан мусаффо бўлгандир. Бу эса, битта офатга – ихлоси ила мақтанишга мубтало бўлди.Саҳл раҳматуллоҳи алайҳи айтади:«Ихлос банданинг ҳаракати ва саканоти Аллоҳ таолога хос бўлишидир».ИХЛОСНИНГ ҲАҚИЙҚАТИИхлоснинг ҳақийқати Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсадан халос бўлмоқ – қутулмоқдир.Ихлос амални, гап-сўзни ва ибодатни уларга хиралик етказадиган риё, алдамчилик, ёлғон каби нарсалардан тозалашдир. Амалдаги ихлос унга ҳақ сўраш у ёқда турсин, уни биров билмайдиган тарзда қилишдир. Қўлидан келганича амални адо қилиб, ортидан хижолат бўлишдир.Уламолар тоатдаги ихлос риёни тарк қилишдан иборат эканини бир овоздан таъкидлаганлар.Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳи:«Одамлар учун амални тарк қилиш риёдир. Улар учун амал қилиш ширкдир. Ихлос ушбу икки нарсани тарк қилишдир», деган.Қилинадиган амаллар ниятга қараб бўлади. Риё учун бўлган амал эгаси мухлис бўла олмайди. Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида қилинган амалнинг эгаси мухлис бўлади.Бандадан содир бўладиган ихлос тўрт қисмга тақсимланади:1. Гап – сўздаги ихлос.2. Иш – амалдаги ихлос.3. Тоат – ибодатдаги ихлос.4. Ҳол – қалбдаги ихлос.Ихлос тасаввур ёки хаёл эмас, балки амалдир. Шунинг учун, у давомли, тўлиқ, илм асосида ва даражама-даража бўлиши керак. Ихлос билан содиқлик орасида фарқ бор. Содиқлик аслдир. Ихлос фаръдир. Ихлос амални бошлагандан кейин бўлади. Содиқлик ниятда, иш бошланишидан олдин бўлади. Ихлоснинг кўринишларидан:1. Тавҳидда ихлос қилиш.2. Ниятда ва қасдда ихлос қилиш.3. Намоз, сажда, рўза, Рамазон бедорлиги, Лайлатул қадр бедорлиги, масжидларга муҳаббат, закот, садақа, ҳаж, умра, тавба, зикр, истиғфор, дуо, Қуръони Карим қироати ва бошқа қурбатларда ихлос қилиш.4. Барча гап-сўзларда ихлос қилиш.5. Содиқлик, сабр, зуҳд, тавозуъ каби карамли ахлоқларда ихлос қилиш.6. Аллоҳ таолога таваккул қилишда ихлос қилиш.7. Барча ишларда ихлос қилиш.Ихлоснинг даражалари:Руҳий тарбия машойихлари таъкидлашларича, ихлоснинг даражалари учтадир: овомларнинг даражаси, хосларнинг даражаси ва хосларнинг хосларининг даражаси.1. Овомнинг ихлоси Ҳаққнинг муомаласидан халқни чиқариш бўлиб, унда тан соғлиги, молу дунё, ризқ кенглиги, жаннат қасрлари ва ҳурлар каби дунёвий ва ухровий насийбаларни талаб қилиш ҳам бўлади.2. Хосларнинг ихлоси Ҳаққнинг муомаласидан халқни чиқариш билан бирга дунёвий насийбаларни қўйиб, ухровий насийбаларни сўрашдир.3. Хосларнинг хосларининг ихлоси Ҳаққнинг муомаласидан халқни ва барча дунёвий ва ухровий насийбаларни бирйўла чиқаришдир. Уларнинг ибодати бандаликни юзага чиқариш ва Роббнинг жамолига мушарраф бўлиш учун У зотнинг вазийфаларини муҳаббат ва шавқ ила адо этишдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда, уларнинг Аллоҳга ибодати Аллоҳ учун бўлади.Ихлоснинг йўлини тўсувчи омиллар:Биринчи тўсиқ. Банданинг амалининг кўзга кўриниши. Унинг ўз амалидан ажабланиши. Амали туфайли Унинг учун амал қилинган Зотдан тўсилиши.Бу ҳолатдан қутулиш учун ўз нафсини таниши ва унинг хоҳишларини жиловлаши лозим. Иккинчи тўсиқ. Амали учун эваз талаб қилиш. Мазкур эваз бу дунёнинг ёки у дунёнинг нарсаси бўлиши мумкин. Бу дунёнинг нарсаларига турли шаҳватли нарсалар, шуҳрат, кўзга кўринишга ўхшашлар киради. Шунингдек, мақомот, каромат, мукошафот кабилар ҳам бўлиши мумкин. Охиратнинг нарсаларига ундаги турли мақомлар ва нозу неъматлар бўлиши мумкин.Амали учун эваз талаб қилишдан қутулиш ўзининг ожиз банда эканини ва фақатгина Аллоҳнинг фазли ила охират яхшиликларига эришиш мумкинлигини англаб етиш билан бўлади. Унинг ибодати бандалик бурчидир. Ажр, савоб ва мартабалар Аллоҳнинг фазлидандир.Учинчи тўсиқ.Банданинг ўз амалларидан рози бўлиши ва улар ила ғурурга кетиши.Бу ҳолатдан қутулиш учун банда ўз амалларидаги нуқсонлари ила танишмоғи лозимдир. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқларининг ички ва ташқи бандалик вазийфаларига қанчалар ҳаққли эканини англаб етганда, банда бу тўсиқни енгиб ўта олади.Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ихлос амални турли иллат ва нуқсонлардан поклашдир. Мазкур иллат ва нуқсонлар икки нарсага боғлиқ бўлади. Биринчиси–одамларнинг мақтови ва улуғлашини исташ ёки уларнинг ёмонлашидан қочиш каби халққа боғлиқ нарсалар.Иккинчиси–қилгани ила ғурурга кетиш ёки унга эваз талаб қилиш каби амалга боғлиқ нарсалар. Ушбу тўсиқларни енгиб ўтиб, Аллоҳ таолога холис ибодат қилганлар ҳақийқий мухлислар бўладилар.Ихлоснинг фойдаларидан:1. Ихлос амал ва гап-сўзларнинг қабул бўлиши учун асосдир.2. Ихлос дуонинг қабул бўлиши учун асосдир.3. Ихлос бу дунё ва охиратда банданинг мартабасини кўтаради.4. Ихлос одамдан васвасани узоқлаштиради.5. Ихлос одамни Аллоҳ таолодан бошқага банда бўлишдан озод қилади.6. Ихлос ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди.7. Ихлос одамнинг бу дунёдаги мусийбатларини енгиллаштиради.8. Ихлос инсон қалбида хотиржамликни пайдо қилади.9. Ихлос инсонга саодатни ҳис қилдиради.10. Ихлос инсоннинг иймонини қувватлантиради.11. Ихлос инсонга фосиқлик ва осийликни ёмон кўрсатади.12. Ихлос инсоннинг иродасини мустаҳкамлайди.13. Ихлос бу дунё ва охиратдаги мукаммал омонликдир.

Топ рейтинг www.uz Openstat