Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Оламни яратилиши хакида.

00:00 / 06.05.2011 | eski savollar | 2357
Ассалому алайкум, хурматли Шайх Хазратлари ! Муборак Қуръони Каримнинг Фуссилат сураси 12-оятида қуйидагилар ёзилган. «Бас, икки кунда етти осмонни барпо қилди ва хар бир осмонга (унга буюрилган) ишни (вазифасини) вахий қилди. Биз қуйи осмонни чироклар (юлдузлар) билан безадик ва (уни офатлардан омон) сақладик. Бу Қудратли ва Билимли Зотнинг тақдири ва ўлчовидир» Астронимия фанига қизикишим боис, шу йўналишда кўп изланишлар олиб бораман. Хусусан оламнинг яратилиши ҳақидаги Қуръони Каримдаги маълумотларни дунёвий фанлар кашф этган қонуниятлар билан солиштириб, фан ва диндаги тушунчаларнинг мохиятини чуқуроқ англашга харакат қиламан. Биргина юқорида келтирилган оятда «икки кун», «етти осмон» «хар бир осмоннинг вазифаси», «қуйи осмон» «уни офатлардан сақладик» деб айтилган сўзларидаги тушунган тушунчаларимни сизга айтиб ўтсам. Ёзганларим кўп бўлса, олдиндан узр сўрайман. 1. Ояти кариманинг бошланғич қисмида «Икки кунда етти осмонни барпо қилди» деб маълумот берилмоқда. Бундан бутун оламнинг етти қават сомондан иборат эканлиги ва уни Аллох Таоло томонидан икки кунда яратилганлиги маълум бўлмоқда. Астрономия фани оламни пайдо бўлишига «Катта портлаш воқеаси» туртки бўлган деб оламни хозирги кундаги кўринишга келгунча бир неча миллиард йиллар ўткан деб хисоблайди. Аммо фан Аллох Таолонинг қудратига бахо бермасдан қайсидир маънода мана шундай тушунчани илгари суриб келади. Аллох Таоло бизларга ишора килаётган ўша «икки кун» яратганнинг ўз ўлчовида бўлиб, бу инсон онгидаги бир неча миллиард йилларга тенг бўлиши мумкин деган хулосага келсам адашмайманми ? 2. Ўзингизга маълум Қуръон Каримдаги баъзи оятларидаги «осмон» тушунчаси астрономиядаги «космос» тушунчаси билан бир хил тушунчадир. Ояти каримада яна «қуйи осмонни чироқлар (юлдузлар) билан таъминладик» дейилмоқда. Бу билан етти қават осмоннинг энг қуйи қисмини юлдузлар билан таъминганлиги кўрсатиб ўтилмоқда. Космос асосан минглаб галактика гурухларидан, галактикалар гурухлари эса минглаб галактикалардан, ўз навбатида галлактикалар бир неча миллиард юлдузлар ва уларнинг атрофида харакатланадиган сайёралардан иборатдир. Тасавуримдаги «осмон»нинг майдони тассавур қилиб бўлмас даражада ўта улкандир. Демак фанга маълум бўлган космос асосан юлдузлардан иборатдир. (Фан хозирга кадар космосда қанча галактикалар ва ўзимиз яшаб турган галактикамизда нечта юлдузлар борлигини аниқ кўрсатиб бера олмайди) Хулоса шуки фан халигача аниқликлик кирита олмаган бу улкан «майдон»ни «қуйи осмон» деб тушунсам нотўгри бўлмайдими ? 3. Алолох Таоло ояти каримада «етти осмон»дан, фақат биргина «қуйи осмон»га нисбатан изоҳ, яъни маълумот бермоқда. Қолган олти осмон хақида эса маълумот йуқ. Бундан ташқари хар бир «осмон»га «буюрилган вазифа»лар хам шу қаторидадир. Демакки «қуйи осмон» шунчалик улканликга эга бўлса, қолган «осмон»лар хақидаги тушунча инсон онгига оғирлик қилиши ва бу маълумот инсон онгидан ташқарида деб тушунсам нотўғри бўлмайдими ? Умумий хулоса қилиб «Аллох Таоло ўз назнида (ўз ўлчовида) бутун борлиқни (осмонлару ерни) икки кундан яратди, балки бу «икки кун» инсонлар онгидаги миллиард йилларга тенг бўлиши хам мумкиндир*. Ожиз бандалар онгларига оғирлик бўлмасин деб фақатгина, қуйи осмон тўғрисида маълумот берди**. Аллох Таоло «етти осмон»даги барча нарсаларни бир бирига боғлади***, Улкан юлдузлардан тортиб, энг майда зарраларгача маъно-мохият-мазмунини (русчасига «смысл») уларнинг «қалбига» киритди ва уларни ўзига бўйсундирди. Аллох Таоло инсонни мана шу «осмон»даги «Ер» деб аталмиш сайёрасида яшашлиги учун бутун оламни (етти осмон назарда тутилмокда) мана шундай мураккаб, ўз навбатида аниқ мувозанат ва ўлчов билан яратди****. Чунки биз яшаётган «Ер» сайёраси қуёшга, қуёш эса галактикамизга, галактикамиз эса галактиклар гурухига, галактикалар гурухи эса «қўйи осмон»га, «қуйи осмон» эса қолган олти осмонга боғликдир. Мана шу биргина «боғликлик» деган тушунча ўз ичига минглаб, керак бўлса миллионлаб умумий физика, умумий кимё (химия) ва бизга маълум бўлмаган қонун-қоидаларни ўз ичига олади. Бу «боғлиқлик» деган тушунча «хар бир осмоннинг вазифасидир». Бу Қудратли ва Билимли Зотнинг тақдири ва ўлчовидан далолатдир.» Хурматли Шайх Хазратлари, мана шу «хулоса» олиб борган изланишларим натижаларидан бир қисми. Албатта бундай ишларда Сиздай олим инсоннинг кўмаги ва маслахати беқиёсдир. Хато ва камчиликларим бўлса кўрсатсангиз, нималарга кўпроқ эътибор қаратишимга маслахат берсангиз. Олдиндан Сизга ташакур билдираман. Аллох Таоло Сиздан рози бўлсин. Қўйидаги сатрларда мана шу хулосага келишимга сабаб бўлган оятлар кўрсатилган. --------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------* «Нахл» сураси 77-оят. «Осмонлар ва ердаги ғайб-сирларни (билиш) Аллоҳга хосдир. Соат-қиёмат амри (яъни қиёматнинг қойим бўлиши) кўз очиб юмгунча, ё ундан-да тездир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.»**«Худ» сураси 123-оят. «Осмонлар ва ернинг сирлари ёлғиз Аллоҳникидир ва барча ишлар Унинг Ўзига қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг! Парвардигорингиз сизлар қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.»***»Бақара» сура 29-оят. «У шундай Зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсани яратди. Сўнгра самога юзланди-да, уларни етти осмон қилиб тиклади. У ҳамма нарсани Билгувчидир.» ****«Худ» сураси 7-оят. «У (Аллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ иш-амал қилиб яшашингизни синаш учун олти кунда осмонлар ва ерни яратган зотдир. Илгари у зотнинг арши сув устида (яъни, у арш остида сувдан бўлак ҳеч нарса яратилмаган) эди. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қасамки, агар сиз: «Шак-шубҳасиз, ўлганингиздан кейин қайта тирилурсизлар», десангиз, албатта кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқ сеҳр-жодудан ўзга нарса эмас», дейдилар.»

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Мен ҳам шундай бўлса керак деб ўйлаган эдим. Бу каби ҳолатларда Қуръони Каримнинг маънолар таржимаси эмас, тафсири кўпроқ фойда беради. Унда мусулмон уламоларнинг ояти карималарни тушунишдаги ижтиҳодлари ҳам бўлади. Энди, сиз ўрганишга ҳаракат қилган ояти карималарнинг “Тафсири Ҳилол”да қандай келганини ўрганиб чиқайлик.Аллоҳ таоло “Фуссилат” сурасида марҳамат қилади:“Бас, икки кунда етти осмонни барпо этди ва ҳар бир осмонга ишини ваҳий қилди. Биз дунё осмонини чироқлар-ла зийнатладик ва қўридик. Бу азийзу ўта илмли Зотнинг ўлчовидир” (12-оят).Кейин Аллоҳ таоло ўша тутун(газ)дан:«Бас, икки кунда етти осмонни барпо этди...»Бу ишларни Аллоҳнинг Ўзи билади. Инсонга эса ерга яқин турган осмондан баъзи нарсаларни билдириб қўйган, холос. Шундай қилиб, осмонлару ер олти кунда барпо қилинди. У кунлар қандай кунлар эканини Аллоҳнинг Ўзигина билади. Уламоларимиз, агар Аллоҳ таоло хоҳласа, буларни кўз очиб юмгунча яратар эди, лекин бандаларига пухталикни ўргатиш учун шошилгани йўқ, дейдиларИкки кунда етти осмонни яратган Зотга куфр ёки ширк келтириб бўладими?!«...ва ҳар бир осмонга ишини ваҳий қилди.»Ҳар бир осмонда барча иш Бизнинг ваҳийимиз асосида, ўша ваҳийга биноан бўлади, деб белгилаб қўйди.Ё Аллоҳ! Бу нақадар ажойиб! Нақадар ибратли! Инсон умуман тасаввур ҳам қила олмайдиган етти осмоннинг барчасида ҳамма ишлар Аллоҳнинг ваҳийи бўйича бўлса-ю, ҳеч нарсага арзимайдиган инсон ўзига Аллоҳ томонидан махсус юборилган ваҳийни инкор этса! Етти осмондаги бутун мавжудот Аллоҳнинг ваҳийи билан иш кўрса-ю, яқин осмондаги Ер деб аталмиш бир заррада яшовчи «инсон» аталмиш ожиз бир жонзот Аллоҳнинг ваҳийини инкор этиб, ўзича турли йўллар билан иш кўриб юрса! Инсон дегани нақадар жиноятчи махлуқ! Инсон дегани нақадар ношукр махлуқ! Инсон дегани нақадар ўзидан кетган, кибру ҳавога берилган махлуқ!Ахир, ҳажмини, ичларидаги нарсаларни тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада кўп ва катта бўлган етти осмоннинг ҳар бирида Аллоҳнинг ваҳийси асосида иш кўрилса-да, инсон Аллоҳга куфр келтириб ўтирса, шу тўғри бўладими?! Аллоҳга ширк келтирса, жоизми? Ўзига келган ваҳийни афсона, ёлғон, сеҳр, тўқилган уйдирма, дейиши ақлданми?! Бу ваҳий эскириб қолди, замонга тўғри келмайди, дейиши тўғрими?! Аллоҳ ваҳий қилган дастурни қўйиб, ўзи тўқиб чиқарган дастур асосида яшаши жоизми?!«Биз, дунё осмонини чироқлар-ла зийнатладик ва қўридик.»Яъни, инсонга яқин осмонга юлдузларни зийнат қилиб яратдик. Ўша юлдузлар ила осмонни қўрийдиган ҳам қилиб қўйдик. Ўша юлдузлар осмонни жину шайтонлардан қўриб турадилар.Инсон боши устидаги бепоён осмоннинг бир қисмидан жиндай хабардор, холос. Бу осмон, баъзи уламолар айтишларича, шунчалик каттаки, ундаги қуёш системасининг диаметри юз миллиард ёруғлик йилига тенгдир. Ёруғлик эса, бир сония(секунд)да бир юз саксон олти минг мил тезлик билан ҳаракат қилади. У тезликни дақиқага, соатга, кунга, ой ва йилга кўпайтирсак ва сўнгра натижани юз миллиардга кўпайтирсак, бизга яқин осмондаги қуёш системасининг диаметри қанча эканини билиб оламиз. Ана шу осмонни Аллоҳ таоло юлдузлар ила безаб қўйибди. Бу юлдуз(чироқ)ларнинг сони ҳалигача аниқ эмас. Айримларининг катталигини баъзи уламолар тахмин қилганлари маълум. Бу нарсаларни яратган зотни ўйлаб, Унинг қудратига қойил қоламиз, холос. Шундай қудратли зотга куфр ва ширк келтираётган, Унинг ваҳийи асосида яшамаётган инсонлар ҳақида ўйлаб эса, инсон нақадар жоҳил, нақадар инсофсиз, нақадар нонкўр эканини тан олмасдан илож қолмайди.«Бу азийзу ўта илмли Зотнинг ўлчовидир.»Юқоридаги нарсаларнинг барчаси ҳаммадан устун ва ғолиб бўлган зот – Аллоҳнинг ўлчовидир, қилган тақдиридир. Аллоҳ азийз (ҳаммадан кучли, ғолиб ва устун) бўлгани учун ҳам ўша нарсаларни яратди, ўлчовли қилиб қўйди. Аммо, Аллоҳ яратиб қўйган нарсаларни тўлиқ идрок қила олмаган инсон, Аллоҳ берган ақл билан уларнинг ҳисобига ҳам ета олмай юрган инсон эса, кибру ҳаво ила Аллоҳга куфр келтиради. Уни инкор этади. Динини инкор этади. Шариатини инкор этади. Ваҳийини инкор этади. Ахир, шундай Аллоҳга куфр келтириб бўладими?! Ахир, шундай Аллоҳга ширк келтириб бўладими?!«Наҳл» сураси 77-оят: «Осмонлару ернинг ғайб(илм)и Аллоҳникидир. Соат (қиёмат) иши эса, кўз очиб-юмгандек ёки ундан ҳам яқинроқдир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир».Аллоҳ таолони инкор этиб, унга куфр келтириб, мушрик бўлиб юрган кимсалар билиб қўйсинларки:«Осмонлару ернинг ғайб(илм)и Аллоҳникидир».Бандалари учун ғайб бўлган оламни фақат Аллоҳ таологина билади. Ундан бошқа ҳеч қандай зот ғайбни била олмайди. Осмонлар ва ердаги барча ғайбларни фақат Аллоҳгина билади. Ана ўша ғайб нарсалардан энг кўп сўраладигани қиёмат куни бўлиб, унинг номларидан бири «Соат»дир. Ўша Соат қачон келиши ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзига аёндир.«Соат (қиёмат) иши эса, кўз очиб-юмгандек ёки ундан ҳам яқинроқдир.»Яъни, қиёмат жуда яқин. Унинг келишидан ғофил қолманг, тайёргарлигингизни кўринг. У жуда ҳам тез бўлиб қолиши мумкин. Аллоҳ таоло «Бўл!» деса, бас. Бир зумда, кўз-очиб юмгунча ёки ундан ҳам тезроқ бўлиши мумкин. Бунга ҳеч шубҳаланмай, тайёргарлигингизни кўринг.«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.»Жумладан, қиёматни қоим қилишга ҳам.«Ҳуд» сураси, 123-оят:«Осмонлару ернинг ғайби(ни билмоқ) Аллоҳга хосдир. Ишнинг барчаси Унга қайтарилур. Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккал қил. Роббинг қилаётганларингиздан ғофил эмасдир».Интизор бўлиб кутилаётган нарса ғайбдир. Ғайбни эса, ҳеч ким билмайди. Уни фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Чунки:«Осмонлару ернинг ғайби(ни билмоқ) Аллоҳга хосдир».Кофирларга азоб, мўминларга нажот қачон келишини Аллоҳ билади.«Ишнинг барчаси Унга қайтарилур.»Мўминларнинг иши ҳам, кофирларнинг иши ҳам, бошқа ишлар ҳам фақат Аллоҳга қайтади. Бу ишлар устидан фақат Аллоҳ ҳукм чиқаради. Шундай бўлганидан кейин:«Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккал қил».Ундан бошқанинг айтганини қилма ва Ундан ўзгага суянма.«Роббинг қилаётганларингиздан ғофил эмасдир.»Ҳаммасини кўриб, билиб турибди.Бақара сураси, 29-оят:«У – ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган, сўнгра осмонга юзланиб, уларни етти осмон қилиб тўғрилаган Зотдир. Ва У ҳар бир нарсани билувчидир».Ер юзидаги барча нарсанинг инсон учун яратилгани ҳақидаги хабар инсонни улуғлашдир. Модомики, бу дунёдаги ҳамма нарсани Аллоҳ инсон учун яратган экан, демак, инсон ҳамма яратилганларнинг улуғидир. Ер юзида инсондан улуғ махлуқ йўқ. Инсон Аллоҳнинг ер юзидаги халифаси. Махлуқотлардан бирортаси инсондан устун бўлиши мумкин эмас. Ҳамма нарсалар инсон учун, инсоннинг саодати учун бўлиши керак.Аллоҳ дунёдаги жамики нарсаларни инсонга ҳадя этган экан, инсон ҳам, ўз навбатида, ўша неъматларни берган Зотга шукр қилиб яшамоғи лозим.Ҳол шундай экан, қандай қилиб улар Аллоҳни инкор этадилар ва унга куфр келтирадилар?! Аллоҳ таоло дунёдаги жамики нарсаларни йўкдан бор қилиб яратган экан, ўлган инсонни қайта тирилтира олмасмиди?!Оятнинг охирида:«Ва У ҳар бир нарсани билувчидир.», деб таъкидланмоқда. Ҳақиқатан шундай. У кофирларнинг ишларини ҳам билиб турибди. Улар У Зотдан қўрқмайдиларми?! Нималарига ёки кимларига ишониб Аллоҳни инкор этадилар ва унга куфр келтирадилар?!«Ҳуд» сураси, 7-оят:«У сизлардан қайсингизнинг амали яхшироқ эканини синаб кўриш учун олти кунда осмонлару ерни яратди. Ўшанда Арши сув устида эди. Агар сен: «Сизлар ўлимдан кейин албатта қайта тирилтириласизлар», десанг, куфр келтирганлар, албатта: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас», дерлар».Бу оятда ҳам Аллоҳ таолонинг таърифи давом этмоқда. Аллоҳ осмонлару ерни олти кунда яратган Зотдир. Бу ҳақда ўтган «Юнус» сураси тафсирида батафсил гапирилган. Ушбу оятда эса, осмонлару ерни яратишдан мақсад одамлардан қайсилари яхшироқ амаллар қилишини синаб кўриш эканлиги таъкидланмоқда.«У сизлардан қайсингизнинг амали яхшироқ эканини синаб кўриш учун олти кунда осмонлару ерни яратди.»Шунингдек, Аллоҳнинг Арши ва унинг турган жойи ҳақида ҳам маълумот келмоқда: «Ўшанда Арши сув устида эди».Демак, Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратган вақтда Унинг Арши сув устида бўлган экан. Шунинг ўзини билишимиз кифоя. Аллоҳнинг Арши бор экан. Ўша пайтда бу Арш сувнинг устида турган экан. Бўлди, бундан бошқаси ортиқча. Бунақа, ғайбиётга тегишли масалалар атрофида овора бўлиб, вақт ва ақл-заковотни беҳуда сарфлагандан кўра, кўпроқ яхши амалларни қилиб, синовдан яхши ўтишга уринган маъқул.Чунки, албатта, ўлимдан кейин тирилиш бор. Ўшанда бу дунёда қилинган амалларнинг сўроқ-саволи бўлади. Ана ўшанда иймону амали солиҳгина фойда беради.«Агар сен: «Сизлар ўлимдан кейин албатта қайта тирилтириласизлар», десанг...»Ҳа, бу ҳақиқатни кофирларга айтсанг, ишонмай инкор этадилар:«Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас», дерлар».Улар қайта тирилишга, охират азобига ишонмаганларидек, бу дунёда азобга дучор бўлишлари мумкинлигига ҳам ишонмайдилар.«Олти кун» масаласига келганда, баъзи уламолар: бу дунёнинг кунларига ўхшаш кунлар, Аллоҳ «бўл» деса бўлиб қолар эди-ю, лекин бандаларга шошилмай пухта иш қилишни ўргатиш мақсадида шундай қилди, дейдилар.Бошқалари эса: «олти кун» қандай кунлар эканини Аллоҳнинг Ўзи билади. Бизнинг кунларимиз осмонлару ер яратиб бўлингандан кейин, қуёш мажмуасидаги сайёралар низоми яратилгандан кейин вужудга келган тушунчалар, дейдилар.Сиз бу каби нарсаларни ўз мутахассислигингиз асосида ўрганиб боришингиз ва уларни мусулмон уламолар ижтиҳоди билан солиштириб кўпчиликка тақдим қилишингиз ўта фойдалидир.

Топ рейтинг www.uz Openstat