Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ёлғон хабар тарқатиш

18:00 / 28.04.2019 | Rasulbek!!! | 3239
Ассалому алайкум! Шу кунларда Қозоғистон давлатида юртимизга қайтаётган автобус ҳалокатга учраб 10 нафар йўловчи ҳалок бўлганини интернет тармоғида ўқидик, афсусландик. Бу хабарда вафот этган 10 нафар инсон Ўзбекистонликлар деб кўп тармоқлар ёзишди. Аслида бундай бўлмади. Ёлғон хабар тарқатишнинг гуноҳи ҳақида айтиб берсаларинг. Ҳалокатда вафот этган инсонларни оилаларига Аллоҳ сабр берсин.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло мўминларни бирор киши ҳақида ёлғондан ҳукм чиқариб қўймасликлари учун “Ҳужурот” сурасида қуйидагича марҳамат қилган: 

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ۝ 

6. Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар.
Келинглар, ояти каримани чуқурроқ тушуниш учун аввал унинг нузули сабабини ўрганайлик. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўзларининг «Муснад» китобларида уммул мўминин Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг оталари – Бану Мусталақ қавми подшоси Ҳорис ибн Аби Зирор Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши дебдирлар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганимда, у киши мени Исломга даъват қилдилар, мен Исломга кирдим ва иқрор бўлдим. Сўнгра мени закотга чақирдилар, унга ҳам иқрор бўлдим. Сўнгра: «Эй Аллоҳнинг Расули, рухсат берсангиз, бориб, қавмимни Исломга ва закот беришга чақирсам, ким кўнса, закотларини жамлаб қўйсам, фалон вақтда бир вакил юборсангиз, мен жамлаган закотларни олиб келса», – дедим».
Сўнгра Ҳорис розияллоҳу анҳу ўзига эргашганларнинг закотини жамлаб қўйиб, кутди, Набий алайҳиссалом вакил юборишлари лозим бўлган вақт келди, лекин вакил келмади. Ҳорис, мендан Аллоҳнинг ва Набийсининг аччиғи чиқди, шекилли, деб гумон қилди ва ўз қавмининг аъёнларини жамлаб:
«Расулуллоҳ менга вакил юбориш учун вақт белгилаган эдилар. Вакил келиб, мендаги закотни олиши керак эди. Расулуллоҳ ваъдага хилоф қилмайдилар, вакилларининг ушланиб қолишини аччиқлари чиққанлигидан деб биламан. Келинглар, ўзимиз Расулуллоҳнинг ҳузурларига борайлик, – деди.
Бу орада Расулуллоҳ алайҳиссалом Валид ибн Уқба исмли кишини Ҳориснинг олдига закотни олиб келиш учун вакил қилиб юборган эдилар. Аммо Валид бир жойга етиб, негадир қўрқиб, орқага қайтди ва Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб:
– Эй Аллоҳнинг Расули, Ҳорис закотни бермасдан, мени ўлдирмоқчи бўлди, – деди. Набий алайҳиссаломнинг ғазаблари чиқди ва Ҳорисга гуруҳ юбордилар. Юборилган кишилар энди Мадинаи Мунавварадан чиққан эдилар, олдиларидан Ҳорис розияллоҳу анҳу одамлари билан чиқиб қолдилар. Юборилганлар:
– Ана, Ҳориснинг ўзи келяпти, – дедилар. Ҳорис розияллоҳу анҳу яқинлашиб келиб:
– Кимга юборилдингиз? – деб сўрадилар. Улар:
– Сенга, – дейишди. У киши:
– Нима учун?, – дедилар. Улар:
– Расулуллоҳ алайҳиссалом сенга Валид ибн Уқбани юборган эдилар, унинг айтишича, сен унга закотни бермай, уни ўлдирмоқчи бўлибсан, – дедилар. Шунда Ҳорис розияллоҳу анҳу:
– Йўқ, Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақ дин билан юборган Зотга қасамки, уни ҳеч кўрганим йўқ ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ, – дедилар. Ҳорис розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломнинг олдиларига кирган эдилар, у зоти шариф:
– Закотни бермай, вакилимни ўлдирмоқчи бўлдингми? – дедилар. Ҳорис розияллоҳу анҳу:
– Йўқ, сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, уни кўрмадим ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ, менинг олдимга Расулуллоҳнинг вакили бормагани учун, Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг мендан аччиғи чиқдимикин, деб бу ерга ўзим келдим, холос, – дедилар. Шу пайт «Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар…» ояти нозил бўлди».
Шу ерда имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ривоятлари тугайди. Мазкур ривоятда кишини ажаблантирадиган ҳолатлардан бири – Расулуллоҳнинг вакиллари Валид ибн Уқбанинг айтилган ерга бормасдан, қўрқиб, орқага қайтиб келиб, ёлғон сўзлашидир. Одатда, саҳобийлардан бундай иш содир бўлиши амри маҳол. Бу ҳақда аввалги уламолар ҳам кўп фикр юритганлар, турли мулоҳазаларни билдирганлар. Лекин қиссани яхшилаб ўрганиб чиқсак, ажабланишимизга ўрин қолмайди, деб ўйлайман. Нега Расулуллоҳнинг вакиллари келмаяпти, деб ташвишланиб, қавми билан ўзи боришга аҳд қилган Ҳорис ибн Аби Зирор Хузоъий розияллоҳу анҳу от-уловни ҳозирлаб, кийиниб, қуролланиб, йўлга чиқмоқчи бўлиб турганларида, Валид розияллоҳу анҳу бу ҳолни узоқдан кўриб ёки бировдан эшитиб, булар диндан қайтишган экан, билмабмиз-да, мана, қуролланиб чиқишяпти-ку, деб қўрққан бўлиши турган гап. У орқасига қайтган, Ҳорис розияллоҳу анҳу ҳам ўз йўлларида давом этганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз юборган иккинчи гуруҳ Мадинаи Мунавварадан чиқар-чиқмас, улар етиб келишган.
Бу ояти карима мусулмонлар ҳаётидаги энг муҳим масалани муолажа қилади. У ҳам бўлса, хабарни қабул қилиш масаласи. Агар хабар Аллоҳдан ва Набий алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар. Энди одамлардан хабар қабул қилишга келсак, бу бир неча турга бўлинади. Аввало, хабарчи динда, сўзида ўта ишончли киши бўлса, унинг хабари қабул қилинади. Хабарчи фосиқ бўлса, яъни умрида бирор марта ёлғон гапирган, шариат ҳукмларидан бирортасига бирор марта амал қилмаган бўлса ёки унинг ишончли-ишончсизлиги маълум бўлмаса, дейликки, нотаниш одам ёки хабари синаб кўрилмаган кимса бўлса ва ҳоказо, унинг хабари текширилмай туриб, қабул қилинмайди. Бошқа ишонч¬ли манбалардан хабарнинг тўғрилиги собит бўлсагина, қабул қилинади.
«Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар».
Ушбу сураи каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга хитоб қилариб, учинчи марта:
«Эй иймон келтирганлар!» – демоқда. Демак, улар учун жуда ҳам муҳим бўлган бир хабарни етказмоқчи.
«Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...»
Ояти каримада Аллоҳ таоло «фосиқ хабар келтирса, аниқлаб», хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатан, афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:
«...билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», – демоқда.
«Надомат» афсусланишдир. Афсусланиш бўлганда ҳам, доимий, бардавом афсусланишдир. Мисол учун, сабаби нузулдаги ҳодисани олсак. Агар Валиднинг гапига ишониб, суриштириб, аниқламасдан туриб, кофир бўлибди, деб Ҳорис ўлдириб қўйилганида, ҳақиқатни билгандан сўнг ҳамма доимий надоматда қолган бўлар эди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat