Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Рўза аслида бир кун дейдиган одам

15:34 / 23 май | Xurikk Kenjayev | 495
Ассалому алайкум! Эшитишимча рўза тутиш аслида бир кун экан, лекин одамлар қайси кунлигини билмасдан рамазон ойини тўлиқ тутиб беришаркан. Шу гап қанчалик рост? Оят ёки ҳадис билан жавоб берсангиз.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Бу гап Қуръоннинг оятига очиқ-ойдин тескари. Гапирганлар тез тавба қилишсин акс ҳолда иймондан чиқиб хотинлари билан ёки эрлари билан никоҳлари узилиб қолади. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади: 

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ۝ 

183. Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз.
Бу ояти каримани ҳам Аллоҳ таоло:
«Эй иймон келтирганлар!» деб мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Муҳим ва машаққатли ишни таклиф қилишдан олдин ўзи яхши кўрган ва унинг учун ҳар қандай машаққатни ҳам бўйнига олишга тайёр турган сифатни эслаб қилинган нидо эшитувчида бўлажак ишга ғайрат билан киришиш руҳини уйғотади. Аллоҳ таоло ҳам мусулмонларга рўзанинг фарзлигини амр этишдан олдин уларга:
«Эй иймон келтирганлар!» деб нидо қилмоқда.
Оятнинг маъносидан келиб чиқиб, рўза янги ибодат эмаслигини, балки барча динларда қадимдан бор ибодат эканини тушунамиз. Чунки унда:
«Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди», – дейилмоқда.
Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламоларнинг таъкидлашларича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юриш рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юриш рўза дейилади. Улардаги рўзанинг муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида рўза турлича бўлади.
Исломдаги рўза ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир. Рўза араб тилида «савм» дейилиб, луғатда «ўзини тийиш» деган маънони билдиради. Шариатда эса Рамазон ойида тонг отгандан қуёш ботгунча ният билан, ейиш-ичишдан ва шаҳвоний амаллардан ўзини тийиб туришга айтилади. Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло:
«Шоядки, тақво қилсангиз», – деб, рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён қилиб қўймоқда. Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси экан. Рўза тутган шахснинг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Рўза ҳавойи нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади. Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради. Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани «тақво» деб номланувчи икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.
Бу ояти каримада рўза фарз қилинганлигининг хабари келди. Аввалги умматларда йил бўйи, ярим йил рўза тутишлар ҳам бўлгани учун эшитувчида «Рўзанинг муддати қанча?» деган савол туғилади. Келаси оят шу саволга жавоб беради: 

 أَيَّامًا مَّعْدُودَاتٍ فَمَن كَانَ مِنكُم مَّرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَن تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَّهُ وَأَن تَصُومُواْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ۝ 

184. Саноқли кунларда. Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, бу ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир.
Яъни рўза фарз қилинган кунлар «саноқли кунлар»дир. Рўза тутишнинг ўзига яраша машаққати бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло беморлик ва мусофирлик туфайли бир оз қийинчиликда турган бандаларига машаққат устига машаққат бўлмасин деб, енгиллик берди:
«Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан».
Яъни бемор тузалгандан сўнг, мусофир сафардан қайтгандан сўнг неча кунни тутмаган бўлса, ўшанча кун қазо рўза тутади. Уламоларимиз беморлар сафига ҳомиладор ва эмизадиган аёлларни ҳам қўшганлар. Ҳомиладор аёл неча кун рўза тутмаган бўлса, туққанидан кейин шунча кун қазо рўза тутади. Эмизадиган аёл ҳам боласини кўкракдан ажратганидан сўнг қазо рўза тутади.
«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир».
Яъни ёшлари улуғ бўлиб, рўза тутишга ярамай қолган кишилар тутилмаган ҳар бир кунлик рўза ўрнига бир мискинни тўйдирадилар. Бу эса ўзи яшаб турган диёрнинг ўртача таоми ҳисобида бўлади. Буни «фидя бериш» дейилади.
Уламоларимиз ушбу тоифага тузалмайдиган, сурункали касали бор кишиларни ҳам қўшганлар. Уларнинг касаллари рўза тутишга қўймайди. Қазосини тутади, дейилса, тузалишларидан умид йўқ.
«Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, бу ўзи учун яхшидир».
Ким савобни кўпроқ оламан, деб бир кишига эмас, икки-уч кишига ёки ўртача эмас, олий даражадаги таомларни берса, ўзи учун яхшидир.
«Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир».
Бошқа ибодатлар каби, рўза ҳам, аввало, бу ибодатни адо этувчи шахсларга яхшилик келтиради. Жаннатга кириш, олий мақомларга эришиш, ироданинг кучли бўлиши, раҳм-шафқат сифатининг кучайиши, тақво ҳиссининг уйғониши, соғлик ва саломатлик ҳамда бошқа кўплаб биз билган-билмаган яхшиликларга рўза тутиш орқали эришилади.
Келгуси оятда юқорида зикр қилинган «саноқли кунлар»нинг вақти тайин қилинади ва ўша вақтнинг фазли ҳамда рўзанинг бошқа ҳукмлари баён этилади. 

 شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَن كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُواْ الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ اللّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ۝ 

185. Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди. Саноқни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсангиз. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat