Кабатуллоҳ томон юзланиб

СаволларМавзу: ИбодатларКабатуллоҳ томон юзланиб
Abrorali сўради 8 ой аввал

Ассалому алайкум! Мeн ўзга юртдаман, баъзан иш юзасидан чeкка-чeкка жойларда кeтишимга тўғри кeлади. Шундай вақтда интeрнeтдан фойдаланиб қиблани қайси томонда жойлашганини билишнинг имкони бўлмайди ва намоз ўқимоқчи бўлсам қалбим кўпроқ қайси томонни хоҳласа ўша томонга юзланиб намозимни адо қиламан бу ишим нотўғри эмасми? Жавобингиз учун раҳмат.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 8 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Шундай қилишингиз тўғри.
Қиблани биладиган одам топилмаса, ижтиҳод қилади. Ижтиҳодида хато қилган одам намозни қайта ўқимайди.

عَنْ عَامِرِ بْنِ رَبِيعَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ كُنَّا مَعَ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فِي سَفَرٍ فِي لَيْلَةٍ مُظْلِمَةٍ، فَلَمْ نَدْرِ أَيْنَ الْقِبْلَةُ، فَصَلَّى كُلُّ رَجُلٍ مِنَّا عَلَى حِيَالِهِ، فَلَمَّا أَصْبَحْنَا ذَكَرْنَا ذَلِكَ لِلنَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، فَنَزَلَ «فَأَيْنَمَا تُوَلُّواْ فَثَمَّ وَجْهُ اللّهِ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан зулматли кечада сафарда эдик. Қибла қайси тарафда эканини била олмадик. Биздан ҳар бир киши ўз билганича қараб намоз ўқиди. Тонг оттирганимиздан кейин буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдик. Бас, «Қаёққа юзлансангиз, Аллоҳнинг юзи ўша ерда» ояти нозил бўлди».
Термизий ривоят қилган.
Демак, ояти карима саҳобаи киромларнинг ижтиҳод қилиб, қиблага юзландим, деб қилган уринишларини тасдиқлаб нозил бўлган.
Булут ва зулмат туфайли ҳамда бошқа сабабларга кўра қиблани аниқлай олмаган киши ўзича ижтиҳод қилиб, намоз ўқиб бўлганидан кейин қибла бошқа томонда экани аён бўлиб қолса, кўпчилик уламоларнинг фикрича, намозини қайта ўқимайди. Ҳанафий мазҳаби ҳам шу фикрга қўшилган.
Балки ижтиҳод қилмай, тўғри юзланган одам қайта ўқийди.
Бир одам қибла қаёқда эканини аниқ билмас эди. Ижтиҳод қилмай, намозни ўқиб юборди. Кейин намоз ўқиётганида қиблага тўғри қараб ўқиётгани аён бўлди. Бас, намозини қайтадан ўқийди. Агар намозни ўқиб бўлганидан кейин аён бўлса, қайта ўқимайди.
Намоз ўқиётганида фикри ўзгариб қолса, айланиб олади.
Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ҳадисдир:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ بَيْنَا النَّاسُ فِي صَلَاةِ الصُّبْحِ بِقُبَاءٍ إِذْ جَاءَهُمْ آتٍ فَقَالَ إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَدْ أُنْزِلَ عَلَيْهِ اللَّيْلَةَ، وَقَدْ أُمِرَ أَنْ يَسْتَقْبِلَ الْكَعْبَةَ فَاسْتَقْبِلُوهَا، وَكَانَتْ وُجُوهُهُمْ إِلَى الشَّامِ فَاسْتَدَارُوا إِلَى الْكَعْبَةِ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Одамлар Қубода бомдод намозида эдилар. Тўсатдан бир киши келиб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу кеча (Қуръон оятлари) нозил бўлди. У зот Каъбага юзланишга буюрилдилар, сиз ҳам юзланинг», деди.
Улар Шомга юзланиб туришган эди, Каъбага бурилишди».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Имомининг юзланган тарафини билмаса, зарар қилмайди.
Биров ўта зулматли кечада имомга иқтидо қилиб намоз ўқиди. Аммо имоми қай тарафга юзланганини билмай, ўзи ижтиҳод қилиб бошқа тарафга қараб ўқиса, намози тўғри бўлади.
Аммо ундан олдинга ўтиб кетгани ва унга хилоф қилаётганини билиши зарар қилади.
Яъни иқтидо қилувчи имомидан олдинга ўтиб кетганини ёки имоми юзланган тарафга хилоф қилиб намоз ўқиётганини билса, намози дуруст бўлмайди. («Кифоя» китобидан). Валлоҳу аълам!