Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Кeчириб юбориш

09:00 / 14.06.2017 | Shohjahon | 5800

Ассалому алайкум! Бир оятнинг таржимасида «Инсон ожиз яратилгандир» дeйилган экан. Одамларни кeчириб юборишда шу оятни асос қилиб олсак тўғри бўладими? Ҳаётимда ҳар куни қандайдир англашилмовчилик, ваъдабозлик ва хатолар юз бeради. Илгари одамларнинг бу ишларидан дилим хира бўларди. Бу оятни эшитиб, уларни кeчириб юборишим кeракмикан дeб ўйлаб қолдим. Ахир Аллоҳ таолонинг Ўзи мeнга инсон ожиз яратилган дeб турган эди-да.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Исломда ғазабни ютиш улуғ аҳлоқлардан ҳисобланади. Қуръони Карим оятларидан ташқари бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.

عَنْ حُمَيْدِ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ، عَنْ رَجُلٍ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَوْصِنِي. قَالَ: لَا تَغْضَبْ. قَالَ: قَالَ الرَّجُلُ: فَفَكَّرْتُ حِينَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا قَالَ، فَإِذَا الْغَضَبُ يَجْمَعُ الشَّرَّ كُلَّهُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ

Ҳумайд Ибн Абдурраҳмондан, у Набий алайҳиссаломнинг саҳобаларининг биридан ривоят қилади: «Бир киши Набий алайҳиссолату вассаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», деди. «Ғазаб қилма», дедилар. «Набий алайҳиссалом шу гапни айтганларида ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан». Аҳмад ривоят қилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: عَلِّمْنِي شَيْئًا، وَلَا تُكْثِرْ عَلَيَّ لَعَلِّي أَعِيهِ. قَالَ: لَا تَغْضَبْ فَرَدَّدَ ذَلِكَ مِرَارًا كُلُّ ذَلِكَ يَقُولُ: لَا تَغْضَبْ .رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Менга бир нарса ўргатинг. Кўпайтириб юборманг. Шоядки, англаб олсам», деди. «Ғазаб қилма!» дедилар. У ўз сўзини бир неча марта такрорлади. У зот ҳар сафар: «Ғазаб қилма!» дедилар». Бухорий, Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

عَنْ سَهْلِ بْنِ مُعَاذٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ أَبِيهِ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ كَظَمَ غَيْظًا وَهُوَ قَادِرٌ عَلَى أَنْ يُنْفِذَهُ دَعَاهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رُؤُوسِ الْخَلَائِقِ حَتَّى يُخَيِّرَهُ مِنْ أَيِّ الْحُورِ الْعِينِ شَاءَ .رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

Саҳл ибн Муъоз розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ғазабини унга амал қилишга қодир бўлиб туриб ичига ютса, Аллоҳ уни қиёмат куни халойиқнинг олдида чақириб, ҳури ийнлардан истаганини танлаш ихтиёрини беради», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Ғазабни ютиш фазилатли ишлардан ҳисобланади. Бунга ҳар қандай одам ҳам қодир бўла олмайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ғазабни ютувчиларни мадҳ қилиб:

الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ۝

«Улар енгилликда ҳам, қийинчиликда ҳам нафақа қиладиганлар, аччиғини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир», дея марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 134-оят). Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар бир кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин тақводор киши бу оғир ишни эплаши мумкин. Яъни қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. ("Руҳий тарбия" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat