Намозда қулоқ қоқиш

СаволларМавзу: ИбодатларНамозда қулоқ қоқиш
abduqodir сўради 4 ой аввал

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар. Мен бир дўстим билан намоз ўқидим. Намоздан сўнг дўстим қулоқ қоқишда хато қилганимни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини бу қадар баланд кўтармаганликларини айтди. Мен бош бармоғимни қулоқнинг ёмшоқ жойига текказганимни айтдим, дўстим буни келиб чиқиш сабабини айтди. Яъни имоми Аъзам намоз бошлаб қулоқ қоққанларида орқада турган кар одамлар овозларини яъни “Аллоҳу акбар” деганларини эшитмаган экан. Шу сабабли қўлларини сал баландроқ кўтариб, бош бармоқни қулоқни юмшоқ жойига текказиб қулоқ қоқиладиган бўлибди. Дўстим айни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганларидек қилган маъқул деди.
1. Дўстимни гапи ва айтган маълумотлари тўғрими?
2. Умуман қўлни қай баландликда кўтарган тўғри?
3. Бош бармоқни қулоқни юмшоқ жойига текказиш бидъатми?
Илтимоз имкон қадар тўлиқроқ маълумот берсангиз. Аллоҳ хаммамиздан рози бўлсин.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 4 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Бу масалада бир қанча ҳадислар келган бўлиб, аввал улардан баъзиларини кўриб чиқайлик.
Имом Муслим Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари билан бир сафга келтирганлари айтилган.
Имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Дорақутний ва Таҳовийлар Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларининг бош бармоқларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар», дейилган.
Имом Ҳоким ва Дорақутний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқларига кўтарганларини кўрдим», дейилган.
Бош бармоқларни қулоқларнинг юмшоғига теккизишни айтган уламолар: «Қўлни қулоққа кўтаришдан мақсад уни қулоққа теккизишдир. Чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши унинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир», деганлар.
Мисол учун, «Ал Баҳрур-роиқ шарҳи канзуд-дақоиқ» китобида қуйидагилар айтилади:

وَالْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، أَنْ يَمَسَّ بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، لِيَتَيَقَّنَ بِمُحَاذَاةِ يَدَيْهِ بِأُذُنَيْهِ، كَمَا ذَكَرَهُ فِي النِّقَايَةِ

«Тенглаштиришдан мурод икки бош бармоқларни икки қулоқнинг юмшоқ жойига теккизишдир. «Ниқоя»да зикр қилинганидек, икки қўлнинг икки қулоққа тенглашганига ишонч ҳосил қилиш учун».
Бу ҳақда «Дуррул Мухтор»да қуйидагилар айтилади:

مَاسًا بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، هُوَ الْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، لِأَنَّهَا لَا تُتَيَقَّنُ إِلَّا بِذَلِكَ

«Икки бош бармоғини икки қулоғининг юмшоқ жойига теккизган ҳолида. Зотан, тенглаштиришдан мурод шудир. Чунки бусиз тенглашганига ишонч ҳосил бўлмайди».
Бу гап ҳанафийларнинг китобларида йўқ, деган гап мутлақо тўғри эмас. Қўлнинг бош бармоқларини қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизиш масаласи «Раддул Муҳтор», «Ал-Лубоб фий шарҳил китоб», «Фатавои Қозихон», Али Қорийнинг «Шарҳул Виқоя», «Мажмаъул анҳур» ва яна баъзи китобларда баён қилинган.
Шундай экан, «Ҳатто ҳанафий уламоларнинг фиҳқий китобларида ҳам қўлни қулоқ юмшоғига теккизиш кераклиги ҳақида сўз кетмаган» деган гап қаердан олинган ва нима учун айтилган? Бу ҳақдаги гап бемазҳаблар томонидан ҳаводан олинган. Ҳанафий мазҳабидаги китобларни биламиз, дейиш учун олинган. Аммо ҳанафий мазҳабида нима гап бор-у, нима гап йўқлигини биладиган улардан бошқа кишилар ҳам борлигини хаёлларига келтирмаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисни амал қилишга ва аниқликка мойил қилиб тушунган уламоларнинг гапи хато бўладими? Ундан кейин, такбири таҳримада бош бармоқларини қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизганларнинг намози қабул бўлмай қоладими? Агар шундай бўлса, шу вақтгача шу тарзда намоз ўқиб келганларнинг ҳоли нима бўлади? Бу ихтилофни юзага келтирган бемазҳабларнинг асосий «мазҳаби» юқоридаги каби саволлар қўзғаб, намозхонлар орасида ихтилоф ва жанжаллар чиқаришдир.
Энг муҳими, ушбуни намозга оид хато деб жар солишдан кимга фойда бор? Қандай фойда бор? (“Ихтилофлар, сабаблар ечимлар” китобидан). Валлоҳу аълам!