Иброҳим исмли ўғли

СаволларМавзу: Сийрат ва ТарихИброҳим исмли ўғли
Shaxzod сўради 1 ой аввал

Ассалому алайкум! Пайғамбаримиз сарвару коинотни, Иброҳим исмли фарзандлари бўлганми? Мен бир китобда буни рад этилганини ўқидим.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 1 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Иброҳим деган ўғиллари бўлган. Бунга шак-шубҳа йўқ.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَخَلْنَا مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى أَبِي سَيْفٍ الْقَيْنِ، وَكَانَ ظِئْرًا لِإِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ، فَأَخَذَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِبْرَاهِيمَ فَقَبَّلَهُ وَشَمَّهُ، ثُمَّ دَخَلْنَا عَلَيْهِ بَعْدَ ذَلِكَ وَإِبْرَاهِيمُ يَجُودُ بِنَفْسِهِ، فَجَعَلَتْ عَيْنَا رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَذْرِفَانِ، فَقَالَ لَهُ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ: وَأَنْتَ يَا رَسُولَ اللهِ؟ فَقَالَ: يَا ابْنَ عَوْفٍ إِنَّهَا رَحْمَةٌ، ثُمَّ أَتْبَعَهَا بِأُخْرَى، فَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ الْعَيْنَ تَدْمَعُ وَالْقَلْبَ يَحْزَنُ وَلَا نَقُولُ إِلَّا مَا يَرْضَى رَبُّنَا، وَإِنَّا بِفِرَاقِكَ يَا إِبْرَاهِيمُ لَمَحْزُونُونَ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Сайф ал-Қайннинг олдига кирдик. У Иброҳимнинг сут отаси эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни олиб, ўпдилар ва ҳидладилар. Сўнгра Иброҳим жон бераётганда яна унинг олдига кирдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф у зотга:
«Сиз ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули?!» деди. У зот:
«Эй Ибн Авф, бу раҳматдир», дедилар ва яна йиғладилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, эй Иброҳим», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мория Қибтийя онамиздан кўрган ўғиллари – Иброҳимни Абу Сайф ал-Қайн лақабли кишининг хотинлари эмизганини билиб оламиз. Абу Сайфнинг исмлари Баро ибн Авс ал-Ансорий бўлиб, темирчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам Абу Сайф – қилич отаси куняси билан аталганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Туғилган болани бошқа аёлга эмиздириш жоизлиги.
2. Болани эмизган аёлнинг эри бу болага сут ота бўлиши.
3. Боласини эмизишга берилган жойга бориб, ота фарзандини кўриб туриши кераклиги.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болажон эканликлари. Ўғиллари Иброҳимни кўриб, қўлларига олиб, ўпиб, ҳидлашлари шуни кўрсатади. Мусулмон оталар ўз Пайғамбарларидан ўрнак олишлари лозим.
5. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидаги мартабалари, у зотга ихлос билан хизмат қилишлари. Буни Иброҳим эмизилаётган уйга икки марта киришда ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлганларидан билиб оламиз.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим – Абу Сайф ал-Қайн розияллоҳу анҳунинг уйларида жон берганлиги.
7. Яқин кишиси ўлган одам овоз чиқармай, кўзидан ёш тўкиб йиғласа жоизлиги.
8. Улуғ, олим одамлардан баъзи бир тасарруфотлар содир бўлганда уни нима учун қилганлигини сўраш мумкинлиги.
9. Яқин кишиси ўлган одам кўзидан ёш тўкиб, қалбидан маҳзун бўлиши мумкинлиги.
10. Яқин кишиси вафот этган одам фақат Аллоҳни рози қиладиган гапларни айтиши кераклиги.
11. Вафот этган одамга «Биз сенинг фироқингдан маҳзунмиз», дейиш ёки шунга ўхшаш гапларни айтиш мумкинлиги. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!