Мен намозга кирганимга олти ой бўлди. Ҳозирги кунда менга ота-онам "Намозингни тўхтат, давлатга сени намоз ўқиганинг тўғри келмайди, қамалиб кетишинг мумкин" деб қаршилик қилишаяпти. Лекин намозни ташлагим келмайди. Аллоҳдан қўрқаман. Ҳозирда ташлаб ҳам қўйганман, лекин ичимдан қийналиб юрибман. Аллоҳнинг ибодати билан қалбим хотиржам эди. Қийин вазиятга тушиб қолдим, менга ўзингиз холис маслаҳат беринг, нима қилишим керак?
Динимиз қоидаси бўйича, Аллоҳ таолога гуноҳ бўладиган ҳар қандай ишда бандага итоат қилинмайди. Гарчи улар ота-она бўлсалар ҳам. Намоз ҳар бир вояга етган мусулмон шахсга фарздир. Бир вақт намозни ўқимаслик ва бир кунлик рўзани тутмасликнинг ўзи жуда ҳам катта гуноҳдир. Намоз ва рўзани тан олмаслик эса кофирликдир. Сизнинг ота-онангиз сизга "намоз ўқима, рўза тутма" дейишлари билан жуда катта гуноҳга журъат қилибдилар. Улар тезда тавба қилишлари керак. Улар, "намоз ўқишинг ва рўза тутишинг давлатга тўғри келмайди" дейишлари билан давлатга ҳам қарши катта жиноят қилибдилар. Давлат бу гаплари учун уларни жазолаши мумкин. Чунки давлат ибодат қилишга рухсат берган. "Намоз ўқиш ва рўза тутиш жиноятдир" деган гап давлатнинг бирорта қонунида йўқ. Давлат ўз қонунига қарши бўлганларни жазолайди. Давлатга тўхмат қилмаслик керак. Сиз намоз ўқишни давом эттиринг. Аллоҳ таоло Ўзи осон қилади.