Ассалому алайкум! Агар қизга совчи келиб, бола қизга “рўмолини орқадан ўратиб кўриб, кейин оламан” деб айтса, қиз бу таклифга рози бўлмаслиги керакми ёки шариатда мумкинми? Агар қиз шундай қилса-ю, аммо болага ёқмай қолиб “Бу қизни олмайман” деса нима бўлади?
Ва алайкум ассалом! Келинликка ва куёвликка номзодлар бир-бирларини тўйдан олдин кўришлари гуноҳ ҳисобланадими? Ёки баъзи бирлари айтганидек, ёшлар бир-икки йил бирга юриб бир-бирини синаб кўришлари керакми?
Исломда юқорида сўралган икки услуб ҳам нотўғри ҳисобланади.
Бир-бирини кўрмасдан оила қуриш яхши эмас. Буни қуйида келадиган ҳадиси шарифлардан ўрганамиз, иншааллоҳ. Бир-бирини кўрмаган кишилар, юз кўришганларида бир-бирлаига ёқмай қолишлари ҳам мумкин. Иккинчидан, сифатлари суриштирилганда бошқани кўрсатилиб, никоҳга бошқани олиб келиш хавфи ҳам бор. Бошқа одамнинг сувратини кўрсатиб, тамоман ўзга кишини никоҳламоқчи бўлганлар ҳам топилади. Шунинг учун оила қурмоқчи бўлган икки тараф бир-бирини аввал кўришгани яхши. Лекин, бу дегани, баъзи диндан бехабарлар, ғайридинларга тақлид қилиб, оила қурмоқчи бўлган ёшлар бир икки йил синашиб кейин никоҳдан ўтишлари керак, деган гапларинии тасдиқлаш ҳам эмас. Бу иш Исломда мутлақо жоиз эмас, ҳаром нарса. Балоғатга етган эр ва аёлнинг холи қолишлари қеч мумкин эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, агар бегона эркак ва аёл холи қолсалар, учинчилари шайтон бўлишини таъкидлаганлар. Энг қизиғи, мазкур «синаш» даврида ҳар икки томон ҳам мақсаддаги синовга эриша олмаслигини тажриба исбот қилди.
Синашиб турмуш қурганларнинг оиласи тезроқ ва кўпроқ бузилишини ҳамма кўриб-билиб турибди. Чунки, ҳар икки тараф ҳам «синаш» даврида ўз камчиликларини беркитишга, ўзида йўқ фазийлатларни ҳам бор қилиб кўрсатишга жон жаҳди билан уринади. Оқибатда икки томон ҳам бир-бирини алдайди, бир-бирига «фаришта» бўлиб кўринади. Лекин қалбакилик умр бўйи давом этиши мумкин эмас. Никоҳдан кейин икки томон ҳам тезда ўзини ҳақиқий башарасини очади. Сўнгра келишмовчиликлар чиқади ва оила бузилади. Фақат «синаш» давридаги ҳаром-хариш юриш, гуноҳ, баъзи ҳолларда зино, зинодан ортган фарзанд қолади, холос. Шунинг учун ҳам, Исломда бу ишга рухсат берилмайди. Сўраб суриштирсин, шариат белгилаб берган доирада кўриб ўргансин, шунинг ўзи етарли бўлади. Бу масалага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қизиқтирганлар, тавсия қилганлар. Шунинг учун ҳам барча ҳадис китобларимизда, кўпгина фиқҳ китобларимизда совчи қўймоқчи бўлган пайтда бир-бирини кўриш ҳақида алоҳида боблар бор.
СОВЧИ ҚЎЙИЛАЁТГАН ҚИЗГА НАЗАР СОЛМОҚ ЛОЗИМ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен сени тушимда икки марта кўрганман. Бирдан, бир киши сени ипак матоҳга ўраб кўтариб келиб, бу сенинг хотининг, дер эди. Очиб қарасам, сен бўлар эдинг. Мен, агар бу Аллоҳнинг ҳузурида бўлса амалга оширади, дер эдим»-дедилар».
Икки Шайх ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушларида Оиша онамизни ипак чойшабга ўраб, кўтариб олиб келган киши, Жиброил, фаришта алайҳиссалом бўлганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламларнинг тушлари ҳам ваҳий маъносида бўлади. Шу йўл билан Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлажак хотинлари Оиша онамизни икки марта кўрсатган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам агар шу тушлар Аллоҳ тамонидан бўлса, Аллоҳ уни рўёбга чиқаради. Мен Оишага уйланаман, деб ўйлаганлар. Кейинчалик шундоқ бўлган ҳам. Шу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни, худди у кишига уйланишдан олдин икки марта кўргандек, бўлганлар. Аллоҳ таоло бу ишни ҳикматсиз қилмаган. Худди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни у кишига уйланишдан олдин икки марта ўнгларида кўргандек бўлганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Бир киши У зотнинг олдиларига келиб ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи эканини хабар қилди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга назар солдингми?-дедилар.
«Йўқ»-деди у.
«Бор! Унга назар сол! Ансорийларнинг кўзларида бир нарсаси бўлади»-дедилар».
Муслим ва Насаий ривоят қилган.
Бу ҳадисда уйланмоқчи бўлган одам ўзининг бўлажак умр йўлдошига назар солиши, ҳатто кўзидаги фарқни англаса ҳам жоизлиги баён қилинмоқда. Уйланувчига шунга ўхшаш маслаҳатлар бериш жоизлиги билинмоқда.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлсангиз, агар унинг никоҳига чорловчи нарсага назар солишга қодир бўлса, шуни қилсин»-дедилар».
Абу Довуд, Шофеъий ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Демак, уйланишдан олдин ўзининг бўлажак умр йўлдошига назар солиш жоиз. Ҳадиснинг давомида амал қилиб, уйланмоқчи бўлган қизларига қандоқ назар солганлари, уни ёқтириб сўнгра уйланганлари ҳақида сўз кетган.
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши бир аёлга совчи қўймоқчи бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга назар сол, чунки бундоқ қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир»-дедилар».
Насаий ва Термизий ривоят қилган, ҳамда яхши, деган.
Демак, шариатда бўлажак турмуш йўлдошига назар солишга ижозат беришнинг ҳикмати бир-бирини ёқтириб, муносиб кўрса, кўнгли тортса кейин турмуш қуришга ўтиши учундир. Лекин, бундоқ шаклдаги назар солишнинг, бир-бирининг кўришнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор : Аввало, мазкур кўришлик унаштирилишидан аввал бўлади. Шунинг учун бу ишда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Кўриш оқибатида турли-туман гап-сўзлар тарқалмаслиги керак. Ҳатто, бир-бирини ўзига мос эмас, деб топилганда ҳам, ёқмай қолган тарафнинг шаънига тегадиган гап-сўзлар тарқаб, хафа қиладиган бўлмаслик керак. Ушбу кўришидан кейин маъқул топилса унаштирилади, бўлмаса гап-сўзсиз қолавериши керак.
Иккинчидан, мазкур кўришиш, танишиш вакил воситаси ила ёки шахсий иштирок ила бўлиши мумкин.
Имом Аҳмад, Табароний, ал-Ҳоким ва Байҳақийлар ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймни ўзлари учун бир аёлни кўриб келишга юборганлар ва:
«Товони устидаги пайига қара ва бўйнини икки томонидан ҳидлаб кўр», деганлар.
Бу каби нарсаларни, албатта, аёл киши қила олиши мумкин, холос. Шунингдек, келинликка намзод куёвни кўриш, уни яқинроқдан таниш учун ўз вакилини юбориш мумкин.Оила қуриш ниятидаги кишилар бевосита бир-бирлари билан кўришишлари шариат ҳукмига биноан ўтиши керак. Ўзлари хилватда ёлғиз қолишлари мумкин эмас. Маҳрамлардан бирга бўлиши керак. Йигит қизнинг юзига, икки қўлига назар солса бўлади. Ҳанафий мазҳабида, қадамига ҳам, дейилган. Юз жамолнинг ойнаси, ундан кишининг чиройи ҳақида тўлиқ хулоса чиқариб олиш мумкин. Қўлдан эса баданнинг бошқа қисмлари, ориқ, семизлик каби ҳолатлар тўғрисида хулоса чиқариб олинади. Ҳаракатдан, юриш-туришдан шундоқ ҳам тасаввур олса бўлаверади. Икки тараф бир-бирини ёқтиргандан кейин унаштириш мумкин бўлади. Валлоҳу аълам.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф