Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Таҳорат ҳақида

13:56 / 04.02.2016 | Sayyid | 3937

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар бир нарсага ойдинлик киритиб беринглар илтимос Савол-жавоб порталида http://savollar.islom.uz/smf/index.php?topiс=23746.0 линкдаги саволга Шайх Ҳазрат(раҳимаҳуллоҳ)ни берган жавобини ўқиб, бир акамга телеграм орқали линкини жўнатдим. У акам “ушласа таҳорат кетади, кийимни устидан ушлаш бундан мустасно бўлса керак воллоҳу алам” деди. Мен “ёзиб қўйибдику” десам “ҳамма нарсани ўрганаман деб чуқурлашиб кетманг, сиз ўқиган нарсангизни борича тушунмаябсиз, Аллоҳ эшитиб фикр қилиш учун ақл идрок берган, ҳаммада камчилик бор. Балки ўша уламолар ҳам адашгандир. Сиз ўзингизни ақлиз билан иш қилинг, қуруқ интернетдан ўқиб юрмай” деди. Мен “ўша уламолардан бизга шу нарсалар мерос қолган” десам, “Ука пайғамбарга эргашилади, ўша зўр уламолардан мазҳаблар келиб чиққан. Аслида ҳеч қандай мазҳаб бўлиши мумкин эмас. Ислом битта дин” деб айтди. Илтимос шу мавзуга ойдинлик киритиб беринглар, зора сизлар берган жавобдан кейин хатосини тушуниб олса.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

عَنْ بُسْرَةَ بِنْتِ صَفْوَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ  صلي الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ مَسَّ ذَكَرَهُ فَلَا يُصلِّ حَتَّى يَتَوَضَّأَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ الْسُّنَنِ.

Бусра бинти Сафвон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким закарини ушласа, таҳорат қилмагунча намоз ўқимасин», дедилар». 
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровияси Бусра бинти Сафвон розияллоҳу анҳо билан яқиндан танишиб олайлик:
Бусра бинти Сафвон ибн Навфал ибн Асад ибн Абдул Уззо ибн Қусай ибн Килоб ал-Қурашия ал-Асадийя.
Салама бинти Умайя ибн Увқис ас-Сулаймийя¬нинг оналари. У Варақа ибн Навфалнинг акасининг қизи.
Бусра Муғийра ибн Абу Осга турмушга чиқиб, Муовия ва Оиша деган фарзандлар кўрди. Оиша Абдул Малик ибн Марвон ибн Ҳакамнинг оналари эди.
Бусра Умму Кулсум бинти Уқба ибн Абу Муайиддан ривоят қилганлар. У кишидан эса Марвон ибн Ҳакам, Саъийд ибн Мусаййиб ва бошқалар ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиснинг зоҳирий маъносига қараганда, жинсий олатини ушлаган одамнинг таҳорати кетади. Кўпчилик уламолар бу ҳадисни айнан шундай тушунганлар.
Аммо Ҳанафий мазҳаби уламолари уни бошқача тушунганлар. Улар «Бу ҳадисдаги таҳорат қўлни ювиш маъносидадир», деганлар. Чунки «таҳорат» лафзи шаръий таҳорат маъносидан ташқари, қўлни ювиш маъносида ҳам ишлатилади. Ҳанафий уламоларининг бу фикрлари бошқа бир ҳадисдаги закар ҳам инсоннинг бир аъзоси эканлиги, уни ушлаш билан таҳорат кетиб қолмаслиги ҳақидаги фикрлар билан тасдиқланган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ  صلي الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا أَفْضَى أَحَدُكُمْ بِيَدِهِ إِلَى َفَرْجِهِ وَلَيْسَ بَيْنَهُمَا سِتْرٌ وَلَا حَائِلٌ فَلْيَتَوَضَأْ. رَوَاهُ الْإِمَامُ الشَّافِعِيُّ وَالْحَاكِمُ وَأَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Бирортангиз қўлини фаржига олиб борса-ю, иккиси орасида тўсиқ ҳам, ажратувчи ҳам бўлмаса, таҳорат қилсин», дедилар». 
Имом Шофеъий, Аҳмад ва Ҳокимлар ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам олдинги ҳадиснинг маъносида, фақат ундаги иборалар бошқача, холос. Шунингдек, уламоларимизнинг шарҳлари ҳам худди аввалги ҳадиснинг шарҳига ўхшайди.

عَنْ طَلْقِ بْنِ عَلِيٍّ  رضي الله عنه قَالَ: قَدِمْنَا عَلَى النَبِيِّ  صلي الله عليه وسلم فَجَاءَ رَجُلٌ كَأنَّهُ بَدَوِيٌّ فَقالَ: يا نَبِيَّ اللهِ مَا تَرَى فِي مَسِّ الرَّجُلِ ذَكَرَهُ بَعْدَمَا يَتَوَضَّأُ؟ فَقَالَ صلي الله عليه وسلم : هَلْ هُوَ إِلاَّ مُضْغَةٌ مِنْهُ أَوْ بَضْعَةٌ مِنْهُ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Толиқ ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эдик, худди бадавийга ўхшаш бир одам келди ва: 
«Эй Аллоҳнинг Набийси, бир одам таҳорат қилганидан кейин закарини ушлашига нима дейсиз?»деди. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«У ҳам ундан бир парча, холос ёки бир бўлак, холос», дедилар». 
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Толиқ ибн Али розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Толиқ ибн Али исмли бу саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Ямандан вакил бўлиб келиб, Исломни қабул қилганлардан эди.
Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган суҳбатни қуйидагича баён қиладилар:
«Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга вакил бўлиб келиб, байъат қилдик. Ва у киши билан намоз ўқишга мушарраф бўлдик. Шаҳримизда канисалар борлигидан хабар берганимизда, у ерни поклаш тўғрисида маслаҳат бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув келтиришди. Таҳорат қилиб, оғиз чайиб, сўнг таҳорат сувини бир идишга қуйдилар. У зот бу сувни бизга бериб, «Канисани бузиб, бу сувдан қуйинглар, кейин унинг ўрнига масжид қуриб, намоз ўқинглар», дедилар.
Биз шаҳримизга қайтиб бориб, канисани бузиб, тозалагандан кейин масжид қурдик. Бу канисада бир роҳиб ибодат қилар эди. Биз азон айтганимизда у азон товушини эшитиб, «Ҳақ чақирувчи» деди-да, ғойиб бўлди. Уни қайтиб кўрмадик».
Бу ҳадисда бадавийга (саҳройига) ўхшаган кишининг:
«Эй Аллоҳнинг Набийси, бир одам таҳорат қилганидан кейин закарини ушлашига нима дейсиз?» деган саволига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«У ҳам ундан бир бўлак, холос», яъни, закар ҳам одамнинг бир бўлаги, холос, дейишлари таҳорати бузилмайди, деганларини билдиради.
Ҳанафий мазҳаби уламолари мана шу ҳадисни ҳужжат қилиб, «Закарини ушлаган одамнинг таҳорати кетмайди», дейдилар.
Бошқа уламолар «Бу ҳадис ёки мансух (амалдан қолган) ёки ўша сўраган бадавий одамга хос ҳукм», дейишади.
Лекин усули фиқҳ қоидасига биноан, насх бўлса ҳам, хос бўлса ҳам, ҳужжат билан аниқ исбот қилиш керак.
Ҳанафий уламолар ўз ижтиҳодларини ҳамиша енгилликни олиш зарурлиги қоидаси билан қувватлайдилар. Улар «Агар закарига қўли теккан одам таҳорат қилиши вожиб бўлиб қолса, қийинчилик туғилади», дейдилар.
Бошқа уламолар эса «Инсон закарини ушлаганда лаззат ҳосил бўлиши мумкин, бу эса таҳоратнинг синишига олиб боради. Шунинг учун эҳтиёт чораси сифатида ҳам таҳорат кетади, десак яхши бўлади», дейдилар.
Биз эса «Икки томоннинг қавлини жамлаш керак. Агар зарурат юзасидан, бехосдан ушланса, таҳорат кетмайди. Заруратсиз, шаҳват учун ушланса, кетади, дейилса яхши бўлса керак», деймиз.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
Юқорида икки ҳадис келтирилди, бири жинсий аъзони ушлаганда таҳорат қилишга далолат қилинса, бошқаси таҳорат қилмасликка далолат қилади. Икки ҳадисни ҳам санади борасида бу ҳадисларни бизгача етиб келишига сабаб бўлган муҳаддисларнинг тоғлари ихтилоф қилишган. Бир бор масжиди Ҳайфда Яҳё ибн Маийн, Али ибн Мадиний ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳлар(сиз айтаётган акангиз бу одамларни кимлигини танимаса ҳам керак) жам бўлиб, жинсий аъзони ушлашда таҳорат кетиш ёки кетмаслик масаласи кўтарилди. Яҳё ибн Маийн : “Закарни ушлашдан таҳорат вожиб бўлади” деди. Али ибн Мадиний : “Вожиб бўзлмайди” деди. Яҳё ибн Маийн таҳоратни вожиблигига Бусра бинти Сафвон розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини далил қилди. Али ибн Мадиний унга эътироз билдириб, “Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни  Бусра бинти Сафвон розияллоҳу анҳудан тўғридан тўғри эшитган эмас. Қандай қилиб Бусронинг санадига суянасан. Ҳолбуки Марвон бир миршабни бу борада Бусрадан сўрашга жўнатган ва жавобини келтирган” деб Али ибн Мадиний юқоридаги Толқ ибн Алийнинг ҳадисини далил қилган. Яҳё ибн Маийн эътироз билдириб, “Бу ҳадисни Қайс ибн Толқдан ривоят қилинган. ҳолбуки Қайс ибн Толқ ҳақида одамлар турли гапларни айтишган ва унинг ҳадисини ҳужжат қилинмайди” деди. Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ юқоридагини ҳам кейингини ҳам эътироз ва жавобларини тасдиқлади. Яҳё ибн Маийн Молик Нофеъдан у Ибн Умардан закарни ушлашдан таҳорат қилганлигини ривоят қилди. Али ибн Мадиний эса Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Закарни ушлашдан таҳорат қилинмайди, у жасадингдан бир бўлагидир” деган гапини далил қилди. Яҳё ибн Маийн унинг санадини сўраган эди, Али ибн Мадиний “Суфён Абу Қайсдан у Ҳузайлдан у Абдуллоҳ ибн Масъуддан” деди ва “Абдуллоҳ ибн Масъуд билан Абдуллоҳ ибн Умар(иккиси ҳам саҳобий) иккиси бир масалада ихтилоф қилишса, Ибн Масъуд эргашишга ҳақлироқдир” деди. Имом Аҳмад буни эшитиб : “Тўғри, лекин Абу Қайсни(Абу Қайсни  Ибн Маийн сиқа деган. Ажалий сиқа ва сабт деган ва имом Бухорий уни ҳужжат қилган. Ибн Ҳиббон саҳиҳларида, Ҳоким “Мустадрак”ларида ҳадисини келтирган)ҳадиси ҳужжат қилинмайди” деди. Али ибн Мадиний Аҳмад ибн Ҳанбалнинг жавобига : “Абу Нуайм менга ҳадис сўзлаб, “Мисъаар Умар ибн Саиддан, у Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан : “Закаримни ушладимми, бурнимни ушладимми мен учун фарқи йўқ” деганини ривоят қилди” деди”. Шунда имом Аҳмад ибн Ҳанбал : “Аммор ва Ибн Умар иккиси баробардир. Ким хоҳласа буни(таҳорат қилиш вожиблиги) олсин, ким хоҳласа буни(вожиб эмаслигини) олсин” деди. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ таҳорат қилиш вожиблигини, Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ эса вожиб эмаслигини олганлар. Зиддида келган ҳадисга эса : “Таҳорат олиш мустаҳаб” деганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу таҳорат қилиш вожиблигини, Абдуллоҳ ибн Масъуд таҳорат қилиш вожиб эмаслигини айтиб турган бўлсалар биз ҳам улардан бирига эргашишимизда ҳеч қандай зарар йўқ. Биз ҳанафий мазҳабида бўлганимиз учун Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг гапларини олганмиз.  Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat