Ассалому Алайкум, "шиалар" ҳақида каердан тулик маълумот олсам бўлади?
«Шийъа» сўзи луғатда, «тарафкаш» маъносини англатади. Ислом оламида эса, ҳазрати Алига тарафкашлик оқибатида кўпчилик мусулмонлардан ажралиб, алоҳида йўл тутган тоифага айтилади.
Аслида шийъа мазҳабининг келиб чиқишига сиёсий ихтилофлар сабаб бўлган.
Учинчи халифа ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу вафотларидан сўнг келиб чиқ-қан қарама-қаршиликларнинг бир тарафида ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамуллоҳу важҳаҳу бўлдилар.
У кишига тарафдор бўлганлардан баъзилари кейинчалик шийъа мазҳабини келтириб чиқардилар.
Ҳазрати Алининг ўзлари бу гаплардан бехабар ўтганлар.
Хулоса шуки, шийъачилик аввалдан ўйлаб, режалаштириб тузилган ҳаракат ёки мазҳаб эмас, балки сиёсий тарафкашлик оқибатида мухолиф тарафга зид ўлароқ аста-секин шаклланган бир мазҳабдир.
Тарихчилардан баъзилари бу мазҳабнинг бошланиш даври саҳобалар ўртасида содир бўлган машҳур «Сиффийин» урушига тўғри келади, дейдилар.
Кейинчалик шийъалар кўплаб фирқаларга бўлиниб кетган.
Ҳозирги кунда Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига муқобил ва яқин саналадиган, энг асосий шийъа мазҳаби «имомия» ёки «исна ашария» деб номланади.
Яъни, улар ўн икки имомга эътиқод қиладилар, шунинг учун мазкур номни олганлар.
Уларни фиқҳий эътибордан имом Жаъфар Содиқнинг эргашувчилари бўлганлари учун «Жаъфарийлар» ҳам дейилади.
Имомия мазҳабидаги шийъалар эътиқод қиладиган имомлар қуйдагилар:
1. Али ибн Аби Толиб, розияллоҳу анҳу.
2. Ҳасан ибн Али, розияллоҳу анҳумо.
3. Ҳусайн ибн Али, розияллоҳу анҳумо.
4. Али Зайнул Обидийн ибн Ҳусайн.
5. Муҳаммад ал-Боқир ибн Али Зайнул Обидийн.
6. Жаъфар ас-Содиқ ибн Муҳаммад ал-Боқир.
7. Мусо ал-Козим ибн Жаъфар ас-Содиқ.
8. Али Ризо ибн Мусо ал-Козим.
9. Муҳаммад ал-Жавод ибн Али Ризо.
10. Али ал-Ҳодий ибн Муҳаммад ал-Жавод.
11. Ҳасан ал-Аскарий ибн Али ал-Ҳодий.
12. Муҳаммад ал-Маҳдий ибн Ҳасан ал-Аскарий.
Шийъаларнинг ўн иккинчи имоми, Муҳаммад ал-Маҳдий тўрт ёки саккиз ёшида Сорра ман раъо деган жойда отасининг ҳовлисида бир ғорга ўхшаш жойга кириб кетгану бир куни қайтиб чиқади, деб эътиқод қилинади.
Шунингдек, уларнинг ақийдаси бўйича имомлик ягона диний раҳбарлик бўлиб, у аввалги имомнинг васияти ила кейинги имомга ўтади.
Мисол учун, Пайғамбар алайҳиссалом ўзларидан кейин имомликни ҳазрати Алига васият қилганлар, ўз навбатида, ҳазрати Али, имом Ҳасан ва Ҳусайнга ва ҳоказо.
Шийъа мазҳабидаги мусулмонларнинг эътиқоди бўйича, имом гуноҳлардан пок, тўлиқ илм соҳиби бўлади. Пайғамбардан фарқи ваҳий тушмаслигида, холос. Имомлар мўъжиза соҳиби ҳам бўладилар.
Улар ҳар куни шом намозидан кейин имом Маҳдий кириб кетган, деб эътиқод қилинадиган ғор оғзига бир уловни олиб бориб, то юлдузлар кўрингунча, имомнинг исмини айтиб чақирадилар, сўнгра эртага қайтиб келамиз, деб тарқалишади.
Улар имом чиқса, ер юзини адолатга тўлдиради, шийъаларнинг душманларидан ўч олади, деб эътиқод қиладилар.
Имомия шийъаларининг энг машҳур ақийдаларидан бири «тақияя» дир. Яъни, бу–инсон ўзини сақлаш учун баъзи ҳийла ва алдовларни ишлатиши мумкин, деган гап.
Имомия мазҳабидагилар ҳузурида «та-қийя» диннинг аслидан ҳисобланади, ким унга амал қилмаса, намоз ўқимаган билан баробар бўлади. Ким уни тарк қилса, диндан чиқади.
Бу гапларига ўзларининг бешинчи имомлари Жаъфар Содиқнинг:
«Тақияя менинг ва оталаримнинг дини, кимнинг тақияяси бўлмаса, иймони ҳам йўқдир», деган гапини далил қилиб келтирадилар.
Имомия шийъаларини машҳур қилган сабаблардан бири «мутъа» никоҳидир. Яъни, луғатдаги маъноси мазза қилиш учун уйланиш.
Бир аёл билан келишиб, ҳаққини бериб, маълум муддат, кун ёки соатга никоҳ қилиб олиш. Улар мутъа никоҳини энг яхши ибодат, қурбат ҳосил қилишнинг афзал йўли, деб эътиқод қиладилар.
Шийъалардан мутаассиблари кўпчилик саҳобаларни, айниқса, уч халифа: Абу Бакр Сиддиқ, Умари Одил ва Усмон Зуннурайнларни лаънатлашади. Уч халифа зулм билан Алидан халифаликни тортиб олишган, деб айблашади. Улар, шунингдек, Ойша онамизни ҳам сўкадилар.
Шундан келиб чиқиб, улар ҳазрати Алидан бошқа саҳобалар ривоят қилган ҳадисларни қабул қилмайдилар.
Баъзи муболағага кетган шийъа тоифалари фаришта Жаброил алайҳиссаломни ҳам сўкадилар. Улар у зотни ваҳийни адашиб Алига эмас, Муҳаммадга олиб тушган, деб айблайдилар.
Шийъаларнинг ўзларига хос байрамлари бор. Улардан бири «Ғадийр ҳайити».
У зулҳижжа ойининг 18-куни нишонланади ва катта ҳайит, деб номланади.
Уларниннг эътиқоди бўйича бу ҳайит қурбон ва рамазон байрамларидан ҳам улуғ ҳисобланади. Шийъаларнинг айтишларича, худди шу куни пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Алига халифаликни васият қилган эмишлар.
Муҳаррам ойининг биринчи ўн куни шийъалар учун мотам кунлари ҳисобланади. Улар ўша кунлари Имом Ҳасан, Имом Ҳусайн ва бошқаларга мотам тутадилар.
Улардан баъзи бир ҳаддидан ошган тоифадагиларининг эътиқодлари бўйича ўша кунлари ким ўзини кўпроқ қийнаса, шунча кўп савоб олади.
Имомия шийъаларининг Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига нисбатан энг катта ақийдавий хилофларидан бири у дунёда мўминлар Аллоҳнинг жамолини кўрмайдилар, деб эътиқод қилишларидир.
Фиқҳ бўйича ҳам бир қанча ихтилофли масалалар бор.
Баъзи мисоллар келтирадиган бўлсак, шийъалар таҳорат қилганларида, оёқларини ювмайдилар. Балки, оёқларига масҳ тортадилар.
Шунингдек, пешин ва аср ҳамда шом ва Хуфтон намозларини қўшиб ўқийдилар.
Имом йўқолгани сабабли имомликка муносиб шахс йўқлигидан жамоат намозини ўқимайдилар ва ҳоказо.
Имомия шийъаларининг асосий маркази Эрондир. Тарихчилар бунинг асл сабаби Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг Эрондан уйланишлари бўлган, дейдилар.
Шу туфайли сиёсий жанжалларда эронликлар Имом Ҳусайн тарафини оладилар ва у кишини келиб, ўзларига раҳбарлик қилишга чорлашади.
Имом Ҳусайн шу чақириққа биноан келаётиб, Карбалода шаҳид бўладилар.
Шунингдек, имомия шийъалари Ироқ, Қувайт, Покистон ва Ливанда сезиларли даражада тарқалганлар.
Собиқ Совет Иттифоқини назарда тутадиган бўлсак, Озарбайжон аҳолисининг кўпчилиги шийъадир. Шунингдек, Шимолий Қофқознинг Озарбайжон чегарасига яқин жойларида яшайдиган аҳоли ҳам шийъалардир.
Бизнинг Ўзбекистонда Самарқанд ва Бухорода ота-боболари қадимда Эрондан келиб қолган шийъа мазҳабига мансуб кишилар яшашади.
Уларнинг маҳаллий аҳолиси асли Эрондан бўлгани учун эронийлар ҳам деб атайдилар.
Ҳозирги кунда ўзларининг масжидлари бор, баъзи китобларини ҳам чоп этдилар.
Охирги пайтларда сунний ва шийъий мазҳаблари орасида яқинлашиш ишлари бўйича фаолият олиб борилмоқда.
Ҳар мазҳаб ўзининг таълимотларини тутиши билан ўзгани ҳурмат қилиш ва муштарак манфаатлар йўлида ҳамкорлик қи-лиш ҳаракатлари йўлга қўйилмоқда.
Эронда «Исломий мазҳабларни яқинлаштириш» деб аталган катта муассаса иш-лаб турибди. Ҳар йили илмий анжуманлар ўтказилмоқда.
Ҳозирги пайтда имомий шийъалар билан аҳли сунналар орасида муносабатларни яхшилашга ҳаракатлар бўлиб турибди. Саҳобаларни сўкмаслик, бир-бирини ёмонламаслик, ҳар ким ўз мазҳабини ушлаган ҳолида иттифоқ қилинган масалаларда ҳамкорлик қилиш каби бир қанча ишларга келишилди. Имомия мазҳабидаги шийҳаларни кофир дейилмайди. Сизларга улар ҳақида гап гапирган одам ошириб юборибди. Сизлар имом бўлсангиз, бирга намоз ўқисангиз бўлади. Аммо эҳтиёт бўлиш ва уларнинг мазҳабига ўтиб кетмаслик лозим.
http://www. islom. uz/savollar/smf/indеx. php? topic=16488. 0