Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Пайгамбарларга иймон келтириш

22:22 / 19.07.2013 | abdullox5 | 3548

Ҳазрат, Аллоҳ таоло Сизни хамда Сайтни ишини юритаётган барча ходимларни икки дунёда ҳам мукофотласин, Устоз маълумки, Биз Пайгамбаримиз Расулу Акрам (с. А. В)нинг умматлари була туриб аввалги барча Пайгамбарларга иймон келтирамиз, шу иймон келтиришимиз дилимиз билан иймон келтирсакда, тилда кандай иймон келтирилади, Биз уммат Муҳаммад Мустафо (с. А. В) га "Ла илаха иллалох Муҳаммадур РасулАллоҳ" калимасини айтган холда иймон келтирамиз, Одам алайхисаломга "Ла илаха иллалох Адаму Сафиуллоҳ" дейилишини эшитган эдим, қолган Пайгамбарларга кандай куринишда иймон келтирилади, мана шу иймон келтиришларни ёзув куринишда келтириб беришни иложиси борми, сабаб олдинги умматлар кандай куринишда узларининг Пайгамбарларига иймон келтирганликларини билиш максадда. Мазкур масалани бошқа сайтлардан топа олмадим, шунинг учун Сизни безовта киляпман Устоз, қимматли вактизни аямай бизнинг хар бир саволимизга жавоб бераётганизга ташаккур! ! !


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

 Китоб ўқимасангиз шундай бўлади. Агар китоб ўқиганингизда бу масалани аллақачон билиб олган бўлар эдингиз. Ҳар бир набийни исмини келтириб, сиз ихтиро қилганга ўхшаб иймон келтирилмайди. Умумий тарзда бўлади.

Анбиё ва расулларга иймон.

Бизларга Аллоҳ таоло Ўз китобида номларини зикр қилган пайғамбарларга иймон келтириш вожибдир. Аллоҳ таоло исмларини ва ададларини биз билмайдиган, фақат Ўзи биладиган набий ва расулларни юборганига ҳам иймон келтирмоғимиз вожибдир.

Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи, инсоният учун улкан шарафдир. Одам Атодан бошлаб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган пайғамбарлар силсиласи эса инсониятнинг шараф силсиласидир. Пайғамбар алайҳиссаломлар инсоният учун шону-шараф, фахр бўлган шахслардир. Улар Роббил оламиннинг кўрсатмаларини одамларга етказиб берган шахслардир. Уларнинг ҳаммалари бир Аллоҳнинг бандалари, бир Аллоҳнинг пайғамбарларидир. Улар бир - бирлари билан биродардирлар. Улар бир-бирларини тўлдириб, бир-бирларини тасдиқлаб келганлар. Улар орқали инсониятнинг асли бир экани, бир Аллоҳга сиғингани, бир динга амал қилгани тушунилади. Шунинг учун ҳам, Исломда уларнинг орасини фарқламай, ҳаммаларига бирдек иймон келтириш фарздир. Пайғамбар алайҳиссаломлардан бирорталарини инкор қилган кимса, гўёки, ҳамма пайғамбарларни инкор қилган каби кофир бўлади.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг ҳар бирлари яхшилик, фазилат бобида инсоният учун ўрнак ва намунадирлар. Уларнинг ҳар бири – ҳидоят маёғидир. Уларнинг охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматгача ҳаммага ўрнакдирлар. Инсоният бугунги кунда пайғамбарлардан ўрнак олишга ўта муҳтож бир ҳолга келгандир. Бунинг учун уларнинг эҳтиромини ўрнига қўйиш, улар ҳақида Ислом кўрсатгандек иймон келтириши лозим. . Чунки Исломдан бошқа дин ва мафкураларда бу нарса йўқ.

 Аллоҳ таоло юборган биринчи набий Одам алайҳиссаломдир. Анбиёларнинг энг охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда йигирма беш пайғамбарни зикр қилган. Ана ўшаларнинг пайғамбарлигига батафсил эътиқод қилмоғимиз вожибдир. Яъни, мусулмон кишидан мазкур набийларнинг бирорталари ҳақида сўралиб қолса, у зотни танимаслиги ёки пайғамбарлигини билмаслиги жоиз эмас.

Шунингдек, бизларга пайғамбар алайҳиссаломлар барчалари Аллоҳнинг пайғамбарларига юкланган вазифаларни халойиққа етказганлари, бу ишда камчиликка йўл қўймаганларига иймон келтиришимиз вожиб.

Аллоҳнинг Пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Аллоҳнинг Ўзига бўлган иймондан келиб чиқадиган иймондир. Пайғамбарларга иймон келтиришга Аллоҳнинг Ўзи буюрган. Аллоҳга ишонган одам Унинг Пайғамбарларига ҳам ишониши керак.

Қуръони Каримда номлари зикр қилинган Пайғамбарлар қуйидагилар:

1. Одам алайҳиссалом.

2. Идрис алайҳиссалом.

3. Нуҳ алайҳиссалом.

4. Ҳуд алайҳиссалом.

5. Солиҳ алайҳиссалом.

6. Иброҳим алайҳиссалом.

7. Лут алайҳиссалом.

8. Исмоил алайҳиссалом.

9. Исҳоқ алайҳиссалом.

10. Яъқуб алайҳиссалом.

11. Юсуф алайҳиссалом.

12. Айюб алайҳиссалом.

13. Шуайб алайҳиссалом.

14. Мусо алайҳиссалом.

15. Ҳорун алайҳиссалом.

16. Юнус алайҳиссалом.

17. Довуд алайҳиссалом.

18. Сулаймон алайҳиссалом.

19. Илёс алайҳиссалом.

20. Ал-Ясаъ алайҳиссалом.

21. Закариё алайҳиссалом.

22. Яҳъё алайҳиссалом.

23. Зул-Кифл алайҳиссалом.

24. Ийсо алайҳиссалом.

25. Муҳаммад алайҳиссалом.

Қуръони Каримда зикрлари келган пайғамбар алай-ҳиссаломлардан бирортасини инкор қилган одамнинг мусулмонлиги қолмайди.

Шу билан бирга номлари ва қиссалари Қуръони Каримда зикр қилинмаган анбиёлар ҳам борлигини Қуръони Каримнинг ўзида таъкидланади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

 

«Ва бир пайғамбарлар ҳақида сенга олдин қисса айтиб бердик ва бир пайғамбарлар ҳақида қисса айтмадик» (Нисо:164).

 

«Батаҳқиқ, Биз сендан олдин пайғамбарлар юбордик. Улардан сенга қисса қилиб берганимиз бор ва улардан сенга қисса қилиб бермаганимиз бор» (ғофур: 78).

Қуръони Каримда номлари зикр қилинмаган Пайғамбарлар ҳақидаги энг ишончли маълумот Ибн Мурдавайҳи Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда келган, у киши айтадиларки:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарлар қанча? » деб сўрадим. . У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир юз йигирма тўрт мингта», дедилар.

«Эй, Аллоҳнинг Расули, улардан қанчаси Расуллар? » дедим.

«Уч юз ўн учтаси, кўпчилик», дедилар.

Аммо кўпчилик ақоид уламолари ўтган анбиёларнинг сонини маълум адад билан чеклаш яхши эмас, дейдилар. Жумладан, машҳур ватандошимиз имом Насафий ҳам «Ададни зикр қилинганда уларнинг ичига улардан бўлмаганлар кириб қолиши ёки улардан бўлганлар чиқиб қолиши хавфи бор» деганлар.

Бу маънода Қуръони Каримда келган маъно билан чегараланганимиз афзал, дейдилар муҳтарам уламоларимиз.

Топ рейтинг www.uz Openstat