Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Уйланиш ҳақида

10:20 / 18.09.2016 | Otabek Ashurov | 3838

Ассалому алайкум! Агар бир инсон ўзга юртда ишласа ва зино қилишдан қўрқса у бирорта муслимага уйланиши мумкинми? Ажрашган аёлга бўлса ҳам. Агар мумкин бўлса бу ҳолатда адолат қандай бўлиши кeрак?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Икки зарар тенг келганда енгилини олинади.  Адолат иккала хотин рози бўладиган даражада бўлиши керак. Аллоҳ таоло “Нисо” сураси 129-оятида марҳамат қилади : وَلَن تَسْتَطِيعُواْ أَن تَعْدِلُواْ بَيْنَ النِّسَاء وَلَوْ حَرَصْتُمْ فَلاَ تَمِيلُواْ كُلَّ الْمَيْلِ فَتَذَرُوهَا كَالْمُعَلَّقَةِ وَإِن تُصْلِحُواْ وَتَتَّقُواْ فَإِنَّ اللّهَ كَانَ غَفُورًا رَّحِيمًا۝ Ҳар қанча интилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида ҳаргиз адолатли бўла олмассизлар. Бас, бир йўла мойил бўлиб кетиб, уни эри йўқолган муаллақ аёлга ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ этсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Ушбу ояти каримада зикр этилаётган «хотинлар ўртасида адолат» кўп хотинли эрнинг хотинларига нисбатан қалбидаги муҳаббати борасидадир. Яъни «Қанча уринсангиз ҳам, ҳаракат қилиб, тиришсангиз ҳам, қалбингиздаги мойилликда ҳамма хотинларингизга нисбатан бир хил бўла олмайсиз», дейилмоқда. «Ҳар қанча интилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида ҳаргиз адолатли бўла олмассизлар». Чунки бу нарса, яъни аёл кишига бўлган муҳаббат режа билан, ўлчов билан бўладиган нарса эмас. Бу борада қалб ўз эгасига қулоқ солмайди, унинг амрига итоат этмайди. Ҳар қандай эр хотинлари орасида зоҳирий ишларда тўлиқ адолат қила олади, аммо қалбидан бўладиган муҳаббатга келганда, узрли. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Зайддан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Оиша онамизнинг ҳикоя қилишларича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлари орасида тақсимни адолат билан қилар эдилар. Сўнгра: «Аллоҳим! Бу ўзим эга бўлган нарсадаги тақсим. Сен Ўзинг эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарсада мени маломат қилмагин», – дер эдилар». Набий алайҳиссаломнинг кўнгил майллари Оиша онамизга нисбатан алоҳида бўлганлиги маълум ва машҳурдир. Исломда кўп хотинли киши ўз иродасига боғлиқ ишларда хотинлари ўртасида тўлиқ адолат қилишга амр қилинган. Уй-жой ва нафақа масаласида, муомала, бирга ётиш, эр-хотинлик ҳуқуқларини адо этиш ва бошқа шунга ўхшаш масалаларда тўлиқ адолат лозим. Аммо инсон иродасига боғлиқ бўлмаган масала – муҳаббат масаласига келсак, унда ҳар қанча уринса ҳам, адолат бўлмаслиги оятнинг ўзида айтиб турилибди. Лекин, узрли эканмиз, деб ҳаддан ошириб юбориш ҳам мумкин эмас: «Бас, бир йўла мойил бўлиб кетиб, уни эри йўқол муаллақ аёлга ўхшатиб қўйманг». Яъни «Кўнглингизда муҳаббати ўрнашган баъзи хотинингизга бир йўла мойил бўлиб кетиб, хотинларингизнинг баъзисини муаллақ аёлга ўхшатиб қўйманг». «Муаллақ аёл» деб, хотин бўлиб хотин эмас, боши очиқ бўлиб, боши очиқ эмас, аросат бир ҳолда қолган аёлга айтилади. Эри сафарга кетиб, ғойиб бўлди. Эрим бор, деса, ўлигининг ҳам, тиригининг ҳам хабари йўқ. Эрим йўқ, деса, бор эди, талоқ ҳам қилмаган эди. Бундай муаллақлик азоб, шунинг учун ояти карима эрни бу масалада адолатли бўлишга чорламоқда. Кўп хотинли эркак киши доимо яхши кўрган хотини билан бирга бўлиб, бошқасини тарк этса, шариатга ҳеч тўғри келмайди. «Агар ислоҳ этсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир». Эр-хотинлик ишларида ҳам доимо ислоҳни кўзда тутиб, тақво билан иш юритиш лозим. Инсон ўзининг барча имкониятларини ишга солиб, оиласини бузмасликка, сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat