Намоздаги ҳолат

СаволларМавзу: ИбодатларНамоздаги ҳолат
Vosiqov сўради 1 йил аввал

Ассалому алайкум! Намоздаги қаъдада ўтирган вақтда қаeрга қаралиб ўтирилади? Бир китобда кўкрак ўртасига дeб ўқигандим. Аммо баъзи кишилардан ўнг қўл устига қаралади дeб ҳам эшитдим. Буларнинг қайси бири тўғри?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 1 йил аввал

Ва алайкум ассалом!

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِذَا جَلَسَ فِي الصَّلَاةِ وَضَعَ كَفَّهُ الْيُمْنَى عَلَى فَخِذِهِ الْيُمْنَى وَقَبَضَ أَصَابِعَهُ كُلَّهَا، وَأَشَارَ بِإِصْبَعِهِ الَّتِي تَلِي الْإِبْهَامَ، وَوَضَعَ كَفَّهُ الْيُسْرَى عَلَى فَخِذِهِ الْيُسْرَى رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозда ўтирсалар, ўнг кафтларини ўнг сонларига қўяр, бармоқларини тугиб, бош бармоқ ёнидаги бармоқлари билан ишора қилар эдилар. Чап кафтларини чап сонларига қўяр эдилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Ушбу ҳадиси шарифда ташаҳҳудда ўтириш ва унда қилинадиган ишлар ҳақида сўз кетмоқда.
Ташаҳҳудда ўтирганда ўнг кафтни ўнг сонга, чап кафтни чап сонга қўйиб ўтириш. Бармоқларни қиблага қаратиб ўтириш.
Ўнг қўл бармоқларини тугиб, бош бармоқ ёнидаги кўрсаткич бармоқ ила ишора қилиш.
Ўша бармоқни араб тилида «саббоба» дейилади.
Шунинг учун ташаҳҳудда қилинадиган ишорани ҳам «ишораи саббоба» дейилади.
«Ишораи саббоба» ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа», деганда «Лаа илааҳа»ни айтаётганда кўрсаткич бармоқни юқорига кўтариш ва «иллаллоҳу»ни айтганда тушириш билан бўлади. Ўша бармоқни кўтаришда бошқа бармоқларни йиғиб олинади.
Баъзилар ушбу ривоятдаги «бармоқларини тугиб»ни ташаҳҳудга ўтиришда тугиб ўтиради, деб тушунганлар. Шунинг учун аввалдан қўлларини муштга ўхшатиб ўтиришади ва «Лаа илааҳа»га келганда кўрсатгич бармоқларини юқорига кўтаришади. Бармоқларни тугмасдан, уларни оддий ҳолатда қиблага қаратиб, учларини тиззага етказиб ўтириш кўпроқ маъқул бўлган.
«Саббоба» сўкиш деганидир. Бинобарин, «ишораи саббоба»нинг маъноси – «сўкиш ишораси» бўлади.
Ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу»нинг «Лаа илааҳа»сида кўрсаткич бармоқни кўтариш шайтонни сўкиш бўлади. «Ишораи саббоба»ни қилиб, бармоқни тушириш шайтонни темир қамчи билан уришдек гап, дейилади.
Ишорани қилгандан сўнг намоз тамом бўлгунча ўша бармоққа қараб турилади. Ишораи саббоба пайтида тугилган бармоқлар намознинг охиригача ҳам ёзиб юборилмайди.
Баъзи уламоларимиз бу ишорани қилмасликни айтганлар. Аммо Ибн Ҳумом ва Али Қорий каби уламоларимиз: «Буни қилмаслик ривоят ва дироятга хилоф бўлади», деганлар.
Биз эса устози ўргатганлар қилсин, ўргатмаганлар қилмасин, аммо ихтилоф бўлмасин, деймиз. (“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам!