Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Истинжо қилиш тўғрисида

05:43 / 18.04.2014 | bek | 15407
Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Таҳорат бузилишининг сабабларидан бири ел келиши ҳисобланади. Ел келиб таҳорат бузилганда қайта мустаҳаб қилиниб (ел келган жой қайта ювилиб) сўнг таҳорат олинадими ёки мустаҳаб қилмасдан таҳорат олинадими? Бавл қилинганда бавл қилинган жойни ўзини ювиб сўнг таҳорат олинса кифоя қиладими? Иложи бўлса истинжо ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бу сарлавҳа остида келган маълумотларни «хало одоблари» десак ҳам хато қилмаган бўламиз. Ҳар бир кишининг кундалик ҳаётида бир неча бор такрорланиб турадиган бу муҳим амалга шариатда катта эътибор берилган. Бугунги кунда шахсий озодалик деб номланаётган ишни Ислом қадимдан ўта тартибли равишда йўлга қўйиб қўйган. Келинг, ўша маълумотларни ўрганишга киришайлик.

ИСТИНЖО

«Истинжо»нинг луғавий маъноси «ахлатни кетказиш»дир. Фуқаҳолар истилоҳида эса, нажосатни сув ва унга ўхшаш нарса ила кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса ила артишга «истинжо» дейилади. Уйқу ва елдан бошқа ҳар бир таҳоратни кетказувчидан тошга ўхшаш нарса ила истинжо қилмоқ суннатдир. Суяк, тезак ва ўнг қўл билан эмас. Сўнг уни ювмоқ одобдир. Агар у махраждан бир дирҳамдан кўпроқ тарқалган бўлса, у (ювмоқ) вожибдир. Икки аъзода ва баданнинг бошқа қисмида нажосат бўлмаса, истинжо қилишнинг кераги йўқ.Уйқу ва елга ўхшаш ҳушидан кетиш, жиннилик, мастлик каби таҳоратни кетказувчи нарсалардан ҳам истинжо қилинмайди. Қолганларидан, агар нажас бир дирҳам миқдоридан кам бўлса, истинжо қилиш суннатдир. Кўпчилик уламолар истинжо қилиш эркагу аёлларга суннати муаккададир, деганлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни доимо қилганлар. Қўлини ювгандан кейин уни бармоқларининг ич тарафи билан, махражини муболаға ила бўшаштирган ҳолда ювади. Кейин қўлни ювади. Халода қиблага қарамоқ ёки унга ортини қилмоқ макруҳдир. Уйқу ва елдан бошқа ҳар бир таҳоратни кетказувчи нарсадан тошга ўхшаш нарса ила яхши тазалангунича истинжо қилмоқ суннатдир. Уйқу ва елга ўхшаш: ҳушидан кетиш, жиннилик, мастлик каби таҳоратни кетказувчи нарсалардан истинжо қилинмайди. Қолган ҳолларда, агар нажас бир дирҳам миқдоридан кўп бўлса, истинжо қилиш вожибдир. Вожиб бўлганда ҳам, сув билан истинжо қилиш вожиб бўлади. Агар ундан кам бўлса, истинжо суннат ҳисобланади. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: «وَمَنِ اسْتَجْمَرَ فَلْيُوتِرْ، مَنْ فَعَلَ فَقَدْ أَحْسَنَ وَمَنْ لَا فَلَا حَرَجَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тош ила истинжо қилса, тоқ қилсин. Ким шундоқ қилса, яхши қилибди. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ», – дедилар». Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган. Истинжо тош, кесак ва шунга ўхшаш нарсалар билан, махраж тоза бўлганига кўнгил тўлгунича қилинади. Яъни бунда махсус адад белгиланмайди. Кўпчилик уламолар ҳар сафар истинжо қилиш эркагу аёлларга суннати муаккададир, дейишган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни доимо қилганлар. Суяк, тезак ва ўнг қўл билан эмас. Бу ҳукмни фуқаҳолар қуйидаги шаръий далиллардан олишган. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه   قَالَ: اتَّبَعْتُ النَّبِيَّ صلي الله عليه وسلم وَخَرَجَ لِحَاجَتِهِ فَكَانَ لَا يَلْتَفِتُ فَدَنَوْتُ مِنْهُ، فَقَالَ: «ابْغِ لِي أَحْجَارًا أَسْتَنْفِضْ بِهَا أَوْ نَحْوَهُ وَلَا تَأْتِنِي بِعَظْمٍ وَلَا رَوْثٍ». فَأَتَيْتُهُ بِأَحْجَارٍ بِطَرَفِ ثِيَابِي فَوَضَعْتُهَا إِلَى جَنْبِهِ وَأَعْرَضْتُ عَنْهُ، فَلَمَّا قَضَى أَتْبَعَهُ بِهِنَّ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиқувдилар, ортларидан бордим. Одатда у киши ортларига қарамас эдилар. У кишига яқинлашувдим: «Менга тошлардан олиб кел, улар билан истинжо қиламан, (ёки шунга ўхшашроқ гап айтдилар) суяк ёки тезак олиб келма», – дедилар. У зотга кийимимнинг этагига тош солиб келтириб, ёнларига қўйдим ва ўгирилиб кетдим. У киши қазои ҳожат қилиб бўлиб, уларни ишлатдилар». Бухорий ривоят қилган. Суяк – таом чиқиндиси, тезак – ҳайвон чиқиндиси ҳисобланиши эътиборидан шу гап айтилган. Шунингдек, бу икки нарсанинг хусусиятларига эга бўлган нарсалар билан ҳам истинжо қилиб бўлмайди. Баъзи уламолар таом, кўмир, шиша, латта, дарахт баргига ўхшаш нарсалар билан истинжо қилиш ҳам макруҳ, деганлар. Шундоқ бўлганидан кейин, фойдали нарсалар билан истинжо қилиб бўлмаслиги ўз-ўзидан маълум бўлади. Баъзи қадимги уламоларимиз қоғоз билан истинжо қилиш макруҳ, дейишган. Чунки уларнинг вақтида қоғоз камёб бўлган. Ҳозир ҳам фойдаланиладиган қоғоз билан, хусусан, ёзуви бор қоғоз билан истинжо қилишга рухсат йўқ. Аммо истинжо учун алоҳида тайёрланган қоғоз билан истинжо қилишга ҳамма уламолар рухсат беришган. Чунки у айни шу мақсад учун махсус тайёрланган нарсадир. عَنْ سَلْمَانَ رضي الله عنه قِيلَ لَهُ: قَدْ عَلَّمَكُمْ نَبِيُّكُمْ  كُلَّ شَيْءٍ حَتَّى الْخِرَاءَةَ، فَقَالَ: أَجَلْ، لَقَدْ نَهَانَا أَنْ نَسْتَقْبِلَ الْقِبْلَةَ لِغَائِطٍ أَوْ بَوْلٍ، أَوْ أَنْ نَسْتَنْجِيَ بِالْيَمِينِ، أَوْ أَنْ نَسْتَنْجِيَ بِأَقَلَّ مِنْ ثَلَاثَةِ أَحْجَارٍ، أَوْ أَنْ نَسْتَنْجِيَ بِرَجِيعٍ أَوْ بِعَظْمٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ. Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У кишига: «Набийингиз сизларга ҳамма нарсани, ҳатто, қандоқ бўшанишни ҳам таълим берди», дейилди. Бас, у киши: «Тўғри. Батаҳқиқ, у зот бизни қазои ҳожат учун ёки бавл учун қиблага қарамоғимиздан, ўнг қўл билан истинжо қилмоғимиздан ва учтадан кам тош билан истинжо қилмоғимиздан ҳамда чиқинди ва суяк билан истинжо қилмоғимиздан наҳий қилганлар», – деди». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Бу ҳадисда истинжога ишлатиш дуруст бўлмаган нарсалардан айримлари санаб ўтилмоқда. Сўнг уни ювмоқлик одобдир. عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه : أَنَّ هَذِهِ الْآيَةَ: نَزَلَتْ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم : «يَا مَعْشَرَ الْأََنْصَارِ، إِنَّ اللهَ قَدْ أَثْنَى عَلَيْكُمْ فِي الطُّهُورِ فَمَا طُهُورُكُمْ؟»، قَالُوا: نَتَوَضَّأُ لِلصَّلَاةِ وَنَغْتَسِلُ مِنَ الْجَنَابَةِ وَنَسْتَنْجِي بِالْمَاءِ، قَالَ: «فَهُوَ ذَاكَ فَعَلَيْكُمُوهُ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ. Ибн Можа, Ҳоким ва Байҳақийлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор» ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй ансорлар жамоаси! Аллоҳ сизларни покликда мақтади. Сизнинг поклигингиз нимадир?» – дедилар. «Намозга таҳорат қиламиз. Жанобатдан ғусл қиламиз. Сув ила истинжо қиламиз», – дейишди. «У – ана ўша! Уни маҳкам тутингиз!», – дедилар». Мазкур ояти каримада Қубо масжиди назарда тутилган. Масжиднинг жамоати ансорлардан иборат эди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мазкур савол билан мурожаат қилганлар. Агар у махраждан бир дирҳамдан кўпроқ тарқаган бўлса, у (ювмоқ) вожибдир. Нажосат бир дирҳамдан кўпроқ жойга тарқаган бўлса, уни ювиш вожиб бўлади. Қуруқ нарсалар билан тозаланиш тўлиқ покламайди, шу боис, у нажосат бир дирҳамдан оз миқдорда бўлганидагина жоиз ҳисобланади, чунки бу афв қилинган миқдордир. Ундан ортиғини суюқлик билан поклаш лозим. Агар сув билан истинжо қилиш соғликка зарар бўлса, қуруқ нарсалар билан тозаланишнинг ўзи кифоя қилади. Қўлни ювгандан кейин уни бармоқларининг ич тарафи ила махражини муболаға ила бўшаштирган ҳолда ювади. Кейин қўлни ювади. Махраждаги нажасни ювишдан олдин қўлни ювиш унинг тозалаш асбоби бўлганидандир. Махражни бўшаштириш ила унинг барча ерларидаги нажасотни ювиш осонлаштирилади. Кейин қўлни ювади. Шунда қўлига теккан нажосат ва ноқулай ҳидлар кетади. Халода қиблага қарамоқ ёки ортини қилмоқ макруҳдир. Бу ҳукмни фуқаҳоларимиз қуйидаги ва шунга ўхшаш бошқа далиллардан олганлар. عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأََنْصَارِيِّ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: «إِذَا أَتَى أَحَدُكُمُ الْغَائِطَ فَلَا يَسْتَقْبِلِ الْقِبْلَةَ وَلَا يُوَلِّهَا ظَهْرَهُ، شَرِّقُوا أَوْ غَرِّبُوا». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга ортини ҳам ўгирмасин. Шарққа ёки ғарбга қаранглар», – дедилар». Бешовлари ривоят қилинган. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم : «إِنَّمَا أَنَا لَكُمْ بِمَنْزِلَةِ الْوَالِدِ أُعَلِّمُكُمْ، فَإِذَا أَتَى أَحَدُكُمُ الْغَائِطَ فَلَا يَسْتَقْبِلِ الْقِبْلَةَ وَلَا يَسْتَدْبِرْهَا وَلَا يَسْتَطِبْ بِيَمِينِهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга худди отанинг ўрнидаман, сизларга таълим бераман. Қачонки бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин, унга орқасини ўгирмасин, ўнг қўли билан покланмасин», – дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Демак, қазои ҳожат қилаётган одам қиблага қараб ҳам, қиблага ортини қилиб ҳам қазои ҳожат қилмаслиги керак. Ҳадисдаги шарққа ёки ғарбга қаранглар, деган гап Мадийнаи мунаввара аҳлига айтилган. Улар шарққа ёки ғарбга қарасалар қибла ён томонларида қолади. Бошқа жойларда қибла шарқ ёки ғарбда бўлиши мумкин. Уларга бу гап тегишли бўлмайди. Улар қиблага қараб ёки ортларини қилиб қазои ҳожат қилмасликлари учун шарқ ёки ғарбга қарамасликлари керак бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари Ислом дини хало одоби масалаларига жиддий эътибор берганига далолатдир. Аввал айтганимиздек, инсоният тарихида Ислом биринчи бўлиб бу ишларни тартибга солишни бошлаган. Масаланинг жиддийлигидан бу иш ҳақида Ислом шариатининг иккинчи масдари бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида алоҳида эътибор берилган. Энг мўътабар ҳадис, фиқҳ ва одоб китобларида, албатта «хало одоблари» боби бўлади.

Топ рейтинг www.uz Openstat