Ассаламу алайкум! Гарчанд шариатда булмасада вафот этган кишига савоб етиши умидида 7, 20, 40 ва йил маросимлари ўтказилади. Кимгадир таъзия билдириш мақсадида шундай маросимларга борилади. Тўғрисини айтганда бундай маросимни ташкил қилаётганларнинг ниятида “Эҳсон”ми ёки “Садақа”ми бизга қоронғу? Шундай маросимлардаги дастурхонга қўйиладиган таомлардан истеъмол қилиш ёки қилмаслик ҳукми қандай?
Ва алайкум ассалом! Ҳозирги кунга келиб инсонлар қалбида бидъат амалининг қанчалар жиноят эканлиги ҳис қилинмай қолди. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 3-оятида марҳамат қилади :
«...Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим...»("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Бидъатлар Аллоҳ мукаммал қилган динга қўшимча киритиш ҳисобланади. Бу эса Аллоҳ таолодек Зот динда камчиликка йўл қўйган деган нарсани тақозо қилади. Аллоҳ бундай айбу нуқсондан пок Зотдир. Бунинг мисоли бир мамлакат қонунларига тўлиқ келишилганидан кейин фуқаролардан бири ўзича ўзгартириш киритгани кабидир. Ҳолбуки мамлакат қонунлари шароитга қараб ўзгариб турувчи ҳисобланади.
Шайх Ҳазратлари бидъат тўғрисида ўзларининг “Ҳадис ва Ҳаёт” китобларида қуйидагиларни келтирганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам :
61. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. Лафз Насаийники.
Шарҳ: Муаллифнинг бу ҳадисни «Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш ҳақида» номли бобда келтиришдан кўзлаган мақсадлари аниқ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида бир неча ҳақиқатни баён қилмоқдалар:
1. «Энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир».
Шундай бўлганидан кейин Аллоҳнинг Китобини ўқиш-ўрганиш ва унга амал қилиш керак. Ким Қуръондан бошқани ундан устун қўйса, катта хато қилган бўлади. Ҳадисдаги бу жумла Китобни маҳкам тутиш зарурлигини кўрсатади.
2. «Энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир».
«Ҳидоят» сўзи луғатда бир нарсага лутф билан йўллаб қўйишни ифода этади. Дунёда одамларни ҳидоят қилишни даъво қиладиганлар кўп. Лекин энг яхши ҳидоят – охирги ва энг афзал Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари ўзларининг Суннатларида баён қилинган. Ким ҳақиқий ҳидоятни топаман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларини маҳкам тутсин! Ким ҳақиқий тўғри йўлда юраман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юрсин!
3. «Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир».
Аввал айтганимиздек, бу гап Ислом янгиликка қарши деган маънони билдирмайди. Бу ерда Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган нарсалар тўғрисида гап кетмоқда. Дарҳақиқат, Китоб ва Суннатга хилоф равишда янги пайдо бўлган ҳар бир иш энг ёмон ишдир. Ана шундай шароитда пайдо бўлган
«Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир».
«Бидъат» сўзи луғатда янгидан ўйлаб чиқарилган нарсани англатади. Шариатда эса бидъат деб Қуръон ва Суннатда зикри келмаган нарсаларнинг янгидан пайдо бўлишига айтилади. Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган ҳар бир нарса бидъатдир.
«Ҳар бир бидъат залолатдир».
Қуръон ва Суннатга хилоф нарса залолат бўлмай, нима ҳам залолат бўлар эди.
«Барча залолат дўзахдадир».
Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган иш ҳам, унинг қилувчиси ҳам дўзахга тушади. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатни маҳкам тутиш лозим. Бунинг учун эса аввало уларни яхшилаб ўрганиш керак. Ҳақиқий исломий иш нима, ҳақиқий бидъат нима эканлигини яхши ажрата билиш керак. Ушбу ҳадиси шарифни суистеъмол қилиб, ҳамма нарсани бидъатга чиқариб, ҳаммани дўзахга маҳкум қилиб юбормаслик ҳам зурур. Бу маъно аввалги ҳадиснинг шарҳида батафсил баён қилиб ўтилди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аллоҳнинг Китоби энг содиқ каломлиги.
2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари энг яхши ҳидоятлиги.
3. Қуръон ва Суннатга хилоф нарсалар бидъат эканлиги.
4. Ҳар бир бидъат ўз эгаси билан дўзахда эканлиги.
Биз мусулмонлар бугунги кунда ушбу ҳадисни ҳаётга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Аллоҳнинг каломини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари – Суннатларини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз керак. Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушламоғимиз, уларга хилоф бўлган барча бидъатлардан халос бўлмоғимиз лозим.
Ундай жойларда таомланиш жоиз эмас. Валлоҳу аълам.