Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Кўз тегиши ҳақида

00:00 / 10.06.2011 | eski savollar | 20035

Ассалому алайкум, Шайх жаноблари. Қилаётган ишларингиздан Аллоҳ рози бўлсин. Саволга ўтсам: мен бир кичик бизнесни бошлаган эдим, яъни кичкина ферма очиб, қисман бўлса ҳам халқни сут билан таъминлаяпман. Лекин ҳозир ем-хашак масаласи муаммо бўлиб қолди. Иложи борича, қўлимдан келганича озуқа топиб келяпман. Лекин сигирларимнинг сути камайиб қолди. Тўғри, сут бериши еган емишига ҳам боғлиқ. Кўп фермаларга борганимда аҳамият берган нарсам – «Кўз тегиб қолади», деб, сигир, молларни кўрсатишмас эди. Шунинг учун шу нарса тўғримикан, деб ўйланиб қолдим. Авваламбор, ҳамма нарса Аллоҳдан. Менга исириқ, гаримдори, тумор каби бўлмаган нарсаларни маслаҳат беришди, лекин мен буларга умуман ишонмайман. Ўзи «кўз тегади», деган гап тўғрими?

Шайх жаноблари, сизнинг маслаҳатингиз ва дуойингиз керак, зора Аллоҳим сизни сабаб қилиб, ишларимни хайрли қилса. Олдиндан сизга каттакон раҳмат! Аллоҳ сиздан рози бўлсин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْعَيْنُ حَقٌّ». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ. وَزَادَ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ: «وَلَوْ كَانَ شَيْءٌ سَابِقَ الْقَدَرِ لَسَبَقَتْهُ الْعَيْنُ، وَإِذَا اسْتُغْسِلْتُمْ فَاغْسِلُوا».

وَبَيانُ الْغُسْلِ فِي حَدِيثِ أَحْمَدَ وَالنَّسَائِيِّ وَابْنِ حِبَّانَ كَالْآتِي: يَغْسِلُ الْعَائِنُ وَجْهَهُ وَيَدَيْهِ إِلِى الْمِرْفَقَيْنِ، وَمِنْ سُرَّتِهِ إِلَى أَسْفَلِ جِسْمِهِ، وَيُوضَعُ الْماَءُ فِي قَدَحٍ وَيُصَبُّ عَلَى الْمَعِيْنِ عَلَى رَأْسِهِ وَظَهْرِهِ، ثُمَّ يُكْفَأُ الْقَدَحُ فَيَبْرَأُ بِإِذْنِ اللهِ.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар. Муслим ва Термизий қуйидагиларни зиёда қилишган:

«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта кўз тегиши ўтар эди. Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг», дедилар».

Ғуслнинг баёни Аҳмад, Насоий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилган ҳадисда қуйидагича баён қилинади:

«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини тирсаклари билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Ўша сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳ тўнкариб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».

Шу жойда аввало кўз тегиши ҳақида бир оз тўхталиб ўтишга тўғри келади.

Баъзи тоифалар, хусусан, замонамиз моддапарастлари «кўз тегиши» деган нарсани мутлақо инкор қиладилар. Улар бу гапни бидъат, дейишади.

Аммо ҳеч бир элат ва миллатларнинг оқиллари кўз тегишини инкор қилмайдилар. Биз, мусулмонлар учун бу ҳақдаги билим шариатимиз таълимотларидир. Ана шу нарсалардан баъзиларини ҳозир ўрганмоқчи бўлиб турибмиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўз тегиши ҳақдир», дедилар», яъни бу нарсани инкор қилиб бўлмайди. Агар бир оз ақл ишлатилса, тадаббур қилинса, бу масала ойдинлашади.

Аллоҳ таоло инсонларнинг жисмлари ва руҳларида турли қувватларни яратгандир. Баъзи жисмларга заҳар таъсир қилмайди. Ҳозирда ҳам заҳарли илонлар ёки чаёнлар ичида уларга ўзини чақтирса ҳам мутлақо таъсирланмайдиган кишилар ҳақидаги хабарлар тез-тез чиқиб туради. Шунга ўхшаш Аллоҳ таоло ғаройиб хусусиятга эга қилган турли бандаларни кўп учратамиз.

Шунингдек, Аллоҳ таоло кишиларнинг руҳий қобилиятларини ҳам турли қувватларга эга қилиб яратган. Кўпчилик оддий ҳолатда бўлса ҳам, баъзи кишилар одатдан ташқари руҳий қувватга эга бўладилар. Оқил инсон руҳий таъсирни ҳеч инкор қилмайди. Бу оддий ҳақиқатдир. Бир одам ўзи уяладиган одамининг ўзига назар солиб турганини сезса, ўз-ўзидан юзи қизара бошлайди. Баъзи одамлар ўзи қўрқадиган одамининг ўзига тикилиб турганини сезса, ўз-ўзидан юзи оқариб кетади. Шундай пайтда таъсирланган одамнинг эс-ҳуши йўқолиб, қуввати кетиб, оёғи қалтираб қолишига нима дейсиз?

Ҳайвонлар ичида илонларнинг баъзи турлари ана шундай таъсирга эга. Ўзи тегмаса ҳам, чақмаса ҳам, назари билан таъсирини ўтказиши мумкин. Бу халқ ичида «илон авраши» дейилади. Бундай илонлар нафақат ўзи учун ов ҳисобланган ҳайвонларга, балки, кези келганда инсонларга ҳам таъсирини ўтказади. Ҳомиладор аёлларнинг ҳомиласи тушишига, баъзида инсонларнинг кўзига зарар етишига сабаб бўлади.

Шундай бўлганидан кейин инсонлардан маълум руҳий қувватга эга бўлганлари ўзлари узоқдан туриб, бошқаларга таъсир ўтказиши мумкин эмасми? Одамларга қараб туриб, ухлатиб қўядиган, турли ҳаракатлар қилдирадиган кишиларни ҳамма кўриб, билди-ку!

Ана шундай ишларнинг бўлиши учун фақат жисм жисмга тегиши ёки яқиндан тикилиб қараш шарт эмас. Балки, кўзи тегадиган киши кўр бўлиши ҳам мумкин. Унга бир киши васф қилинганда ундаги ҳасад руҳи ёмонлик ила қўзиса, мазкур кишига кўзи тегиши мумкин. Аслида кўз тегишининг асосида ҳасад бор.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

وَإِن يَكَادُ الَّذِينَ كَفَرُوا لَيُزْلِقُونَكَ بِأَبْصَارِهِمْ لَمَّا سَمِعُوا الذِّكْرَ وَيَقُولُونَ إِنَّهُ لَمَجْنُونٌ

«Кофирлар Зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлурлар ва: «У мажнундир», дерлар», деган (Қалам сураси, 51-оят).

«Кўз билан тойдириш»нинг икки хил маъноси бор.

Биринчиси – адоват ва душманлик назари билан ҳақ йўлдан тойдириш, адаштириш. Кофирлар Пайғамбар алайҳиссаломга маънавий зарар етказишни хоҳлашган.

Иккинчиси – кўз теккизиш билан Пайғамбар алайҳиссаломга жисмоний зарар етказиш, у кишини йиқитиш, ҳалок қилиш маъноси.

Бу оятнинг нозил бўлиши сабаблари ҳақидаги ривоятларда мушриклар кўзи бор бир кишини олиб келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга ёмон кўз билан қаратиб, зарар етказмоқчи бўлишган. Бундай кўзли одамлар Бану Асад қабиласида бўлар экан.

Агар улардан бирортаси семиз туяни кўрганда ёмон кўз билан қараб қўйиб, «Ҳой қиз, идишни олиб бориб, анавининг гўштидан олиб кел», деса, туя тезда касал бўлиб, йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта кўз тегиши ўтар эди», деганлари ҳам шунга ўхшаш нарсаларнинг бўлиши мумкинлигини тасдиқлайди.

Кўз тегиши, ундан баъзи кишиларнинг зарарланиб, хаста бўлиб қолиши мумкинлиги баён қилинганидан кейин уни даволаш васфига ўтилмоқда.

«Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг».

Имом Термизийнинг зиёдаларида келган бу жумланинг маъносини тўғри тушуниш мақсадида кўз тегишининг давоси учун қилинадиган ғуслнинг баёни келган Имом Аҳмад, Насоий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилган ҳадисни ўрганишимиз лозим:

«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини тирсаклари билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Ўша Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳ тўнкариб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».

Демак, кўзи теккан одамдан ғуслга ёрдам бериши сўралади. У юзини ва икки қўлини тирсаклари билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади ва ўша сувни кўз тегиб, хаста бўлган кишига беради. Бемор ўша сув билан ғусл қилса, Аллоҳ таолонинг изни билан тузалади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَ قَالَتْ: كَانَ يُؤْمَرُ الْعَائِنُ فَيَتَوَضَّأُ ثُمَّ يَغْتَسِلُ مِنْهُ الْمَعِينُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Кўзи текканга амр қилинарди. У таҳорат қиларди. Кейин ўша сув билан кўз теккан ғусл қилар эди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ерда ҳам сирни тушунмаганларимиз «Бемор бошқа бўлса, унинг бемор бўлишига сабаб бўлганни таҳорат қилдиришдан нима фойда бор?» дейиши мумкин. Уламоларимиз бу шубҳага ҳам қониқарли жавоб берганлар.

Илоннинг заҳарига қарши дори тайёрлаш учун ўша илоннинг гўшти ишлатилар экан. Заҳарли нарса чаққанда у ўлдирилса, чаққанининг алами кесилиши ҳаммага маълум.

Кўз тегиши ҳам худди шунга ўхшаган нарса. Кўзи бор одам қўлида бировни куйдириш учун олов ушлаб турган одамга ўхшайди. Унинг қўлидаги оловни ўчирсанг, хавф-хатар кетади. Бир нарсанинг давоси унга зид нарса билан бўлади. Модомики кўз тегиш билан пайдо бўлган хасталик кўзи бор одамнинг ёмон руҳий таъсиридан келиб чиққан экан, унинг ўзидаги ўша ёмон руҳиятни ўзгартиришга ҳаракат қилинади. Аввало, ундан беморнинг ҳаққига дуо қилиши сўралади. Бу билан унинг беморга нисбатан бўлган руҳий ҳолати яхшилик томон бурила бошлайди. Сўнгра ундан ушбу ривоятда айтилган аъзоларини ювиши ва таҳорат қилиши сўралади. Эътибор берадиган бўлсак, ўша ювишда унинг баданидаги энг ҳассос, қалбга таъсир қиладиган жойлари ювилади. Шу билан қалбидаги ёмонлик ўти ўчади ва беморга таъсири тугайди.

Ана ўша сув беморнинг устидан қуйилса, худди дорини қуйгандек бўлади.

Шу билан бирга, кўз тегишининг олдини олиш ҳам тавсия қилинади. Бунинг учун кўзга яқин жойларни тўсиб юриш маслаҳат берилади.

Имом Бағавий «Шарҳи Сунна» китобида қуйидаги ривоятни келтирган эканлар: «Усмон розияллоҳу анҳу бир хушсурат болани кўриб қолиб, «Бунга кўз тегмаслиги учун кулдиргичини беркитиб қўйинглар», деди».

Яна кўз тегишининг олдини оладиган нарсалардан бири бирор нарсани кўриб, ажабланган одамнинг «Машааллоҳу, лаа қуввата илла биллаҳи», дейишидир.

Ҳишом ибн Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши ўзларини ажаблантирадиган бирор нарсани кўрсалар ёки ўз боғларидан бирига кирсалар, «Машааллоҳу, лаа қуввата илла биллаҳи», дер эканлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўз боғи билан фахрланган кофирга насиҳат қилган банда тилидан:

وَلَوْلَا إِذْ دَخَلْتَ جَنَّتَكَ قُلْتَ مَا شَاءَ اللَّهُ لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللَّهِ

«Боғингга кирганингда: «Аллоҳнинг иродаси, куч-қувват фақат Аллоҳ биландир», десайдинг», деган (Каҳф сураси, 39-оят).

Яъни «Эй кофир, сен фахрланаётган боғни сенга Аллоҳ берган, агар Аллоҳ бермаганида, сенинг қўлингдан ҳеч нарса келмас эди. Шунинг учун боғингга кирсанг: «Машааллоҳу, лаа қуввата илла билла-

ҳи» – «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада қувват йўқ», десайдинг. Бундай дейишинг сенга неъмат берган Зотни тан олишингни ва Унинг қувватига ишонишингни билдиради. Шу билан бирга, бу ожизлигингни ҳам тан олишинг бўлади. Ана шунда сенга Аллоҳ берган неъмат ҳам бардавом бўлади».

Ушбу оятнинг маъносига биноан, мусулмонлар ўзларини ажаблантирадиган, хурсанд қиладиган бир нарсани кўрсалар ёки эшитсалар, хабар топсалар, кўз тегмасин, деган мақсадда «Машааллоҳ, лаа қуввата илла биллаҳи», дейдилар. Бу ҳам мусулмон инсон маданиятининг белгисидир.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى فِي بَيْتِهَا جَارِيَةً فِي وَجْهِهَا سُفْعَةٌ، فَقَالَ: «اسْتَرْقُوا لَهَا، فَإِنَّ بِهَا النَّظْرَةَ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг уйларида юзи заҳил бир жорияни кўриб, «Бунга дам солдириб юборинглар. Унга назар тегибди», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида, демакки, саҳобаи киромларнинг истилоҳида, китобларимизда «назар тегиши» дейилганда жиннинг кўзи теккани тушунилади. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган жорияга жиннинг кўзи теккан экан.

وَقَالَتْ أَسْمَاءُ بِنْتُ عُمَيْسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَ يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ وَلَدَ جَعْفَرٍ تُسْرِعُ إِلَيْهِمُ الْعَيْنُ أَفَأَسْتَرْقِي لَهُمْ؟ فَقَالَ: «نَعَمْ، فَإِنَّهُ لَوْ كَانَ شَيْءٌ سَابِقَ الْقَدَرِ لَسَبَقَتْهُ الْعَيْنُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ

Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳо:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Жаъфарнинг болаларига бирпасда кўз тегиб қолаверади. Уларга дам солдириб юборайми?» деди. У зот: «Ҳа, агар бирор нарса қадардан ўтувчи бўлса, кўз тегиши ўтар эди», дедилар».

Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: Дам солиш коҳин, фолбинлар орқали ва турли хурофот йўллари билан эмас, балки исломий йўл билан бўлади.

Имом Абу Довуд қилган ривоятда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Бир селхона олдидан ўтдик. Шунда кириб, ғусл қилдим. Иситмалаб чиқдим. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда у зот: «Абу Собитга айтинглар, унга дам солиб қўйсин», дедилар. Мен: «Эй Саййидим, дам солиш мумкинми?» дедим. «Кўз теккан, илон ёки чаён чаққандан бошқада дам солиш йўқ», дедилар у зот».

Бундай пайтларда икки «Қул аъуузу» сураларини ва «Оятул курсий»ни ўқиш тавсия қилинади. Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир қанча дуолар ҳам бор.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat