Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Имом Маҳдийнинг ўзи ким? Унинг асосий мақсади нима?

00:00 / 23.06.2011 | eski savollar | 96553

Ассалому алайкум, шайх жаноблари. Бундан 3-4 кун олдин бир дўстимиз Имом Маҳдий тўғрисида сўрабдидар. Айбга буюрмайсиз, мен ҳам қачондан бери шу саволни бермоқчи бўлиб юрган эдим. Охират аломатлари тўғрисидаги барча манбаларни ўқиганимда Имом Маҳдий тўғрисида эшитмаганман. Кейин ушбу сайтни тўлиқ излаб кўриб ҳам аниқ маълумот ололмадим. Саволим: Имом Маҳдийнинг ўзи ким? Унинг асосий мақсади нима? Шунга анчадан бери қизиқиб, ҳеч жавоб тополмадим. Сизнинг асабингизга теккан бўлсам, узр сўрайман. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Ва алайкум ассалом! Бу масала ёритилганига анча бўлди. Китоблар чиқди. Китоб ўқимасангиз, мана шунга ўхшаб, савол бериб юраверасизлар.

Ақоид илми уламолари қиёматнинг бир неча улкан аломатларини баён қиладилар. Ана шу аломатлардан бири – Имом Маҳдий ҳақларида кишилар ўртасида кўп саволлар бўлади. Имом Маҳдийнинг чиқишлари ҳам қиёматнинг аломатларидан биридир.

 Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақида


عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَكُونُ اخْتِلَافٌ عِنْدَ مَوْتِ خَلِيفَةٍ، فَيَخْرُجُ رَجُلٌ مِنْ أَهْلِ الْمَدِينَةِ هَارِبًا إِلَى مَكَّةَ، فَيَأْتِيهِ نَاسٌ مِنْ أَهْلِ مَكَّةَ فَيُخْرِجُونَهُ وَهُوَ كَارِهٌ، فَيُبَايِعُونَهُ بَيْنَ الرُّكْنِ وَالْمَقَامِ، وَيُبْعَثُ إِلَيْهِ بَعْثٌ مِنْ أَهْلِ الشَّامِ، فَيُخْسَفُ بِهِمْ بِالْبَيْدَاءِ بَيْنَ مَكَّةَ وَالْمَدِينَةِ، فَإِذَا رَأَى النَّاسُ ذَلِكَ أَتَاهُ أَبْدَالُ الشَّامِ، وَعَصَائِبُ أَهْلِ الْعِرَاقِ، فَيُبَايِعُونَهُ بَيْنَ الرُّكْنِ وَالْمَقَامِ، ثُمَّ يَنْشَأُ رَجُلٌ مِنْ قُرَيْشٍ أَخْوَالُهُ كَلْبٌ، فَيَبْعَثُ إِلَيْهِمْ بَعْثًا، فَيَظْهَرُونَ عَلَيْهِمْ، وَذَلِكَ بَعْثُ كَلْبٍ، وَالْخَيْبَةُ لِمَنْ لَمْ يَشْهَدْ غَنِيمَةَ كَلْبٍ، فَيَقْسِمُ الْمَالَ، وَيَعْمَلُ فِي النَّاسِ بِسُنَّةِ نَبِيِّهِمْ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَيُلْقِي الْإِسْلَامُ بِجِرَانِهِ فِي الْأَرْضِ، فَيَلْبَثُ سَبْعَ سِنِينَ، ثُمَّ يُتَوَفَّى وَيُصَلِّي عَلَيْهِ الْمُسْلِمُونَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ 

 

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир халифа ўлганда ихтилоф бўлади. Аҳли Мадинадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Шунда унинг олдига аҳли Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам, уни чиқариб, Рукн ва Мақом орасида унга байъат қиладилар. Унга қарши Шомдан аскар юборилади. Уларни Макка ва Мадина орасидаги сайҳонликда ер ютади. Одамлар ўшани кўрганларида унинг олдига Шомнинг абдоллари – авлиёлари ва аҳли Ироқнинг яхшилари келадилар ва унга Рукн ва Мақом орасида байъат қиладилар. Сўнгра қурайшдан тоғалари Бану Калбдан бўлган бир киши чиқади. У (Маҳдий) аларга қарши аскар юборади ва улардан ғолиб келади. Ана ўша Калбнинг аскаридир. Калбнинг ўлжасига ҳозир бўлмаган ноумид бўлибди. Кейин у (Маҳдий) молни тақсим қилади ва одамлар орасида Набийлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилади. Ер юзида Ислом қарор топади. У етти йил қолади. Сўнг вафот этади ва мусулмонлар унинг жанозасини ўқийдилар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.


عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَشِينَا أَنْ يَكُونَ بَعْدَ نَبِيِّنَا حَدَثٌ فَسَأَلْنَا نَبِيَّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «إِنَّ فِي أُمَّتِي الْمَهْدِيَّ يَخْرُجُ يَعِيشُ خَمْسًا أَوْ سَبْعًا أَوْ تِسْعًا»، قَالَ: قُلْنَا: وَمَا ذَاكَ؟ قَالَ: «سِنِينَ، فَيَجِيءُ إِلَيْهِ رَجُلٌ فَيَقُولُ: يَا مَهْدِيُّ، أَعْطِنِي أَعْطِنِي، فَيَحْثِي لَهُ فِي ثَوْبِهِ مَا اسْتَطَاعَ أَنْ يَحْمِلَهُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

 Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набиййимиздан кейин бирор нарса бўлишидан қўрқиб, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадик. Шунда у зот: «Менинг умматимда Маҳдий бордир. У чиқиб, беш ёки етти, ёки тўққиз яшайди», дедилар. «У нима?» дедик. «Йиллар. Унга бир одам келиб, «Эй Маҳдий! Менга бер! Менга бер!» дейди. У унинг кийимига кўтаришга кучи етганичани ҳовучлаб солиб беради», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақларида қадимдан мусулмон уламолар орасида у кишининг охир замонда чиқишлари борасида кўпгина баҳслар ўтган. Бу баҳслар натижаси турлича бўлиб чиққан.

Шийъа мазҳабидагилар Имом Маҳдийни «Маҳдий мунтазар», яъни «интизор бўлиб турилган Маҳдий», дейишади.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги уламолар бу масалада ўзаро алоҳида баҳс юритганлар. Баъзи уламолар: «Бу борада келган барча ҳадислар заифдир», деганлар. Булар озчилик бўлиб, уларнинг кўзга кўрингани Ибн Халдундир.

Кўпчилик уламолар: «Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақидаги ҳадиси шарифлар катта саҳобалардан улуғ муҳаддислар томонидан ривоят қилинган», дейдилар. Бу ҳақдаги ҳадиси шарифларни Имом Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Табароний, Абу Яъло, Баззоз, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳоким ва бошқалар ривоят қилганлар.

Ана шу ҳадиси шарифлардан бир қисмини юқорида ўрганиб чиқдик. Уларнинг баъзиларида Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг исмлари очиқ-ойдин тилга олинган бўлса, бошқаларида ишора қилинган. Уларни солиштириб чиқадиган бўлсак, бир неча умумий хулосалар чиқаришимиз мумкин:

Охир замон бўлганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оли байтларидан Ҳазрати Али ва Биби Фотима розияллоҳу анҳумонинг ўғиллари Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг наслларидан Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу чиқадилар.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг чиқишлари қуйидагича бўлади: Бир халифа ўлганда мусулмонлар ўртасида ихтилоф бўлади. Аҳли Мадинадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Шунда унинг олдига аҳли Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам, уни чиқариб, Рукн ва Мақом орасида унга байъат қиладилар. Ана ўша киши Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳуга қарши Шомдан аскар юборилади. Шомдан юборилган аскарларни Макка ва Мадина орасидаги сайҳонликда ер ютади.

Қачон одамлар ўшаларни ер ютганини кўрганларида Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг олдига Шомнинг абдоллари – авлиёлари ва аҳли Ироқнинг яхшилари келадилар ва унга байъат қиладилар.

Сўнгра қурайшдан тоғалари Бану Калбдан бўлган бир киши чиқади. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу уларга қарши аскар юборадилар ва улардан ғолиб келадилар. Кейин Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни тақсим қиладилар.

Сўнгра Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу одамлар орасида Набийлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қиладилар. Ер юзида Ислом қарор топади. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу зулм ва жабрга тўлган ер юзини адолат ва инсофга тўлдиради.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни сочади, уни санамайди. У кишининг даврларида мол-мулк кўпайиб кетганидан ва ўзлари сахий бўлганларидан шундай бўлади.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу халифа бўлган ҳолда етти йил қоладилар. Сўнг у киши вафот этадилар ва мусулмонлар у зотнинг жанозасини ўқийдилар.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat