Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тақдир битиб қўйилган бўлса намоз ўқишдан нима фойда

10:05 / 02 январь | Nematullo Kozimov | 1151

Ассалому алайкум! Инсон бир амали билан дўзахий бўлиб кетиши ҳақидаги жавобда, ўйлашимча, фақат хадис тушинтириб берилган. Аммо саволга жавоб берилмаган. Очиғини айтсам, мана шу саволни ўқимагунча ҳаётим тинч эди, ихлос билан ибодат қилиб яшаётган эдим. Энди бўлса, тинчлик йўқ. "Умрим бўйи ибодат қилсам-ку, барибир қадаримда жаҳаннам ёзилган бўлса, унда ибодат қилишимни нима кераги бор?" , "Ундай қилганим билан, бундай қилганим билан, барибир қадаримда жаҳанам ёзилган бўлса, унда нима кераги бор?", каби саволлар тинчлик бермаяпти. Тақво қилмай десам, Аллоҳдан қўрқаман, тақво қилай десам, хадисга кўра: тақво қиламанми ёки йўқми барибир қаерга тушишим ёзилиб бўлган. Агар шу ҳадисни энг яқин одамим айтганда ҳам, "бошимни қотирма, васвасага сабаб бўляпсан, шунча вақтдан бери ихлос билан қилган ибодатларимни ва амалларимни бир пулга чиқаряпсан", - деб гапига қулоқ солмаган бўлардим. Лекин бу хадисни сизлар эшитдим. Савол: Қандай эътиқодда бўлишим керак?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Сиз бир нарсага аҳамият беринг, инсонни қилган ибодатлари ҳабата бўлмайди, бунга шак шубҳа йўқ. Ҳабата бўладиган ибодат эса асли ибодат бўлмаган бўлади, чунки у Аллоҳ учун қилинмаган бўлади. Муртад инсон ибодатни холис қилиш даражасига етмасдан ярим йўлдан қайтган инсондир. Чунки иймон қалбга сингиб кетса у асло қайтиб чиқмайди. Сиз амалингизни ҳабата бўлишини эмас, қилаётган амалингизни холис Аллоҳ учун қилаётган ёки қилолмаётганингизни ғамини енг. Чунки ҳолис қилсангиз юзга юз ҳабата бўлмаслиги аниқ. Бутун мўмин мусулмонлар қиладиган амалини ҳолислигининг ғамини қилиши шарт. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Амаллар ният қараб бўлади” деганлар. Инсонларнинг энг ахмоғи амалини Аллоҳдан бошқаси учун қилганлардир. Оғзидан чиқадиган нафас каби чиқиб йўқ бўлиб кетадиган мақтовга ёки айблашга қараб амал қиладиганлардир. Улуғларимиз бирор китобни ёзиш ёки омманинг олдига чиқиб насиҳат қилиш учун йиллаб ниятини ҳолис қилишга вақт сарфлаганлар. Сўнг китобни ёзганлар ва насиҳат қилишга чиққанлар. Сиз шунинг ғамида бўлинг. 

Ҳадиснинг шарҳини қайта ўқиб чиқинг. 

Ҳар бир инсоннинг бахтли ёки бахтсиз эканлигини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Билганда ҳам, Ўзининг ҳамма нарсани қамраб олувчи илми ила азалдан билади. Нафақат инсонга онасининг қорнида жон пуфлаганда, балки азалдан билади. Ушбу ҳадисда айтилаётган маъно ўша азалий илмни қайд қилиш, холос. Бутун инсоният тўпланиб олиб, ичларидан битталарининг ҳақиқий бахтли ёки бадбахт эканлигини билишга уринсалар ҳам, била олмайдилар. Ҳатто пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат Аллоҳнинг билдириши ила ўн кишининггина жаннатга кириши ҳақида башорат берганлар, холос. Қолганларнинг нима бўлишини Аллоҳнинг Ўзигина билади. Аллоҳ таоло ўша илмни фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши қийин эмас. Шу билан бирга, ўша илмни ёзиб, қайд қилиб қўйиш бандани бадбахт ёки некбахт бўлишига мажбур қилиш эмас. Чунки илм бир нарсани кашф қилувчи нурдир, бировни мажбур қилувчи куч эмасдир! Эътибор берайлик, энди ҳадиснинг давомида нима учун одамлар бир-бирларининг ёки ўзларининг бадбахт ёки некбахт экакнликларини била олмасликлари баён қилинади. Пайғамбаримиз ҳадиснинг бу қисмини: «Ундан бошқа илоҳий маъбуд йўқ Зот билан қасамки», деб бошламоқдалар. Бу эса келажак гапнинг ўта муҳим эканлигига далолатдир. 

«...албатта, бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннатнинг орасида бир аршин қолганида ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради».  

Одамнинг нима бўлишини ким билар эди? Ҳатто ўша одамнинг ўзи ҳам билмайди. Умр бўйи тоат-ибодатда юриб, охирида шайтоннинг иғвосига учиб, иши расво бўлиши мумкин.

«Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзахнинг орасида бир аршин қолганида ундан ўша китоб ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, жаннатга киради». 

Бунақаси ҳам бўлиши мумкин. Умр бўйи нима қилиб юрган бўлса-да, охирги пайтда инсонлиги қўзиб, яхши бир амал билан ҳоли батамом ўзгариб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам, «Ақоид» уламолари ушбу ҳадиси шарифни ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларни далил қилиб: «Аҳли қибладан муайян шахсни жаннатий ёки дўзахий эканлигига қатъий ҳукм қилиб бўлмайди», дейдилар. Аммо юқорида зикр қилинган икки ҳолатда ҳам қадарнинг, Аллоҳнинг собиқ илмининг мажбурий таъсири йўқ. Китобнинг ўзиб кетиши эса унда ёзилган илмнинг ўта аниқ ва пухта эканлигини билдиради холос. Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳнинг илми шомилу комил, аниғу пухта, ҳамма нарсани қамраб олувчи эканлиги баён қилинди. Бу ҳақиқатни бирма-бир ўрганиб чиқдик. Ҳадиснинг охирида инсон ўз амали асосида ҳукм чиқариб, Аллоҳни унутиб қўймаслиги ёки кўнгли бир оз бўлса ҳам бошқа томонга бурилиши мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Ҳеч ким «Умрим бўйича яхши амал қилдим, энди албатта жаннатга кираман», деб хотиржам бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқа томонга айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади. Ҳеч ким «Мен умрим бўйи гуноҳ қилиб ўтдим, энди албатта дўзахга тушаман», деб ноумид бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқа томонга айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади. Ишларнинг хотимасига қараб, якун ясалади. Умрнинг интиҳоси қачонлигини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳаётнинг ҳар лаҳзасини умрнинг охири деб билиш керак. Яхшилик қилиб юрганлар охирги иши ёмонлик бўлиб қолмаслиги учун интилиши керак. Ёмонлик қилганлар қолган ҳар бир лаҳзани умрининг охирги лаҳзаси, деб яхшилик қилишга ўтиши керак. Қазо ва қадарга бўлган иймоннинг фойдаси ҳам шунда – кишини доимо яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариб туришида! (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat