Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Эр-хотин ғусл қилмагунча бир-бирига тегса ғусл вожиб бўладими?

00:00 / 27.01.2007 | eski savollar | 17756

Ассалому алайкум! Ғусл масаласида бир саволим бор эди. Шунга ойдинлик киритиб берсангиз. Аёлимнинг янгаси унга шундай дебди: "Эр-хотин бирга бўлганингиздан сўнг агар эринг ё сен ғусл қилган бўлсанг, иккинчингиз ҳам ғусл қилмагунингизга қадар бир-бирингизга қарамаслигингиз, тегинмаслигингиз лозим. Акс ҳолда иккингиз ҳам қайтадан ғусл қилишингиз керак бўлади".


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Бу мутлақо нотўғри гап. Диний билими йўқ одамлар ўзича тўқиб олганлар. Жунуб одам оғзи ва бурнини чайиб олгандан кейин, ҳатто таом еса ҳам бўлади. Бир-бирини кўрса ёки бир-бирига тегинса қайта ғусл қилади, деган гапга ишонмаслик керак. Ҳамма нарса, китоб ўқимасликнинг оқибати. Китоб ўқиб бу каби нарсаларни илмий асосда ўрганиб олиш керак. Бу каби нарсалар фарзи айн – ҳар бир шахснинг бошига фарз бўлган ишлардир. ҒУСЛНИНГ ФАРЗИ. «Ғусл» сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизишни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга ғусл деб айтилади. Ғуслнинг шариатимизда вожиб қилинишининг ҳикматлари кўп. Аввало, у ибодат, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун зарур нарса. Иккинчидан, поклик, озодалик ва соғлик учун ўта муҳим омил. Қолаверса, ғуслни вожиб қилувчи нарсалар туфайли инсон вужудида пайдо бўладиган баъзи нопокликларни кетказиш, маний кетиши ила жисм йўқотган нарсаларни қайта тиклашдир. Жинсий яқинлик ва эҳтиломдан кейин ғусл қилган одамда қон юриш яхшиланади ва тетиклик тикланади.Шунингдек, ният билан қилинган ғусл туфайли гуноҳлар ҳам ювилади. Бас, ғуслнинг фарзи оғзини, бурнини ва бутун баданини ювмоқдир. Бу жумладан ғуслнинг фарзи учта эканини англаб олинади: 1. Оғизни чайқаш. Албатта, оғизни яхшилаб чайқаш ғуслнинг фарзларидан бири эканлиги ҳаммага маълум. Бусиз ғусл бўлиши мумкин эмас. 2. Бурунни чайқаш. Бурунни яхшилаб, муболаға ила чайиш ҳам ғуслнинг фарзи ҳисобланади. 3. Банданинг барча ерини ювиш. Бутун жасаднинг бирор туки остини ҳам қўймай, сув етказиб ювиш ҳам ғуслнинг фарзидир. Ғуслнинг фарзлиги «Моида» сурасидаги: «Агар жунуб бўлсаларингиз покланинглар», оятидан олигандир. Бунда ювиш имкони бор барча жойни поклаш маъноси бордир. Аллоҳ таоло яна «Нисо» сурасида: «Ва жунуб ҳолингизда, то ғусл қилмагунингизча (масжидда турманг) магар йўлдан ўтсангиз», деган (43-оят). Ушбу икки оятда оғиз бурун ва баданнинг барчасини ювиш маъноси бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳар бир тук толаси остида жунублик бор. Бас, сочни ювинг ва жилдингизни покланг», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: «Ким жунубликдан бир тук ўрнини ювмай қолдирса, дўзахда ундоқ қилинади, бундоқ қилинади», дедилар». Али: «Шунинг учун, бошимни душман тутдим», деб уч марта айтди. У сочини қирдириб юрар эди», дейилган.ҒУСЛНИНГ СУННАТЛАРИБас, унинг суннатлари икки қўлини ва фаржини ювмоғи ҳамда нажосатни кетказмоғи. Сўнг таҳорат қилади. Аммо икки оёғини ювмайди. Кейин баданига уч марта сув қуяди. Сўнгра оёғини сув тўпланган жойдан бошқа ерда ювади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунубликдан ғусл қилсалар, аввал икки қўлларини ювишдан бошлар эдилар. Сўнгра ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фаржларини ювар эдилар. Кейин эса намозга қиладиган таҳоратларини бажарар эдилар. Сўнгра сувни олиб, панжаларини сочлари остига киритар эдилар. Токи, сув яхши етганига ишонганларидан кейин бошлари устидан уч ҳовуч сув қуяр эдилар. Кейин қолган жасадларига сув қуяр ва охири оёқларини ювар эдилар». Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ғусл қилгани сув қўйдим. Бас, у зот икки қўлларини икки ёки уч марта ювдилар. Кейин чап қўлларига сув қуйиб туриб, жинсий ацзоларини ювдилар. Сўнгра қўлларини ерга суртдилар. Кейин оғизларини чайқадилар, бурунларига сув олдилар, юзлари ва икки билакларини ювдилар. Сўнгра жасадларига сув қўйдилар. Кейин бошқа жойга ўтиб икки оёқларини ювдилар». Бошқа бир ривоятда: «Сўнгра бошларини уч марта ювдилар», дейилган. Яна бошқа ривоятда: «Мен у кишига бир латта келтирган эдим, хоҳламадилар ва сувни қўллари билан сидира бошладилар», дейилган. Икки ҳадисни Бешовлари ривоят қилишган. Сочи ўрилган аёл учун унинг остини ҳўллаши кифоя қилади. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, мен сочимни мустаҳкам қилиб ўрадиган аёлман. Жунублик ғусли учун уни ёймоғим керакми?» дедим. У зот: «Йўқ, сен учун бошинг устидан уч ҳовуч сув қуймоғинг кифоя қилур. Сўнгра устингдан сув қуясан. Бас, пок бўлурсан», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Барча ҳужжат ва далилларни синчиклаб ўрганиб чиққан фуқаҳоларимиз ғуслни аввалидан охиригача қуйидаги тарзда баён қиладилар. Дастлаб, ғусл қилувчи шахс тасмия айтади ва ният қилади. Кейин икки қўлини ювади. Кейин орқа олди фаржини ювади. Баданида нажосат бўлса, ўшани ювади. Кейин худди намозга қилгандек таҳорат қилади. Албатта, оғиз бурунни муболаға билан чайқаш бор гап. Агар турган жойида сув жамланадиган бўлса оёқларини ювишни кейинга суради. Сўнгра бошига сув қуйиб ишқаб ювади. Баданига уч марта сув қуяди. Ўнг елкасидан бошлаб сув қуяди. Кейин чап елкасига. Қўли билан баданини ишқайди. Икки қулоғи, киндиги, қўлтиқ ости каби сув етиши қийин жойларига алоҳида эцтибор беради. Ғуслнинг охирида бошқа тарафга ўтиб оёқларини ювади. Сув тўпланмаса, оёқларини ҳам ўша ерда ювиб олаверади. Ғуслнинг одоблари ҳам худди таҳоратнинг одобларига ўхшайди. Аммо ғуслда қиблага қараш йўқ. Ғуслда қуйидаги нарсалар макруҳдир; 1. Сувни исроф қилиш. 2. Сувни ўта оз ишлатиш. 3. Сувни юзига уриш. 4. Одамлар гапини гапириш. 5. Узрсиз бошқадан ёрдам олиш. 6. Дуо қилиш. ҒУСЛНИ ВОЖИБ ҚИЛУВЧИ НАРСАЛАР. Уни вожиб қилувчиси; Ажралиб чиқаётганда отилиб шаҳват билан келадиган манийни тушириш. Закарнинг бошини олд ёки орқа (фарж) ичига ғойиб бўлиши, қилувчига ҳам, қилинувчига ҳам (ғуслни вожиб қилади). Уйғонган киши маний ёки мазийни кўриши. Ҳайз ва нифоснинг тўхташи. Ҳайвонга яқинлик қилган (маний) туширмаса, (вожиб бўлмайди). Жума, икки ийд намози, эҳром ва Арафа учун (ғусл) суннатдир. Балоғатга етган ҳар бир эркак аёл ўзига ғусл вожиб бўлган ҳолатни катта бетаҳоратлик эканини яхши билиб олмоғи лозим. Таҳоратни вожиб қиладиган ҳолат эса кичик бетаҳоратлик деб аталади. Ғуслни вожиб қиладиган омиллар қуйидагилар; 1. Ажралиб чиқаётганда отилиб шаҳват билан келадиган манийни тушириш. Аввало ушбу бобда тез-тез такрорланиб турадиган баъзи истилоҳларни ўрганиб олайлик. «Маний» шаҳват шиддатлашган пайтда отилиб чиқадиган суюқликдир. Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади. «Мазий», эркак кишининг жинсий аъзосидан жинсий алоқани ўйлаган ёки хотинини қучоқлаган пайтда чиқадиган оқ суюқлик. «Вадий» сийгандан кейин аҳёнда чиқадиган қуюқ оқ суюқлик. Мазий ёки Вадий чиққанидан ғусл қилиш йўқ. Маний шаҳват билан отилиб чиқса, ғусл вожиб бўлади. Бунда бошқа жинсдаги шахсга назар солиш, жинсий яқинликни тафаккур қилиш, бевосита қучоқлашиш ва шунга ўхшаш манийнинг шаҳват билан отилиб чиқишига сабаб бўладиган барча омиллар киради. Агар маний шахснинг оғир нарса кўтариши, баланд жойдан йиқилиб тушиши каби омиллар туфайли шаҳватсиз равишда чиқса, ғусл вожиб бўлмайди. Ҳанафий мазҳаби ижтиҳодига биноан эр ва аёл кишидан хоҳ уйқуда бўлсин, хоҳ уйғоқликда бўлсин маний шаҳват билан отилиб чиққандагина ғусл вожиб бўлади. Биров мастлик ёки ҳушидан кетишдан сўнг ўзига келганда ҳўлликни кўриб маний деган гумонга келса, ғусл вожиб бўлади. Уламоларимиз манийдан ғусл қилиш вожиб бўлишига қуйидаги ривоятни далил қиладилар. «Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кўп мазийлик киши эдим. Бас, Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. У зот: «Мазийда таҳорат, манийда ғусл дедилар». 2. Закарнинг бошини олд ёки орқа (фарж) ичига ғойиб бўлиши қилувчига ҳам, қилинувчига ҳам (ғуслни вожиб қилади). Бу ҳукмни фуқаҳоларимиз қуйидаги ояти карима ва бир қанча ҳадислардан олганлар.Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ва жунуб ҳолингизда, то ғусл қилмагунингизча (масжидда турманг) магар йўлдан ўтсангиз», деган. «Жунуб» сўзи луғатда четда турувчи, мацносини англатади. Шариатда эса жинсий яқинлик, уйқуда булғаниш ва бошқа сабабга кўра маний чиқариб, ғусл вожиб бўлган шахсга айтилади. Ғусл вожиб бўлган одам намоздан, Қуръондан, масжиддан ва шариат кўрсатган бошқа нарсалардан четда бўлгани учун ҳам «жунуб» номини олган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, у (эр) у(хотин)нинг тўрт мучаси (қўл-оёғи) орасига ўтирса ва унга яқинлик қилса, батаҳқиқ, ғусл вожиб бўлади», дедилар». Бошқа ривоятда: «Агар туширмаса ҳам», дейилган. Яна бошқа бир ривоятда: «Хатна қилинган жой хатна қилинган жойга тегса», деганлар. Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Ғусл вожиб бўлиши учун эркакнинг хатна қилинадиган жойи аёлнинг хатна қилинадиган жойига тегса бўлди. Иссиқ минтақаларда, хусусан, араб юртларида қизларни ҳам хатна қилиш одати бор. Унда фаржнинг ичидаги бир оз ўсиб турадиган қисми хатна қилинади. Уламоларимиз эркакнинг хатна қилинган жойи аёлнинг хатна қилинган жойига тегиши учун эркак аъзосининг бош қисми аёл аъзосига кириши керак, дейдилар. Ана шу ҳолат юзага келганда икковларига ҳам ғусл вожиб бўлади. Қўшимча қилиб айтадиган маълумотлардан яна бири шулки, уламолар закар номики асл фаржга кирса, ғусл вожиб бўлаверади деганлар. 3. Уйғонган киши маний ёки мазийни кўриши. Бу жумалада васф қилинган ҳолатни эҳтилом дейилади. «Эҳтилом» дегани уйқуда жинсий яқинликни кўрмоқ, уйқуда булғанмоқ, деганидир. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Умму Сулайм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, вақтики сувни кўрса», дедилар. Бас, Умму Салама: «Эй, Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўлгинанг қурисин, бўлмаса, боласи унга нимадан ўхшар эди», дедилар». Учовлари ривоят қилишган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳўлни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам ҳақида сўралди. У зот: «Ғусл қилади», дедилар. Эҳтиломни кўрган, лекин ҳўлни кўрмаган одам ҳақида (ҳам сўралдилар) У зот: «Унга ғусл вожиб эмас», дедилар. Бас, Умму Сулайм: «Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди. У зот: «Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.Ушбу ҳадисда баён қилинаётган масала ҳам кўп учраб турадиган, айниқса, ёшларда тез-тез такрорланиб турадиган масаладир. Биров тушида ғусл вожиб бўладиган бирор нарсани кўрганини эслай олмайди. Лекин баданида, кийимида ёки ётган жойида манийнинг ҳўлини кўради. Нима қилиш керак? Албатта, ғусл қилиш вожиб, акс ҳолда гуноҳкори азим бўлади. Бошқа биров тушида жинсий алоқани кўрган, аммо уйғонса, ҳеч қаерда манийнинг ҳўли йўқ. Ундоқ одамга ғусл вожиб бўлмайди. Чунки ундан воқецликда ғусл вожиб бўладиган нарса чиққан эмас.Мана шу масалалар ҳақида савол-жавоб бўлиб турган жойда Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам бор эканлар. У киши фурсатдан фойдаланиб:«Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди. Яцни, аёл киши ҳам эҳтиломни кўрмайди-ю, ҳўлни кўради. Унга ҳам ғусл қилиш вожиб бўладими, дедилар.Бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ижобий жавоб бериб: «Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар. Яцни, ҳа, аёл кишига ҳам ғусл вожиб бўлади. Аёл киши ҳам худди эркак кишига ўхшаш, деганларидир.4-5. Ҳайз ва нифоснинг тўхташи. «Ҳайз» луғатда «оқиш» мацносини билдиради. Шариатда эса балоғатга етган аёл жинсининг раҳми ичидан туғишсиз, беморликсиз муайян муддатда чиқадиган қон ҳайздир. Одатда ҳайзнинг ранги қорамтир, ўзи ҳароратли ва оғриқ ила келадиган бўлиб, ҳиди нохуш бўлади.«Нифос» эса «туғиш ва қон» мацноларини англатади. Шариатда эса туғишдан кейин аёл кишининг раҳмидан келган қонга нифоя деб айтилади.Ҳайз ва нифос тўхтаганда ғусл қилиш вожиб бўлишига далиллар.Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳога: «Агар ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки, ҳайз кетса, ғусл қил ва намоз ўқи», деганлар. Шунинг учун, ҳайздан пок бўлган аёлга ғусл вожиб. Нифос эса янги туққан аёлда тўпланиб қолган ҳайздир. Шунинг учун, нифосдан пок бўлган аёлга ҳам ғусл вожиб бўлади.Мухтасарнинг соҳиблари бу ерда зикр қилмаган вожиб ғусллар ҳам бор. Уларни бошқа уламоларимиз айтиб ўтганлар.6. Шаҳид бўлмаган мусулмон маййитга ҳам ғусл вожиб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳаммага шу муомала қилинган. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда уловидан йиқилиб ўлган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни сув ва сидр ила ювинглар ва икки кийим ила кафанланглар», деганлар.7. Номусулмон шахс исломга кирса.Бу ҳолатда Моликий ва Ҳанбалий мазҳабларида ғусл қилиш вожиб бўлади. Бунга бир қанча далиллар бор. Мисол учун, имом Бухорий ва бошқалар қилган ривоятда Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам у кишини сув ва сидр ила ғасл қилишга амр қилганлари айтилади.Ҳанафий ва Шофеций мазҳаблари агар мусулмон бўлган одам жунуб бўлмаса, ғусл мустаҳабдир деганлар.Ҳайвонга яқинлик қилган (маний) туширмаса, (вожиб бўлмайди). Бундан маний туширса ғусл вожиб бўлиши чиқади.Яна ғусл вожиб бўлмайдиган ҳаолатлардан бацзилари;1. Мазий чиққанда. 2. Вадий чиққанда. 3. Туши булғанганда ҳўллик кўрмаганда. 4. Килизма қилдирганда. 5. Бармоқни икки йўлдан бирига киритганда.СУННАТ ҒУСЛЛАРЖума, икки ийд намози, эҳром ва Арафа учун (ғусл) суннатдир.Поклик дини бўлган Ислом мусулмонларни фақат вожиб ғусллар билан кифояланиб қолмасдан ғусл вожиб бўлмаган вақтларда ҳам бу ишни қилиб туришга тарғиб қилган. 1. Жума намози учун. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жума намози учун ғусл қилганлар, бошқаларни ҳам ғусл қилишга буюрганлар.Абу Сацид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Жуманинг ғусли ҳар бир эҳтиломга етган учун вожибдир», дейилган. Бу мацнодаги ҳадислар кўп. Шунинг учун ҳам бацзи мазҳабларда Жума кунги ғусл суннати муаккада дейилган. Ҳанафий мазҳабида эса Жума кунги ғусл суннат дейилган. 2. Икки ийд намози учун. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар ва бу ишга тарғиб қилганлар. 3. Ҳаж ёки умра учун эҳром боғлаганда ғусл қилиш.Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлар ва қилишга тарғиб қилганлар. 4. Арафотда туриш учун ғусл қилиш. Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган суннатдир. 5. Истиҳоза (одатдан ташқари қон) кўрган аёл учун. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳабиба ва Зайнаб бинти Жаҳш оналаримизга шу амрни қилганлар. 6. Ҳушидан кетган одам ўзига келганда ғусл қилиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар. Уламолар бунга жинниликдан тузалган ва мастликдан ҳушёр бўлган одамларни ҳам қўшадилар. 7. Кўпчилик тўпланиб қилинадиган ибодатларда тер ва бошқа сабабларга кўра нохуш ҳидларнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш ниятида ғусл қилиш тавсия қилинади. Бундоқ ишларга; Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш, зиёрат ва видо тавофлари, қуёш ва ой тутилгандаги намозлар ва истисқо намозлари киради.

Топ рейтинг www.uz Openstat