Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Муташобиҳ оятлар ҳақида

00:00 / 02.08.2008 | eski savollar | 471
Ассалому алайкум Ҳурматли устоз. Қуръонда Оли Имрон сурасининг 7 оятида муҳкам ва муташобиҳ оятлар борлиги айтилган. Саволим шуки шу муташобиҳ оятлар қайси эканлиги маълумми? Чунки уламолар тафсирларда ҳамма оятларни тафсир қилишади. Буларни ичида муташобиҳлари ҳам бор. Муташобиҳ оятни тафсир қилиб бўладими? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ хайрингизни берсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Аллоҳ таоло айтади:«У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам–ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар, фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эсларлар.Ушбу ояти каримада Қуръони Каримнинг оятлари иккига–муҳкам ва муташобиҳга бўлиниши ҳақида сўз кетмоқда. «Муҳкам» сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади.«Муштабиҳ» сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади. Бунинг ўзи алоҳида бир илм бўлиб, Қуръон илмлари фани бўйича мутахассис уламолар буни махсус ўрганадилар. Биз ўрганаётган ояти карима худди шу мавзуда сўз юритмоқда. Бу ояти кариманинг аввалида, юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган Аллоҳ:«У сенга китобни туширган зотдир», деб Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилинмоқда. Китобдан мурод–Қуръони Каримдир.«Унда муҳкам–ойдин оятлар ҳам бор, ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлари ҳам бор».Қуръони Каримда келган муҳкам–ойдин оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон. «Улар китобнинг аслидир», яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил қиладилар. Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ–бир-бирига ўхшаш маъноларни билдирадиган, турлича маънога буриш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қиладилар.«Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир».Демак, аслида эътиқоди бузуқ кишиларни фош қилишда муташобиҳ оятлар иш берар экан. Қалбида марази бор, ҳидоятдан оғган бундай кишилар ақида ва шариатнинг нозик усулларини очиқ-ойдин баён қилиб берган муҳкам оятларни бир четга суриб қўйиб, ғойибдан эшитиш орқали собит бўладиган хабарларга, турли маъноларга далолат қиладиган муташобиҳ оятларга фитна қўзиш, уни таъвил қилиш мақсадида эргашар эканлар. «Таъвил» сўзи бирор сўз ёки тушунчани сиртқи маъносидан бошқа маънога кўчириш, деган маънони англатади. Қалбларда ҳидоятдан оғиш бор бўлган мазкур кишилар муташобиҳ оятларни ўзларига қурол қилиб олиб, фитна қўзиш учун ўз ҳавою нафсларига мувофиқ таъвил қиладилар. Ва ҳолбуки, муташобиҳ оятларнинг таъвилини ҳамма ҳам билавермайди:«Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас».Муташобиҳ оятларнинг ҳақиқий таъвилини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Шунинг учун мўмин-мусулмон кишилар муташобиҳ оятларнинг таъвилига машғул бўлмасдан, уни Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола этишлари керак.«Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар».«Илмда собит бўлганлар»–бандалар ичида илмнинг олий даражасига етган уламолардир.Улар илмда собит бўлганлари учун кўп нарсадан бохабар бўладилар ва шу боисдан ҳам, муташобиҳга иймон келтирдик, барчаси (яъни, оятларнинг барчаси)–муҳками ҳам, муташоҳиби ҳам Роббимиз ҳузуридандир, дейдилар.Дарҳақиқат, зўр олимлар ўзларининг илмий чегараларини аниқ тушуниб етадилар, Аллоҳнинг илми чегарасиз эканини яхши биладилар. Ҳамда ўрни келганда ҳеч иккиланмай, ўзларининг ожиз жойларини эътироф қиладилар. Аммо ҳақиқий илмдан бебаҳра, чаласавод кишилар эса, ўзлари билган озгина нарсани, дунёдаги бор илм шу, деб тушунадилар ва ундан бошқа ҳамма нарсани инкор этиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қиладилар. Ушбу ҳақиқатларни:«...фақат ақл эгаларигина эсларлар». Бундай нарсалардан ақл эгаларигина ваъз-насиҳат ва ибрат оладилар.

Топ рейтинг www.uz Openstat