Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

"Савоб" масаласи!

07:14 / 20.07.2013 | BahriddinBuhoriy | 2039

вароҳматуллоҳ? Мен савобни амалнинг эвазига еришиладиган нарса деган тушунчада едим. Аммо банда шариятга Аллоҳга ибодат қилиши вожиблиги учун амал қилади. Ҳар қанча катта ҳажмдаги амаллар ҳам Аллоҳнинг биргина неъмати олдида арзимай қолади. Саволим шуки банда амални тоқати даражасида қилади. Оддий қул сифатида. Аммо савобни қай суратда қозониш керак. Шу нуқтада бир оз йўналиш бериб юборинг. Илтимос. Сизларга ташаккур. Мен амалга суяниб қолганлар тоифасидан еканман. Бу нақадар ёмон еканини тушуниб олдим. Ҳозир янги йўл бошида турган одамдайман. Менга туртки берворинг. Енди фақат оддий қуллигим учун ҳеч қандай эвазсиз амал қилиб, Аллоҳнинг авфи, фазли карамидан умидвор булиб умр утказишим кифоями? Ёки мен тушунмай турган бошқа нарсалар ҳам борми? Раҳмат!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Тойилиш вужудга келганда умидсиз бўлиш амалга суянишнинг аломатларидандир.

Ушбу ҳикматда банданинг Аллоҳ таолонинг амрига биноан қилган амалларига нисбатан эътиқодига қараб ҳолати ўзгариши ҳақида сўз кетмоқда.

Агар инсон амалига суяниб қолса, мен Аллоҳ таоло буюрган амални қилиб қўйдим, энди ўша амалга ваъда қилинган мукофотни албатта оламан, бунга ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди, деган хаёлга бориб қолади. Бу ҳолатга тушган инсон ўзидан хато ўтганида, гуноҳ иш қилиб қўйганида бутунлай ноумидликка тушади. Мен қилган гуноҳга фалон азоб белгиланган эди, энди мен ўша азобга йўлиқаман ва барбод бўламан, деган хаёлга боради.

Аслида бундай бўлмаслиги керак. Мусулмон банда қилган амалига эътимод қилиб – суяниб қолмаслиги лозим. Менга амр қилинган амални қилдим, албатта, унинг учун ваъда қилинган нарсага эришаман, деган хаёлга бормаслиги керак. Чунки амал эвазига ҳақ олиш банда билан банда орасидаги муомалаларда бўлади. Бировнинг ишини бажарган мардикор қилган ишига шартнома асосида тийинма-тийин ҳаққини санаб олади. Аммо Аллоҳ таоло билан банда орасида бу услуб кетмайди. Зотан, бандани йўқдан бор қилган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Унга барча аъзоларни ва қобилиятларни берган зот ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Уни ҳидоятга бошлаган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Унга амалларни бажаришга имкон берган зот ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

Аллоҳ таоло бандага нима яхшиликни берса, Ўз фазлидан беради. Агар унга жазо берса, Ўз адли ила беради. Бу борадаги мўмин банданинг ақийдаси «Ақийдаи Тоҳавия» ва унинг шарҳида қуйидагича ифода қилинган:

«Уларнинг барчаси У Зотнинг хоҳишида ва фазли ҳамда адолати орасида айланурлар».

Шарҳ: Яъни халойиқнинг барчаси Аллоҳ таолонинг хоҳиши доирасида: баъзиларига нисбатан У Зотнинг ҳидояти, муҳофазаси ва афви, бошқаларига нисбатан эса У Зотнинг залолатга кетказиши, ёрдамсиз ташлаб қўйиши ва синови бўлиб, улар У Зотнинг фазли ва адолати орасида ҳаёт кечирадилар, яшайдилар.

Бу ақийданинг ҳужжати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидир.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنْ النَّبِيِّ r قَالَ: «لَا يُدْخِلُ أَحَدًا الْجَنَّةَ عَمَلُهُ»، قَالُوا: وَلَا أَنْتَ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: وَلَا أَنَا، إِلَّا أَنْ يَتَغَمَّدَنِي اللهُ بِمَغْفِرَةٍ وَرَحْمَةٍ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳеч кимни амали жаннатга кирита олмас», дедилар. «Сизни ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули? » дейишди. У зот: «Мени ҳам. Агар Аллоҳ мени Ўз мағфирати ва раҳмати ила ўраб олмаса», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Кўриниб турибдики, охиратдаги жазо ёки мукофот амалга қараб бўлмайди. Чунки амаллар бандаларнинг ихтиёри билан бўлмайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳеч кимни амали жаннатга кирита олмас», деган гапларида манфий қилинаётган нарса «билан» маъносини ифода этаётган «бо» ҳарфи далолат қилган нарсадир. «Бо» ҳарфи араб тилида бир қанча маъноларни ифода этиши ҳаммага маълум. Ушбу жойда «бо» ҳарфи «эваз» маъносини ифода этади. Ана ўшанда умумий маъно инсоннинг амали жаннатга кириши учун эваз бўла олмаслиги экани аён бўлади. Балки жаннатга кириш Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ила бўлади.

Албатта, бу маъно Аллоҳ таолонинг Наҳл сурасидаги қуйидаги қавлига зид эмасдир.

«Қилиб юрган амалларингиз туфайли жаннатга киринг! » (32-оят).

Чунки бу ояти каримадаги «бо» эваз учун эмас, «сабаб» учундир. Албатта, «эваз» билан «сабаб»нинг орасида катта фарқ бор.

Руҳий тарбия устозларидан баъзилари эътимод – суянишни қуйидагича таърифлайдилар:

«Эътимод қувватни бир нарсага боғлаб қўйишдир. У нафсни мақсадга эриштирадиган нарсага чорловчидир. Унинг ҳосил бўлгани аломати эътимод қилинган – суянилганни устун қўйиш, олдинга юриш ва орқага қайтишда унга назар қилишдир.

Бу масалада одамлар уч қисмдан иборатдир:

1. Амалига эътимод қилувчи.

Унинг мақоми Исломдир. Чунки у хавфу ражода амалга боғлангандир.

2. Аллоҳ таолонинг фазлига эътимод қилувчи.

Олдинга интилиш ва ортга тисланишда қудратга боғлиқлиги учун, унинг мақоми иймондир.

3.  Азалий қисматга ва чиқарилган ҳукмга эътимод қилувчи.

Ўз ҳолига шоҳидлиги аён бўлгани учун, унинг мақоми эҳсондир.

Бу борада аҳли ҳақлардан баъзиларининг айтган қуйидаги гаплари жуда ҳам ибратлидир: «Ким Исломнинг ҳақиқатига етса, амал қилишдан ҳоришга қодир бўлмас. Ким иймон ҳақиқатига етса, амалга қайрилиб қарашга қодир бўлмас. Ким эҳсон ҳақиқатига етса, Аллоҳ таолодан ўзга бирор нарсага қайрилиб қарашга қодир бўлмас».

Аллоҳ таоло барчамизни тойилиш вужудга келганда умидсиз бўлмайдиган ва амалга суяниб қолиб, Ўзидан узоқлашмайдиган бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин!

 

Топ рейтинг www.uz Openstat