Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Гумон

17:53 / 06.10.2022 | Abdulloh | 599

Ассалому алайкум! Мени баъзи кишилар алдашганидан сўнг, нотаниш одамларга ёмон гумон билан қарайдиган бўлиб қолганман, айниқса пул борасида. Шундан қандай кутилиш мумкин? Ва бунинг шаърий ҳукми қандай?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Ҳужурот" сурасида марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا  

«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар». (12-оят).
«Эй иймон келтирганлар!» деб мурожаат қилмоқда ва улар учун жуда муҳим бўлган яна бир қанча масалаларни баён қилмоқда.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатлардан, ахлоқий касалликлардан, ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда.
Улардан биринчиси:
«Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир».
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам:
«Кўп гумонлардан четда бўлинглар…» – дейиляпти.
Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», – деганлар.
Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», – деган эканлар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», – деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», – деган эканлар.
Хусусан, иш бошида турган раҳбарлар бу нарсада эҳтиёт бўлишлари лозимлиги имом Абу Довуд Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда яққол кўринади. Бу ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Агар амир одамлардан айб излайверса, уларни бузади», – деганлар.
Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини излашга тушади. Буни эса «жосуслик» дейдилар. Шунинг учун ҳам биз ўрганаётган ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг
«Жосуслик қилманглар», – деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда.
Одатда, бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини, ўзига билдирмай, яширинча излашга «жосуслик» дейилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг каромати, ҳурмати, иззати ва обрўсини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир.
Ислом мазкур ҳуқуқларнинг муқаддаслигини эътироф этади, уларнинг ҳеч бир ҳолда поймол бўлмаслигининг чорасини кўради. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, молу мулклари, уй-жойлари омонликда, сир-асрорларию яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Ҳатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ. Ҳукм очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat