Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Номахрам ва махрамлар

13:15 / 13.12.2023 | Gulchehra | 588

Ассалому алайкум! Саволимда беодоблик, тушунмовчилик бўлса олдиндан узр сўрайман! Мен хижобдаман аммо махрам ва номахрам кимлар эканлигини аник билмайман. Шу хақида малумот беринг илтимос.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Аёл учун кимлар маҳрам эканлиги Қуръони каримда баён қилиб қўйилган. Аллоҳ таоло "Нур" сурасида:

وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَى جُيُوبِهِنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ أَوْ آبَائِهِنَّ أَوْ آبَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ أَبْنَائِهِنَّ أَوْ أَبْنَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي أَخَوَاتِهِنَّ أَوْ نِسَائِهِنَّ أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُنَّ أَوِ التَّابِعِينَ غَيْرِ أُوْلِي الْإِرْبَةِ مِنَ الرِّجَالِ أَوِ الطِّفْلِ الَّذِينَ لَمْ يَظْهَرُوا عَلَى عَوْرَاتِ النِّسَاء

«Зийнатларини кўрсатмасинлар, зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар. Эрларидан, ё оталаридан, ё эрларининг оталаридан, ё ўғилларидан, ё эрларининг ўғилларидан, ё ака-укаларидан, ё ака-укаларининг ўғилларидан, ё опа-сингилларининг ўғилларидан, ё аёлларидан, ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан, ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилардан, ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар», деган (31-оят).
Мўмина аёл қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини, яъни зийнат ҳисобланадиган аъзоларини кўрсатиб юриши мутлақо мумкин эмас.
Лекин қуйидагиларга кўрсатсалар, майли:
1. «Эрлари...»
Муслима аёлнинг зийнатларини кўришга энг ҳақли одам унинг эридир. Шунингдек, эр аёл танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир.
2. «...ё оталари...»
Мўмина-муслима аёлга унинг отаси энг бош маҳрам бўлади. Шунинг учун унга зийнатини кўрсатиши ҳалол. Ота ва ундан кейин зикр қилинадиган маҳрамлари учун аёлнинг никоҳи ҳаромдир, улар унга уйланишни, умуман, шаҳват билан қарашни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Шунинг учун мўмина аёл ушбу маҳрамларга зийнатини кўрсатса бўлади. Юзини, қўлини, оёғини ва уй ичида очиб юришга мажбур бўладиган баъзи аъзоларини, жумладан, хамир қилаётганда билагини, уй супураётганда болдирини кўрсатсалар, гуноҳи йўқ. Эҳтиёж юзасидан рухсат берилган.
«Оталари» дейилганда катта ота, бобо ва боболарининг оталари ҳам кўзда тутилади.
3. «...эрларининг оталари...»
Яъни қайноталари. Бунга қайнотанинг оталари ва катта қайноталарнинг оталари ҳам киради. Улар ҳам ота ўрнидадир. Улар ҳам келинларига маҳрам, ўртадаги муносабатда уйланиш ёки шаҳват назари деган нарсалар бўлиши мумкин эмас.
4. «...ўғиллари...»
Бунга аёлнинг ўз ўғиллари, ўғилларидан ва қизларидан бўлган ўғил набира, эвара ва чеваралар киради. Буларнинг ҳаммаси ҳам аёл киши учун маҳрам, улар орасида оила қуриш ёки шаҳват билан қараш умуман мумкин бўлмаган иш, шунинг учун ҳам муслима аёлга уларга зийнатларини кўрсатишга рухсат берилган.
5. «...эрларининг ўғиллари...»
Яъни эрларининг бошқа хотинидан бўлган ўғиллари. Булар ҳам мўмина-муслима аёл учун маҳрам саналади. Ораларида никоҳ бўлиши мутлақо мумкин эмас. Чунки ўртада она-болалик алоқаси бор. Шунинг учун зебу зийнат ва чирой ўртада шаҳватни уйғотмайди.
6. «...ака-укалари...»
Бунда туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва она бир ака-укалар ҳаммаси баробардирлар. Уларнинг барчаси маҳрам ҳисобланадилар, опа-сингилларининг зийнатларини кўрсалар бўлади.
7. «...ака-укаларининг ўғиллари...»
Бунда ҳам туғишган, ота бир ва она бир ака-укаларнинг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл ака-укаларнинг фарзандларига амма бўлади. Ўртада маҳрамлик бор, уйланиш ёки шаҳват билан қараш умуман бўлиши мумкин эмас. Бошқа маҳрамлар қатори, буларнинг ҳам ҳаёт тақозоси ила доимо бир-бирлари билан кўришиб, аралашиб туришга эҳтиёжлари бор. Шунинг учун ҳам жиянларга аммаларининг зийнатларига қарашларига рухсат берилган.
8. «...опа-сингилларининг ўғиллари...»
Бу ҳолатда ҳам туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларининг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл улар учун хола бўлади. Ўртада маҳрамлик бор. Шунинг учун мўмина аёл зийнатларини уларга кўрсатса бўлади.
Аммо мўмина-муслима аёлнинг эркак маҳрамлари бу билан тугамайди. Оятда зикри келмаган маҳрамлар ҳам бор. Мисол учун, амакилар, тоғалар ва куёвлар. Шунингдек, эмикдошлик орқали маҳрам бўлганлар бор. Улар ҳақида ояти каримада бирор нарса дейилмаган бўлса ҳам, ҳадисларда келган ҳукмлардан қиёс қилиб, мўмина-муслима аёл уларга зийнатини кўрсатса, гуноҳ йўқ, деб фатво берилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога эмикдошлик орқали амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, ҳижоб олишга рухсат бермаганлар. Шундай экан, насаб орқали бўлган амаки ва тоғаларга, албатта, зийнатини кўрсатишга рухсат бор.

عَنْ عَائِشَةَ: رَضِي اللهُ عَنْها جَاءَ أَفْلَحُ أَخُو أَبِي الْقُعَيْسِ يَسْتَأْذِنُ عَلَيْهَا بَعْدَ الْحِجَابِ، وَكَانَ أَبُو الْقُعَيْسِ أَبَا عَائِشَةَ مِنَ الرَّضَاعَةِ، قَالَتْ عَائِشَةُفَقُلْتُوَاللهِ لَا آذَنُ لِأَفْلَحَ حَتَّى أَسْتَأْذِنَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَإِنَّ أَبَا الْقُعَيْسِ لَيْسَ هُوَ الَّذِي أَرْضَعَنِي، وَلَكِنْ أَرْضَعَتْنِي امْرَأَتُهُ، فَلَمَّا دَخَلَ عَلَيَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قُلْتُيَا رَسُولَ اللهِ، إنَّ أَفْلَحَ أَخَا أَبِي الْقُعَيْسِ جَاءَ يَسْتَأْذِنُ عَلَيَّ، فَكَرِهْتُ أَنْ آذَنَ حَتَّى أَسْتَأْذِنَكَ، قَالَتْفَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَائْذَنِي لَهُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Абул Қуъайснинг укаси Афлаҳ ҳижоб(ояти)дан кейин келиб, у кишининг ҳузурларига киришга изн сўраган. Абул Қуъайс Оишага эмикдошлик орқали ота эди.
Оиша айтади:
«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамагунимча Афлаҳга рухсат бермайман. Мени Абул Қуъайс эмас, унинг хотини эмизган», дедим.
Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Абул Қуъайснинг укаси Афлаҳ ҳузуримга киришга рухсат сўради. Сиздан изн олмасдан унга рухсат беришни истамадим», дедим. У зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга изн бер», дедилар».

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، قَالَتْدَخَلَ عَلَيَّ أَفْلَحُ بْنُ أَبِي الْقُعَيْسِ، فَاسْتَتَرْتُ مِنْهُ، قَالَتَسْتَتِرِينَ مِنِّي وَأَنَا عَمُّكِ؟قَالَتْقُلْتُمِنْ أَيْنَ؟قَالَأَرْضَعَتْكِ امْرَأَةُ أَخِي، قَالَتْإِنَّمَا أَرْضَعَتْنِي الْمَرْأَةُ، وَلَمْ يُرْضِعْنِي الرَّجُلُ، فَدَخَلَ عَلَيَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَحَدَّثْتُهُ فَقَالَإِنَّهُ عَمُّكِ، فَلْيَلِجْ عَلَيْكِرَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳузуримга Афлаҳ келган эди, ундан яшириндим. У:
«Амакинг бўлсам ҳам, мендан қочасанми?!» деди. Мен:
«Қаердан менга амаки бўласан?!» дедим. У:
«Сени менинг акамнинг хотини эмизган», деди. Мен:
«Мени эмизса, аёл киши эмизган, эркак киши эмас», дедим. Сўнг олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар, мен бўлган гапни айтиб бердим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у амакинг бўлади, ҳузурингга кираверсин», дедилар».
Имом Абу Довуд ривоят қилган.
Юқорида зикр қилинган маҳрамларнинг ҳаммаси абадий маҳрам ҳисобланадилар. Яъни уларнинг мазкур мўмина аёлга уйланишлари абадий ҳаром қилингандир.
Аммо маҳрамлиги вақтинчалик шахслар ҳам бўлади. Мисол учун, опа-сингилларнинг эрлари вақтинчалик маҳрам саналади, яъни опа билан никоҳда турган эркакка унинг синглисига уйланиши ҳаром саналади. Опа билан ажрашгандан кейингина сингилни никоҳига олиш ҳалол бўлади.
Уларга нисбатан қандай муомалада бўлиш керак? Бу ҳукм шариатда чегаралаб қўйилмаган. Уламоларимизнинг айтишларича, буни чегаралашнинг имкони ҳам йўқ. Чунки бундай қариндошлик алоқалари турлича бўлади. Шунинг учун уларнинг ҳукми ҳам турлича. Бунда қариндошлик нисбати, ёшдаги фарқлар, турли ҳолатлар, бир жойда яшайдиларми ёки алоҳидами ва бошқа омиллар ҳам эътиборга олинади.
Мисол учун, Оиша онамизнинг опалари Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнсингиллари бўлади. Асмо розияллоҳу анҳо у зотдан қочмаганлар. Уйларига бемалол кириб юрганлар. Ҳолбуки, икковлари орасидаги никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчалик бўлган.
Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг қизлари Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан қочмаганлар. Ҳолбуки, икковларининг ораларида никоҳ дуруст бўлган.
Шу билан бирга, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Фазл ибн Аббосдан қочганлар. Ҳолбуки, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Фазл ибн Аббоснинг аммаларининг қизи бўлган. Шунга ўхшаш ҳолатларни ўрганган уламоларимиз, юқорида айтилганидек, «Бундай ишларда шароитга қараб ҳукм чиқарилади», деганлар.
Юқоридаги мисоллар қочиш-қочмаслик ҳақида эди. Аммо уларнинг назар солиш жоиз бўлган аъзоларидан бошқа жойларга назар солиш қатъий мумкин эмас. Масалан, бир хонадонда яшовчи ака-укаларнинг хотинлари – аканики укага, уканики акага номаҳрам ҳисобланади. Шунинг учун бегоналардан тўсинган каби тўсинишлари керак бўлади».
Шунингдек, қариндошлигида шубҳа бўлган эркаклардан ҳам мўмина аёллар ўзларини ҳижобда тутганлари яхши, дейилади.
Энди маҳрам ҳисобланмаса ҳам, мўмина аёл зийнатини кўрсатса бўладиган шахсларнинг зикри келади:
9. «...ё аёллари...»
Яъни мўмина аёллар аёлларга зийнатларини кўрсатсалар бўлади. Уламоларимиз бу ҳақда турли фикрларни айтганлар. Баъзилари, «аёллари»дан мурод ҳамма хотинлар, деганлар. Баъзилари, мусулмон аёллар назарда тутилган, деганлар, бошқа бирлари эса, ўзларига тегишли хотинлар, деб айтганлар. Чунки фосиқа, фожира аёллар муслима аёлнинг авратини, зийнатини кўрса, унга яқинлашса, фисқу фужурга бошлаши, фитна чиқариши мумкин, дейишган.
10. «...ё ўз қўлларида мулк бўлганлар...»
Яъни ўз чўрилари, эркак қуллар бундан мустасно.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِي اللهُ عَنْها، قَالَتْقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَانَ عِنْدَ مُكَاتَبِ إِحْدَاكُنَّ مَا يُؤَدِّي، فَلْتَحْتَجِبْ مِنْهُرَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларига: «Агар сизлардан бирортангизнинг мукотаби (баҳосини тўлаб, озод бўлишга келишган қули) бўлса ва у (ўз баҳосини) адо этишга имкони бўлса, ундан ҳижоблансин», деганлар».
Имом Термизий ривоят қилган.
Яъни бу одамнинг озод бўладиган вақти жуда яқинлашиб қолди. Энди у қул бўлмайди, шунинг учун ундан қочиш лозим.
11. «...ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилар...»
Булар табиий, жисмоний жиҳатдан эркакликлари ўлган кимсалар бўлиб, қоринларини тўйдириш учун одамларнинг хизматини қилиб юрадилар. Уларда умуман шаҳват, аёлларга қизиқиш деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Муслима аёл ана шундай одамларга ҳам зийнатини кўрсатса бўлади.
12. «...ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болалар...»
Чунки кичкина болалар аврат нима, шаҳват нима, билмайдилар.
 Ушбу ояти каримадан олинган қоидага биноан, мўмина-муслима аёлларга бегона эркакларнинг шаҳватини қўзғатиб, фитнага сабаб бўлмасликлари учун нафақат ҳирсни қўзғатадиган овоз бериш, балки шунга восита бўлиб қоладиган бошқа нарсалар ҳам жоиз эмас. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat