Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тавбам қабул бўладими?

12:00 / 27.10.2015 | Kasimov | 3775

Ассалому алайкум! Мен ҳозиргача билиб билмай қилган барча гуноҳларимга умумий тавба қилсам бўладими ёки ҳар бир гуноҳ учун алоҳида тавба қилиш керакми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Билганларингизни эслаб, билмаганларингизга умумий тарзда тавба қилишингиз кифоя қилади. Сизга Устозимизнинг «Руҳий тарбия» китобларини ўқишни тавсия қиламиз ва қуйида ўша китобдан иқтибос келтирамиз. ТАВБА «Тавба» сўзи араб тилида «қайтиш» маъносини англатади. Банданинг гуноҳдан қайтиши ҳам «тавба» деб аталган. Уламолар тавбанинг шаръий маъноси ҳақида бир-бирини тўлдирувчи ва таъкидловчи бир неча таърифларни айтганлар: Роғиб: «Шариатда тавба гуноҳни ёмонлиги учун тарк қилиш, ўзидан ўтган камчиликка надомат қилиш, гуноҳни яна такрорламасликка азм қилиш ва имкони бор ишларни қайтадан қилишдир», деган. Журжоний: «Тавба қалбдаги гуноҳда давом этиш тугунини ечиб, Аллоҳга қайтиш ва Роббнинг барча ҳақларини адо этиш», деган. Баъзилар: «Тавба эътироф, надомат ва гуноҳдан узилиб чиқиш», деганлар. Бошқалар: «Тавба қилинган маъсиятга маъсият бўлгани учун надомат чекиш ва уни қайтармасликка азму қарор қилиш», дейдилар. «Таърифот» китобининг соҳиби тавбанинг маъноси ва турлари ҳақида жумладан, қуйидагиларни келтирган: «Тавбанинг маъноси учтадир: Биринчиси – надомат қилиш. Иккинчиси – Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтишга азму қарор қилиш. Учинчиси – зулмларни ўрнига қайтариш учун ҳаракат қилиш. Тавбанинг турлари: 1. «Иноба тавбаси» – Аллоҳ таолонинг қудратидан қўрқиб қилинган тавба. 2. «Истижоба тавбаси» – Аллоҳ таолонинг яқинлигидан уялиб қилинган тавба. 3. «Фосид тавба» – фақат тил билан қилинган тавба. 4. «Саҳиҳ тавба» – банданинг гуноҳ қилиши билан дарҳол ўзини билиб, ундан қайтиши. 5. «Насуҳ тавба». Араб тилидаги «насуҳ» сўзи «холис», «жазм», «содиқ», «насиҳат қилувчи» маъноларини англатади. Демак, «тавбатан насуҳан» бирикмаси «холис тавба», «жазм тавба», «содиқ тавба», насиҳатга тавба» деган маъноларни англатади. Аллоҳ таоло шундай буюради: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!» (Таҳрим сураси, 8-оят). Насуҳ тавбанинг шаръий маъноси ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган. Жумладан, ҳазрати Умардан: «Тавбаи насуҳ нима?» деб сўралганда, «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайрилмаслигидир», деб жавоб берганлар. Журжоний: «Насуҳ тавба олдинги гуноҳга қайтмасликка мустаҳкам азму қарор қилишдир», деган. Таҳонавий: «Насуҳ тавба қалб амалларидан бўлиб, қалбни гуноҳлардан тозалашдан иборатдир. Унинг аломати банда маъсиятни ёмон кўриши ва қабиҳ санаши ҳамда ҳеч хотирига келтирмаслигидир», деган. Тавба ва унинг шартлари ҳақида имом Нававий қуйидагиларни айтади: «Ҳар бир гуноҳдан тавба қилиш вожибдир. Агар қилинган гуноҳ банда билан Аллоҳ таолонинг орасидаги иш бўлса, одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлмаса, тавбанинг тўғри бўлиши учун уч шарт бор: 1. Маъсиятдан бутунлай ажраб чиқиш. 2. Уни қилгани учун надомат чекиш. 3. Абадул-абад уни қайтармасликка азму қарор қилиш. Ушбу шартлардан бирортаси бўлмаса, тавба тўғри бўлмайди. Агар қилинган гуноҳ одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлса, тўртинчи шарт – ўша одамнинг ҳаққидан қутулиш зиёда қилинади. Ҳақ мол-мулк ёки шунга ўхшаш нарса бўлса, уни эгасига қайтарилади. Ҳақ шаръий жазога лойиқ иш бўлса, ўзини жазога тутиб беради ёки ҳақ эгасидан афв қилишини сўрайди. Агар ҳақ ғийбат каби маънавий нарсаларда бўлса, мазлумдан ҳаққини ҳалол қилишини илтимос қилади. Албатта, бунда тавба учун қилинаётган иш аввалгисидан кўра катта зарар келтирмаслиги шарт. Барча гуноҳлардан тавба қилиш вожибдир. Агар баъзисидан тавба қилса, ўша гуноҳдан қилган тавбаси тўғри бўлади. Қолган гуноҳлари тураверади. Тавба ҳақида Қуръони Каримда келган ояти карималарни бир неча қисмга тақсимлаш мумкин. 1. Тавбани қабул қилиш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири экани. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг Ўзи шундай марҳамат қилади: «Қайси бир расулни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз. Агар улар ўзларига зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳдан мағфират сўраганларида ва Расул ҳам улар учун мағфират сўраганида эди, албатта, Аллоҳнинг тавбани кўплаб қабул қилувчи, ўта меҳрибон эканини топар эдилар» (Нисо сураси, 64-оят). Аллоҳ таоло ҳақиқатан ҳам тавбаларни қабул этувчи Зот эканининг далили шуки, У бандаларидан иймон даъвосини қилиб, амалда шайтоннинг йўлидан юрганларини ҳам дарҳол азобга гирифтор қилмайди, балки кечиримли бўлиб, яна уларга ўзларини ўнглаб олишлари учун имкон яратиб, тавба эшигини очиб қўяди. У Зот ҳақиқатан ҳам раҳмли бўлганидан гуноҳкор мунофиқларнинг айбини кечиб, уларга раҳм-шафқат кўрсатади. 2. Тавба анбиё ва солиҳ мўминларнинг сифатидир. Тавба аслини олганда, олий мақомлардан биридир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандалари бўлмиш набийлар ва расуллар ҳам тавбани лозим тутганлар. Шайтон алайҳилаъна тавба қилмагани учун тавқи лаънатга учради. Одам алайҳиссалом тавба билан мукаррамликка эришдилар. Аллоҳ таоло набийларнинг тавбалари ҳақида шундай марҳамат қилади: «Эсла, вақтики, Иброҳим билан Исмоил Байтнинг пойдеворларини кўтараётиб, (дедилар): «Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сен Ўзинг ўта эшитувчисан ва ўта билувчисан. Роббимиз, иккимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сен Ўзинг тавбани кўплаб қабул қилувчисан, ўта раҳмлисан» (Бақара сураси, 127-128-оятлар). Аллоҳ таоло солиҳ мўминларнинг сифатларини баён қилар экан, энг аввало уларнинг тавба қилувчилар эканликларини зикр қилади: «Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, маъруфга буюриб, мункардан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» (Тавба сураси, 112-оят). Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берадиган хушхабарга ҳақли бўладилар. Чунки улар билиб-билмай содир этган ҳамма гуноҳларидан тавба қиладилар, гуноҳларига чин қалбдан афсус-надомат чекадилар ва уни иккинчи қайта такрорламайдилар. Аслини олганда, билиб-билмай қилинган гуноҳлар учун истиғфор айтиш иймоннинг етук аломатидир. 3. Тавбадан кейин солиҳ амал қилишга тарғиб. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ким зулмидан кейин тавба этса ва ислоҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Моида сураси, 39-оят). Мусулмон одам учун ёмонликдан қайтишнинг ўзи кифоя қилмас экан. Ёмонликдан қайтиш билан бирга, яхшилик амалларни қилиши ҳам зарур экан. Чунки ёмонликни қилмай қўйиб, юраверса, орада бўшлиқ пайдо бўлади ва бу бўшлиқ уни яна ёмонликка қайтариши мумкин. Шунинг учун ҳам яхшилик қилиш тавбани қабул этиш шартларига қўшилмоқда. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир. Бундан кейин тавба қилиб, ўзини ислоҳ қилганлар мустаснодир. Зеро, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Нур сураси, 4-5-оятлар). Қуръони Карим бўҳтончини «фосиқ», яъни Аллоҳнинг амридан чиққан одам деб васф қилмоқда. Бу жуда ёмон сифатдир. Энди бундай одам фақат ихлос билан тавба қилгандагина ва ўзини бутунлай тузатгандагина фосиқликдан чиқиши мумкин. Шунда унинг гувоҳлиги яна қабул қилинадиган бўлади. Демак, бўҳтончининг фақат тавба қилиши кифоя эмас. Балки ўзини ўнглаганини жамият аъзоларига амалда кўрсатиши ҳам зарур. Бунинг учун покиза одамни қаерда, кимларнинг олдида, қандай қилиб зинода айблаган бўлса, ўша ерда, ўша одамларнинг олдида, ўшандай қилиб поклайди ва ўзини қоралайди. Сўнгра тавба қилади. Жамият уни бир йил давомида кузатади. Шу муддат ичида чиндан ҳам ўзини тузатиб, шариатга хилоф ишларни қилмаса, ундан «фосиқ» номи олинади ва гувоҳлиги қабул қилинадиган бўлади. 4. Тавбанинг мукофоти ҳақидаги оятлар. Қуйидаги ояти каримада Аллоҳ таоло тавба қилувчиларни «покланувчилар» деб сифатлайди: «Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Пок бўлмагунларича уларга яқинлашманглар. Қачонки пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ кўп тавба қилувчиларни севадир ва покланувчиларни севадир», деб айт» (Бақара сураси, 222-оят). Аллоҳ таоло холис тавбанинг мукофоти жаннат экани ҳақида марҳамат қилиб, қуйидаги ояти каримани нозил қилган: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Ажаб эмаски, Роббингиз ёмонликларингизни ўчирса ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса. У Кунда Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борадир. Улар эса: «Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни мағфират қил, албатта, Сен ҳар бир нарсага ўта қодирсан», дерлар» (Таҳрим сураси, 8-оят). 5. Тавба Аллоҳ таолонинг бандаларга раҳматидир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини севади ва уларнинг тавбаларини қабул қилишни хоҳлайди. Қуйидаги ояти карималар айнан шу маънода нозил қилинган бўлиб, бу ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига беқиёс марҳаматидир: «Аллоҳ сизларга баён қилиб беришни, сизни сизлардан олдингиларнинг суннатларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни ирода қиладир. Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир. Аллоҳ сизнинг тавбангизни қабул қилишни ирода қиладир. Шаҳватларга эргашадиганлар эса улкан оғишга мойил бўлишингизни ирода қиладир. Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир» (Нисо сураси, 26-28-оятлар). Ва яна: «Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золимдир, ўта жоҳилдир. Аллоҳ мунофиқлар ва мунофиқаларни, мушриклар ва мушрикаларни азоблаши учун ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул этиши учундир. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Аҳзоб сураси, 72-73-оятлар). 6. Ўтган набийлар тавбага чақиришган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди: «Ва Одга ўз биродарлари Ҳудни (юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Сизлар фақат тўқиб олувчиларсиз, холос. Эй қавмим, бунинг учун сизлардан ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақат мени йўқдан бор қилган Зотнинг зиммасидадир. Ақл юритмайсизларми? Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга ёмғирни мўл-кўл қилиб юборади ва қувватингизга қувват зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг» (Ҳуд сураси, 50-52-оятлар). Аллоҳ таоло қайси қавмга набий юборса, албатта, бу набийларнинг илк даъватлари қавмларини тавбага чорлаш бўлган. Ҳозиргина кўриб ўтганимиз ояти карималар ва қуйида келтириладиган ояти карима ҳам шу маънода нозил бўлган: «Ва Самудга ўз биродарлари Солиҳни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизни ердан пайдо қилди ва уни обод қилишингизни талаб қилди. Бас, Ундан мағфират сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим ўта яқиндир, ўта ижобат қилувчидир», деди» (Ҳуд сураси, 61-оят). Тавба ҳақида келган ҳадислардан намуналар: عَنْ أَنَسٍ : أَنَّ رَسُولَ اللهِ  قَالَ: «لَلَّهُ أَشَدُّ فَرَحًا بِتَوْبَةِ عَبْدِهِ حِينَ يَتُوبُ إِلَيْهِ مِنْ أَحَدِكُمْ كَانَ عَلَى رَاحِلَتِهِ بِأَرْضِ فَلَاةٍ، فَانْفَلَتَتْ مِنْهُ، وَعَلَيْهَا طَعَامُهُ وَشَرَابُهُ، فَأَيِسَ مِنْهَا، فَأَتَى شَجَرَةً فَاضْطَجَعَ فِي ظِلِّهَا، قَدْ أَيِسَ مِنْ رَاحِلَتِهِ، فَبَيْنَا هُوَ كَذَلِكَ، إِذَا هُوَ بِهَا قَائِمَةً عِنْدَهُ، فَأَخَذَ بِخِطَامِهَا، ثُمَّ قَالَ مِنْ شِدَّةِ الْفَرَحِ: اللَّهُمَّ أَنْتَ عَبْدِي وَأَنَا رَبُّكَ، أَخْطَأَ مِنْ شِدَّةِ الْفَرَحِ». رَوَاهُ الشّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло бандаси тавба қилганида бирингизнинг улови устида шароби ва таоми билан кимсасиз биёбонда қочиб кетса, ундан умидини узиб, бир дарахтнинг тагига бориб, соясида ётганда, уловидан умиди батамом узилиб бўлганида, ана шу ҳолатдалигида қараса, у (улов) олдига келиб турган бўлса, жиловидан тутиб, ўта хурсанд бўлиб кетиб, «Аллоҳим! Сен бандамсан! Мен Роббингман!» деб юборганидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади. У хурсандчиликнинг шиддатидан хато қиган эди», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган. عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللهِ  قَالَ: «يَا أَيُّهَا النَّاسُ، تُوبُوا إِلَى اللهِ، فَإِنِّي أَتُوبُ فِي الْيَوْمِ إِلَيْهِ مِائَةَ مَرَّةٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен Унга ҳар куни юз марта тавба қилурман», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилишган. عَنْ أَنَسٍ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «كُلُّ بَنِي آدَمَ خَطَّاءٌ، وَخَيْرُ الْخَطَّائِينَ التَّوَّابُونَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Барча одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси сертавбалардир», дедилар». Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган. عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «إِنَّ اللهَ يَقْبَلُ تَوْبَةَ الْعَبْدِ مَا لَمْ يُغَرْغِرْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ банданинг тавбасини, модомики у ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса, албатта қабул қилади», дедилар». Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган. عَنْ أَبِي مُوسَى ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «إِنَّ اللهَ يَبْسُطُ يَدَهُ بِاللَّيْلِ لِيَتُوبَ مُسِيءُ النَّهَارِ، وَيَبْسُطُ يَدَهُ بِالنَّهَارِ لِيَتُوبَ مُسِيءُ اللَّيْلِ، حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا». Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», дедилар». عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «مَنْ تَابَ قَبْلَ أَنْ تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا تَابَ اللهُ عَلَيْهِ». رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қуёш мағрибидан чиқмасдан туриб тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар». Иккисини Муслим ривоят қилган. Тавбанинг фойдаларидан: 1. Тавба иймоннинг камоли ва Исломнинг жамолидандир. 2. Тавба Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва ризосига сабабдир. 3. Тавба эгасини Аллоҳ таолонинг кенг раҳматига эриштиради. 4. Тавба танглик ва ғамнинг кетишига сабаб бўлади. ТАВБАНИНГ ҲАҚИҚАТИ Тавба илм, ҳол ва амалдан иборат бўлиб, бу уч нарса бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. 1. Илм гуноҳларнинг зарари жуда ҳам катта эканига ва гуноҳлар банда билан унга маҳбуб бўлган ҳар бир нарса орасидаги тўсиқ эканига маърифат ҳосил қилишдан иборат. 2. Ҳол мазкур илм туфайли қалбда пайдо бўлган афсус ва надоматдан иборатдир. Зотан, қалб қачон ўзи муҳаббат қўйган нарсадан маҳрум бўлса, алам чекади. Ана шу алам надомат деб аталади. 3. Амал гуноҳнинг зарарини билиб, қалбда ундан алам чекилгандан кейин мазкур аламни йўқотиш учун азму қарор ила гуноҳни тарк қи­лишдир. Бу ўринда гуноҳни тарк қилиш ҳозирги, келаси ва ўтган замонга боғлиқ бўлади. Ҳозирги замондагиси қилиб турган гуноҳидан дарҳол четланиш ва тавба қилиш ила бўлади. Келаси замондагиси умрининг охиригача гуноҳ қилмасликка азму қарор қилиш ва гуноҳ шубҳаси бор нарсалардан сақланиш орқали бўлади. Ўтган замонга боғлиқ бўлиши аввалги гуноҳларга астойдил тавба қилиш ва уларга каффорот бўладиган амалларни бажариш ҳамда қазоларни адо этиш билан бўлади. Демак, тавбанинг ҳақиқати илм, надомат (ҳол) ва ҳозир, келажак ҳамда ўтган замондаги гуноҳларни тарк қилишдан, яъни амалдан иборатдир. Гуноҳ маҳбубдан узоқлаштирувчи сабаб эканини билмаган одам қилган гуноҳларига тавба қилмайди. Аламга сабаб бўлувчи гуноҳни қилаверади ва оқибатда ҳалок бўлади. Охиратдаги азобнинг энг ози ҳисобда муноқаша қилиш бўлса, кўпининг чегараси йўқ. Саодат аҳлининг даражалари ҳам шу каби турлича бўлади. Агар охиратда бандаларнинг даражалари ҳақида гап юритиш керак бўлса, қуйидагиларни айтиш мумкин. 1. Гуноҳи кабийра қилиб, Ислом арконларини поймол қилганларнинг ҳоли. Бу хилдаги одамлардан қайси бири ажали келишидан олдин тавбаи насуҳ қилган ва тавбаси қабул бўлган бўлса, гуноҳи кабийра қилмаганларга қўшилади. Чунки гуноҳдан тавба қилганлар гуноҳи йўқлар кабидир. Буни ювилган кийим кир бўлмаган кийимга ўхшаб қолганига қиёслаш мумкин. Аммо тавба қилмай ўлиб кетганларнинг ҳоли ўта хатарлидир. Улар иймони мустаҳкам бўлмагани учун гуноҳни қасддан қилган бўлиши мумкин. У ҳолда оқибатлари ёмон бўлади. Хусусан, иймони тақлид асосида бўлганлар янада хавфлидир. Тавба қилмай ўлиб кетган мазкур бандаларнинг азоби улар қилган гуноҳи кабийраларнинг қабоҳати, ҳажми ҳамда муддатига қараб бўлади. 2. Ким иймоннинг аслини тўлиқ жойига қўйган, барча кабийра гуноҳлардан четда бўлган, жамики фарзларни гўзал тарзда адо этган, фақат баъзи сағийра гуноҳларни давомли бўлмаган ҳолда қилган бўлса, унинг афв қилиниши аниқроқ. Бундай афв Қуръони Каримда ваъда қилинган. Бундай кишилар муқаррабларга ёки ўнг тараф соҳибларига қўшиладилар. Бу унинг иймони ва яқийнига қараб бўлади. Агар иймони заиф ва яқийни оз бўлса, даражаси паст, кучли ва кўп бўлса, даражаси юқори бўлади. Муқаррабларнинг даражалари ҳам Аллоҳ таолога бўлган маърифатларининг тафовутига қараб турлича бўлади. Ўнг тараф соҳибларининг энг олий даражаси муқаррабларнинг энг паст даражасига тенг бўлади. Буларнинг ҳаммаси гуноҳи кабийралардан четда бўлиб, фарзларни адо этиб юрганларнинг ҳолидир. 3. Нажот топувчилар. Бу ерда «нажот топувчилар» деганда саломат қоладиган, лекин саодат ҳамда ютуққа эришмайдиганлар англанади. Улар саодатга яраша хизмат қилмаган ва шу билан бирга, азобга лойиқ нуқсонга йўл қўймаган қавмлардир. Улар жумласига мажнунлар, кофирларнинг балоғатга етмаган болалари, даъват етмаган кишилар киради. Уларда маърифат ҳосил бўлмаган, инкор ҳам, тоат ҳам, маъсият ҳам қилмаганлар. Улар Аърофда бўладилар. «Аъроф» калимаси «баландлик», «юқори жой» маъноларини англатади. Араблар хўрознинг тожини ҳам «араф» дейдилар. Жаннат билан дўзах орасидаги баландлик жой – девор Аъроф дейилади. 4. Ютуққа эришувчилар. Бу тоифага орифлар, муқарраблар ва содиқлар кирадилар. Улар учун жаннатда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражалар, мақомлар ва неъматлар тайёрлаб қўйилгандир. Уларнинг ҳирси жаннат учун эмас. Улар Аллоҳ таолонинг жамолига назар солиш иштиёқидалар. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat