Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Интернет тармоқларидан фойдаланиш

20:01 / 19.08.2015 | Sardor Niyazov | 3198

Ассалому алайкум! Ҳозирги пайтда аёл киши интернет тармоқларида синфдош, ёки курсдош, умуман таниш эркак киши билан гаплашиш жозми? Агар жоиз бўлса қайдай доирада сўзлашиш керак? Олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

ИНТЕРНЕТ ОДОБЛАРИ

«Интернет» сўзи ажнабий тилдаги қисқартирилган жумла бўлиб, тилимизда «халқаро маълумотлар тўри» деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан кейин интернетнинг тинмай ривожланиши оқибатида у фақат маълумотлар тақдим ва қабул қилиш билан чекланиб қолмай, бундан ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боришга хизмат қиладиган бўлиб кетди. Ҳаётнинг барча соҳаларида интернет ёрдамида осонлик, арзонлик ва тезлик фойдалари кўзланадиган бўлди. Тасаввур қилиш учун биргина мисол келтиришнинг ўзи кифоя қилади, деб ўйлайман. Ҳаво йўли билан сафарга чиқмоқчи бўлган инсон оддийгина чипта олиш учун чиптахонага бориши, навбатда туриб, чипта олиши, агар чипта у истаган кунга топилмаса, ортига қайтиб кетишига тўғри келади. Худди шу иш интернет орқали амалга оширилса, жуда кўп фойда кўрилади, яъни уйда ўтириб, чипта сотиб олинади. Вақти келганда, аэропортда учишдан олдин автоматдан электрон чиптасини олади. Бу иш аввалгисига солиштириб кўрилса, вазият аён бўлади. Чиптахонага бориб, овора бўлинмайди. Навбатга турилмайди. Устига-устак, арзонга тушади. Чунки чиптахона биноси, чиптачи, бинони иситиш, совутиш, ёритиш учун кетадиган, йўлкира ва шунга ўхшаш харажатлар тежаб қолинади. Бунга ўхшаш фойдалар жуда кўп бўлиб, биз келтирганимиз оддий бир мисол эди. Шунинг учун ҳозирда ҳамма халқлар интернетни ривожлантириш борасида қўлидан келган барча чораларни кўрмоқда. Бу ишга тўғаноқ бўлувчи омиллардан халос бўлиш йўлларини ахтармоқда. Интернетдан фойдаланувчилар кун сайин кўпайиб бормоқда. Ҳамма ушбу осонлик ва қулайликдан баҳраманд бўлишга ошиқмоқда. Аммо шу билан бирга, интернетга боғлиқ муаммолар ҳам кўпайиб ва жиддийлашиб бормоқда. Барча соҳалардаги каби, интернетнинг фойдалари муқобилида зарарлари ҳам кўпайиб бормоқда. Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда зарарли, бузуқ маълумотлар ҳам тарқалмоқда. Ақийдага путур етказувчи, фоҳишабозлик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи, ахлоқсизликни тарқатувчи ва шунга ўхшаш инсон зотига ор келтирувчи ишларни тарғиб қиладиган сайтлар кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирига туҳмат қилмоқда, ҳақоратлаб, сўкишмоқда, бир-бирини шарманда қилмоқда ва ҳоказо. Айнан интернет орқали нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, ижтимоий, молиявий, илмий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам жиноятлар содир этилмоқда. Қўпол қилиб айтганимизда, интернет мазкур қабоҳатларни амалга оширишни осонлаштирмоқда. Айтиб ўтилган ушбу гаплардан кўриниб турибдики, интернет ҳам икки тарафлама – ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка хизмат қилиши мумкин нарсага айланди. Бизнинг вазифамиз уни яхшиликка хизмат қилдириб, ёмонликка бошламаслиги чораларини кўриш, унинг зарарларидан четланишга ҳаракат қилишдир. Бунинг учун эса динимизнинг умумий таълимотлари асосида интернетдан фойдаланиш одобларини йўлга қўйишимиз керак бўлади. Албатта, интернет нисбатан яқинда пайдо бўлган восита бўлгани учун олдинлари мусулмон уламолар бу масалани хаёлларига келтиришлари ҳам мумкин эмасди. Ҳозирга келиб эса интернет ва унга боғлиқ масалалар замонамизнинг мусулмон уламолари олдига тегишли муаммоларни кўндаланг қилмоқда. Бу масалалар қанчалик тез ҳал қилинса, шунчалик яхши бўлиши ойдин бўлиб турибди. Қуйидаги саҳифаларда эътиборингизга тақдим этилаётган маълумотлар мазкур соҳадаги изланишларда камтарона бир уриниш бўлишидан умид қиламиз.

Интернетдан фойдаланиш одоблари

Қуйида халқаро замонавий алоқа ва ахборот воситаси бўлмиш интернетдан фойдаланишнинг баъзи умумий одоблари ҳақида қисқача сўз юритамиз: Интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятни яхши қилган бўлиши керак. Албатта, мусулмон инсон ҳар бир нарсада бўлгани каби, интернетдан фойдаланишда ҳам фақат яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилиши лозимдир. Ана шундагина бу ишидан фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади. Интернетдан олган фойдасига қўшимча равишда, динининг таълимотларига амал қилгани учун савоб ҳам олади. Агар диний таълимотга амал қилмай, ниятини яхшиласа-ю, интернетдан фақат яхшилик йўлида фойдаланса, ўша олган фойдаси қолади, аммо савоб олмайди. Чунки бу ишига диний таълимот асосида яхши ниятни аралаштирмади. Мусулмон киши бир яхшиликни ният билан қилса, бир савоб олади, ўша ниятига амал қилганида эса, савоби ўн марта кўпаяди.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فِيمَا يَرْوِي عَنْ رَبِّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى قَالَ: إِنَّ اللهَ كَتَبَ الْحَسَنَاتِ وَالسَّيِّئَاتِ ثُمَّ بَيَّنَ ذَلِكَ، فَمَنْ هَمَّ بِحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً، وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عِنْدَهُ عَشْرَ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى أَضْعَافٍ كَثِيرَةٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Робблари таборака ва таолодан ривоят қилиб айтадилар: «Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд этиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади», дедилар». Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар. Интернетга киришдан олдин вақтни зое қилмаслик учун умрнинг қадрини эсга олиш, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли эканини, қиёмат кунида ҳисоб-китоб бўлишини эсга олиш зарур. Айнан ушбу ҳис-туйғу бўлмагани учун кўпчилик интернетда соатлаб вақтини, азиз умрининг ғанимат кунларини зое қилишни ўзига эп кўрмоқда. Узоқ вақт давомида, саккиз-ўн соатлаб интернетда ўтирганлар ўзига хос хасталикларга чалинганлари ҳақидаги хабарлар беҳуда тарқалмаган бўлса керак. Мусулмон инсон эса доимо, жумладан, интернетдан фойдаланишда ҳам умрининг ҳар лаҳзаси борасида охиратда сўралишини зинҳор унутмайди.

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِىِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا تَزُولُ قَدَمَا ابْنِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عِنْدِ رَبِّهِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ خَمْسٍ: عَنْ عُمْرِهِ فِيمَ أَفْنَاهُ، وَعَنْ شَبَابِهِ فِيمَ أَبْلَاهُ، وَمَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَ أَنْفَقَهُ، وَمَاذَا عَمِلَ فِيمَ عَلِمَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича, Роббининг ҳузуридан узилмайди». Термизий ривоят қилган. Интернетга киришдан олдин иш режасини яхшилаб тузиб олиш керак. Ҳар бир ишдаги каби, интернетдан фойдаланишда ҳам яхшилаб тузилган режа асосида иш юритиш лозим. Мақсад ва кўзланган фойда аниқ бўлсин. Кириш ният қилиб турилган сайтнинг номи тайёр бўлсин. Шунга ўхшаш барча керакли нарсалар, маълумотларни олдиндан аниқлаб олиш зарур. Ўтириб олиб, «нима қилсам экан», деган хаёлларни суриш вақтнинг заволидир. Интернетда ишлашни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлаш ва иш бошлашда ўқиладиган дуолардан билганича ўқиш керак. Мусулмон кишининг ҳар бир ишни бошлаганда албатта «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дейиши кераклиги кўплаб ҳадисларда таъкидланган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: كُلُّ أَمْرٍ ذِي بَالٍ لَا يُبْدَأُ فِيهِ بِبِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ أَقْطَعُ. رَوَاهُ عَبْدُ الْقَادِرِ الرَّهَاوِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эътиборли ҳар бир иш «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошланмас экан, у кесикдир», дедилар». Абдулқодир Раҳовий ривоят қилган. Интернетда кўриладиган, ўқиладиган ва эшитиладиган нарсаларнинг барчаси шариат рухсат берган нарсалар бўлиши шарт. Зотан, мусулмон инсоннинг ҳамма ерда, барча замонларда ва барча вазиятларда қиладиган гап-сўзларию, иш ва фаолияти шариатга мувофиқ бўлиши талаб этилади. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, сайтга кирадиган баъзи одамлар ҳаётда ўзларига раво кўрмайдиган нарсаларни сайтда бемалол эп кўришади. Улар ўзларича, «бу иш ҳаётдаги савияда эмас-ку», деган хаёлга боришлари мумкин. Аслида эса бу ношаръий ишларни сайтда ўзига раво кўрганларнинг ахлоқий савиясида нуқсон бор. Ҳаётда одамлар уни кўриб-билиб тургани учун, ўзгалар гапирмасин дея ўзини ёмонликдан тийган бўлади. Сайтда эса одамлар кўрмайди ҳам, билмайди ҳам. Бунинг устига, сайтда исмини ҳам ўзгартириб, тамоман бирор киши танимайдиган бўлиб олади. Демак, унинг шариат талабларига амал қилиши хўжакўрсинга, тўғрироқ айтганда, мунофиқликка асосланган бўлади. Шунинг учун ҳам сайтга кирган ҳар бир инсон ўзининг мусулмонлик бурчини унутмаслиги керак. Одамлар кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло кўриб турганини эсдан чиқармаслик лозим. Одамлар билмаса ҳам, Аллоҳ таоло билиб турганини мунтазам ҳис этиб туриш зарур. Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади: «У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур» (19-оят). Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У Зот ҳамма нарсани билади. Ҳатто «У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам...» билади. Яъни кимнингдир бировга билдирмасдан, ўғринча кўз қирини ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. У Зот «...кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур». Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам Аллоҳ таоло жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин, бошқа нарсаларни билишида асло шак-шубҳа йўқдир. Одамлар бундан огоҳ бўлсинлар. Демак, фаҳш ва беодобликни тарғиб қилувчи, бефойда машғулотларга, вақтни беҳуда ўтказадиган нарсаларга ихтисослашган сайтларга кирмаслик талаб этилади. Сайт эгаларининг маънавий-маърифий ҳуқуқларига тўла риоя қилиш чин мусулмонлик бурчидир. Бунга пул тўлаб кириш лозим бўлган сайтларга ҳақ тўламасдан, ўғринча кириш, кўчириб олишга рухсат берилмаган нарсаларни кўчириб олиш, кўчириб олинганда манба кўрсатилиши лозим бўлганида, кўрсатмаслик каби ишлар киради. Бу каби ишларнинг барчаси гуноҳдир. Чунки бу бировнинг маърифий-маънавий мулкини талон-тарож қилишдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда, маърифий-маънавий ўғрилик ва қароқчиликдир. Бундай ишлар ҳаром эканига уламолар бир овоздан фатволар чиқаришган. Ишхона ёки бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас. Баъзи кишилар ишхонанинг интернетидан ўз шахсий манфаатлари учун фойдаланишни ўзларига эп кўришади. Бунда икки тарафлама мулоҳаза қилинадиган иш содир бўлади. Бир тарафдан – ишхонанинг интернетга тўлайдиган маблағи шахсий манфаат учун сарфланади. Иккинчи тарафдан – ишхонанинг ишини бажариш ўрнига иш вақтида ўз манфаатини кўзлаб, масъулиятдан қочиш юз беради. Бошқа одамнинг интернетидан фойдаланиш борасида ҳам шунга ўхшаш гапни айтиш мумкин. Шунинг учун улардан фақат ҳақ эгасининг рухсати билан ва зарурат юзасидангина фойдаланиш мумкин. Дам олиш танаффусида керакли маълумотни олиш, электрон почтани текшириб кўриш кабиларга рухсат берилади. Болаларнинг интернет ва компьютердан фойдаланишини оқилона ва эътибор билан йўлга қўйиш керак. Аввало, бола ота-онаси ва катталарнинг рухсатисиз интернет ва компьютердан фойдаланмасин. Болаларни бундай пайтларда қаровсиз қолдирмаслик, назардан қочирмаслик лозим. Улар фойдаланадиган жиҳозлар ҳамманинг кўз ўнгида турадиган бўлсин. Йўқса, кўзни шамғалат қилиб, исталмаган, бузуқ ёки бефойда нарсаларга ўзларини уришлари мумкин. Болаларнинг интернет ва компьютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чархлайдиган, маърифий фойда берадиган, одоб-ахлоққа чорлайдиган бўлиши чорасини кўриш лозим. Болаларнинг вақти зое бўлмаслиги ҳақида мунтазам бош қотириш ҳам эсдан чиқмаслиги лозим. Юқорида ўтган мулоҳазаларда бир кишининг сайтга кириб, ундан фойдаланиши ҳақида сўз борди. Аммо интернетда бошқа хизматлар, турли тармоқлар ва фаолиятлар ҳам бор. Албатта, булар ҳақида ҳам батафсил сўз юритилиши жуда зарур.

Интернетдаги алоқа одоблари

Интернетда чат, форум, фейсбук, твиттер каби ўзаро алоқа олиб боришга хизмат қилувчи воситалар орқали кишилар бир-бирлари билан ёзишма, сўзлашма, суратли мулоқотлар олиб бориш имкониятларига эга бўлишган. Улар ушбу имкониятларни ишга солиб, кўпгина ҳожатларини рўёбга чиқариш, маълумот алмашиш, билмаганини сўраб ўрганиш, янги дўст ва шериклар орттириш каби кўпгина манфаатларга эга бўлишмоқда. Аммо шу билан бирга, бошқа соҳаларда бўлгани каби, бу соҳада ҳам ўзига яраша муаммолар, мушкулотлар ва кўнгилсиз воқеалар пайдо бўлмоқда. Масалан, бегоналарнинг бир-бирлари билан ушбу воситалар орқали олиб борган алоқалари натижаси ўлароқ, никоҳга ваъда бериш, бировга туҳмат қилиш, кимнидир зинода айблаш, сўкиш каби ишлар келиб чиқмоқда. Шунингдек, эр-хотинларнинг ушбу воситалар орқали олиб борган алоқалари натижаси ўлароқ талоқ, бир-бирини зинода айблаш, насабни инкор қилиш каби ўта аҳамиятли ҳукмлар ҳам собит бўлмоқда. Ушбу воситалар орқали бир неча тарафларнинг олиб борган мулоқотларидан сўнг бир-бирини оммавий равишда кофир, фосиқ, фожир дея ҳукм чиқариш, фаҳш ишларга чақириш, сеҳр ва фолбинликка чорлаш, пора ваъда қилиш, видео орқали авратларни намойиш қилиш, шахсий, диний, ижтимоий ҳолатларни масхара қилиш каби ўта жиддий ҳолатлар ҳам пайдо бўлмоқда. Интернетдаги ушбу тармоқлар орқали вақтни зое қилувчи кўнгилхушликларга оид нарсалар, овозли ва суратли ёзувлар тарқатилмоқда. Турли ўйинлар ва мусобақалар, тарғибот-ташвиқот тадбирлари жорий қилинмоқда. Шунингдек, интернетдаги ушбу тармоқлар орқали илмий ва молиявий муомалалар ҳам кенг миқёсда олиб борилмоқда. Афсуски, мазкур алоқаларнинг барчасида шариатга хилоф бўлган, қонунбузарлик ҳисобланган ишлар тўлиб-тошиб ётибди. Турли ахлоқий, моддий, маънавий жиноятлар содир этилмоқда. Буларнинг ҳаммасини тартибга солиш, кишиларни тўғри йўлга солиб, нотўғрисидан қайтариш лозим бўлмоқда. Бу борада ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва бошқалар етарли ишлар олиб боришмоқда. Шу билан бирга, мусулмонларга бу борадаги шаръий одобларни ҳам баён қилиб бориш заруратга айланди. Қуйида интернетдаги алоқа одобларига доир айрим фикр-мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Бу борада олдин айтиб ўтилган ҳар бир амал-ишдаги каби яхши ният қилиш, Аллоҳ таолонинг исми ила иш бошлаш, умрни беҳуда зое қилмаслик каби нарсаларни такрорлаб ўтирмаймиз. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда ўзига танлаган исмнинг гўзаллигига эътибор бериш лозим. Интернетдаги ўзаро алоқаларда ҳар бир киши ўзига маълум тахаллус қўйиб олиши одат тусига кирган. Аслида ўзининг асл исми бўлгани яхши. Лекин турли сабабларга кўра, тахаллус танлаб олса ҳам бўлади. Фақат тахаллус танлашда ўзининг беодобона гап ва ишларига парда қилиш нияти бўлмаслиги шарт. Тахаллус танлаганда чиройли ва завқ бағишлайдиган исмларни танлаш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг исмлари умидбахш, эзгуликни ифода қиладиган бўлишига катта эътибор берганлар. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда шариат рухсат берган нарсаларга амал қилиб, ман қилган нарсалардан четда бўлиш асосий қоида бўлиши зарур. Бу қоида мусулмон инсоннинг барча қиладиган ишларига ҳам татбиқ қилинади. Жумладан, интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишида ҳам шундай бўлиши талаб этилади. Баъзи кишилар муомала ҳолати бир оз ўзгаргани туфайли интернетдаги муомалаларга енгил-елпи қарашади, бу эса мутлақо нотўғридир. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишдан яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилиш ҳамда ёмонлик ва душманликда ҳамкорлик қилмаслик шиор қилиб олиниши зарур. Зотан, мусулмон инсон ҳаётининг барча соҳаларида ушбу шиорга доимо амал қилиб яшашга интилади. Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» (2-оят). Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломда ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди. «Ислом.уз» портали танловининг ғолибларини тақдирлаш маросимида мазкур портал форуми иштирокчилари сўз сўрашди. Уларнинг вакили сўзга чиқиб, форумда ўзлари намоз ҳақида ички мусобақа ўтказганлари ва ғолиблар аниқлангани ҳақида хабар берди. Биринчи ва иккинчи ўринларни қизлар эгаллашибди. Бу нарса интернетнинг ижтимоий тармоқларида «яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик»нинг энг гўзал намунасидир. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишдан фойдали мақсадни кўзлаш ва бефойда ишлардан четда бўлиш лозим. Мусулмон инсон ўзига берилган умр неъмати азиз эканини, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи эканини, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасидан сўралиш борлигини бир зум ҳам унутмаслиги даркор. Шу эътибордан интернетга кириб олиб, беҳуда нарсаларга соатлаб вақт сарфлаш қаттиқ қораланади.

عَنْ عَلِيِّ بْنِ حُسَيْنٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ مِنْ حُسْنِ إِسْلَامِ الْمَرْءِ تَرْكَهُ مَا لَا يَعْنِيهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ

Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, кишининг ўзи учун бефойда нарсаларни тарк қилиши Исломининг ҳуснидандир», дедилар». Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳаётимизга диққат билан назар соладиган бўлсак, кишиларнинг кўп вақти, зеҳн-заковати, ақл-идроки ва имкониятлари беҳуда нарсаларга сарф қилинаётганини кўрамиз. Беҳуда нарсалардан четда бўлган киши фақат фойдали иш билан машғул бўлаётганини яхши англаб етишимиз лозим. Бинобарин, бефойда ишлардан ўзимизни ҳамиша четда тутишимиз керак бўлади. Мусулмон инсондан вақти, кучи, ақли ва зеҳн-заковатини фақат фойдали нарсаларга сарфлаши талаб этилади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: اِحْرِصْ عَلَى مَا يَنْفَعُكَ وَاسْتَعِنْ بِاللهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сенга манфаат берадиган нарсага иштиёқманд бўл ва Аллоҳдан ёрдам сўра!» Муслим ривоят қилган. Интернетдаги ўзаро алоқалардан жуда кўп манфаат ва фойдалар олиш мумкин. Чунки кўпчиликнинг ичида турли нарсаларни биладиган, тажрибасидан ўтказган кишилар бўлиши мумкин. Масалан, яқинда овоз ёзиш студиясини ташкил қилаётган йигитларда бир муаммо пайдо бўлди. Ҳамма шартлар жойига келтирилишига қарамай, овоз тиниқ ёзилмас эди. Бир неча мутахассис таклиф қилинди. Энг катта мутахассислар ҳам келиб, муаммони ҳал эта олишмади. Шундан рус тилидаги интернет тармоқларга кириб, муаммонинг ечимини излашга қарор қилинди. Бу ишни тажрибада кўрган бир киши маълум қўшимча жиҳозни қўйишни таклиф этди ва жиҳоз ҳақида маълумот берди. Ўша киши айтган нарса олиб келиб қўйилган эди, овоз ёзиш студияси кутилганидан ҳам яхши тарзда ишлай бошлади. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда мусулмон инсоннинг ўзига тақвони, яхшиликни ва гўзал хулқни лозим тутиши талаб этилади.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: اتَّقِ اللهِ حَيْثُمَا كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар». Термизий ривоят қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида учта улкан ишни лозим тутишни насиҳат қилмоқдалар: 1. «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил». Банда қай маконда бўлса ҳам, қандай ҳолда бўлса ҳам доимо Аллоҳга тақво қилишни тарк этмаслиги лозим. 2. «Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради». Банда билмасдан бирор ёмонликни қилиб қўйса, дарҳол ўша ёмонлик кетидан яхшилик қилиб, мазкур ёмонликни ўчириб юбориши зарур. 3. «Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил». Мўмин-мусулмон банда барча одамлар билан ҳусни хулқ ила муомалада бўлиши керак. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда номаҳрамлар масаласида жуда эҳтиёт бўлиш керак. Бу нарсада эҳтиёт бўлинмагани учун, жуда кўп муаммолар келиб чиқмоқда. Айрим йигит-қизларнинг интернет орқали мулоқотда ношаръий алоқаларга ўтиб кетаётганлари кузатилмоқда. Шунингдек, интернет алоқасидаги тушунмовчиликлар ёки одобдан чекинишлар оқибатида оилали кишилар орасида ажралишгача етиб борилмоқда. Ушбу сатрлар соҳибига аёллардан келган мактубларда эри номаҳрам аёллар билан интернет орқали топишиб, бузилиб кетгани ҳақида шикоят қилинса, эркаклардан келган ёзувларда хотинининг худди шунга ўхшаш ишни қилганда, қўлга тушгани баён этилган. Мусулмон кишиларга бу иш мутлақо тўғри келмайди. Номаҳрамлар бир-бирлари билан шариат бўйича оддий ҳолатларда ўзларини қандай тутишса, интернетда ҳам шундай йўл тутишлари керак. Шариат қоидаларига амал қилган ҳолда илмий маълумотлар алмашишса, билмаган нарсаларини сўраб жавоб олишса, шунга ўхшаш бошқа беғараз мақсадларини амалга оширишса, ҳечқиси йўқ, бундан фақат фойда бўлади. Аммо ўзаро «электрон муҳаббат» алоқаларини ўрнатишлари ҳаромдир. Мабодо бундай алоқа ўрнатиш нияти туғилиб қолса, аввал оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, сўраб-суриштириб, шариат қоидалари асосида жиддий иш кўриш лозим бўлади. Бўлмаса, икки ёш интернет орқали бир-бирини алдаши, устароғи соддароғини йўлдан уриши ва оқибатда умр савдоси бўлмиш никоҳда умр бўйи армонга айланадиган ишлар содир бўлиши турган гап. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда иш айнан интернет орқали никоҳланишгача етиб бормаслиги керак. Баъзи одамлар турли сабабларга кўра, телефон ёки интернет орқали шаръий ақди никоҳ қилишни (биздаги никоҳ ўқитишни) ўзларига раво кўришмоқда. Баъзилар эса бу ишнинг шариатда жоиз ёки жоиз эмаслигини сўрашади. Яна бирлари бу ишни амалга оширганлари ҳақида хабар беришади. Ушбу масалада уламолар орасида ҳам бир оз ихтилоф бор. Аммо кўпчилик янги алоқа воситалари, жумладан, интернет орқали никоҳланишга рухсат бермайди. Улар бунда никоҳнинг шартлари, жумладан, гувоҳлар мавжуд бўлмаслигини далил қилишади. Яна ҳам чуқурроқ кетганлар эса: «Ҳамма шартлар мавжуд бўлса ҳам, мазкур воситалар ила никоҳ ўқитиш дуруст эмас, чунки бу иш никоҳнинг муқаддаслигига путур етказади», дейишади. Улар Аллоҳ таоло ийжоб ва қабулни, гувоҳлар ҳозир бўлишини ва бошқа шартларни бежизга жорий қилмаганини айтишади. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда ёлғон ишлатмаслик, сохтакорлик ила уйдирма хабарлар, суратлар ва видеолавҳалар тарқатмаслик талаб этилади. Интернетдаги имкониятлар кўпайиб кетганини баъзилар суиистеъмол қилишга ўтишган, ёлғон хабарлар, суратлар ва видеолавҳалар тарқатишга одатланишган. Бунда ўз мақсадига эришиш ҳам, одамларни майна қилиш ҳам, яхшиликка чақириш нияти ҳам бўлиши мумкин. Аммо нима бўлганда ҳам, буни қилмаслик керак. Исломда бу каби ишлар қаттиқ қораланади. Мисол учун, Қуръони каримни беҳурмат қилгани учун қиёфаси ўта жирканч ҳолатга ўзгариб қолди, дея бир қизнинг сурати эълон қилинди. Бундай бўлиши мумкин эмас. Эҳтимол, бу нарса содда одамларга таъсир қилиши мумкин. Лекин Қуръони карим бу каби «ёрдам»ларга муҳтож эмас. Шунинг учун ҳам сохтакорлик ила тўқилган мазкур хабар уламолар томонидан қораланди. Қуръони каримни эҳтиром қилиш кераклигини ўз йўли билан тушунтириш лозим. Шунингдек, интернет орқали гўё Каъбаи Муаззама устида учиб юрган фаришталарнинг видеолавҳаси ҳам тарқатилди. Бу ҳам ёлғондан, сохтакорлик билан тўқилган нарса. Фаришталар доимо ҳамма ерда мавжудлигига барча мусулмон уммати иймон келтиради. Аммо уларни видеога олишга иймон келтиришмаган. Бу шарт ҳам эмас. Агар ушбу нарсанинг кераги ва фойдаси бўлганида, аввалдан айтилган бўларди. Фаришталарга ғайбдан иймон келтиришнинг ўзига хос ҳикмати бўлгани учун, Аллоҳ таоло бандаларидан айнан шуни талаб қилган. Учинчи мисол: АҚШнинг собиқ президенти Ж.Буш минбарда гапираётиб, Исломга ва мусулмонларга қарши гапини айта олмай, тутилиб қолгани ҳақидаги видеолавҳа намойиш этилди. Бу ҳам кераги йўқ нарса. Аввало, бу нарса ҳақиқат бўлганида, барча оммавий ахборот воситалари ҳамма ёққа тарқатган бўларди. Қолаверса, динимизда ҳар қанча душман бўлмасин, бирор кимсага нисбатан адолатсизлик қилиш, ёлғон тўқиш, одамларга сохта хабар тарқатишга рухсат йўқ. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда худди кўз кўзга тушиб тургандек, ўзини одоб ва ахлоқ ила тутиш лозим. Бу хилдаги алоқа кўпчилик билан бўлаётганини зинҳор унутмаслик керак. Мазкур алоқа ёзишма орқали бўлса, ёзув қоидаларига тўлиқ амал қилиб, ўзининг юксак маданиятини кўрсатиш керак. Ёзувларининг бехато эканини текшириб кўриши лозим. Агар алоқа овозли ёки суратли бўлса, бунинг ҳам риоясини қилиш керак. Мусулмон кишидан чиройли ва маданиятли бўлиб кўриниш ва сўзлаш талаб этилади. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда нотаниш кишиларни «сиз»лаб, уларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш керак. Воқеъликда ҳам шундай бўлади. Нотаниш киши билан алоқага киришганда, ҳурматини жойига қўйиб, алоҳида аҳамият ва эътибор билан муомала қилинади. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда баҳс-мунозара ҳар қанча қизиса ҳам, бировга озор беришга бормаслик керак. Баъзи одамлар ҳаддидан ошса ҳам, мусулмон одам ўзини босиши ва ўзидан кетганларга эътибор бермаслиги ва уларга насиҳат қилиши лозим. Мингта бақир-чақирдан кўра битта ҳикматли сўз устун туришини бирор дақиқа ҳам унутмаслик зарур. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда беҳуда тортишувларга йўл қўймаслик, беодобликларга қарши курашиш яхши ишдир. Баъзи одамлар беҳуда тортишишга ўч бўлади. Тортишиш учунгина баҳс-мунозаралар қўзғайди. Бошқаларнинг жиғига тегишни яхши кўради. Биз, мусулмонлар ана шундай кишилар тоифасидан бўлмаслигимиз ва уларга қарши курашишимиз лозим. «Ислом.уз» форумида ҳам дастлаб шу қабилдаги ишлар содир бўлиб турди. Кейин ўзимга берилган саволларга жавоб бериш давомида форум нималигини, ундан кўзланган мақсадларни тушунтирдим. Форумдаги мулоқотларда ҳам одобга риоя қилиш кераклиги, агар бу нарсалар бўлмаса, форумни ёпиб қўйиш афзаллигини айтдим. Аста-секин ҳолат яхшиланиб борди. Форум иштирокчилари бир-бирларига насиҳат қилишди. Бундай ҳолатни истамаганларнинг форумдан чиқишини талаб этишди ва бунга эришишди ҳам. Ҳозир, менимча, мазкур форумда жуда яхши руҳият, одобли муносабатлар ҳукм сурмоқда. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда савдо ишлари олиб борилса, олдин бунинг тафсилотини яхши ўрганиб олиш шартдир. Интернет орқали савдо қилишда оддий ҳолатдаги савдонинг шаръий қоидалари билан бирга, қўшимча қоидалар ҳам бор. Интернетда тилла ва кумушнинг, пулларнинг савдосини қилиб бўлмайди. Чунки бу хил савдоларда қўлма-қўл айирбошлаш шартдир. Интернет орқали эса бу ишларни амалга оширишнинг имкони йўқ. Шу билан бирга, интернет қаллоблари одамларни алдаш учун ўзига хос «интернет-савдолари»ни ўйлаб топишган. Биргина мисол тариқасида quest.net номли интернет бозорини олишимиз мумкин. Сиртдан қараганда, бу нарса одамларга қулайлик туғдириш, савдо молини арзонлаштириш учун тузилганга ўхшайди. Тармоқли савдо номини олган бу иш аслида қаллобликдан бошқа нарса эмас. Аммо содда одамларни алдашга жуда ҳам қулай. Қабулимга баъзи кишилар келиб, мазкур савдо ҳақида саволлар бера бошлашди. Кишиларнинг тақдим қилаётган маълумотлари узуқ-юлуқ эди. Аммо уларнинг барча ахборотларини қўшиб, умумлаштирилганда, тўлароқ тасаввур ҳосил бўлди. Шунинг эътиборидан, бу савдо жоиз эмас, деган жавоб берилди. Бу гап одамлар орасида тарқалиб, сўровчилар яна кўпайди. Охири шу ишни юритаётганлар келиб, ўзлари тушунтириб бермоқчиликларини айтишди. Уларга ўхшаганларнинг кимлигини билганим учун, ёзма равишда мурожаат қилишларини сўрадим. Анча вақт ўтганидан кейин ёзма тушунтириш ва мурожаат олиб келишди. Сўнгра уларга жавоб бердим. Улар эса бошқа шайхдан олган нарсасини кўрсатиб, одамларни алдашда давом этаверишди. Кишиларда иккиланиш пайдо бўлиб қолди. Баъзиларнинг ҳалиги «шайх»ни мен билан адаштирганлари маълум ҳам бўлди. Шунда биз интернетда бор ҳақиқатни эълон қилдик. Охири мазкур quest.net ташкилотчилари қаллобликда айбланиб, маҳкамага тортилди. Шунинг учун бунга ўхшаш ишлардан жуда эҳтиёт бўлиш керак. Олдин ҳар бир нарсанинг, ишнинг ҳалол ёки ҳаромлигини, диндаги ҳукмини яхшилаб ўрганиб олиб, кейин унга қўл уриш керак. Қуйида интернет тармоғида ақдномалар тузишга оид Ислом Ҳамкорлиги ташкилотининг Ислом Фиқҳи академияси томонидан қабул қилинган қарорнинг таржимасини эътиборингизга тақдим қиламиз:

«Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг Ислом Фиқҳи академияси

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ислом Фиқҳи академиясининг кенгаши Саудия Арабистони подшоҳлигининг Жидда шаҳрида 1410 ҳижрий йилнинг 17-23 шаъбон – 1990 милодий йилнинг 14-20 мартида бўлиб ўтган анжуманида академияга янги алоқа воситалари орқали тузилган ақдномалар хусусида тақдим этилган илмий баҳсларни кўриб чиқди. Бунда алоқа воситаларида эришилган тараққиёт, улар орқали иш юритилганда молиявий муомалалар ва тасарруфотларни тезликда олиб бориш ва ақдномалар тузиш эътиборга олинди. Шунингдек, фақиҳлар гап-сўз, ёзишма, ишора ва хабарчи орқали ақднома тузиш ҳақида айтган гаплар, ҳозир бўлганлар орасида ақднома тузишда – васият, вакиллик ва васийликдан бошқаларда – мажлис бир бўлиши шартлиги, ийжоб ва қабул ўхшаш бўлиши, икки ақд тузувчидан бирининг ақдномадан юз ўгирмаган бўлиши, ийжоб ва қабулнинг урфга биноан кетма-кет бўлишини ёдда тутган ҳолда қуйидагиларга қарор қилди: Биринчидан: бир жойда бўлмаган, бири иккинчисини кўзи билан кўрмайдиган ва сўзини эшитмайдиган икки ғойибнинг орасида ёзишма, хабар юбориш ёки элчи орқали ақднома тузиладиган бўлса (телеграмма, телекс, факс, компьютер экрани ҳам шунга киради), ушбу ҳолатда ийжоб етиб борган одам уни қабул қилса, ақднома тузилган бўлади. Иккинчидан: бир-биридан узоқда турган икки тараф орасида бир вақтнинг ўзида телефон ёки телеграф орқали ақднома тузилса, икки ҳозир бўлган киши орасида тузилган каби бўлади. Ушбу ҳолатга дебочада ишора қилинган, фақиҳлар қилган асл қарорларнинг ҳукми ўтади. Учинчидан: эътироз билдирувчи ушбу воситалар ила чегараланган муддатга ийжоб содир қилса, у ўша муддат асносида ийжобида қолиши лозимдир. Унинг бундан қайтишга ҳаққи йўқ. Тўртинчидан: юқорида ўтган қоидалардан никоҳ (унда гувоҳлар шарт қилингани учун), саррофлик (қўлма-қўл бўлиши шартлиги учун), салам савдоси (сармояни олдиндан бериш шартлиги учун) мустаснодир. Бешинчидан: сохтакорлик, алдамчилик ва хатога йўл қўйиш кабиларни исбот қилишда умумий қоидаларга амал қилинади (Аллоҳ билувчидир)».

Электрон почта одоблари

Интернетда йўлга қўйилган хизматлардан бири электрон почтадир. Бу хизмат орқали кишилар асосан бир-бирларига мактублар ва турли маълумотлар юборишади. Илгаридан бу маънода хизмат қилиб келаётган оддий почта билан электрон почта орасида жуда катта фирқ борлиги ҳаммага маълум. Оддий почта орқали бирор мактуб ёки китобни юборсангиз, ҳаво йўли орқали энг тез тарзда етказишга катта миқдорда пул тўласангиз ҳам кўзлаган одамингизга бир неча кунда етиб боради. Электрон почтада эса уйингиздан чиқмай исталган ҳажмдаги мактуб ёки китобни дунёнинг энг олис бурчагига ҳам бир зумда етказиш мумкин. Албатта, электрон почта жуда катта қулайлик, бу ҳақда фикр юритган киши учун Аллоҳ таолонинг улкан неъматидир. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, ушбу неъматнинг қадрини билмаган баъзи ношукрлар мазкур электрон почтадан фойдаланишда суиистеъмолга йўл қўйишяпти. Унда ношаръий, одоб-ахлоққа зид фаолиятлар олиб боришмоқда. Баъзилар кишиларни алдаб, катта миқдордаги маблағни айтиб, «Сизга катта ютуқ чиқди, уни шахсан ўзингиз келиб, қабул қилиб олишингиз керак. Сиз фақат чипта сотиб олишингиз учун пулни бизга юборсангиз бўлди, сизга чиптани ўзимиз жўнатамиз», деган мазмунда мактуб ёзишади. Оқибатда алдов йўли билан чиптага кетадиган пулга эга бўлиб олишади. Яна бир тоифа алдоқчилар қаердандир аёл-қизларнинг манзилларини олиб, уларга шилқимлик билан ҳар хил мактублар ёзишади. Бундай нобакорлик туфайли тинч оилалар бузилмоқда, иффатли аёллар туҳматга қолишмоқда. Учинчилари эса бировни ҳақорат қилиб, турли бўҳтонлар уюштиришни йўлга қўйишади. Ҳақиқий исмларини яшириб, сувдан қуруқ чиқишга уринишади ва ҳоказо. Албатта, бундай ишларга чек қўйиш, кишиларни, айниқса ёшларни тўғри йўналишга йўллаш зарур. Бу соҳадаги ишлар эса кишиларни электрон алоқа тизимидан фойдаланишда ва ўзаро муомалада одобли бўлишга чақириш билан бўлади. Қуйида бу борадаги айрим мулоҳазаларимизни сиз, муҳтарам ўқувчилар ила баҳам кўрмоқчимиз: Электрон почта ва у орқали муомала қилишни худди жонли мулоқот каби ҳис этиш керак. Электрон почта орқали қилинадиган муомаланинг осонлиги, унда ўзининг кимлигини яшириш қулайлиги кишини алдаб қўймаслиги керак. Мусулмон киши кўз кўзга тушиб турмаган пайтда ўзига турли беодобликларни раво кўрмаслиги лозим. Унинг бундай номаъқул ишини одамлар қўрмагани билан уларнинг Робби кўриб-билиб, ҳисобини қилиб турганини унутмаслиги керак. Электрон почта орқали шариат ман қилган ишлардан бирортасига қўл урмаслик шарт. Бунга бировларни алдаш ва ўзгалар ҳаққига хиёнат қилиш, ёлғон хабарлар тарқатиш, уятли, фаҳш гапларни ёзиш, номаҳрамларга рухсат берилмаган нарсаларни жўнатиш, турли суратлар ва лавҳаларни тарқатиш каби нарсалар киради. Электрон почта орқали нотаниш одамларга турли хабарларни тарқатиш ҳам одобдан эмас. Ҳозирда электрон почтани очсангиз, турли нотаниш шахсларнинг кераксиз мактублари бирин-кетин чиқиб келишини кўрасиз. Булар почта эгасининг дилини хира, ўзини овора қилади. Уларни ўчиришга вақт кетади. Мазкур сурбетлардан қутулиш учун турли техник мосламалар излашга тушади. Улар ҳам истаганидек ёрдам бера олмайди. Ҳатто баъзи одамлар маҳкамаларга (судга) мурожаат қилишгача бордилар. Бировнинг электрон почтадаги унвонини (манзилини) ўзининг рухсатисиз бировга бериш ман этилади. Унвон билмасдан унинг эгаси ёқтирмайдиган ёки унга душман бўлган одамга бериб қўйилиши мумкин. Бунинг оқибатида турли кўнгилсизликлар келиб чиқиши эҳтимоли кучаяди. Электрон почта орқали номаҳрам кишилар билан шариатда рухсат берилмаган ёзишмалар олиб бориш ҳаромдир. Бу гап икки жинсдаги шахсларга баробар жорийдир. Ушбу одобга риоя қилмаслик оқибатида оилаларда катта муаммолар келиб чиқаётгани кўпчиликка сир эмас. Электрон почта орқали муомалани юксак даражадаги Ислом одоби асосида олиб бориш талаб этилади. Мусулмон инсон ҳамма жойда, ҳамма вақтда, барча билан фақат гўзал муомала қилишга одатланиши керак. Ўзи билан муомалада бўлган ҳар қандай шахсда фақат ўта гўзал таассурот қолдириши лозим. Бу нарса электрон почтадаги муомаласида ҳам барқ уриб туриши керак. Электрон почта орқали талоқ ва шунга ўхшаш бошқа масъулиятли ишларни ҳал қилишга шошилмаслик лозим. Баъзи одамлар шошилиб бу каби ишларни содир этиб қўйишади-да, кейин «Электрон почта орқали хотинига «Талоқ», деса, талоқ тушадими?» деб сўраб-суриштириб юришади. Бунга ўхшаш ишларда мутлақо шошилмаслик, етти ўлчаб, бир кесиш керак бўлади. (“Ижтимоий одоблар” китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat