Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аллоҳ таолонинг бизларга юборган тўртта китоби

00:00 / 06.03.2009 | eski savollar | 2267
Ассаламу алайкум устоз!Мен ҳаётимда бир инсонни учратдим. У киши жуда ҳам тақводор киши. Беш вақт намоз ўқийди ва Аллоҳ таолонинг фарзларини яхши бажаради. У менга Аллоҳнинг тўртта Буюк китобларини ўқиб амал қилиш кераклиги ҳақида айтди. Лекин мен олдинги китоблар ўзгариб кетганлигини ва уларни ўқимаслигимни айтдим. Бироқ у менга Курьони каримдан олдинги китобларнинг йўқ бўлиб кетмаганлиги ва ўзгармаганлиги ҳақида далиллар келтириб, кўрсатиб берди. Шундан кейин мен Қуръони каримнинг ўзбекча таржималарини батафсил охиригача ўқиб чиқдим. Бироқ у ерда ҳеч қанақа олдинги Уч китобнинг ўзгариб кетгани ҳақида ёзилмаган. Аксинча у китобларга иймон келтириш ва уларга амал қилиш ҳақида ёзилган. Яна Аллоҳ таолонинг гапларини ҳеч ким ўзгартира олмаслиги ҳақида ҳам ёзилган. Бу таржима шайх Аллоуддин Мансур ҳазратлариники эди. Лекин бизда домлаларимиз олдинги уч китобнинг ўзгариб кетганлари ва уларнинг бирорта ҳам асли нусхалари қолмаганлиги ҳақида айтаяпти. Лекин Қуръонга карасак, уларни ўқишимиз ва уларга амал қилишимиз ҳақида ёзилган. Бу ҳақида домлаларимизга савол берганимда улар биз инсонлар Қуръонга тушунмасликларимизни айтишади. Бу ҳақида нима дейсиз? Илтимос ёрдам беринг.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Сиз нима деганингизни ўзингиз биласизми? Самовий китобларга иймон келтириш бор. Аммо Қуръонда ундан бошқа илоҳий китобларни ўқиш ва уларга амал қилиш кераклиги ҳақидаги гап беҳуда ва нотўғри. Қайси суранинг қайси оятида бу ҳақда айтилганини кўрсатиб беришингиз зарур. Бўлмаса, Қуръонга туҳмат қилган бўласиз. Таржимани чала ўқиб домалаларга қарши даъво қилиш дуруст эмас.Сиз айтаётган уч китоб Забур, Таврот ва Инжил китоблари. Ҳозирда Забур аҳли йўқ. Таврот ва Инжилга амал қилишни даъво қилаётганлар бор. Хўп ўша китобларнинг ўзгармай Аллоҳдан Мусо ва Ийсо алаҳиссаломларга тушган ҳолида турганлигини қандай исботлайсиз? “Шундан кейин мен Куръони каримнинг узбекча таржималарини батафсил охиригача укиб чикдим. Бирок у ерда хеч канака олдинги Уч китобнинг узгариб кетгани хакида ёзилмаган».Бу гапнинг асоссизлигини турли тарафдан исботлаш жуда ҳам осон.Аллоҳ таоло “Моида” сурасида айтади:“Аҳдларини бузганлари учун уларни лаънатладик ва қалбларини қаттиқ қилдик. Улар калималарни ўз ўрнидан ўзгартирдилар” (13 оят). Аҳдномани бузишнинг баъзи кўринишлари ояти кариманинг ўзида ҳам зикр қилинган:«Улар калималарни ўз ўрнидан ўзгартирдилар».Калималарни–сўзларни ўзгартириш деганда Таврот назарда тутиляпти. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Ўзининг самовий китоби Тавротни нозил қилганда, Бани Исроилдан бу китобни муҳофаза қилиш, қандай нозил бўлган бўлса, шундай сақлаш ҳақида аҳднома олган эди. Аммо бундай бўлмади. Яҳудий тарихчиларнинг ўзлари айтишларича, асл Таврот йўқолганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Яҳудийлардан бирор киши Тавротни ёдламагани ҳам ҳақиқатдир. Ҳозирги кунда яҳудийлар «Мусо алайҳиссаломдан қолган» деб олиб юрган беш китобдан иборат Талмуд эса, Тавротнинг қандай ёзилганлиги, уни сақлаш ҳақида аҳднома олинганлиги каби ишларни ҳикоя қилади. Яҳудийларнинг ўзлари таъкидлашларича, Таврот бобилликлар яҳудийларни асир олган пайтлари йўқолган.Бу ҳам етмагандек, улар калималарни ўз ўрнидан ўзгартирганлар. Яъни, баъзи лафзларнинг ўзини, баъзиларининг маъноларини ўзгартирганлар. Яна бошқа бирларини эса, асл маънодан бошқа маънога бурганлар.Аввал ҳам айтилганидек, Таврот йўқолган. Унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди. Ҳозирда яҳудийларнинг қўлида бор нарса «Эски аҳд» деб номланади. У эса тўқсон тўққизта сифрдан иборат. У уч қисмга: Таврот, Анбиё ва Китобларга бўлинади.Таврот Мусо алайҳиссаломнинг беш китобидир. Улар: Таквийн, Хуруж, Ловюун, Адад ва Тасниялар.Анбиё икки қисмга бўлинади. Аввалгилар ва охиргилар.Китоблар; Мазомийр, Амсол, Айюб ва бошқалардан иборат. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида яҳудийлар томонидан илоҳий калом бузилганлиги хабарини бериб қўйган:«Уларнинг иймон келтиришларини тамаъ қиласизларми? Ва ҳолбуки, улардан бир гуруҳлари Аллоҳнинг каломини эшитар эдилар ва сўнгра уни тушунганларидан кейин, билиб туриб, бузар эдилар» (75-оят).Бу ояти каримада мусулмонларга қилинаётган хитобдан ўша пайтда баъзи ихлосли мўминлар, яҳудийлар иймонга келиб қолсалар керак, деган орзуда бўлганларини кўрсатади. Албатта, уларнинг бундоқ тамаъ қилишларига асос бор эди. Улар билан Мадинада бирга яшаб келаётган яҳудийлар, илоҳий китобга эга халқ сифатида, яқинда охирзамон Пайғамбари чиқиши, улар ул Пайғамбарга биринчи бўлиб иймон келтиришлари ҳақида тинмай гапирар эдилар. Арабларнинг кўплари яҳудийлардан васфини эшитган пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан иймонга келдилар. Энди эса яҳудийларнинг ўзлари ҳам иймонга келишини тамаъ қилишаётган эдилар. Аллоҳ таоло оятнинг аввалида уларнинг мазкур ҳолатларини васф этиб:«Уларнинг иймон келтиришларини тамаъ қиласизларми?» демоқда. Яъни, Эй, мусулмонлар, сизлар, яҳудийларнинг иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлишларидан умидвор бўляпсизларми?Агар сизларда шундоқ умидворлик ҳақиқатда бўлса, билиб қўйингки, иш сиз ўйлагандек эмас, ҳол бошқача.«Ва ҳолбуки, улардан бир гуруҳлари Аллоҳнинг каломини эшитар эдилар ва сўнгра уни тушунганларидан кейин, билиб туриб, бузар эдилар».Бундай одамларнинг иймон келтиришларига умид қилиб бўлмайди. Чунки иймон ўзига яраша поклик, мусаффолик, нурни қабул қилиб олишга истеъдод талаб қилади. Аммо яҳудийларда бу нарсага яқинлик ҳеч сезилмаяпти. Уларнинг энг яхши вакиллари бўлмиш диний олимларики Аллоҳнинг каломини эшитиб, уни тушуниб етгандан сўнг, билиб туриб бузсалар, қолганлари нима ҳам қилар эди.Таврот бузилганлигини бошқа дин вакиллари ҳам, ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлаган. Машҳур франсуз табиби Морис Букай ўзининг дунёга донғи кетган китоби «Таврот, Инжил, Қуръон ва илм»да жумладан Тавротнинг одамлар томонидан бузилганлиги ҳақида қуйидагиларни ёзади:«Мана шулардан «Эски аҳд»га инсон ўзидан қўшган нарсалар қанчалар катта ҳажмда экани билиб олинади. Бу билан ўқувчи кўчиришлар ва таржималар асносида «Эски аҳд»га нималар етганини билиб олиши осон. Мазкур тузатишлар икки минг йил давом этган.Таквийн сифрида ҳозирги замон илмига нисбатан энг кўп қарама - қаршиликлар тўпланган. Биз улардан учтасини айтиб ўтамиз.1. Оламнинг яратилиши ва унинг босқичлари.2. Оламнинг яратилиши тарихи ва инсоннинг ер юзида пайдо бўлиши тарихи.3. Тўфон ривояти».Мен яҳудийлар ибодатхонасида ўн саккиз йил раввин бўлиб ишлаган жаноб билан уларнинг ибодатхонаси ичида кўпчиликнинг гувоҳлигида баҳс олиб бордим. Жаноб раввин бизга ўзлари ўқийдиган Тавротни олиб келиб кўрсатди. Кейин илтимосимга биноан тўғри келган бир оятни ўқиб, таржима қилиб берди. Унда «Аллоҳ Мусога Бани Исроилнинг тадбирини кўриб, ишини тўғрила, деди» деган маъно бор эди.Сўнгра орамизда қуйидаги савол - жавоб бўлиб ўтди. Мен сўрадим. Раввин жаноблари жавоб берди.– Қўлингиздаги Мусо алайҳиссаломга нозил бўлган Тавротнинг ўзими?– Йўқ. Мусога Аллоҳ матнни ўз қўли билан тош лавҳаларнинг икки тарафига ёзиб берган.– Унда Тавротнинг асл нусхаси кўп турмаган экан-да?– Ярим кун турган. Мусо Худонинг олдидан қайтиб келганда Бани Исроилнинг олтин бузоққа ибодат қилаётганини кўриб, қўлидаги тошларни ерга уриб синдирган.– Кейин нима бўлган?– Мусо Худонинг олдига яна қайтиб борганда, тошнинг бир тарафига ёзиб берган ва уни олиб келиб сандиққа солиб қўйган.– Сизнинг қўлингиздаги Таврот ўшандан кўчирилган нусхами?– Йўқ. Бу бошқа нарса. Бу Мусодан икки минг йил кейин ёзилган нусха.– Унгача нима бўлган?– Унгача Мусонинг даврида ёзилган нусха бўлган. У йўқолгандан кейин. Буни худди ўшанга ўхшатиб ёзилган.– Ўша дастлабки нусхадан таржимами бу?– Йўқ. Тил бир. Аммо ҳарфлар бошқа. Шундоқ бўлса ҳам маъноси сақланиб қолган.– Қўлингиздаги Тавротнинг ўзими ёки бошқа нарса ҳам борми?– Тавротнинг ўзи. Бешта китобдан иборат.– Шунча нарсани тошга ёзиб, сандиққа солиб қўйса бўладими?– Мумкин эмас.– Худо қўли билан тошга ёзиб берганда Мусо алайҳиссалом сандиққа солиб қўйган эканлар-у?– Йўқ. Тошга ёзилган нарса нималигини биров билмайди.– Унда Таврот қани?– Тавротни Мусо ўзи ёзган. Худо унга ёзишни буюрган. У ўз ўлимини ҳам ёзган.– Қандоқ қилиб ўзининг ўлимини ўзи ёзиш мумкин?– Худо амр қилган, сўнгра бўлган.– Сиз бизга ўқиб таржима қилиб берган матнда «Аллоҳ Мусога Бани Исроилнинг тадбирини кўриб, ишини тўғрила, деди» деган маъно бор эди. Мусо алайҳиссалом ўзлари ҳақида ўзлари шундай ёзишлари мумкинми?– Бу буюк савол. Унга Тавротни шарҳ қилганлар ҳам жавоб топа олмаганлар».Бу суҳбатга изоҳ беришни лозим топмадим. Муҳтарам ўқувчининг ўзи хулоса чиқариб олар деган умиддаман. Инжил.Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга «Инжил»ни нозил қилган. Инжил юнонча лафз бўлиб, «башорат» маъносини билдиради.Ийсо алайҳиссалом ўттиз ёшга етганларида у зотни Аллоҳ таоло пайғамбар қилиб юборди.Биз мусулмонлар Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга «Инжил» номли китоб нозил қилганига иймон келтирамиз. Бусиз иймонимиз бутун бўлмайди.Лекин ўша илоҳий китобнинг асли ҳозир йўқ. Чунки Ийсо алайҳиссаломнинг вақтларида инжил китоб шаклида бўлмаган. Ҳеч ким ҳеч нарсани ёзмаган. У зотдан кейин баъзи кишилар ўзлари китоб ёзиб, мана шу инжил, менга ваҳий қилинди. Мен ёзиб олдим, деб чиқдилар. Аста-секин инжил «ваҳий қилинганлар» кўпайиб бораверди. Охири бориб уларнинг сони кўпайиб кетди. Уларнинг ҳар бири ўзининг инжили ҳақ эканини даъво қилар эди. Орада гап-сўз, олди-қочди кўпайиб, ихтилофлар кучайди.Шунда император Константин 325 мелодий санада Ниқияда (Ниъэа) катта мажлис чақирди. Бу мажлисда икки минг қирқ саккизта патриарх ва митрополит қатнашди. Сўнгра турли жамоалардан икки мингдан ортиқ руҳоний ўнлаб инжилларни кўтариб келдилар. Император мажлис аҳли олдига мавжуд инжиллардан энг ишончлисини танлаб олиш вазифасини қўйди. Улар узоқ талашиб-тортишганларидан кейин тўрт дона инжилни танладилар. Ҳозирда насоролар эътиқод ва амал қиладиган инжиллар ана ўша тўрт инжилдир.1. Мутто инжили.Бу инжил энг қадимги инжил ҳисобланади. У Ийсо алайҳиссаломдан тўрт йил кейин ёзилган. У иброний тилда ёзилган эди. Аммо ўша асл нусха ҳам йўқ. Ҳозиргиси эса ўшанинг таржимаси. Лекин таржимон ҳам, у қайси матндан таржима қилгани ҳам ҳозиргача маълум эмас.Бунинг устига бу инжилнинг муаллифи Мутто Ийсо алайҳиссаломнинг ҳаворийларидан эмасди. Кейинроқ уни хоин Яҳузонинг ўрнига сайлашган эдилар.Ана шундоқ тарихга эга ёзувни муқаддас китоб эмас, оддий ишончли китоб, деб бўладими?2. Маркос инжили.Бу инжил юнон тилида Ийсо алайҳиссаломдан йигирма уч йил кейин ёзилгани аниқ. Аммо уни ким ёзгани ноаниқ. Баъзи насоролар, уни Пётр ёзган, дейдилар. Бошқалари эса уни Пётрнинг ўлимидан кейин Маркос ёзган, дейдилар.Бу инжилни нима дейиш мумкин? Йигирма уч йилдан сўнг Масийҳ алайҳиссалом гапирмаган тилда ёзилган, ким ёзгани аниқмас китоб, муқаддас китоб бўла оладими?3. Лука инжили.Бу китоб Масийҳ алайҳиссаломдан йигирма йил кейин ёзилган. Лука у зотнинг шогирдларидан эмас. У Полнинг шогирди. Унинг устози ҳам Ийсо алайҳиссаломни кўрган эмас. Бунинг устига Пол насороликка душман бўлган яҳудийлардан экан. Шунинг учун ҳийла билан насороликка қарши кўп бузғунчиликлар қилган экан.Бундоқ китобни муқаддас китоб, дейиш мумкинми?4. Юҳанно инжили.Бу инжил Ийсо алайҳиссаломдан ўттиз икки йил кейин ёзилган. Баъзи насоро тоифалари уни Ийсо алайҳиссаломнинг шогирдларидан бири Юҳанно ибн Забдий ёзган, дейдилар.Беш юзта таниқли насоро олимлари иштирокида ёзилган Британия энсиклопедияси бу китобни, қалбаки деган экан. Изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.Аҳли китоблар ўзларига берилган илоҳий китобларни бузганлари ҳақида кўп ҳадиси шарифлар бор. Улардан фақат биттасини келтирамиз.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«У киши айтди:«Қандоқ қилиб аҳли китобдан бир нарсани сўрайсизлар? Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган китобингиз яп-янги, уни соф ва бир нарса арлашмаган ҳолда ўқиб турибсиз. Батаҳқиқ, у сизга аҳли китоб Аллоҳнинг китобини алмаштирганини, ўзгартирганини, қўллари билан ёзганини ва уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», деганларини айтиб турибди. Сизларга келган илм улардан сўрашдан қайтармайдими? Йўқ! Аллоҳга қасамки, улардан бирор кишининг сизга нозил бўлган нарсадан сўраганини кўрмадик», деди».Бухорий ривоят қилган.Сиз намозхон ва тақводор деб атаган одам ҳам сизга ўхшаб илмсиз экан. Илсмсиз одам баъзи таржима китоблар асосида бирор масала ҳақида ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқ. Иккингиз ҳам тавба қилмоғингиз ва бундай кейин бу каби гаплардан тийилмоғингиз лозим.Чунки сиз иккингиз Қуръонга, Суннатга ва мусулмон умматининг ўн беш асрлик ижмоъига қарши гапни айтмоқдасизлар. Аллоҳ Ўзи бундай ишдан асрасин!

Топ рейтинг www.uz Openstat